Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Консерваланган ўзбек палови аслига етадими?

Шу кунларда Ўзбекистон пойтахтида консерваланган “Тошкент палови” сотувга чиқди.

Сўнгги йилларда турли интернет нашрларида худди шу мавзу яхшигина муҳокама мавзусига айлангани учунми, мазкур янгиликка муносабат ҳам шунга яраша бўлди.

Ўзбек паловининг консерва ҳолида истеъмолга чиққани Ўзбекистондаги каттаю кичик интернет нашрларининг эътиборидан четда қолмади.

Консерваланган “Тошкент палови” акс этган суратлар эса, бир зумда турли ижтимоий мулоқот тармоқларида ҳам “қўлма-қўл бўлиб кетди”.

Агар, бу каби онлайн-муҳокама иштирокчиларининг интернетдаги жўғрофий мансубликларига назар ташланса, улар аксариятининг бугун ўқишми, ишми ёки бошқа турли сабаблар билан хориж давлатларида бўлган ўзбекистонликлар ташкил этишини кўриш мумкин эди.

Ўзбекистондан олинган хабарларда бу каби антиқа маҳсулот ишлаб чиқарувчиларининг баён қилишларича, консерваланган ўзбек палови таркибида бирор бир консервант йўқ, узоқ вақтгача бемалол сақланади ва таъми ҳам аслидан деярли фарқ қилмайди.

Имконли бўлган суратлардаги аксига қаралса, "Плов Ташкентский" ( “Тошкент палови”) доирасимон металл қути ичида ва қопқоғининг устига анъанавий “Пахта гулли” чинни лаганга сузилган палов акс этган шаклда ишлаб чиқарилган.

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, Ўзбекистондаги энг оммабоп савдо тармоқларидан бири бўлган “Korzinka.uz” да сотувга чиққан бу ноодатий маҳсулот пойтахтлик харидорларнинг ҳам яхшигина қизиқишларига сабаб бўлиб улгурган.

Аён бўлишича, консерваланган “Тошкент палови” сотувга чиққан 10 март куни ушбу савдо тармоғига қарашли дўконларда харидорларга уни текинга татиб кўриш имкони ҳам яратилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek.com

Кимдир консерваланган палов қандай бўларкин деб, бошқаси эса, яқинларига ҳам тавсия қилиш ёки хориждаги дўстларига юбориш иштиёқида консерваланган паловга беэътибор бўлишмаётган экан.

Сотувда эса, консерваланган “Тошкент палови” 670 ва 335 грамм ҳолида имконли экан, банкаси каттароғининг нархи 22.770 сўм бўлса, кичигиники 11.700 сўм экани айтилади.

Ўзбекистондан таниқли ошпаз Баҳриддин Чустий сўнгги янгиликка муносабат билдираркан, бундан беш-олти йил бурун Москва расталарида ҳам худди шунга ўхшаш консерваланган палов маҳсулотларига кўзи тушгани, лекин Ўзбекистонда ҳам шунчалик уддалашган бўлса, бунга қойил қолиш керак, дейди.

Аммо, шунда ҳам, суҳбатдошимизнинг айтишича, бу каби тажриба ҳали 80-йиллардаёқ Ўзбекистонда маълум бўлган.

“Қизлари Сетора Маҳмудованинг айтишича, оталари марҳум Карим Маҳмудов ҳали ўша пайтлари паловни консервалаб, чет эллик дўстларига юборган эканлар”, - дейди у.

Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, консерваланган “Тошкент палови”ни, ҳалича, шахсан ўзи татиб кўришга улгургани йўқлиги, аммо бир имкон топиб, албатта, унинг мазасини билиш истагида эканини ҳам айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek.com

Аммо, унга кўра, шунда ҳам, “Тайёр нарсани иситиб егандан кўра, ярим тайёр маҳсулотни ишлаб чиқарган яхши”.

Айрим маълумотларга қаралса, палов ҳали Искандар Зулқарнайн даврида бақтрияликлар дастурхонининг шоҳона таоми бўлган.

Паловнинг отаси эса, тиббиёт илмининг султони Абу Али Ибн Сино, деган даъволар ҳам йўқ эмас.

Пишириш услуби, халқларнинг миллий ўзига хосликлари ва лозим бўлган масаллиқларига қараб, паловнинг турлари ҳам бир-биридан кескин фарқ қилади.

Палов дунёнинг турли давлатларида турлича, яъни “Пилаф”, “Пилафи”, “Гамопилафо”, “Челов”, “Катеҳ”, “Дами”, “Пулов”, “Пилав”, “Бирёний” ва “Пайелла”, деб ҳам аталади.

Таъкидлаш жоиз, палов, асрларки, ўзбекларнинг ҳам миллий ўзликларини намоён қилувчи шоҳ таомларидан бири бўлиб келган.

Айнан ўзи татиб кўришга муваффақ бўлган ўзбек паловининг таъмини ҳам инобатга олган ҳолда, америкалик таниқли сайёҳ Ли Аббамонтэ яқинда Ўзбекистонни жаҳоннинг “Таомларига гап йўқ” 30 та давлати сирасига киритганди.

Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси эса, сўнгги йилларда ўзбек паловини халқаро Гиннес рекордлар китобига киритиш саъй-ҳаракатида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02