Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Нодира Мюррей: "Ассанж билан учрашувларим мени илҳомлантирди"

Мубоҳасали ўзбекистонлик актриса Нодира Мюррей машҳур тутқун - Викиликс муҳаррири Жулиан Ассанж билан дўстлиги ҳақида Би-би-сига сўзлаб берди. Викиликс 2010 йилда америкалик аскар Бредли Маннинг (ҳозирда Челси Маннинг)дан олган махфий ҳарбий ва дипломатик ҳужжатларни чоп қилиши билан жаҳон бўйлаб шов-шувга сабаб бўлганди.

Шундан бери жаноб Ассанж АҚШда тергов қилинмоқда. Айни йили Швецияда Ассанжга қарши аёл кишини жинсий зўрлаш айби қўйилди.

2012 йилда эса Ассанж Лондондаги Эквадор элчихонасидан бошпана олди ва ҳозиргача элчихона ичида яшаб келмоқда. У элчихонани тарк этса, ҳибсга олиниши ва Швецияга топширилиши муқаррардир. Ассанж Швецияга бориш ва Швеция терговчилари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортаяпти, чунки шведлар уни Америкага топширишларига ишонади.

Нодира Мюррей 2007 йилда ўзининг "Британ элчисининг раққосаси" спектакли билан Ғарбда яхши танилди. У Ўзбекистонни танқид қилиши ортидан ишдан четлатилган Тошкентдаги собиқ британ элчиси Крейг Мюррейнинг рафиқасидир.

Image caption Эквадор элчихонасидаги тадбир. Чапдан иккинчи - Жулиан Ассанж, ўнгдан иккинчи - Нодира Мюррей

"Британ элчисининг раққосаси" спектаклида Нодира Мюррей Ўзбекистондаги қашшоқ болалиги, Тошкентда қийин кечган талабалик йиллари, эркаклар томонидан таҳқирланиши, ҳамда раққосалик қилиб ўзи ва укасини боқиши жараёнида Британиянинг энг ёш элчиси билан қандай танишгани ҳақида сўз юритганди.

Инсон ҳуқуқларининг ҳимоячиси ва британ ҳукуматининг хорижий сиёсатини танқид қилиб келаётган фаол Крейг Мюррей ва унинг рафиқаси Нодира Жулиан Ассанж билан дўстлар ва уни Эквадор элчихонасига бориб кўриб турадилар.

Нодира Мюррей бугунда бошпана изловчилар ҳақида ўзининг илк муаллифлик фильмини олишга шайланар экан, ўзининг янги сценарийсини ёзишда қисман Ассанж қисматидан илҳомланганини айтади.

Фильм Британиядаги муҳожирлар ҳибсхонасида сақланаётган ва депортацияга юз тутаётган бошпана изловчи эр-хотин ҳақида бўлиб, Нодира Мюррей уларнинг руҳий босим остидаги кечинмаларини ғарбликларга намойиш қилмоқчи.

"Жулиан Ассанж Эквадор элчихонасининг ичида ўтирганига уч йил бўлди. У бир хонада, тўрт девор орасида ўтирибди. Ташқарига чиқа олмайди. Менинг сценарийимда ҳам қаҳрамонларим - ёш эр-хотир тўрт девор ичида ҳибсга тушиб 5-6 кун ўтирадилар. Кетиши ё кетмаслиги, қачон чиқарилиши, уларнинг тақдири нима бўлиши номаълум бўлади. Билмайсиз нима бўлишини, очиқ ҳавога ҳам чиқаришмайди. Ана шундай аҳволнинг инсон онгига таъсири каби қирраларни кўрсатмоқчиман", - дейди у.

Нодира Мюррей Жулиан Ассанжни бир неча бор бориб кўрганини айтади. Унга кўра, тутқунлик Ассанжнинг руҳини синдирмаган.

"Жулианни кўриб жудаям ачинасан инсон... Уч йилдан ортиқ умуман қуёш кўрмаган. Жудаям оқариб кетган. Деразадан ҳам қуёш тушмайди, чунки элчихонаси биноси бурчакда жойлашган. Бино атрофи полиция билан ўралган. Ҳар бир деразасидан боқсангиз, полициячилар туришади. Душхона, ҳожатхонасидан ҳам полициячи турганини кўрасиз. Эшикнинг олдида полициячилар, полиция машинаси туради. Элчихонага кирганда узун даҳлиз бор, даҳлиз охиридаги хона Жулианники. Хонасида китоблар бор, ишлайдиган столи, жисмоний машқ учун ускуна, ҳамда қалбаки қуёш нурини берувчи ускуна бор. У энди ҳақиқий қуёш нурига етмайди. Юзлари жиндек шишган. Лекин, интеллектуал тарафдан Жулиан ҳали ҳам ўткир, фикрлари жуда жойида. Оптимист. Ҳар-ҳар замонда кулади. Баъзида фильмлар ҳақида сўзлашсак, чеҳраси янада очилиб, кулганини кўраман. Руҳияти жуда тушган бўлса ҳам ич-ичидан, ўзини тик ва мағрур кўрсатишни билади. Чунки у бегуноҳлигига ишонади", - дейди Мюррей хоним.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Эквадор элчихонаси полиция билан ўралган

Швеция бош прокурори кеча Жулиан Ассанжга қарши жинсий зўрлаш айбловлари туфайли чиқарилган ҳибс санкцияси кучда қолишини билдирди. Швеция прокурори Мариан Най Ассанжни Лондонда сўроқ қилишдан бош тортиб келаётганди, бироқ ўтган ой у бунга рози бўлди.

Ассанж бу айловлардан олдин асос солган Викиликс аноним манбалардан олган махфий маълумотларни чоп қилиб, 2006 ва 2009 йиллар орасида танила бошлади, бироқ у 2010 йилда Бредли Маннингдан олган ҳужжатларни чоп қилиши билан ҳаммага танилди.

Маннинг Викиликсга берган ҳужжатлар ичида бўлган "Collateral Murder" видеосида Ироқдаги АҚШ ҳаво ҳужумида Рейтерс агентлигининг икки журналистни ҳам ўлдирилгани акс этади. Шунингдек, Маннинг узатган Афғонистондаги уруш ва Гуантанамо ҳақидаги маълумотлар, ҳамда 250 мингта дипломатик мактубларни Викиликс жаҳонга фош этди.

Бундан ғазабланган АҚШ ҳукуматининг қатор идоралари, хусусан Федерал тергов бьюроси, Ассанжни 1917 йилнинг "Айғоқчилик акти" бўйича тергов қилмоқда. Мюррей хоним Ассанжнинг ҳаракатлари ортида беғараз ниятлар ётганини айтади.

"Биласизми, бу ҳақида жуда кўп кучли аргументлар келтириши мумкин, лекин бир гап билан айтаманки, Жулиан урушга қарши. Яъни ҳаммамиз каби, у ҳам урушга қарши инсон. Шуни ишониб айтаман. Ҳаммамиз каби у озодликка ва эркинликка ишонадиган инсон.. Тўртта девор ичида сиқилиб кетган бўлсанг керак, десам, ҳаям демайди, йўқ ҳам демайди, калласини қимирлатиб қўяди. Шикоят қиладиган одам эмас у, у бегуноҳлигига ишонади," - дейди Нодира Мюррей.

Суҳбатнинг тўла версиясини тингланг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK