Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Суҳбат: "Каримовнинг кетишидан қайси давлатлар манфаат кўради ё кўрмайди?"

Ўзбекистон президентлик сайловлари арафасида мамлакат президенти Ислом Каримовнинг матбуот ва расмий тадбирларда кўринмай қолиши унинг саломатлиги ҳақидаги миш-мишларнинг урчишига ва унинг ҳукми тугагач Ўзбекистонда қандай вазият юзага келиши борасидаги башоратларнинг изҳор этилишига сабаб бўлмоқда.

Марказий Осиёда стратегик аҳамиятга эга бўлган Ўзбекистондаги сиёсий эврилишларни минтақадаги қўшни давлатлар ва минтақада таъсирга эга бўлган Россия, АҚШ ва Хитой яқиндан кузатиши табиий.

Ўзбекистонлик тарихчи ва сиёсий таҳлилчи Анвар Назирнинг Би-би-си билан суҳбатда айтилишича, жаноб Каримовнинг саломатлиги ёки унинг ҳукми тугаши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар жуда аҳамиятли.

"Ўзбекистон сиёсий тизими бир шахс, яъни Ислом Каримов билан боғлиқ. Биз, қўпол қилиб айтганда, охирги 23 йил ичида гаровга тушиб қолганмиз", - дейди у.

Бироқ, жаноб Назирга кўра, айни дамда, ана шу гаров тузуми ва кўплар томонидан танқид қилинадиган диктатура Россиядек катта қудратнинг Ўзбекистонга ўз таъсирини ўтказишига тўсиқ бўлиб келаяпти. Ва Каримов тузумининг барбод бўлишидан энг катта манфаатдор кўрадиган давлат - Россия.

"Агар Ўзбекистондаги мавжуд ёпиқ ва Россия билан узоқ бўлиб турган тузум қулайдиган бўлса, Россия учун бу муҳим нарса, чунки Ўзбекистонни бошқариш билан у бутун Марказий Осиёни бошқара олади. Россия учун Оврўпога таъсир ўтказиш йўлида Украина қанчалар муҳим бўлса, Россия учун Ўзбекистон бутун Марказий Осиёга таъсир ўтказиш йўлида жуда муҳим омил", - дейди у.

Ўзбекистон қўшнилари орасида эса, тарихчига кўра, Каримов кетишидан энг кўп манфаат кўрадиганлар Тожикистон ва Қирғизистондир.

"Ўзбекистоннинг даъволари, норозиклари, сув ва энергетика борасидаги келишмовчиликлари йўқолади, ва Тожикистон ва Қирғизистон бундан фойдаланишга уринади", - дейди у.

Суҳбатни тингланг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02