Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 13 Апрел, 2007 - Published 20:04 GMT
 
Дўстингизга йўлланг Принт - босма кўриниши
Шерали Жўраев: 'Биз тўхтаб қолмадик. Биз ҳали бормиз'
 
Шерали Жўраев(Shov-shuv.uz интернет саҳифасидан олинган сурат
"Биз тўхтаб қолмадик. Биз ҳали бормиз"
Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраев 60 ёшга тўлди. Ҳеч шубҳасиз, ўзбек санъатининг Комилжон Отаниёзов ва Маъмуржон Узоқов сингари номлари билан бир қаторга қўйиладиган ҳофизнинг қўшиқлари кириб бормаган хонадон Ўзбекистонда йўқ ва нафақат Ўзбекистонда. Би-би-си Шерали Жўраевни олтмиш ёши билан қутлаган...

Шерали Жўраев: Ҳамма дўстлар телефон қилиб табриклашаяпти, мана сизлар ҳам табриклаяпсизлар. Ҳамма дўстларимиз ўзимизнинг уйга келишиб табриклашаяпти. Эшикни бекитиб қўйганман. Бошқа ёқдаман. Одамлар келиб, табриклаб кетишаяпти. Энди қилинган иш ҳаммага аён, нима иш қилганлигимизни элнинг ўзи билади. Фалон ишни қилдим, фалон ишни қила олмадим, деб айтишга ҳозир вақт ҳам йўқ(кулиб қўяди).

Би-би-си: Бундай катта саналар санъаткорники бўлгандан кейин катта-катта концертлар билан нишонланади. Бирон бир концерт режалаштирилганми бу таваллуд айёмингизга?

Шерали Жўраев: Кеча - Наврўз байрамида тўртта жойга олиб боришиб, давлатнинг одамлари ўзлари жуда катта-катта жойларда одамларга концерт қилиб беришди. Келишиб, илтимос қилишиб, сизни одамлар кутаяпти, деб. Беш-ўн минг одам йиғилган жойларга олиб бориб, концертлар қилиб бердик Наврўзнинг эртасига. Кейин Бухоро, Қашқадарё стадионларида, мана Сурхондарё, Бухоро, Навоий стадионларида концерт бўлаяпти яқинда. Худо хоҳласа, бир-икки ҳафтанинг ичида.

Би-би-си: Охирги қарийб 10 йилда катта-катта концертлардан, айниқса, расмий концертлардан, айтайлик, Мустақиллик тантаналаридан ёки Наврўз байрами тантаналаридан четда юрасиз. Ва мухлисларингиз кўп сўрашади "Шерали Жўраевга нима бўлган?", "Шерали Жўраев қаерда?" деган мазмундаги саволларни. Ва ҳар хил гап-сўзлар ҳам бўлган. Ҳозир вазият қандай?

 Наврўзнинг эртаси куни Эски Жўванинг олдида, жуда катта жойда одамлар тўпланиб, алоҳида катта концертга олиб боришди. Бир ярим соат у ерда қўшиқ айтдик. Кейин яна бошқа 4 та жойга олиб боришди. Кечгача мен тинганим йўқ ўша куни
 
Шерали Жўраев

Шерали Жўраев: Наврўз бўлган куни улуғларимиз сўраптилар. "Бу зот нега кўринмаяпти?", деса жавоб бериша олмаган. Санъаткорларнинг ўзининг қарама-қарши санъаткорлари бўлади. Масалан, бир-иккита санъаткорлар, сиз чиқсангиз, гўё йўқолиб қолишдан қўрқиб, ўзларининг ҳомийларига айтиб, бир ясама деворлар пайдо қилишади.

Би-би-си: Яъни, рақобат демоқчисиз, бу ерда сиёсат йўқ, демоқчисиз, шундайми?

Шерали Жўраев: Шу ясама нималар бор. Фалонча унақа деган, мана бу бунақа деган, бу чиқиши шарт эмас, деб гап тарқатишади ўзлари. Кеча Наврўз байрамида ана шуларга охирги нуқта қўйилди. Шу нотўғри эканлиги эълон бўлди. Наврўзнинг эртаси куни Эски Жўванинг олдида, жуда катта жойда одамлар тўпланиб, алоҳида катта концертга олиб боришди. Бир ярим соат у ерда қўшиқ айтдик. Кейин яна бошқа 4 та жойга олиб боришди. Кечгача мен тинганим йўқ ўша куни.

Би-би-си: Энди маълум маънода Шерали Жўраевга қўйилган расмийми, норасмийми таъқиқ олиб ташланди, деб айтсак бўладими? Ҳозир шу кеча-кундузда, масалан, радио ёки телевидениёда, айниқса, давлат телевидениёсида қўшиқларингиз берилаяптими?

 Ҳазрат Жалолиддин Румий, Ҳазрат Навоий, Ҳазрати Бобур, Ҳазрат Жомийларни ёшларга таништириш, ёшларга олиб кириш, қанақадир йўл билан ёшларни қалбига яна киргизиш ниятида бу ишлар ўйлаб топилди
 
Шерали Жўраев

Шерали Жўраев: Иншооллоҳ. Энди ҳозир сиз айтаётган нарсаларга бир-икки кун бўлди-да. Ҳали жуда кўп вақт бўлгани йўқ. Ҳали вақт кўрсатади ҳамма нарсани. Яхши бўлди, Худо хоҳласа, яхши бўлиб кетди ҳамма ёқ.

Би-би-си: Сўнгги пайтларда хориждаги мухлисларингиз ва ҳатто Ўзбекистоннинг ўзидаги мухлисларингиз ҳам интернет саҳифаларида, You Tube саҳифасида Сизнинг хонадонингизда ёзилган бир қатор қўшиқларни, давраларни, чиқишларни томоша қилишаяпти. Шулар ҳақида икки оғиз гапириб берасизми? Бу томошабин билан ёки мухлис билан мулоқотнинг бир янги йўлларини излаётганингиздан далолат берадими?

Шерали Жўраев: Бошқа бир ният бор эди менда. Кейинги пайтда мана бу санъат сал ўзгариб, Европанинг, денгизнинг у томонининг санъат асарларининг намуналари бизнинг санъатга кириб келишида бир нарса пайдо бўлди-да, бизнинг ўзимизнинг классик, яъни, эски қадимги, минг йиллаб шаклланган шеъриятимизга путур ета бошлади озгина. Ёшларимиз мабодо шуни кўрса, яна қайтиб уларни эсга олсин, деган ниятда Ҳазрат Жалолиддин Румий, Ҳазрат Навоийни, Ҳазрати Бобур, Ҳазрат Жомийларнинг иккита-учта биз тайёрлаб қўйган дисклари бор. Уларни таништириш, ёшларга олиб кириш, қанақадир йўл билан ёшларни қалбига яна киргизиш ниятида бу ишлар ўйлаб топилди. Ва шу билан бирга, қолган томошабинлар ҳам уйида ўтириб, маза қилиб икки соат-уч соат томоша қилсин, деб.

 Биз кириб келганда, бизни бошқача кутиб олишади. Соғинган одамини, ё бир соғинган ашуласини эшитадиган одамлардай чиройли, очиқ чеҳра билан, қарсаклар билан кутиб олишиб, қарсаклар билан кузатишади
 
Шерали Жўраев

Би-би-си: Сизнинг назарингизда, шу кеча-кундузда ўзбек қўшиқчилиги қаёққа қараб кетаяпти ва қанақа янги тенденция, оқимларни, оҳангларни кўриш мумкин?

Шерали Жўраев: Ўзи энди бу замонни, бутун дунёни мусиқаси ҳамма ёққа кириб келади. Кириб келади-да, улар орасидан яхшиси 5-10 йилдан кейин олинади. Масалан, бозорга кириб келган янги овқатни, янги мевани ёки ейимли нарсани ҳамма ҳам бир еб кўради. Ва унинг зиёнлигини 1-2 йилдан кейин билиб, бошқасига ўтишга ҳаракат қилмай қўясиз. Худди шунга ўхшаш музикани ҳам ҳозирги кунда шунақа ҳолати бор. Бу фақат бизда эмас, бутун дунёда, бутун Ўрта Осиёда бор ҳар хил нималарга йўрғалаш. Энди у ўзини вақти билан яна жойига тушиб кетади. Энди бунга нима дейиш керак? Бошқа илож йўқ.

Би-би-си: Ҳамма мухлиснинг ҳам ўзининг таъби бор. Сизнинг қўшиқларингиз таъсирида бир неча авлод шаклланган, десак муболаға бўлмайди. Лекин бугунги ёш авлод, масалан, рэпни эшитаётган ёки замонавий поп мусиқасини эшитаётган ёш авлоднинг кўнглига қайси қўшиқларингиз кириб бораяпти, деб айтиш мумкин? Уларга қайси қўшиқларингиз яқинроқ, деб айтиш мумкин?

Шерали Жўраев: Масалан, Тошкентда мен кириб борган давраларда ҳамма санъаткорлар бўлади. Бизнинг Тошкентда ҳозир тўйларда, масалан, йигирмата, ё ўнта, ё ўн бешта санъаткор қатнашади. Улар дискларига ёзиб олган. Бизда фонограмма дейилади. Келиб, ўша дискни қўйиб қўйиб, оғзини қимирлатиб туришади. Ўша сиз айтаётган ҳамма нарса айтилади тўйларда. Ва биз кириб келганда, улар бизни бошқача кутиб олишади. Соғинган одамини, ё бир соғинган ашуласини эшитадиган одамлардай чиройли, очиқ чеҳра билан, қарсаклар билан кутиб олишиб, қарсаклар билан кузатишади. Шундан биламанки, демак, ҳали бу қўшиқларга зарурият бор. Улар ўзлари билиб турипти - қайси яхши, қайси ёмон, қайси тўғри, қайси нотўғри. Шунинг учун бизнинг ҳамма ашуламизни эшитишаяпти, ҳозир илгаригидан ҳам яхши эшитишаяпти.

 Иншооллоҳ, биз тўхтаб қолмадик. Ҳали биз бормиз
 
Шерали Жўраев

Би-би-си: Ҳар қандай даҳо санъаткорнинг ҳам ўзининг шоҳ асари бўлади. Ўзингизнинг шоҳ асарингиз, деб қайси қўшиқни айтган бўлардингиз? Бу "Биринчи муҳаббатим"ми ёки бошқа бирон қўшиғингизми?

Шерали Жўраев: Энди шоҳ асарлар... Ўзини вақти-соати билан бўлиб қолган асарлар бор. Энди уни этап-этапларга бўлиниб айтилади-да. У битта эмас. Бир ёки иккита, дея олмаймиз уни. У халқнинг ўзи тўплаб, эшитиб айтадиган нарса. "Биринчи муҳаббатим" бизнинг биринчи чиқарган қўшиқларимиздан. "Ўзбегим" ҳам. "Кўрмишам", "Ошиқ бўлинг!", "Сарбон", "Карвон", "Баҳор айёми"га ўхшаган нарсалар кўп. Жуда кўп бўлмаса ҳам, бешта-ўнта бўлиши керак. Улар, масалан, классикага айланиб, кириб келди. Ўша нариги асрнинг охирги классикаси, деб қабул қилса бўладиган бўлиб, ўзбек санъатига кириб келди.

Би-би-си: Мухлисларингиз қандай янги ижод намуналарига, янги қўшиқларингизга умид қилсалар бўлади? Нималар билан бандсиз шу кеча-кундузда?

Шерали Жўраев: Ман ҳозир ўша айтган зотларнинг қўшиқларидан янги намуналар қилиб, бир нарсалар ўйлаб, фикр қилиб қўйган нарсаларим, қилаётган ашулаларим бор. Иншооллоҳ, биз тўхтаб қолмадик. Ҳали биз бормиз.


GMORG

Ассалому Алайкум хурматли Шерали ака, 60 ёшга кирганлигиз билан чин дилдан табриклайман. Бизга хам шу ёшга кириб юришимиз насб қилсин. Хозирги замонавий эстрада хонандалари тўғрисидаги фикрингизга 100% қўшиламан. Бу "санъаткор"ларни чет эл поп эстрадаси қўшиқлардан нусха олиб оммага куйлаши ўзбек ёшларини қайси санъат юқори даражада ижро этилаётганлиги ва қайсиниси паст яъни примитив шаклда ижро этилаётганлигини фарқлай билишмаяпти, бу жуда ачинарли холат. Ахир хозир биз бу ёшларни ўзимизни миллий куйларимиз билан қизиқтира олмасак келажакда ўзбеклардан яхши санъаткор чиқмаслиги ва юқори санъат йўқолиб кетиши хавфи жуда юқори.

Sodiqjon Karimov, Farg'gona, O'zbekiston

Bu dunyo turguncha turing Sherali Joraev

Sardor Ismoilov, Toshkent, O'zbekiston

Sherali Joraev, biz sizni qachon Televizorda ko'ramiz aka esingizdami Navoiyga bag'ishlangan kechadagi konsertingiz aka boshqalarni bilmadim shahsan menda 55 ta kasseta liq to'la qo'shiqlaringiz bor, ohirigi Video disklarni ham oldim lekin konsertingizga kirib ko'rish televizorda ko'rish nasib qilarmikan bizga sizni 60 yosh bilan tabriklayman

Otabek, London, Buyuk Britaniya

Sheraka 60 yoshingiz qutluq bulsin. Qushiqlaringiz Buyuk britaniyadagi har bir uzbek honadonida ham yangramoqda. Qushiqlaringiz menga vatanimiz nafasini keltirib turadi.

Nomsiz

Assalomu alaykum! El suygan, buyuk hofiz Sherali Jo'raev. Sizni muborak 60 yoshingiz bilan chin dildan hamda oilamiz nomidan samimiy tabriklayman. Sizga ollohdan uzoq umr, baht-saodat, salomatlik va oilangizga tinchlik tilab qolaman. Hurmatli Sherali Jo'raev sizdan hamda o'glingiz Shohjahondan yangi-yangi qo'shiqlar kutib qolamiz. Ilohim ijod qilishdan hech ham to'htamang. Sizni borizga shukr.

Bahrom

Sherali aka buyuk hofiz iloyim tan joni sog' bo'lsin muhlislarini bahtiga ijod qilishdan charchamasin

Bittasi

Sherali aka haqiqatni aytishga qo'rqqaningiz yaqqol bilinib turibdi. Haqni so'zlasangiz Sizga bosim o'tkazish baribir qiyin edi. Sizga hurmatim juda baland edi. Afsus...

Ahmad Shokirjon o'g'li, Qo'qon, O'zbekiston

Sherali Joraev umri uzoq bo'lsin shu insonni qarang 60 yoshga ham kiribdilar, u kishini Ollohim kuch-quvvatdan qismasin, O'zbekni dardini kuylab yursinlar

Ulugbek, NORTH-CAROLINA, USA

Assalomu alaekum Sherali aka sog-salomatmisiz. Allohdan faqat sizga soglik tilaemiz, hamisha oilezga bosh bolib yuring. Biz muhlislar va vatanimiz bahtiga Allohdan sizga umir baht saodat, ijodizda faqat omad tilaemiz rahmat martabez yanayam ulug bolsin elni qatorida.

Zafar Vorisov, Toshkent sh, Uzbekiston

Sizni chin qalbimdan tabriklayman!!! hamisha el ardog'idasiz!!!

Murod Davlatov, USA

Шерали Жўраев: Наврўз бўлган куни улуғларимиз сўраптилар. "Бу зот нега кўринмаяпти?", деса жавоб бериша олмаган. Санъаткорларнинг ўзининг қарама-қарши санъаткорлари бўлади. Масалан, бир-иккита санъаткорлар, сиз чиқсангиз, гўё йўқолиб қолишдан қўрқиб, ўзларининг ҳомийларига айтиб, бир ясама деворлар пайдо қилишади. - Mana shu gap zap o'zbekona bo'libdi. O'zbekni o'ldirayotgan mana shu gap.

Husan Jamoldinov

Assalmu alaykum, hurmatli ustoz sanotkor SHerali aka. Sizga hamisha omad yor bo'lishini tilab qolaman. Mening savolim bor edi, nima uchun Farg'onada konsert bermaysiz? Iltimos Farg'onada ham konsert qo'ysangiz, sizning ashadiy muhlisingizman.

Nuriddin Hamroqulov, ANDIJON, Marhamat

Assolomu alaykum Sherali aka sizni qo'shiqlaringizni bizning oilada hamma yoqtirib eshitadi, qo'shnim Nishonboyaka har doim Toshkentdan qaytsam sizni qo'shiqlaringizni so'raydi. Biz sizni hurmat qilamiz. 60 yoshingiz muboro bo'lsin.

Shermuhammad Ergashev, Toshkent

Men BBC sahifasida va BBC to'lqinida buyuk hofiz Sheraka to'g'risida berilgan suhbatni o'qib juda quvondim. Zero bu inson to'g'risida biror hush habar eshitish o'zini o'zbek bilgan har inson uchun sharaf. Sherali Joraev buyuk Hofiz, zo'r qo'shiqchi milliy halq Qahramoni O'zbek Onalari qalbini, O'zbek dehqonlari dardini nafaqat O'zbek balki butun O'rta Osiyo halqlarini ichki tuyg'ularini junbushga keltirib qo'shiq ayta oladigan inson. U kishini 60 yosh bilan tabriklab uzoq umir va kuch-quvvat tilab qolaman. "ShB"

Муаллиф исми-шарифини ёзмаган мактуб

Биз Сизга хар доим ишонганмиз. СИЗГА хамиша омад ёр булсин!

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy