Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Баҳс: Ўзбекистонга сайловлар керакми?

Ўзбекистонда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига сайловлар бўлиб ўтмоқда.

Давлат телевидениесининг Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломовдан иқтибос келтиришича. маҳаллий вақт билан соат 13 да "сайловчиларнинг 50 фоиздан кўпроғи овоз бериб бўлган".

Сайлов мулозими "ҳозиргача овоз бериш жараёнида қонунбузарликларнинг қайд этилмагани" ҳам таъкидлаган.

Давлат хабар агентлиги - ЎзА Президент Ислом Каримовнинг якшанба куни эрталаб 644-сайлов участкасида овоз бергани ҳақида хабар тарқатган.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, парламент сайловларидан кейин 6 ой муддат ичида президентлик сайловлари ўтказилиши керак.

77 ёшни қаршилаётган Президент Ислом Каримов шу йил бошида яна бир муддат президентликка сайланиши мумкинлигига ишора қилганди.

Ижтимоий тармоқларда айрим ўзбекистонлик сайловчилар сайловни бойкот қилганликлари ва ўз номларидан имзоланган сайлов варақасини ноқонуний деб ҳисоблаш ҳақидаги баёнотларни эълон қилишган.

"Депутатликка номзодлардан бирортаси маҳалламизга келиб сайловчилар билан учрашув ўтказяпти, деган гапни эшитганим йўқ. Ким сайланаётганини ҳам билмайман. Сайловга чиқиш ниятим йўқ. Бордию, овоз берганларнинг орасида менинг номим бўлса, билингки, бу фирибгарлик", - деб ёзади ўзбекистонлик Facebook фойдаланувчиси Abbos Asad.

Парламент сайловлари арафасида мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилган, қамоқхоналарда карантин жорий этилгани хабар қилинган.

'Қўғирчоқлар сайлови'

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzA
Image caption Президент Каримов Тошкентдаги сайлов участкасида овоз берган

Сайловларда иштирок этаётган тўрттала сиёсий партия (Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, "Миллий тикланиш" демократик партияси, Халқ демократик партияси ва "Адолат" социал-демократик партияси) ҳам ҳукуматпараст партиялардир.

Ўзбекистонда мухолиф партиялар фаолияти тақиқланган.

Мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати бир баёнот чиқариб, сайловларни "қўғирчоқлар сайлови" деб атаган ва аҳолини овоз бериш жараёнини бойкот қилишга чақирган.

"Ўзбек халқи 25 йил ва 6 ой давомида фавқулодда ҳолатда яшамокда. Бу муддат ичида халқнинг моддий ва манавий ва заҳиралари ҳалокатли равишда эриб, тамом бўлиш арафасида. Жамиятда йўқсиллик, жаҳолат ва энг ёмони - умидсизлик ҳоким. Бу ҳолатдаги халқ на эркин сайлов, на-да ҳурриятни уйлайди", дейилади ЎХҲ аввалроқ эълон қилган баёнотда.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти сайловларда рақобатнинг йўқлигини айтиб, Ўзбекистонга чекланган кузатувчилар гуруҳини юборишини айтган.

Ташкилот Ўзбекистонда ҳозирга қадар ўтказилган сайловларнинг биронтасини ҳам эркин ва адолатли деб топмаган.

Шундай экан, бу сафарги сайловлар аввалгиларидан фарқли бўлади, деб ишонишга асос борми?

Парламент ва депутатлар амалда қанчалик қудратга эга?

Ўзбекистонга ҳозирги кўринишдаги сайловлар керакми?

Би-би-си Тошкентдан Марказий Сайлов Комиссияси раисининг ўринбосари Светлана Ортиқова ҳамда АҚШда яшаётган собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевларни суҳбатга тортган.