Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 18 Январь, 2007 - Published 19:07 GMT
 
Дўстингизга йўлланг Принт - босма кўриниши
1992 йил, 16 январ. Талабалар шаҳарчаси
 
Қонли воқеалардан кейин ётоқхоналар темир панжаралар билан ўраб олинди
Бундан ўн беш йил муқаддам, 1992 йилнинг 16 январида Тошкентда минглаб талабаларнинг норозилик чиқиши қонли намойишларга айланиб кетган эди. Ҳукумат кучларининг талабаларга қарата ўт очиши натижасида, расмий маълумотларга кўра, икки киши ҳалок булган, ўнлаб одамлар яраланган.

Воқеаларни ўрганиш учун тузилган ҳукумат комиссиясининг хулосалари ҳеч қачон эълон қилинмаган. Норозилик чиқиши нон нархининг оширилишидан сўнг бошланиб кетгани айтилади. Қуйида Би-би-си шоҳидлардан баъзиларининг ҳикояларини эътиборингизга ҳавола қилади.

Абдувоҳид Ҳайит, ТошДУ талабаси: Биз Талабалар шаҳарчасидаги 85-ётоқхонада яшар эдик. Мен ётоқхонадан нон учунми, бозорга бориш учунми ташқарига чиқдим. 84 ва 85-ётоқхоналар ўртасидаги майдонда 10-20 чоғли талабалар тўпланиб, нималарнидир муҳокама қилишарди. Секин уларга яқинлашдим. Уларнинг орасидан кимдир, адашмасам, "кетдик, талаб қиламиз" деди ва талабалар бозорча томон юра бошлашди. Улар йўл-йўлакай бақиришиб, "тушинглар, бизга қўшилинглар" деб ётоқхонадаги, кўчадаги талабаларни чорлашарди.

Бақир-чақирни эшитиб, ҳар томондан томошаталаб талабалар югуриб келишиб, уларга қўшилишди ва бирпасда, дақиқалар ичида юзлаб талабалар бозор томон юра бошлашди. Бозорга боргунча минглаб талабалар йиғилди. Ўшанда қоронғу тушган пайтда талабалар бозори, унинг атрофи, айниқса, гавжум бўларди. Ҳамма кўчада. Бозорга яқинлашиб келаётган, ҳаммани митингга чорлаётган юзлаб талабаларга бозорчада, унинг атрофида шунчаки юрган яна юзлаб талабалар қўшилди.

Шаҳарча маркази бақираётган, қичқираётган, ҳуштак чалаётган оломонга тўлди. Шовқинни эшитиб, ётоқхоналарда қолган талабалар ҳам оқиб кела бошлади. Бирпасда бутун Талабалар шаҳарчасидаги талабалар майдонга жам бўлди. Уларнинг сони эҳтимол ўн минг, эҳтимол, ундан ҳам кўп эди. Митингчилар Талабалар шаҳарчаси марказидан ўтган йўлни тўсиб қўйишди. Икки томондан келаётган машиналарни тўхтатиб, кўпчилик бўлиб кўтаришар, тескари қилиб, орқага қайтариб юборишарди. Шундан сўнг бирин-кетин нотиқлар сўзга чиқа бошлади. Кимдир стипендия оширилишини талаб қилса, яна кимдир нон нархи туширилишини талаб қиларди.

Талаблар секин-аста сиёсийлаша бошлади ва президент истеъфосигача етди. Митингда тартиб йўқ эди. Жуда кўп етакчилар чиқиб, оломонни бошқармоқчи бўлар, лекин талаблар жуда кўп, аниқ бир талаб эса йўқ эди. Шунда кимдир чиқиб, "Шифокорлар шаҳарчаси"да ва яна Ирригация институти томонда ҳам талабалар тўпланган, биз "Шифокорлар шаҳарчаси"га бориб, у ерда тўпланган талабаларни бу ерга олиб келамиз, кейин кўча юриши қилиб, Ленин майдони(ҳозирги Мустақиллик майдони)га борамиз, деб таклиф қилди. Шундан кейин митингчилар иккига бўлинди. Бир қисми "Шифокорлар шаҳарчаси" томонга кетди.

Мен ҳам "Шифокорлар шаҳарчаси" томон кетаётган талабаларга қўшилдим. Йўл-йўлакай талабалар орасидан кимлардир дўконларнинг ойналарига тош ота бошлади. Биз уларнинг орқасидан "тош отманглар" деб югурдик. Лекин барибир тош отилаверди. Тош отувчилар талабага у қадар ўхшамасди. Улар талабалар сафига қўшилиб олган қандайдир кўча болаларига ўхшарди. Шу алфозда 2-Тиббиёт институти талабалари яшайдиган "Шифокорлар шаҳарчаси"га етиб бордик. Лекин у ерда талабалар тўпланмаган экан. Биз борганда у ердагилар ҳайрон бўлишди. Шундан сўнг ҳамма орқага қайтди.

Талабалар шаҳарчасига яқинлашганимизда жуда кўп қуролдан, эҳтимол, автоматдан ҳам отилган ўк овозлари, шовқин-сурон, йиғи овозлари эшитилди. Бу шовқин-суронлар жуда ваҳимали, худди Талабалар шаҳарчасида уруш бошлангандай, талабаларни тинимсиз қиришаётгандай эди. Шу заҳоти биз чап томонга, Қорақамиш йўлига югуриб, Талабалар шаҳарчасининг орқа томонига ўтдик. Қорақамиш томондан айланиб ўтиб, қоронғуда писиб-бекиниб, бир амаллаб, ётоқхонамизга кириб олдик. Отишмалар, шовқин-суронлар тинмас эди. Биз жуда кўп талабалар қириб ташланди, деб ўйладик.

 худди Талабалар шаҳарчасида уруш бошлангандай, талабаларни тинимсиз қиришаётгандай эди
 
Абдувоҳид Ҳайит

Ҳар-хил гап-сўзлар, кимдир "юзлаб талабалар қириб ташланди, калтакланди, ОМОНчилар отди" деса, кимдир юзлаб талабалар автобусга тиқиб, ички ишлар бошқармаси зиндонига олиб кетилди, дер эди.

Эртаси куни эрталаб биз ҳибсга олинган талабаларни озод этишни талаб қилиб, 13 киши Университет олдида, Ленин ҳайкали тагида очлик эълон қилдик. Очлик 17 январ эрталаб бошланди. Тунни ўша ерда ўтказдик. Олдимизга жуда кўп одамлар, журналистлар, университет ректори Эркин Юсупов ҳам келди. Ректор биздан очликни тўхтатишни талаб қилди. Лекин биз ўтиравердик.

Эртаси куни тушга яқин автобусда ички ишлар ходимлари келиб, бизни Собир Раҳимов туман ички ишлар идорасига олиб кетишди. У ерда кимдир "булар сиёсий маҳбус, урманглар" деди. Шунданми, милиция ходимлари бизга ғазаб қилишдан нарига ўтишмади. Уларнинг бошлиғи орамиздаги йигитлардан бирининг пешонасига тўппонча тираб, "агар қонун бўлмаганида, отиб ташлар эдим" деди. Ички ишлар бўлими зиндонларига қамаб қўйишди. Зиндонда тўрт-беш соат ўтирдик. Кейин бизни чиқаришди…


Абдуманноп Пўлатов, ТошДУ ўқитувчиси, "Бирлик" халқ ҳаракати фаоли:
Соат кечқурунги 10 лар эди. Ёзувчилар уюшмасида "Бирлик"нинг йиғилиши бор эди, ўша йиғилишдан қайтиб келаётган эдим. "Беруний" метросидан чиқсам, миршаблар туришган экан. "Тинчликми," деб сўрасам, "студентлар кўтарилган, биз студентлар биланмиз, домла" деди ҳали у ерда нималар бўлаётганидан бехабар миршаб.

Мен "Талабалар шаҳарчаси"даги уйда яшар эдим, метродан пиёда кетдим. "Чимбой" кўчасига етганда 50-100 чамаси талабаларни кўрдим. Улардан нарироқда қалқонларни кўтариб олган миршаблар туришар, талабалардан баъзилари уларга тош отишарди. Миршаблардан бир-иккитасига тош текканини ўз кўзим билан кўрдим. Мен уйга бориб, яна бир-икки домлалар билан бирга қайтиб келдим. Талабалар билан миршаблар ўртасида музокара олиб боришга ҳаракат қилдик.

Биз миршабларнинг бошлиғи, бир майор билан, кейин талабалар билан гаплашдик. Аммо ўртада муроса қилиш имконияти қўлдан бой берилган эди. Шундан кейин қайтиб кетдик. Кечаси 11-12 ларда уруш-тўполон, отишма овозларини эшитдик. 20-30 чамаси домлалар уйнинг олдидан кузатиб турдик, даҳшатли воқеалар бўлди. Кечаси талабалардан бири уйимизга телефон қилиб, "Абдуманноп ака, сиз инсон ҳуқуқлари билан амалда шуғулланасизми ёки қоғоздами?" деган гапни айтди. Кейин ўша талаба билан учрашдик ва ётоқхонама-ётоқхона юриб, гувоҳлар билан суҳбатлашдик, нималар бўлгани, кимларнинг яралангани ва ҳалок бўлган талабанинг номини ёзиб олдик.

Кечаси соат 2 ларда мен Москвадаги ахборот агентликларидан бирига воқеалар ҳақида хабар юбордим. 17 январ куни эрталаб, соат 6 ларда ёнимиздаги Политехника институтининг тўрт қаватли ётоқхонасида ҳукумат ҳалок бўлган талабалардан бирига мотам тадбири уюштирди. Соат 8 ларда "Чимбой" кўчасида яна талабалар тўплана бошлашди. Стихияли намойиш бошланди. Кейин билсам, университет олдида бошқа бир намойиш ўтаётган экан, талабалар очлик эълон қилишган экан. "Чимбой" кўчасидаги намойишни маълум маънода мен бошқараётган эдим.

Биз воқеаларни ўрганиш учун мустақил комиссия тузилиши ва талабаларни отишга буйруқ берганлар аниқланиб, жазога тортилишини талаб қилдик. Ўз талабларимизни депутат Марат Зоҳидов орқали парламентга йўлладик. Аммо соат 2 ларгача ҳукуматдан ҳеч ким келмади. ТошДУ ректори марҳум Эркин ака Юсупов талабаларни тинчлантиришга ҳаракат қилди. Аммо уни ҳеч ким эшитмади. Шундан кейин ниҳоят, шаҳар ҳокими Адҳам Фозилбеков, Бош прокурор Бўритош Мустафоев ва депутат, "Эрк" партияси раиси Муҳаммад Солиҳлар келишди. Аммо талабалар менга ҳам, улар билан мулоқот қилиш учун келган бошқаларга ҳам қарата тош ота бошлашди.

Бош прокурорнинг "жиноят иши қўзғатилди, айбдорлар топилади" деган гапига ҳам ҳеч ким қулоқ солмади. Шундан кейин тўполонга айланаётган намойишдан мен кетдим. 17 январ куни миршаблар ўқ отишмаган, аммо яна бир қанча талабалар калтакланган...

Юсуф Расул, ТошДУ талабаси: Биз Эски шаҳарда ижарада яшар эдик. 17 январ куни эрталаб Талабалар шаҳарчасига келган пайтимиз шаҳарча атрофи милиция, ОМОНчилар томонидан ўраб олинган эди. Тунда талабаларнинг норозилик чиқиши бўлгани ва қон тўкилганидан хабардор бўлдик. Талабалар воқеалар нон нархининг оширилишидан бошланганини айтишарди.

Икки нафар талабанинг ўлдирилишига норозилик белгиси сифатида журналистика факултетининг бир неча талабалари очлик эълон қилишганди. Университет олдидаги Ленин ҳайкали олдида плакатлар кўтариб ўтирган талабалар айбдорларни топиб, жазолаш ва яна бир қатор ижтимоий-сиёсий мазмундаги талабларни илгари суришганди. Улар ўз талаблари бажарилмагунича ўтиришлари, тунда ҳам шу ерда қолишларини айтишгач, биз уларга кўрпа-тўшак олиб келиб бердик.

Эрталаб Талабалар шаҳарчасига қайтганимизда, очлик эълон қилинган талабалар милиция томонидан куч билан олиб кетилган экан. Биз уларни озод этишни талаб қилиб, турли идоралар, халқаро ташкилотларга шошилинчномалар юборганимизни эслайман. Кўп ўтмай, талабалар озод қилинди. Аммо уларнинг талаблари бажарилгани, яъни айбдорлар топилиб, жазолангани йўқ. Қайтага, ҳукумат талабаларга қарши босимларни янада кучайтирди. Талабалар шаҳарчаси темир панжаралар билан ўраб олинди....

Муҳаммад Солиҳ, "Эрк" демократик партияси раиси, Олий Кенгаш депутати: 16 январ кечки соат 7-8 лар чамаси эди. Бир-икки дўстлар билан шоир Омон Матчоннинг уйида меҳмонда эдик. Мени Президент Каримов телефонга чақираётганини айтишди. Телефонни олдим. Каримов "одамларингизга айтиб қўйинг, тўс-тўполон қилишмасин, оқибати ёмон бўлади" деди ўпкали оҳангда. Мен воқеалардан бехабар эдим ва "қайси одамлар?" деб сўрадим. У "Вузгородокда талабалар сизнинг номингизни плакатга ёзиб олиб, намойиш қилишаяпти, милицияга ҳужум қилишди, яна давом эттиришса, ёмон бўлади" деди. Мен воқеаларни биринчи марта эшитаётганим ва уларга бизнинг ҳеч қандай алоқамиз йўқлигини айтдим. Гапимиз унчалик қовушмади, гап сўнггида Каримов оҳангини сал юмшатиб, "илтимос, шуни тинч йўл билан ҳал қилайлик, бизга ёрдам беринг, қон тўкилмасин" деди.

 Каримов "Вузгородокда талабалар сизнинг номингизни плакатга ёзиб олиб, намойиш қилишаяпти, милицияга ҳужум қилишди, яна давом эттиришса, ёмон бўлади" деди...
 
Муҳаммад Солиҳ

Президент Каримовнинг "қон тўкилмасин" дегани вазиятнинг жиддийлигидан дарак берарди.

Эрталаб мен партиямизнинг ўша пайтдаги котиби Абдулҳай Абдумавлонов ва яна бир-икки киши билан Талабалар шаҳарчасига йўл олдик. Соат 10 лар чамаси эди. Талабалар шаҳарчасидаги марказий кўча одамга тўла эди. Йўл четида тикланган панжара устига чиқиб, икки -уч киши нутқ қилаётган эди. Бу ясама минбарга мени ҳам таклиф қилишди. Мен ҳам гапирдим. Ҳалок бўлган икки талабанинг яқинларига партиямиз номидан ҳамдардлик билдирдим. Талабалар менга "ҳукумат билан гаплашиб, хибсга олинган талабаларни озод қилишни бирга талаб қилсак" дейишди. Биздан нарироқда ҳукумат одамлари туришарди. Уларни ОМОНчилар ўраб турган эди.

Ўша пайт шаҳар ҳокими Фозилбеков ва Бош прокурор Бўритош Мустафоевлар бор эди. Мен уларнинг олдига бориб, "талабалар билан гаплашиш керак, чеккадан туриб, фақат таҳдид қилган билан ҳеч нарса ўзгармайди" дедим. Улар аввалига ўйланиб қолишди, кейин мен "сизларга ҳеч ким тегмайди, кафолат бераман" деганимдан сўнг рози бўлишди. Биргаликда талабаларнинг олдига бордик. Аввал Фозилбеков, кейин Мустафоев ҳам панжаранинг устига чиқиб гапиришди.

Шу пайт оломон ичидан бир киши тош отди. У талаба эмасди, қирқ ёшлар чамасидаги бир одам эди, мен уни аниқ кўрдим. У ҳукумат одамларига ишора қилиб, " булар кеча талабаларни отишга буйруқ берган одамлар, Муҳаммад Солиҳ уларни бу ерга олиб келиб янглиш иш қилди" деди. Шундан сўнг бирин-кетин тошлар отила бошлади ва ҳукумат одамлари - Бўритош Мустафоева ҳамда Адҳам Фозилбеков минбардан тушиб, қоча бошладилар. Оломон эса уларни қувлар, тош отишда давом этарди.

Мен уларга кафолат берганим учун ноқулай аҳволда қолган эдим. Шунинг учун талабаларга қаттиқ гапирдим, нималардир деб бақирдим. Менинг ғазаблаганимни кўриб, қолган оломон жим бўлди. Ҳукумат вакиллари ҳибсга олинган талабаларни қўйиб юборишга сўз беришганди, аммо бу ҳодисадан сўнг яна оёқ тирай бошладилар. Кейин талабаларни озод қилиш учун ўзимиз милиция идорасига бордик. Баъзи талабаларни қўйиб юборишди, аммо бир-иккитасини барибир ушлаб қолишди.

Эртасига воқеаларни ўрганиш учун комиссия тузилди. Мен депутат сифатида бу комиссияга кирдим. Аммо орадан кўп ўтмай, комиссия ҳамма айбни мухолифатга тўнкай бошлаганидан сўнг, мен норозилик билдирдим ва комиссиядан чиқиб кетдим. 16 январ воқеалари ҳукуматнинг талабалардан олган қасоси, деб биламан. Чунки талабалар мухолифатнинг ўзагини ташкил этган ижтимоий-сиёсий бир куч эди.

Жаҳонгир Муҳаммад, ЎзТВ раисининг ўринбосари, Олий Кенгаш депутати: Мен ўша кунги воқеалар ҳақида дастлаб телевидениеда ишлайдиган ходимларнинг биридан эшитдим. Кечки пайт эди, у менинг хонамга келиб, "Талабалар шаҳарчасида нималардир бўлаяпти" деган гапни айтди. Мен дарҳол "Ахборот"да ишлайдиган Комилжон исмли журналистни чақириб, "боринглар, нима гап-сўз бўлаяпти, билиб келинглар!", дедим.

Эртасига эрталаб соат 7 лар эди. Ишга келсам, Талабалар шаҳарчаси атрофида яшайдиган ходимларимиздан бири "отишмалар бўлаяпти, жудаям вазият ёмон" деган гапни айтди. Ана шундан кейин мен дарров ҳалиги журналист йигитни қидирдим, лекин у йўқ эди. Бошқа бир гуруҳни олиб, ўзим ўша ёққа бордим. Борсам, мени йўлдан ўтказишмади. Жуда кўп қаршиликлар бўлди, жанжаллашиб ҳам қолдик. Мен депутатлигимни айтсам ҳам, "йўқ, мумкин эмас", дейишди. Мен қайтиб келиб, дарҳол президент аппаратига телефон қилдим.

Бизнинг йигитлар талабалар шаҳарчасидан баъзи съёмкалар ҳам қилиб келишди. Биз эълон ҳам қилдик кечқурун баъзи нарсалар беришимиз ҳақида. Кечгача биз материалларни бериш учун жуда қаттиқ жанжал қилдик. "Ҳукумат раҳбарларидан бирортаси чиқиб гапиради, "Ахборот"да ҳеч нарса бермайсизлар" деган гапни айтишди. Кейин Абдуҳошим Муталов - Бош вазир келди телевидениега. Шу ерда биз Абдуҳошим Муталов ва Эркин Самандаров билан қаттиқ жанжаллашиб қолдик.

Эркин Самандаров бош вазирнинг ўринбосари сифатида телевидениега раҳбарлик қилар эди. У бизнинг йигитлар ёзиб келган съёмкаларни кўриб туриб, эфирга бермаслик ҳақида жуда қаттиқ оёқ тираб олди. Бу мамлакатда катта жанжалларга олиб келади, деб қаршилик қилди. Кейин президент девонидан одамларни чақиришди.

Эркин Самандаров "бу - президентнинг буйруғи, биз бу кадрларнинг ҳаммасини мусодара қиламиз" деди. Мен "ҳозир ўзим студияга кириб туриб эълон қиламан бу нарсани, биз хабарчилик нуқтаи назаридан ҳам беришимиз керак", дедим. Студиянинг эшигига борган пайтим Эркин Самандаров келиб, "бўлди, мен гаплашдим президент билан, ҳозир у ерда тайёрланаётган хабар келади, шуни берамиз", деди. Хуллас, менинг телевидениедан истеъфо беришимга олиб келган нарса шу бўлган...


Shuhrat Jumaev, Buhoro

Meni ham esimda usha yoddan chikmas kunlar va militsiya tomonidan kaltaklanganimiz. Bizni tarkalishimizni talab kilishdi va undan sung ommaviy kaltaklash va avtobuslarga tikib olib ketishdi. Milisiahonada hakkimni talab kilib meni kuyib yuborishlarini suraganimda "seni ham hakking bormi kishlaki" deb hakoratlab dupposlagandi. Institutdan haydataman yokotaman, kamokda chiritaman deb duq pupisalari hech ham esimdan chikmaydi.

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy