Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Лондонда Валериянинг концертидан норозилик

Россиялик таниқли хонанда Валериянинг Лондондаги концерти норозилик чиқишларига сабаб бўлган.

"Алберт-холл"даги "Валерия ва дўстлари" деб номланган концерт дастури бир вақтнинг ўзида иккита норозилик намойиши манзарасида ўтган.

Улардан биринчисини Лондонда яшаётган россияликлар уюштиришган бўлса, иккинчи намойишда украин диаспораси вакилларидан иборат "Лондон Оврўмайдони" фаоллари Россиянинг Украинадаги сиёсатини очиқчасига дастаклаган санъаткорнинг Лондонда концерт беришидан норозиликларини изҳор қилганлар.

Норозилик қатнашчилари аввалроқ Валерияни Британияга киритмаслик учун имзо ҳам тўплаганлар.

Петицияга 4 мингдан ортиқ киши имзо чеккан.

Путиннинг дўсти

"Алберт-холл" директори Крис Коттонга йўлланган мактубда фаоллар Валериянинг концерти "дунёдаги энг машҳур концерт залларидан бири"нинг обрўсига путур етказишини айтишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIANovosti

Мактубда айтилишича, Валерия ва Кобзон "террорчи ташкилотлар – "Донецк Халқ Республикаси" ва "Луганск Халқ Республикаси"ни очиқчасига қўллаб-қувватлашган".

Мактуб муаллифлари Оврўпо Итифоқи ушбу тузилмалар раҳбарларига қарши жазо чоралари киритганини хотирлатишган.

Валериянинг продюсери ва турмуш ўртоғи Иосиф Пригожин Лондондаги концертнинг сиёсатга алоқаси йўқлигини айтган.

Норозиликларга қарамасдан концерт иштирокчилари тадбирга яхши тайёргарлик кўрганлар ва Лондон кўчаларига Валериянинг йирик афишалари ёпиштирилган.

Аммо "Валериянинг дўстлари"дан энг машҳури - Иосиф Кобзон концертда иштирок этмаган.

Концерт ташкилотчилари охирги дақиқаларда қўшиқчининг соғлигида муаммолар пайдо бўлганини айтишган, аммо норозилик қатнашчилари Кобзон чегарада "кўнгилсизликлар пайдо бўлишидан қўрқиб" келмаганини айтишмоқда.

Айни пайтда Валериянинг оила-аъзолари Хитроу аэропортида 8 саккиз соат ушлаб турилгани айтилмоқда.

"Кеча бошимизга нималар келганини айтсак, ишонмайсиз" деб ёзган унинг турмуш ўртоғи Instagram да.