Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Стратегик муҳим минтақа Толибон назорати остида

Афғонистоннинг Бодғиз вилояти Жавонд улусворлиги назорати Толибон жангарилари қўлига ўтган.

Бодғиз вилояти кенгаши раисининг айтишича, шанбадан якшанбага ўтар кечаси кечган жанглар ортидан толиблар ҳокимлик биноси ва полиция қароргоҳини ишғол қилган.

Туман масъуллари, полиция хизмати раҳбарлари ҳамда афғон армияси кучлари қўшни минтақаларга қочиб чиқишгани, яна қатор инсонлар асир тушганлари хабар қилинади.

Президент Ашраф Ғани Мудофаа ва Ички ишлар вазирликларига туман назоратини зудлик билан қайтариб олиш учун қўшимча кучлар жўнатишга буйруқ берган.

Фарёб вилояти билан чегарадош, статегик муҳим ҳисобланган Жавонд туманининг Толибон назоратига ўтиши ҳам Бодғизнинг ўзи ва ҳам қўшни Фарёб вилояти амниятини хатар остига қўяди.

Ҳодиса Афғонистоннинг қатор шимолий ва шимолий-шарқий вилоятлари амнияти шундоқ ҳам жиддий ёмонлашгани ортидан кузатилмоқда.

Шу маънода Бодғиздаги ҳужумлар Толибоннинг Афғонистон шимоли бўйлаб олиб бораётган қуролли амалиётлари бир қисми дейиш мумкин. Айни пайтда бу НАТО тайёрловидан ўтган Афғонистон полицияси ва армияси учун мушкул синов сифатида ҳам кўрилади.

Шундай экан, ҳукумат кучлари бу хатарни аритишга қанчалар қодир? Биз бу ҳақда Майманадан парламент вакили Нақибуллоҳ Фойиқдан сўрадик.

Фойиқ жанобларига кўра, Жавонднинг олиниши толиблар қўли баланд келаётганини кўрсатади. Ва туманни қайтариб олиш ҳукумат кучлари учун осон кечмайди.

"Бодғизда олдиндан толибонча фикрлайдиган одамлар кўп. Қолаверса, у минтақа тоғли минтақа", дейди парламент вакили.

Толибон назорати остида ҳаёт қандай?

Нақибуллоҳ Фойиқнинг айтишича, толиблар бугунда ўз тактикаларини ўзгартирган. Ва аҳолига ортиқча зулм қилаётганлари йўқ.

"Олдин одамларнинг калласини кесиб, ўлдириб, боғларга ўт қўйишар эди. Ҳозирда ҳеч қандай зулм етмайди. Мардум осойишталикда зироати, чорвачилиги билан машғул. Толиблар одамларни ўлдирди деган хабарлар келгани йўқ. Фақат ҳукуматнинг арбоблари, қўмондонларига мушкуллик туғилади", дейди Нақибуллоҳ Фойиқ.