Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Давра суҳбати - Ўзбекистон учун демократия нимани англатади?

Би-Би-Си бугун "демократия куни" мавзуси остида кўплаб лавҳаларни тақдим қилаяпти.

Келаётган июнь ойида бутун дунё Магна Карта қабул қилинганининг 800 йиллигини нишонлайди. Шу билан бирга, бу ойда британ демократияси тарихида содир бўлган бошқа бир муҳим ва радикалроқ ҳодиса ҳам хотирланади. Таҳминан 750 йил муқаддам Вестминстерда ғайриоддий парламент ўз ишини бошлаган. Тарихда илк бор Англиянинг ҳар бир туман ва йирик шаҳарларидан сайланган вакиллар ўз жамоаларини намоён этиш учун парламентга таклиф этилганлар.

Сиёсий мухолифати қувғинда бўлган ва мустақилликка эришганидан бери ягона шахс - Президент Ислом Каримовнинг бошқаруви остида яшаб келаётган Ўзбекистон учун демократия бегона тушунча бўлиб қолаётгандек. Халқаро йиллик ҳисоботларда Ўзбекистон демократик ислоҳотларни амалга оширмаётгани ва инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиб келаётгани, ҳар қандай фикр куч билан бостирилиши ва қийноқлар қўлланиши туфайли энг абгор давлатлар рўйхатидан ўрин олиб келмоқда.

Шунга қарамай, Ўзбекистон расмийлари ўз нутқларида ҳали демократия сўзини ёддан чиқармаганлар. Ўзбек ҳукуматининг демократия бўйича ҳозирги мавқеи қандай ўзи? Би-Би-Си ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов ва Парижда яшовчи сиёсий шарҳловчи Камолиддин Раббимовларни суҳбатга чорлади. Аввало Фарҳод Толипов гапиради.