Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қозоғистон модели Ўзбекистонда ишлайдими?

Ўзбекистондаги валютанинг қора бозорида АҚШ доллари курсининг кескин кўтарилиши кузатилмоқда.

Хабарларга кўра, ўтган дам олиш кунлари Тошкентнинг айрим бозорларида 1 доллар қарийб 5 минг ўзбек сўмига сотилган.

Бу Марказий Банк белгилаган расмий курсдан қарийб икки баробар кўп, демакдир.

Ҳозиргача долларнинг расмий ва қора бозор курслари ўртасидаги фарқ ўртача бир ярим баробарни ташкил этиб келган.

Сўмнинг охирги қадрсизланиши Халқаро Валюта Жамғармаси экспертларининг Ўзбекистон ҳукумати хорижий валютага чекловларни юмшатишига ишора қилгани ҳақидаги баёнотлари манзарасида юз бермоқда.

Жамғарма ўзбек ҳукуматини хусусий сектордаги ислоҳотларни ҳам жадаллаштиришга чақирган.

Фуқароларга кўпроқ иқтисодий эркинлик бериш Президент Каримов сайловолди чиқишларида энг кўп урғулаган жиҳатлардан бўлган.

Аммо сиёсий эркинликлар чекланган муҳитда иқтисод тўлақонли ривожлана оладими?

Қозоғистонлик иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаевнинг сўзларига кўра, Қозоғистонда ҳам Президент Назарбоевнинг авторитар бошқаруви ҳукмрон, аммо Ўзбекистондагидан фарқли ўлароқ, иқтисодиёт бозор қонунлари асосида бошқарилади.

"Қозоғистон 1990-йиллардан бошлаб, банк тизими, эркин валюта ва иқтисодни бошқаришнинг ғарбдаги бошқа либерал усулларини жорий қилгани учун юқори иқтисодий суръатларда ривожланишга эришди. Қозоқ тангаси минтақадаги энг қурбли валютага айланди, - дейди таҳлилчи.

Унга кўра, Қозоғистонда бизнес, касаба уюшмалари ўз манфаатларини ҳимоя қила олади.

Сапарбой Жубаев Қозоғистондаги иқтисодий эркинликлар алал-оқибат кўпроқ сиёсий эркинликларга олиб келади, деб ишонади.

"Қозоғистон минглаб талабаларни хорижга, Оврўпо ва АҚШга таҳсил олиш учун юборди. Ҳозир бу талабалар вазирликлар ва йирик корпорацияларда раҳбар лавозимларда ишлашмоқда. Улар ҳукумат йиғинларида муаммолар ҳақида баралла гапиришади. Яъни аста секин сиёсий соҳада ҳам ўзгаришларни кутишимиз мумкин", - дейди қозоғистонлик таҳлилчи.

Унинг ишонишича, Ўзбекистон ҳам Қозоғистон йўлидан бориши ва сиёсий тизимни тўла либераллаштирмасдан туриб ҳам, иқтисодий ислоҳотларни амалга тошириши мумкин.

АҚШда яшаётган ўзбекистонлик собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевга кўра, Қозоғистон ҳақиқатан ҳам минтақадаги давлатлар учун иқтисодий ривожланишнинг муносиб ўрнаги бўла олади.

"Ҳа, Қозоғистонда ҳам яккаҳокимлик Ўзбекистондаги сингари, лекин Назарбоев иқтисод эркин ишлаши учун, халқ ўз юкини ўзи кўтариши учун шароит яратиб берган", - дейди сиёсий таҳлилчи.

У Ўзбекистон ҳукумати Қозоғистондаги каби жиддий иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишига ишонмайди.

"Ўзбекистонда амалдаги маъмурий тизим тадбиркорликни, иқтисодни либераллаштиришга мутлақ мосланган эмас. Бу жиҳатдан Каримов Назарбоевдан мутлақ фарқ қилади. Каримовнинг чет эллик маслаҳатчилари йўқ. Чет элда ўқиган ёшлар ўша ерларда қолиб кетаяпти. Ҳукумат уларнинг биронтасини келинг, сиз бизга кераксиз, деб чақираётганини мен эшитмадим. Малакали кадрлар мамлакатни тарк этяпти. Шундай экан, Қозоғистон ривожланаверади, Ўзбекистон эса йўқ", -дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio