Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Рустам Саъдиев: 'Сотқин'- Андижон ҳақидаги фильм эмас'

Андижондаги қонли воқеаларнинг 10 йиллик санаси арафасида ўзбек киночилари томонидан ишланган "Сотқин" номли бадиий фильм кино экранларига чиқарилган.

Фильм воқеалари Андижонда суратга олинган ва унда 2005 йилнинг 13 май куни содир бўлган ҳодисаларни эслатувчи саҳналар мавжуд.

Фильмнинг бош қаҳрамони Сарвар Баҳромов (актёр Фарруҳ Соипов) исмли талаба йигит Андижонда асосан жиноий таъсирга эга бўлган отаси ва акаси (актёр Жавоҳир Зокиров) нинг мавжуд тузумни ағдаришга қаратилган фитна режаларидан хабар топгач, уларга қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилади.

Аммо Сарвар жиҳод йўлини танлаган ота ва аканинг мутаассибона ҳаракатларини тўхтатишга ожизлик қилади ва фильм сўнггида ўзи ҳам жиҳодчи акаси томонидан ўлдирилади.

Қарашлари мустақиллик мафкураси билан йўғрилган ва дунёвийлик тарафдори бўлган Сарвар диний экстремизм таъсирига тушган яқинларининг хатти-ҳаракатлари Андижонда қандай инсоний фожиаларни келтириб чиқарганига гувоҳ бўлади.

Диний экстремизм ғояларини ёйган ва Андижонда мавжуд ҳокимиятга қарши ҳаракатларни молиялаган хорижлик эмиссар - Ҳафизуллоҳ Омон образи филмнинг марказий ролларидан бири ҳисобланади.

Фильмдаги воқеалардан ташқари, қатор образлар Андижонда 2005 йил майида ҳокимият биносини эгаллаб олган намойишчилар раҳбарларининг прототипларига ўхшаб кетади.

Қаҳрамонлардан айримларининг исмлари ҳам намойиш ташкилотчиларининг исмларига уйқаш.

Андижон воқеаларнинг шоҳидлари ва фаоллар фильмни қонли воқеаларнинг 10 йиллик санаси арафасида ҳукуматнинг яна бир марта воқеалар борасидаги расмий талқинини жамоатчиликка сингдириш уриниши, дея талқин қилишмоқда.

Аммо Би-би-си билан суҳбатда фильм муаллифи, таниқли кинорежиссёр Рустам Саъдиев "Сотқин" Андижон воқеаларига бағишланган фильм эканини рад этди.

"Биз фильмда Андижон воқеаларининг элементларидан фойдаланганмиз, аммо уни тўла Андижон воқеаларига бағишланган, деб айтиш тўғри бўлмайди", - дейди режиссёр.

Унинг сўзларига кўра, "Сотқин" фильми ўзбек киночиларининг Сурия, Ироқ ва Украина каби давлатларидаги урушлар, нотинчликларга муносабатидир.

"Бу урушлар, воқеаларнинг сценарийсига қарасангиз, ҳаммаси бир-бирига ўхшаш. Биз ушбу фильм орқали жамиятимизни огоҳликка чақиришни мақсад қилганмиз", - дейди Рустам Саъдиев.

У давлат томонидан молияланган ушбу фильм тарғибот фильми эканлигини рад этади.

Фильмни томоша қилган инсон ҳақлари фаоли Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, "Сотқин" фильмининг айнан Андижон фожиаларининг 10 йиллик санаси арафасида кино экранларига чиқарилиши тасодиф эмас.

"Фильмда Акромжон Йўлдошевнинг "Исломга йўл" рисоласининг йиртиб ташланиши, маҳбуслар яқинларининг қамоқдагиларни қутқариш учун қамоқхонага бостириб киришлари сингари эпизодларни тасодиф деб бўлмайди", - дейди Андижон қирғини шоҳиди.

Мўътабар Тожибоевага кўра, Ўзбекистонда ҳозирги шароитда Андижон воқеалари ҳақида на ҳужжатли ва на ҳаққоний бадиий фильмни суратга олиш имкони йўқ.

2005 йилнинг 13 майида Андижоннинг марказий Бобур майдонида юзлаб, асосан, тинч намойишчилар ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилиши натижасида аёллар ва ёш болалар дохил, юзлаб инсонлар ҳалок бўлган эди.

Ўзбекистон ҳукумати аксарияти "террорчилар"дан иборат 187 кишининг ҳалок бўлганини айтиб келади.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари воқеаларни "қирғин" дея тасвирлашган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio