Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 24 Ноябр, 2007 - Published 13:33 GMT
 
Дўстингизга йўлланг Принт - босма кўриниши
Марказий Осиё бўйича сиёсатшунос билан мулоқот
 
Профессор Ширин Акинер
Ширин Акинернинг ўйлашича, Андижон воқеалари бобида Ўзбекистон ҳукумати дунё матбуотида нотўғри тасвирланмоқда
Лондондаги SOAS, яъни Африка ва Шарқшунослик тадқиқотлари институти профессори Ширин Акинер Марказий Осиё бўйича Британиядаги кам сонли таҳлилчилардан.

Професссор Акинер Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг СССРдан олдинги аҳволи, шўролар давридаги ҳамда мустақиллик йилларидаги ҳолатига оид қатор мақола ва рисолалар муаллифи
ҳамда муҳарриридир.

Аммо Ширин Акинернинг 2005 йил май ойидаги Андижон хунрезлигига оид қарашлари Ўзбекистон бўйича иш олиб борадиган инсон ҳуқуқлари фаоллари, мустақил журналистлар ва, умуман, Андижондаги намойишчиларга қарши Ўзбекистон ҳукумати қирғин амалига қўл урган, деб ҳисобловчилар орасида кучли норозилик уйғотган.

Халқаро доирада Андижон хунрезлиги мустақил текширилиши зарур, деган чақириқлар янграркан, Британиядаги телеканаллардан бирига бу борада интервью берган Ширин Акинер:"Ўзбекистонда иш олиб бораётган ҳукумат бор ва бу ҳукуматнинг ўзи ҳам текширув олиб боришга қодир" - деб айтганди.

Андижон воқеалари ортидан у ерга бориб, нима содир бўлганини ўрганиш учун Ўзбекистон ҳукуматидан рухсат олган ўта кам сонли хорижликлардан бўлган Акинер-хоним Андижонда қуролли исён бўлган ва қурбонлар сони ҳам айтилаётганидан анча кам, дея хулоса қилган.

Ўзбекистон ҳукумати Андижонда аксар террорчилардан иборат 187 киши ҳалок этилганини айтади.

Шоҳидлар ва журналистлар эса аёллар ҳамда болалар дохил мингга яқин қуролсиз намойишчи Ўзбекистон ҳукумати отган ўқларга учиб, қурбон бўлган, деб биладилар.

Аммо Андижонда бўлиб қайтган Ширин Акинер ўз ТВ-суҳбатида: "Андижон воқеалари борасида Ўзбекистон ҳукумати дунё матбуотида нотўғри тасвирланмоқда" - деб таъкидлаганди.

Қуйида олиманинг радиотингловчиларимиз ва вебсаҳифамиз ўқувчилари саволларига жавоблари билан танишинг.

Ўзбекистондан Анвар Турдиев 1989 йили Лондонда ўзбекистонлик рассомлар кўргазмасини ташкил этганингизни эслайди ва ўзбек мусаввирлари ҳақидаги фикрингизни билишни истайди.

Ширин Акинер: Менимча, ўзбек рассомлари ижоди жуда қизиқарли. Баъзиларини эса мутлақ аъло, деса бўлади. Мен бир неча йиллар илгари уларнинг ишларини Лондонга олиб келганимдан фахрланаман. Бугунга келиб қатор ўзбек рассомлари Британиядаги галереялар билан мулоқот қилишаётгани эса мени янада хурсанд қилади. Айримларининг асарлари яхши сотилмоқда. Мен қачон Ўзбекистонга борсам галереяларга, рассомлар устахоналарига кириб тураман. Уларнинг ишларига қараб, жамиятда кечаётган воқеликлар ва ўзгаришларни тушунишга интиламан.

Кўплаб келаётган саволлар Андижон воқеаларига боғлиқ. Ҳиндистондан мактуб йўллаган талабага кўра, аксар шоҳидлар Андижонда ҳукумат қўшинлари биринчи бўлиб ўт очишганини айтишмоқда. Саволдан у ерда қирғин бўлмаганини нималарга асосланиб айтаяпсиз, деган маънони уқиш мумкин.

Ширин Акинер: Биз аввало қирғин сўзининг маъносига қарасак. Менинг тушунишимча, бу - қуролли гуруҳдан иборат шахслар ҳимоясиз одамларга ўлдириш мақсадида ҳужум қилиши. Андижонда нима бўлгани борасида тўлиқ манзарани билмаймиз. Аммо айрим тафсилотлар аниқлашмоқда. Аввало, шаксиз, у ерда қуроллилар муҳим ҳукумат биносига ҳужум қилишган ва одамларни гаровга олишади. Майдондаги давлат иншоотига ўт қўйилади. Кун бўйи музокаралар кечади. Тушдан кейин, кечгача давом этган отишмаларда кўплаб одамлар ҳалок бўлади. Булар орасида ҳукумат ходимлари, исёнкорлар ва маҳаллий одамлар ҳам бор эди. Мениинг тушунишимча, бу ерда мутлақ ҳимоясиз одамлар тўпланган майдонда ҳукумат қўшинлари огоҳлантирмасдан ўт очишни бошламаганлар. Назаримда, у ерда жуда кенг қамровли бир вазият юзага келган ва мен буни асло қирғин, деб атамаган бўлурдим.

Тошкентдан савол йўллаганини билдирган Фарҳод исмли тингловчимизга кўра, сизнинг Андижон воқеалари борасидаги фикрларингиз дунё матбуотида айтилган хабарларга зид тушади. У балки бутун дунё матбуоти ёлғон гапираётган бўлиши мумкинми, деган маънода савол қўйган.

Ширин Акинер: Ҳозир калламга Бернард Шоунинг бир фикри келди. Донишманд:"Кўпчилик доимо нотўғри бўлади, озчилик эса фақат баъзи-баъзида" - деб айтганди. Бу жуда жиддий савол. Агар 30-40 йил олдинги матбуот хабарларига назар ташласак, у ёки бу воқеалар хусусидаги хабарларнни қанчалик нотўғри ва бир тарафлама тасвирланганидан ҳайратга тушамиз. Бу табиий. Чунки вақт ўтиши билан кўп нарса ойдинлашади. Ҳиссиётлар тинганидан кейин айни воқеларни ўрганиш ва уларга қараш ҳам ҳиссиётлардан ҳоли бўлади. Андижон воқеалари борасидаги фикрлар ҳам бир қадар ўзгармоқда. Бошида қандайдир оқ от минган чавандоз одамларни бошқаргани ва ёки 10 мингга яқин одам ўлдирилгани ҳақида гаплар ўртага чиққанди. Мана ҳозир бу гаплар тумандек тарқади. Мен нима бўлганини кўрмаганман ва ўз ҳисобтим воқеаларни бутунлай кўрсатиб бера олади, дея олмайман. Лекин вақт ўтиши билан менинг фикрларим ҳам ўз ўрнини топади. Андижон воқеалари ўта мураккаб ва уни бир ёқлама талқин этиб бўлмайди. Менимча, аниқ нима бўлганини билишгача ҳали анча вақт ўтса керак.

Бир неча ўқувчиларимиз эса Андижон воқеалари борасида матбуотдаги фикрларингиз сизга қандай манфаат келтирганини билишни истайдилар.

Ширин Акинер: Бу саволдан хурсандман. Мен мутлақо манфаат топганим йўқ. Аксинча, матбуотда, интернет орқали ва ҳатто ишхонамда ҳам ҳурматсизларча муносабатга дучор бўлдим. Ҳатто инсон ҳуқуқлари фаоллари тарафидан ҳам... Менинг хулосам шу бўлдики, инсон ҳуқуқларининг мазкур "қаҳрамонлари" сизнинг сўз эркинлиги ҳуқуқингизни тан олишади, аммо бу учун сиз уларнинг фикрларига қарши чиқмаслигингиз керак экан. Мен бир маънода манфаат кўрдим.Бу ҳам бўлса, қандай жамиятда бўлмасин, барибир, мустақил фикрингни айтиш, илгари суриш осон эмас экан.

Қатор ўқувчиларимиз эса сизнинг Ўзбекистонда ҳамон хуш қаршиланаётганингизни қайд этишади ва умуман олганда, бу мамлакатдаги тузумни диктатура, дейдиган, давлат раҳбарини диктатор, дейдиган фикрларга қўшиласизми, деб сўрашади.

Ширин Акинер: Мен диктатор сўзи нимани англатишини билмайман. Бу шунчаки қўлланавергани боис ҳам аслий маъносини бир қадар йўқотгандек... Агар бу савол Ўзбекистонда бир шахс атрофида марказлашган авторитар ҳукумат бор, деган маънода бўлса, айни фикрга қўшиламан. Аммо бутун Марказий Осиёдаги мавжуд бу каби тузумларни яхши ёки ёмон, деб таърифлаш менинг ишим эмас. Мен тадиқиқотчи сифатида айни минтақада нималар содир бўлган ва ёки бўлаётир ҳамда нега содир бўлаётир, деган саволларга жавоб топишни истайман, холос.

АҚШдан хат йўллаган Малик исмли ўқувчимиз эса Ўзбекистон конституцияси бўйича президент икки муҳлатга сайланиши мумкин. Лекин Ислом Каримовнинг учинчи муҳлат учун президентликка ўз номзодини қўйганини қандай изоҳлайсиз, дея савол беради.

Ширин Акинер: Тушунишимча, Марказий Осиё давлатларида ҳар сафар янги конституция қабул қилинганида, президентнинг муҳлати ҳам янги Бош қонун қабул қилинган пайтдан бошлаб ҳисобланади. Агар шу мантиқдан келиб чиқсак, Президент Каримов сайловда яна номзодини қўйишга ҳақли бўлиб чиқади. Аммо мен қонуншунос таҳлилчи эмасман ва бу учун Ўзбекистондаги конституция бўйича мутахассисларнинг қарорларига қараш керак.

Пекиндан мактуб йўллаган Файзулла исмли тингловчимиз эса сиздек олимлар Ўзбекистон ҳукуматининг Андижон воқеалардаги амалларини ёқлагандан кўра, бу ҳукуматга баъзи ислоҳотларни амалга оширишни маслаҳат берсангиз, фойдалироқ бўлмасмиди, дея сўраган.

Ширин Акинер: Ҳукуматга маслаҳат берадиганлар кўп. Аммо дунёга қарасам, мукаммал жамиятнинг ўзини кўрмаяпман. Ҳатто Ғарбнинг ривожланган давлатларида ҳам. Шу боис ҳам Ўзбекистон тараққиёти борасида бир андазани рўкач қилиб келтира олмайман. Мен Ўзбекистонда қандай ислоҳотлар ишлашини буюра олмайман. Қандай ислоҳотларни амалга ошириш бу энди Ўзбекистон ҳукумати ва халқининг қарорига боғлиқ.

Анвар исмли тингловчимиз эса Лондон метросида террорчи, деган хато фикр билан полиция отиб ўлдириб қўйган бразилиялик Чарльз Де Менезес воқеасини мисол қилиб келтирганингизни эслатиб, ўшанда бу ҳолатни муқояса этган ҳолда, мана Британия марҳум Де Менезеснинг ўлдирилиши юзасидан ташқи текширув ўтказмаган, нега энди Ўзбекистон Андижон воқеаларини ташқаридан келиб текширишларига йўл очиши керак, деб айтганингизни хотирлайди. Ва мана энди Британия текшируви ўз полициясини айбдор, дея топди. Балки энди Андижон воқеаларини ҳам мустақил текшириш керак, деган фикрга келгандирсиз қабилида сўрайди.

Ширин Акинер: Бразиялик бегуноҳ инсонни отиб ўлдириб қўйиш борасида Британиядаги давлат тизимининг бир шоҳобчаси унинг бошқа бири тизими устидан текширув ўтказди. Ўзбекистонда ҳам худди шундай бўлди. Мен ўша суҳбатимда хориждан келиб текширув ўтказишни назарда тутганман. Ўшанда Бразилия бу борада текширув ўтказишни истаган, аммо Британия рози бўлмаганди. Дейлик, Шимолий Ирландияда 1972 йили содир этилган "Қонли якшанба" қирғинига қарасак, ҳукумат икки текширув бошлади ва биттаси ҳамон давом этмоқда. Кўпчилик натижаларни ҳанўз рад этади. Фаластиннинг Женин шаҳарчасида кечган қирғин борасида ҳам шу гапни айтиш мумкин.

Қирғизистондан Норман исмли тингловчимиз ҳам Андижон воқеалари бўйича мустақил халқаро текширув мавзусини кўтаради ва Иккинчи Жаҳон урушида одамларни қирғин қилган нацистлар Олмонияси ўзини ўзи маҳкамага тортмаган, балки халқаро хамжамият уларни жазолаганди. Нега энди намойишчиларга ўт очган Ўзбекистон ўзини ўзи текшириши керак экан. Газ камераларида одам ўлдириш билан автоматлардан ўт очиб одамларни ўлдириш орасида фарқ нима, деб сўраган.

Ширин Акинер: Ҳар қандай бевақт ўлим фожеадир. Андижон ҳам фожеий воқеа бўлди. Аммо Андижон воқеасини ва ёки умуман, Ўзбекистонда сўнгги 17 йил ичкарисида кечаётган воқеаларни нацистлар Олмонияси билан қиёслаш бутунлай нотўғри ва ўринсиздир. Мен бу саволдан ҳайратга тушдим. Олмонияда йиллар давомида кенг миқёсда, мунтазам қатлиом ўтказиб келинганди. Президент Каримов ҳукумати қанчалик танқид қилинмасин, барибир, нацистлар Олмониясига таққослаш учун қилча бўлса ҳам асос, йўқ деб биламан.

Даниядан Абдулло Ўзтурк эса Андижон воқеалари масаласида Ўзбекистон ҳукуматини ҳимоя қилишингизнинг сабаби нима, деб савол сўрайди.

Ширин Акинер: Мен Ўзбек ҳукуматини ҳимоя ҳам, танқид ҳам қилмайман. Мен "Андижондаги зўравонлик" номли ҳисобот чиқардим. Ундаги хулосаларим эса ҳимоя қилиш эмас, балки нима содир бўлганини аниқлашга ҳаракат қилганимга асосланган.

Қозоғистондан Тоҳир Саидов сиз ҳақингизда кўпроқ билмоқчи.

Ширин Акинер: Мен аслида Ҳиндистондаги мусулмон оиладанман. Шу боисми, мен воқеаларга нафақат ғарб, балки шарқ нуқтаи назаридан ҳам қарайман. Айни пайтда тарихий воқеликка ҳам эътибор бераман. Хусусан, Британиянинг Африка ва Осиёдаги собиқ мустамлакаларида нима бўлганини ўрганаман. Марказий Осиё бўйича тадқиқотларим шуни кўрсатмоқдаки, мен ўрганган бошқа ҳудудлар билан солиштирганда, сизнинг минтақангиз кейинги йиллари ижобий натижаларга эришмоқда. Марказий Осиё мен учун кўнгилга яқин минтақадир. Мен ҳали Совет даврида Марказий Осиёга борганман ва Орол денгизини кўришга интилганимда, Мўйноқда ҳибсга олинганман. Аммо Совет Иттифоқи қулаётган ўша пайтлари мени чиқариб юборишганди.

Швециядан Юсуф Расулов бир неча савол сўрайди. У, аввало, Андижонда қурбон бўлганлар сонини хато қилиб қўймаслик учун қандай ҳисоблаганингизни билиш истагида.

Ширин Акинер: Агар менинг ҳисоботимни ўқисангиз, 19-23 саҳифаларда мен қандай қилиб ҳисоблаганимни айтганман. Шу қаторда, буларнинг барчасини қатъий далил, деб бўлмайди, деганман. Хуллас, мен турли рақамларни текшириб, қандай қилиб бу рақамларга келганимни айтганман. Аммо бирон рақам устида узил-кесил тўхтаганим йўқ. Бунинг устига, мен берган рақамлар асло менинг рақамларим эмас.

Юсуф Расуловнинг яна бир саволи эса сизнинг телесуҳбатингизда айтган "Ўзбек ҳукумати матбуотда нотўғри тасвирланмоқда", деган фикрингиздан келиб чиқади. У Ўзбек ҳукуматини, сизнингча, демократик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган, деб тасвирлаш зарурмиди, деб сўраган.

Ширин Акинер: Йўқ. Менимча, анчайин мувозанатли хабарлар тарқатилиши керак эди. Масалан, Андижон воқеаси ортидан Президент Каримов узун баёнот билан чиқди. Аммо мен буни бирон ғарб матбуот воситасида учратмадим. Менимча, уларнинг фикрига ҳам қулоқ солиш керак эди. Ўзбекистон ҳукуматини кўп танқид қиламиз, аммо улар бу амалга нега қўл уришгани борасидаги фикрларини эса эшитишни истамаймиз. Мен ҳеч кимга адвокатлик қилмадим, балки барчани тинглайлик, деб айтдим, холос.

Олмониядан Зулхумор Бердиева эса бошқа ғарблик туркшунослардан фарқли тарзда сиз нега ўз илмингизни сиёсий йўлда ишлатаётганингиз сабабини билишни истайди.

Ширин Акинер: Менинг ишим аслида бошқаларникидан фарқли тарзда сиёсатдан узоқ. Мен ҳеч кимга маслаҳат бермайман. Лекин менинг кўп ишларим бошқалар тарафидан сиёсий мақсадларда ишлатилмоқда. Масалан, Андижонга оид ҳисоботимни дунёга ошкор қилмоқчи эмасдим. Аммо кимдир уни интернетга чиқариб юборган. Мен сиёсат қилмайман, лекин кимдир ундан сиёсий мақсадларда фойдаланса, бу энди уларга ҳавола.

Анвар исмли ўқувчимиз эса, умуман олганда, Ўзбекистон ҳукумати ва Президент Каримов сиёсатини қўллайсизми, деб сўраган.

Ширин Акинер: Мен танқид ҳам, ҳимоя ҳам қилмайман. Бу менинг ишим эмас. Ўзбекистон қийин шароитларда оёқда собит туришга интилмоқда. Кўп минтақаларда инсон ва бангивор моддалар савдолари, қуролли низолар ва диний экстремизмни кўриш мумкин. Мен шу боис бу ҳукуматларга маслаҳатчи қилиб қўймагани учун ҳам, Худога шукур қиламан. Мен фақат кузатаман ва улар нималарга эришмоқчилар, деган масалаларни ўрганишга интиламан.

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
 Исмоил ДадажоновБи-би-си меҳмони
Исмоил Дадажонов саволларингизга жавоб берди
 
 
Профессор Ингеборг БалдауфИнгеборг Балдауф:
"Ашулалари ортидан, ўзбекларга бутунлай қизиқиб қолдим.."
 
 
Турсунбой Бакирўғли Би-би-си меҳмони
Турсунбой Бакирўғли саволларга жавоб берди.
 
 
Эркин КомиловБи-би-си меҳмони
Таниқли актёр Эркин Комилов билан мулоқот
 
 
Елена РябининаБи-би-си меҳмони
Сиёсий қочқинлар ҳимоячиси Елена Рябинина жавоблари
 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy