Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 11 Декабр, 2007 - Published 11:53 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Ахбор Имомхўжаев - Би-би-си меҳмони
 
Ахбор Имомхўжаев
Ахбор-ака шарҳлаган бирор бир спорт беллашуви йўқки, ишқибозлар назаридан четда қолган бўлса....
Би-би-си меҳмони - ўзбекистонлик таниқли спорт журналисти, мутахассиси ва шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев.

Ўз меҳнат фаолиятини 1956 йилда бошлаган Ахбор Имомхўжаев жуда жўшқин фаолият йўлини босиб ўтган.

"Шуҳрат" медали соҳиби бўлган Ахбор-ака узоқ йиллик меҳнати
давомида яна қатор юксак
унвонларга ҳам эришган.

Ахбор-ака Имомхўжаев "Халқ таълими аълочиси", "Халқ таълими фидойиси", "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" унвони соҳиби ва журналистика соҳасида "Олтин қалам" миллий мукофоти лауреатидир.

1963 йилдан буён Республика тоифасидаги ҳакам бўлган Ахбор-ака шарҳлаган бирор бир спорт беллашуви йўқки, ишқибозлар назаридан четда қолган бўлса....

Ахбор Имомхўжаев XXIV Олимпиада Ўйинлари, футбол бўйича қатор Осиё Кубоги ўйинларига ҳам ташриф буюрган.

Спорт соҳасидаги фаолиятидан ташқари, Ахбор-ака "Футбол -қувончим, дардим, фахрим", "Мафтунингман, футбол", "Ўзбегимнинг Миржалоли" каби бир қатор китоблар муаллифи ҳамдир.

Қуйида Ўзбекистоннинг энг атоқли футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжавевнинг вебсаҳифамиз ўқувчилари ва радиотингловчиларимиз йўллаган саволларга жавобларини тингланг.

Жанубий Кореядан Эргаш Абдуллаев бугунги ўзбек футболи савияси анчайин тушиб кетганини қайд этиб, бу қобилиятли ўйинчилар етишмаслигига боғлиқми ва ё ўйинчилар учун шар-шароит етарли эмаслиги туфайлими, деган маънода савол сўраган.

Ахбор Имомхўжаев: Аввало, саволлар учун раҳмат. Ўзбек футболи савияси у қадар ҳам пасайиб кетмаган. Кейинги вақтлари жаҳон чемпионатлари ва олимпиада ўйинларига чиқа олинмаганида, биз хорижий мамлакатлар мураббийларига эътибор қаратдик. Хуллас, Олмония, Англия, Россия ва Бразилиядан келтирилган мураббийларга ишондик. Лекин улар қанчалик ҳаракат қилишмасин, ўзбек футболи тарихи ва келиб чиқишини унчалик яхши билишмасди. Шу боис улар биз кўзлаган мақсадга эриша олмадилар ва ўз юртларига қайтиб кетишди. Ҳозир терма жамоамизга ёш, ғайратли ва футболимизни яхши тушунадиган мутахассис Рауф Энилиев мураббийлик қилмоқда. У 2007 йилнинг энг яхши мураббийси, деб тан олинган. Бу ҳам яхши дарак.
Шарт-шароитларга келсак, улар жуда яхши. Бизда янги стадионлар, янги футбол майдонлари вужудга келаяпти. Қобилиятли ўйинчилар деганда эса, ярқ этиб кўзга ташланадиган футболчилар бобида бироз омадимиз чопмаяпти. Ўз вақтида ўзбек футболи юлдузи бўлган Биродар Абдураимов катта футболдан кетганидан кейин, унинг ўрнида ярқ этиб кўзга кўринган футболчи Миржалол Қосимов эди. Аммо Миржалол Қосимовдан кейин у каби жаҳон миқёсида ўйнай оладиган футболчи бизда чиқмади.

Нега бу каби ўйинчилар етишиб чиқмаяпти, деб ўйлайсиз?

Ахбор Имомхўжаев: Бизда футболчиларни етказиб бериш борасида Олимпиада заҳиралари колледжи, футбол интернетлари ва Жисмоний тарбия институти биргаликда иш олиб боришмоқда. Аммо биз эндигина бу ишга киришдик. Қанчалик рақобат кучли бўлса, шунчалик кучли ўйинчилар етишиб чиқади. Икки-уч йилдан кейин сизу биз истаган малакали ўйинчилар етишиб чиқишига ишонаман.

Лондондаги "Арсенал" стадионида ишлашини айтаётган бир ўқувчимиз эса, Ўзбекистон УЕФАга қўшилса, футболимиз равнақига ижобий таъсир кўрсатмайдими, деб сўраган. Бу каби савол билан бошқа тингловчиларимиз ҳам мурожаат этганлар.

Ахбор Имомхўжаев: Ўзбекистон Футбол Федерацияси УЕФАга аъзо бўлса, мен иккала қўлимни ҳам кўтариб, рози бўлардим. Аммо УЕФА бизни ўз таркибига қабул қилармикан? Албатта, Оврўпода тўп сурсак, яқин 3-4 йил ичида қийналардик, аммо кейин ўзимизни тутиб олардик. Масалан, Латвия, Литва, Озарбайжон ва ёки ўз қўшнимиз Қозоғистонни олайлик. Қозоғистон ҳам шу йилнинг ўзида Бельгия ва Польша билан жуда чиройли ўйинлар кўрсатаяпти. Қозоғистон ҳудудининг бир бўлаги Оврўпода жойлашган ва шу боис ҳам улар УЕФАга киришган. Аммо Ўзбекистоннинг бирон бир бўлаги Оврўпода эмас. Бошқа томондан, Оврўпонинг ичкарисида автобус ва ё электричкада бир пасда бир давлатдан иккинчисига ўтиш мумкин. Аммо, дейлик, Манчестер Юнайтед ўйинчилари Ўзбекистонга келиш учун камида 6-7 соат ҳавода учишлари керак. Хуллас, УЕФА Ўзбекистонни ўз таркибига қўшмаса керак.

Англиядан Тоҳир исмли ўқувчимиз Ўзбекистоннинг биринчи ва Олий лигаларидаги келишилган ўйинлар борасида сўрайди.

Ахбор Имомхўжаев: Аввало, футболдаги келишилган ўйинлар муаммоси анчадан бери давом этиб келади. Нафақат бизда, балки Россия, Оврўпо ва Олимпиада ўйинларида ҳам ҳозир келишилган ўйинларга қарши кураш кетмоқда. Келишилган ўйинлар футбол мухлисларига нисбатан ҳурматсизликдир. Яқинда Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Мираброр Усмонов "Ўзбекистон футболи" газетасида мақола билан чиқди ва агар келишилган ўйинлар исботланиб қолса, барча ўз жазосини олади, деб қайд этди. Аммо бу шундайин муаммоки, уни ушлаб олиш қийин.

Ўзини Жо деб таништирган тингловчимизга кўра, бундан 10 йилча бурун бир мулозим сизга Миржалол Қосимов ҳақида танқидий мақола ёзишни буюрган ва сиз рад этган экансиз. Шу ҳақида гапириб берасизми?

Ахбор Имомхўжаев: Мен бу борада "Ўзбегимнинг Миржалоли" номли китобимда ёзганман. Раҳбарлардан биттаси келиб, Миржалол Қосимов ва Рустам Акромов ҳақида танқидий мақола ёзишимни сўраган. Миржалол ҳам, Рустам ҳам менинг қадрли укаларим ва иккаласи билан ҳам мен бир умр фахрланиб юраман. Хуллас, рад этдим. Шундан кейин у бошқа одамга буюрди ва мақола чоп этилди. Аммо футболни тушунадиган инсонлар айни муаллифга нисбатан яхши кўз билан қарашмади. Кейинроқ, 1994 йили Миржалол Осиё ўйинлари чемпиони бўлди, ортидан Россия чемпионига айланди. Рустам Акромов эса ОФК ва ФИФАнинг аъзолигига сайланди. Биласизми, баъзи пайтлари юқори лавозимда ишловчилар ўз тазйиқларини ўтказмоқчи бўлишади.

Кўплаб тингловчиларимиз эса Ўзбекистон терма жамоасининг келаси Жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятлари ҳақида сизнинг фикрингизни билишни истаб, мактуб йўллашган.

Ахбор Имомхўжаев: 2010 йилги Жаҳон Чемпионати саралаш ўйинларида Ўзбекистон тушган гуруҳда Саудия Арабистони, Ливан ва Сингапур бор. Агар бу гуруҳда биринчи ва ё иккинчи ўринни олсак, кейинги бешталикка тушамиз. Бешталикдаги биринчи-иккинчи ўринлар эса тўғри жаҳонга чиқиши мумкин. Бу гуруҳ яхши. Яъни Жанубий Корея, Эрон ва Хитой каби кучли жамоалар йўқ. Шу қаторда, ҳозирги терма жамоамиз мураббийсига Ўзбекистон футболининг ёрқин юлдузлари бўлган Игорь Шквирин ва Миржалол Қосимов каби ўйинчиларимиз ёрдам беришмоқда. Демак, элга танилган инсонлар Ўзбекистон терма жамоаси тепасида туришибди. Худо хоҳласа, 2010 йили Жанубий Африка стадионларида ўз терма жамоамизни кўришга муяссар бўламиз. Иншооллоҳ.

Жанубий Корея пойтахтидан мактуб йўллаган Обиджон Каримов эса бокс бўйича жаҳон чемпиони Руслан Чагаев ҳақидаги фикрингизни сўраб, бокс мусобақаларини ҳам шарҳлаш ниятингиз бор ё йўқлигини билишни истайди.

Ахбор Имомхўжаев: Ўта оғир вазндаги чемпионлар жаҳондаги энг кучли ва матонатли боксчилардан ҳисобланишади. Шу боис Руслан Чагаевнинг чемпион бўлиши нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Шарқда каттагина шов-шувга сабаб бўлди. Бокс ўйинларини шарҳлашга келсак, мен ёшлигимдан ўз эътиборимни футболга ва мактаб ўқувчиларининг "Қувноқ стартлар" мусобақасига қаратганман. Боксга ҳурматим қанчалик баланд бўлмасин, бокс беллашувларини шарҳлаш борасида, тўғриси, ҳали ўйлаб кўрганим йўқ.

Токиодан мактуб ёзган Туркистоний исмли ўқувчимиз эса маҳаллаларда, ҳатто ўқув даргоҳларида ҳам тўп тепадиган махсус майдончалар етишмаслигини қайд этади ва мисол ўлароқ Чилонзор ҳамда Учтепадаги аҳволни келтиради. Шундай ҳолатда эса, футболимиз яқин орада оёққа қалқишига умид қилиш мумкинмикан, дея истиҳола билдиради.

Ахбор Имомхўжаев: Футболимиз ривожига ишониш керак. Тўғри, айрим жойларда майдонлар етишмайди. Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйлар кўп қурилганлиги ва футбол майдонлари учун жой ташлаб кетилмаганлиги ҳозир билиниб қолмоқда. Учтепада ва Чилонзорда эса бу ҳолатлар анча сезилади. Лекин Ўзбекистонда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ишга тушди ва мазкур муассаса мавжуд муаммони бартараф этишда кўмак бераяпти. Янги-янги футбол ва теннис майдонлари ҳамда бассейнлар қуришга ҳозир катта ўрин берилган.

Туркистоний ўз мактубининг иккинчи қисмида ўз тажрибасидан келиб чиққан ва ёшлигида "Чиғатой" ҳамда "Пахтакор" футбол клубларининг болалар жамоасига кира олмаганини, чунки мактабда футбол бўйича етарлича тайёргарлик бўлмаганини айтади. Шу боис, балки мактаблару лицейларда футболга лаёқатли болалар тайёрланса, Ўзбекистоннинг чет элдан футболчи сотиб олишга эҳтиёжи ҳам қолмасмиди, дея савол қўяди.

Ахбор Имомхўжаев: Жуда ҳам яхши савол берибдилар. Ўша пайтлари "Пахтакор" ва ёки "Чиғатой"га қабул қилинадиган ёш ўйинчилар сони жуда чегараланган эди. Муайян ёшдагиларни ўзида жамловчи бир гуруҳга 18-20 нафар бола қабул қилинар ва бу таркибга кира олиш ўта қийин эди. Аммо ҳозир айни жабҳада ҳам ишлар олға силжимоқда. "Чиғатой", масалан, Ўзбекистон терма жамоаси ва ё олимпиада уйинлари учун алоҳида спорт базаси сифатида ташкил этилмоқда. Қурилиш ишлари кетмоқда. Ҳозир болаларга ажратилган футбол гуруҳларидаги болалар сони беш юздан ошиб кетди.

Айрим кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда кейинги йиллари анчайин маблағталаб ва халқ орасида оммавий бўлмаган теннисга катта эътибор қаратилди ва аксинча, кўпчилик севадиган ҳамда кам пул талаб этадиган футбол эътибордан четда қолди. Агар шундай бўлмаганида футболимиз аҳволи ҳозир анча яхши бўларди, деб айтишади. Сиз бу масалада нима дейсиз?

Ахбор Имомхўжаев:Тўғри. Бундан бир неча йил олдин асосий эътибор катта теннисга берилди. Барибир, катта теннисда Ўзбекистон ўзи мўлжаллагандек улкан ютуқларни қўлга кирита олгани йўқ. Бошқа томондан, катта теннисга қанча маблағ кетадию футболга қанча маблағ кетади, деган саволни ўйлаб кўриш керак эди. Ўша йўл қўйилган хатоларни тузатиш учун ҳозир Ўзбекистон Футбол Федерацияси яқин беш йилликка мўлжалланган режаларни ишлаб чиқди. Яқин келажакда футбол соҳасида ортда қолиб кетган жиҳатларимизни қоплаб, янги-янги чўққиларга чиқамиз. Биз имкони борича яхши ўйинчилар ва мураббийларни Оврўпога жўнатишимиз керак. Улар ўша ерда ўсиб, улғайиб, яхши футбол тактикасини ўрганиб келиб, ўз тажрибаларини ўзбекистонлик ёшлар билан баҳам кўрсинлар. Ҳозирги бош масала - ана шу.

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Камолиддин Раҳимов Би-би-си меҳмони
Камолиддин Раҳимов саволларингизга жавоб берди
 
 
Хуршид Дўстмуҳаммад Х. Дўстмуҳаммад:
Сайловлар ва "шўрванинг кўпиги" ибораси ҳақида
 
 
Ширин Акинер Ширин Акинер:
"Андижондаги воқеаларни қирғин демаган бўлурдим.."
 
 
 Исмоил Дадажонов Би-би-си меҳмони
Исмоил Дадажонов саволларингизга жавоб берди
 
 
Профессор Ингеборг Балдауф Ингеборг Балдауф:
"Ашулалари ортидан, ўзбекларга бутунлай қизиқиб қолдим.."
 
 
Турсунбой Бакирўғли Би-би-си меҳмони
Турсунбой Бакирўғли саволларга жавоб берди.
 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy