Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонда ҳокимлар масъулият сезадими?

Ўзбекистон парламентининг ахборот хизмати хабар қилишича, энди халқ депутатлари кенгашлари ва ҳокимлар йиллик ҳисоботларини интернет орқали чоп қилишлари йўлга қўйилади.

Бу борада Олий Мажлиснинг 30 апрелда бўлиб ўтган йиғинидан кейин хабар қилинди.

Ўзбекистонда охирги йилларда жойлардаги ҳокимларнинг халқ олдидаги масъулияти ва ошкоралигини ошириш илинжида қатор чораларга қўл урилган.

Хусусан ўтган йил апрелида Ўзбекистон Конституциясига жойлардаги ҳокимиятларнинг парламент олдидаги масъулиятини оширишга қаратилган қўшимча модда киритилган.

Охирги икки йил ичида баъзи вилоят ҳокимлари эса телевидение орқали томошабинларнинг ижтимоий муаммоларига жавоб беришга уринганлар.

Олий Мажлисдан билдиришларича, "Жойлардаги давлат бошқаруви" номли қонунга қўшимча тарзда киритилиши мўлжалланаётган 251-моддага биноан, ҳокимлар ўз ҳудудларидаги ижтимоий-иқтисодий тараққиёт бўйича йиллик ҳисобот беришлари керак ва келгуси йилнинг устивор дастурларини ошкор қилишлари керак бўлади.

Қонун лойиҳасига кўра, халқ депутатлари кенгашлари қарорлари ва ҳокимлар ҳисоботлари нафақат расмий нашрларда, балки ҳокимиятларнинг интернет саҳифаларида чоп қилинади.

Ҳозирча вилоят ҳокимиятлари веб сайтлари ижтимоий ва иқтисодий муаммолар мавзуларини четлаб ўтишмоқда. Кўплаб вилоят, шаҳар ва туманлар веб сайтларга киришнинг имкони йўқ, ёки улар ойлаб янгиланмайди.

Ҳокимларга арз қилган фуқаролар бу жараённинг мужмал ва фойдасиз экани айтадилар.

Тошкентлик журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, ўз туманидаги бирон вазиятдан норози бўлиб вилоят ҳокимига юборилган шикоят арздорнинг ўзи яшаётган туман ҳокимиятига жўнатилади, сўнгра бу туман ҳокимияти уни маҳалла қўмитасига берса, қўмита ўз навбатида уни "участковый" милиционерга топширади.

Ўзбекистонда давлат бошқаруви авторитар тарзда тузилган бўлиб, ҳокимларни халқ сайламайди. Вилоят ҳокимлари президент томонидан, шаҳар ва туман ҳокимлари эса вилоят ҳокими томонидан тайинланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio