Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Машҳур қўшиқчи Демис Руссос оламдан ўтган

Машҳур юнон қўшиқчиси Демис Руссос 69 ёшида оламдан ўтган.

Дунё бўйлаб 60 миллиондан зиёд пластинкаси сотилган афсонавий қўшиқчи Юнонистон пойтахти Афинадаги шифохонада вафот этган.

Унинг асли исми Артемиос Вентурис Руссос бўлиб, 1946 йили Мисрнинг Александрия шаҳрида туғилган эди.

Унинг отаси юнон, онасининг келиб чиқиши италиялик мисрликлардан бўлган.

Суэз канали инқирози пайти мол-мулкидан айрилган ота-онаси Юнонистонга кўчиб кетишга қарор қилганлар.

Руссос 17 ёшида Idols деб номланган ансамблда қўшиқ ижро этишни бошлаган.

Сўнг "Афродитанинг гўдаги" деб номланган гуруҳга асос солган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Aphrodite's Child учта альбом чиқарган.

Демис Руссос соло қўшиқчи сифатида машҳур бўла бошлаган.

Унинг Forever And Ever қўшиғи 1973 йили жаҳоннинг кўплаб мамлакатларидаги хит-парадларда бир неча ҳафталар давомида энг машҳур қўшиқ бўлиб турган.

Демис Руссос номи пластинкалари кўп сотилиши бўйича Гиннеснинг рекордлар китобига бир неча марта киритилган.

"1975 йили энг машҳур 10 альбом орасида менинг бешта альбомим бор эди. Улар орасидаги биринчи рақамли альбом ва биринчи рақамли қўшиқ меники эди", деб айтган эди Демис Руссос.

У 1978 йилдан бошлаб омма кўз ўнгида бўлишдан воз кечади.

АҚШнинг Малибу соҳилига "узлатга чекинади".

Шундай бўлса-да, Демис Руссос 2012 йилгача ҳам қўшиқ ижро этишдан тўхтамайди.

1985 йил 14 июнида Афинадан Римга парвоз қилган учоқни Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" гуруҳи қуроллилари гаровга оладилар.

Бу учоқда Демис Руссос ҳам бўлган.

Гаровгирлар қўлида машҳур қўшиқчи ўзининг 39 ёшга тўлган туғилган кунини кутиб олади.

18 июн куни Байрут аэропортида Демис Руссос озод қилинган.

Учоқнинг 153 йўловчиси ичкарида 17 кунни ўтказишга мажбур бўладилар.

Демис Руссосни "Юнон булбули" деб аташарди.