Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Мусулмон биродарлари'нинг руҳоний раҳбарига ўлим жазоси берилди

Муҳаммад Бадийни бу каби жазога Қоҳира маҳкамаси маҳкум этди.

У билан бирга ҳаракатнинг яна 14 нафар аъзоси ҳам ўлим жазосига юз тутди.

Бошқа 23 нафар судланувчига эса, бир умрлик қамоқ жазоси берилди.

Мисрда умрбод қамоқ жазоси шахснинг 25 йилга озодликдан маҳрум этилишини кўзда тутади.

Маҳкумлардан икки нафари четда бўлишгани боис, сиртдан ҳукм қилинишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Маҳкама уларни бошбошдоқлик ва зўравонликларга ундашда айбдор, деб топди.

Аммо, хабарларга кўра, улардан бирортаси ўзларига қўйилган айбларга иқрор бўлишмаган.

Жиноий иш тарихи эса, Муҳаммад Мурсий Миср президентлигидан четлатилган 2013 йилнинг ёз ойларига бориб тақалади.

Эслатиб ўтиш жоиз, ўтган икки йил ичида ҳаракатнинг юзлаб аъзолари ўлим ёки умрбод қамоқ жазоларига ҳукм этилишган.

Бу - "Мусулмон биродарлари" руҳоний раҳбари Муҳаммад Бадийга қарши чиқарилган учинчи ўлим жазоси ҳукми бўлади.

Аммо Шикоятлар маҳкамаси бундан аввалги икки ҳукмни бир умрлик қамоқ жазоси билан ўзгартирган.

У 2012 йилнинг август ойида ҳибсга олинганди.

Бугун маҳкум этилган айбланувчиларнинг барчаси ҳали маҳкама ҳукми юзасидан шикоят аризаси билан чиқиш ҳуқуқига эгалар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS

"Мусулмон биродарлари" сафидан чиққан Муҳаммад Мурсий эса, Мисрда 2011 йилда юз берган ва мамлакатнинг узоқ йиллик раҳбари Ҳусни Муборакнинг президентликдан четлатилиши билан якун топган халқ инқилоби ортидан иқтидорга келганди.

Миср халқи Муҳаммад Мурсийни мамлакат тарихидаги илк демократик сайловларда президент этиб сайлаганди.

Аммо мамлакат ҳарбийлари билан тил топиша олмаган Муҳаммад Мурсий қарийб бир йиллик бошқаруви ортидан, президентликдан четлатилади.

Муҳаммад Мурсийнинг "инқилобни ҳимоя қилиш йўлида" ўзига чексиз ваколатлар берувчи қарори ҳам халқ томонидан яхши кутиб олинмайди, янги оммавий намойишларга туртки беради.

Буларнинг барчаси 2013 йилнинг 3 июл куни ҳарбийлар томонидан Муҳаммад Мурсийнинг қудратдан ағдарилиши билан якун топади.

Уни ҳимоя қилиб кўчага чиққан тарафдорлари эса, қувиб солинади. Тартибсизликлар камида 10 нафар полиция ходими ва юзлаб намойишчиларнинг ўлими билан якун топади.

2013 йилнинг июн ойидан бошлаб, ҳаракат аъзоларига қарши таъқиблар бошланади.

Ҳозир Мисрни ўтган йилги президентлик сайловларидаги ғалабаси ортидан, генерал Абдул Фаттоҳ Сисий бошқаради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Иқтидорга келаркан, жаноб Сисий "Мусулмон биродарлари"ни йўқ қилишга ваъда берган.

Ҳаракат мамлакатда "террорчи ташкилот", деб эълон қилинган.

"Мусулмон биродарлари"га 1928 йилда асос солинган.

Ҳаракат Мисрдан ташқари, Сурия, Фаластин мухтор маъмурияти, Ироқ ва дунёнинг бошқа қатор давлатларида ўз бўлимларига эга.

Аммо худди шу манзарада Россия, АҚШ ва Буюк Британияда "Мусулмон биродарлари"нинг фаолияти расман тақиқланган.

Ўз фикр-мулоҳазаларингизни ушбу мақола остидаги махсус форма орқали ёки uzbek@bbc.co.uk электрон почтасига мактуб билан йўлланг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK