Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Пентагоннинг сирли фазо кемаси Ерга қайтди

Фазода Ер сайёраси атрофида қарийб икки йилни ўтказган АҚШ Мудофаа вазирлигининг фазо кемаси қайтиб Ерга қўнган.

Бу АҚШ Ҳарбий-Ҳаво Кучларига тегишли учувчи ёки фазогирсиз бошқариладиган учоқ.

Ер орбитасида 674 кун бўлганидан кейин Boeing X-37B фазо кемаси АҚШнинг Калифорния штатидаги Ванденберг авиабазасига муваффақиятли қўнган.

Бу фазо кемаси қандай мақсадда ясалган, қарийб икки йил давомида космосда нима билан шуғулланган - бу саволларга жавоблар оммадан сир тутилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Фақат маълум бўлгани - сирли шаттл ичига истиҳборот маълумотларини тўплашни мақсад қилган ускуналар ўрнатилган.

АҚШ Ҳарбий-Ҳаво кучлари вакиллари сўзларига кўра, бу "хатарларни камайтириш, эксперимент ва кўп маротабали фазо аппаратлари технологияларини яратиш концепциясини ишлаб чиқиш" мақсадидаги аппаратдир.

Бирмунча вақт ушбу кема Хитойнинг "Тяньгун-1" деб номланган фазодаги лабораторияси устидан жосуслик қилиш мақсадини кўзлаган, деган фаразлар илгари сурилди.

Бироқ кейин ушбу тахминдан воз кечишга тўғри келган.

Пентагон ушбу кўп маротабалик кемадан сунъий йўлдошларга топшириладиган истиҳборот вазифаларини бажаришда фойдаланиш мақсадида ишлаб чиқилгани ҳақида маълум қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Айтилишича, сунъий йўлдошларнинг хизмат қилиш фурсати унча кўп вақтни ташкил қилмайди ва яроқсиз аҳволга келганидан кейин уларни ё йўқ қилиш керак ёки Ер орбитасидан чиқариб юбориш талаб қилинади.

Янги фазо кемасидан эса қайта-қайта фойдаланиш мумкин, бу Пентагонга миллиардлаб доллар маблағни тежаб қолиш имкониятини яратади.

Учувчисиз учоқ машҳур Boeing ширкатида ясалган.

Ушбу лойиҳа устида ишлаш 1999 йилда бошланган.

Фазодан қайтганидан кейин кема АҚШ Ҳарбий-Ҳаво кучларининг Тезкор ҳаракат бўлимида сақланмоқда.