Тожикистон: қиш кирмасдан ўлим ҳоллари

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Тожикистоннинг тоғли Айний туманида икки қизалоқ печга ёқилган кӯмирдан исланиб, ҳаётдан кӯз юмган.

Дар-дар қишлоғида яшаган опа-сингилларнинг каттаси Шукрона уч ёшда, Саидмоҳ бир ёшда бӯлган. Бу борада Суғд вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизматидан хабар берилган.

Кейинги уч кун давомида Тожикистонда ҳаво кескин совуб кетган. Мамлакатнинг аксар шаҳар-қишлоқларида ёғаётган ёмғир қорга айланган.

Тоғли ерларда тунги ҳаво 1-3 даражагача совуган.

Тожикистоннинг бошқа тоғли туманлари каби Айнийдаги қишлоқларда ҳам уйлар печ ё сандаллар билан иситилади.

Тожикистоннинг энг камбағал минтақаларидан ҳисобланган бу туманда ӯтин ва кӯмир нархи бошқа ерлардагидан анчагина баланд.

Кӯплаб оилалар нархи арзон, сифатсиз кӯмир сотиб олишга мажбур, дейишади кузатувчилар.

"Қиш ўчоғи тор... "

Таҳлилчиларнинг айтишларича, Тожикистондаги қишлоқларда кӯп ёқилғи ёқмаслик учун аксар оилалар қишни битта кичикроқ уйчада ӯтказишга мажбурлар.

Ҳукумат қишлоқларда қишда уйни иситиш иложи бор, деб ҳисоблайди. Шунинг учун, қишлоқларга электр энергияси узатиш вақти бир кеча-кундузда беш соатдан етти соатгача қилиб белгиланган. Қиш бошланиши билан электр таъминоти вақти янада камайиб кетади.

Тожикистонда уйларнинг табиий газ билан иситилмай қӯйганлигига беш-олти йилдан ошган.

Илгари тожикистонликлар қӯшни Ӯзбекистондан сотиб олинадиган табиий газдан фойдаланишган. Лекин Тожикистондаги газ соҳаси мутахассислари Ӯзбекистон кейинги йилларда табиий газ нархини ошириб юборганини айтишади.

Шаҳарлардаги кӯп қаватли уйлар асосан электр иситгичлар билан иситилади. Фақат қурби етадиган хонадонлар суюлтирилган газдан фойдаланишади.

Тожикистон пойтахти Душанбедан бошқа шаҳарларда ҳатто кӯп қаватли уйларда ҳам печка ё сандал қурилганини кӯриш мумкин.

Нарху наво

Ҳали қиш келмасдан мамлакатнинг, айниқса, шимолий қисмида кӯмир ва ӯтин нархи қимматлаб бормоқда.

"Ӯғлимнинг Россиядан юборган бир ойлик иш ҳақига бултур бир қишлик кӯмир сотиб олгандим. Бу йил юборган ӯшанча пули икки ойлик кӯмирга ҳам етмади", дейди Спитамен туманида яшайдиган Норинисо Тожибоева.

Таҳлилчиларнинг айтишларича бунга сабаб Россия рублининг долларга нисбатан қадрсизланиб кетганлигидир.

Ӯтган йили 30 минг рус рубли минг долларга тенг бӯлса, кечаги пул бозорида унинг қурби ӯта пасайиб кетган. Энди тожикистонликлар минг доллар топиш учун камида 46 минг рус рубли ишлашлари зарур.

"Бир ҳафта олдин районимиз маркази - Нов шаҳарчамизда яшайдиган Дилрабо Насруллаева сандалга ташлаган кӯмирдан исланиб ӯлди. Раҳматлик умрининг айни яхши даврида - қирқ ёшида болаларини ташлаб кетди", дейди Норинисо Тожибоева.

"Қиш бошланмасдан шундай фожиа бӯлди. Марҳуманинг сандалга арзон кӯмир кукуни солган, дейишди. Кӯмирга ҳаммаям пул тополмайди-да. Энди мен ҳам ӯйланиб қолдим, ӯғлим юбораётган пул ӯтин-кӯмирга етар, лекин узун қишга озиқ-овқат ғамлаб олиш деган гаплар ҳам бор. Уйингни бир иложда иситсангу, қорнинг оч бӯлса ҳам, чидаб бӯлмайди-да", дейди у аёл.

Россияда ишлаётган тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг сони бир ярим миллион атрофида дея кӯрилади.

Муҳожирларнинг Тожикистонда қолган оилалари қишдан иссиқ ва тӯқ чиқиш учун улар юборган пулга қарам бӯлиб қолишган.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ