Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 02 Январь, 2008 - Published 19:47 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Содиқ қори Камолиддин саволларга жавоб қайтарди
 
Содиқ қори Камолиддин
Би-би-си меҳмони - Марказий Осиёда таниқли уламо Содиқ қори Камолиддин.

57-ёшли Содиқ қори Камолиддин бошланғич диний таълимни бобоси, ўз замонасининг таниқли уламоларидан бири Ҳабибуллоҳ қоридан олган.

Кейинчалик Бухородаги "Мирараб" диний мадрасаси ва Ливиядаги Халқаро Ислом Университетини битирган.

1987- 1990 йиллар давомида Қирғизистон диний идорасини бошқарган.

1990 йилдан 1995 йилга қадар Қирғизистон парламенти аъзоси.

Содиқ қори Камолиддин ҳозирда Қирғизистондаги Халқаро Ислом Ҳамкорлик Марказига раҳбарлик қилади.

Ушбу марказ Қирғизистондаги талабаларни дунёнинг етакчи Ислом университетларига жўнатиш, диний китобларни маҳаллий тилларга таржима қилиб тарқатиш ҳамда мусулмонларни Муқаддас Ҳаж сафарига йўллаш билан шуғулланади.

Содиқ қорининг айтишича, Халқаро Ислом Маркази ҳозирда Исломий банклар ва Қирғизистон ҳукумати ҳамда алоҳида шахслар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш билан шуғулланмоқда.

Содиқ қори Камолиддин Би-би-си радиотингловчилари ва муштарийлари саволларига жавоб қайтарди.

Би-би-си: Жиззахдан Иброҳимжон йўллаган савол: “Биринчи, иккинчи жаҳон урушлари ва қолаверса Афғонистондаги жангларда ҳалок бўлган мусулмон ёш аскарларимиз ҳам шаҳидлик мақомига эга бўладими?”

Содиқ қори Камолиддин: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Албатта, Исломдаги шаҳид мақомида кетган марҳумларнинг даражоти бор. Масалан, ватани, имони ва мусулмонлар тупроқларини, мусулмонлар динини ҳимоя қилиб, урушда ҳалок бўлган биродарларимизни албатта “шаҳид” деб айтамиз. Бу тўғрида ҳеч қандай бир шубҳа йўқ. Афғонистонда ҳалок бўлган биродарларни... Руслар уларнинг тупроғига бостириб кирдилар, уруш Афғонистон заминида бўлди. Афғонистон заминидаги ҳамма халқлар, жумладан мусулмонларга ўз тупроғини, динларини коммунист-руслардан ҳимоя қилишлик вожиб бўлди. Бинобарин, шу урушда ҳалок бўлганларни шак-шубҳасиз “шаҳидлар” деб айтамиз. Иншааллоҳ, бу урушда ҳалок бўлган ёр-биродарларимиз, дўстларимизнинг ҳаммасини шаҳидлар, пайғамбарлар, солиҳ инсонлар қаторида қилишликни, қиёматда улар билан бир сафда бўлишни Аллоҳдан умид қиламиз. Энди бошқа диёрларда ҳам вафот бўлган кишилар, масалан, биринчи ва иккинчи жаҳон урушида коммунистларни ёки Чор Россияси ҳукуматини тазйиқи остида, мажбурланиб урушга чақирилган. Агар ўша урушдан бош тортадиган бўлса, бормайдиган бўлса, улар ўша заҳоти отиб ташланган ёки бошқа бир оғир жазоларга мубтало қилинган. Шунинг учун улар мажбуран бу беҳуда, натижасиз урушларда қатнашиб ҳалок бўлганлар. Аллоҳдан биз умид қиламизки, мана шу мажбурлик тариқасида, тазйиқ остида бориб ҳалок бўлган мусулмон бандаларни Аллоҳ Таоло шаҳидлик мақомида қабул қилишлигига умид қиламиз.

Би-би-си: Одилжон Маҳдумий Қирғизистоннинг биринчи муфтийси лавозимидан бўшашингиз сабабларини сўрабди.

Содиқ қори Камолиддин: Муфтийлик мансаб эмас, бир вазифа. Омонат вазифа. Биров бир йил, биров беш йил, биров ўн йил ўзининг имконияти дажасида хизмат қилади. Бизлар ҳам ўша Совет Иттифоқи аталмиш маъшум даврларда, коммунистлар мафкураси ниҳоятда кучли давом этиб турган вақтларда Аллоҳ Таоло лойиқ кўрдими ёки мусулмонларнинг талаби билан бўлдими, вазият тақозоси билан шу вазифада турдик. У вақтлар дин ҳимояси... Ўша пайтда дин ва коммунистлар мафкураси бир-бирига қарама қарши ҳолатда бўлган. Худди бир уруш вазиятига ўхшатаман ўша даврни. Динни Пайғамбар Алайҳиссалом бир “чўққа” ўхшатганлар. Бу “чўғ”ни маҳкам ушлайман, десангиз қўлингизни куйдиради, қўлим куйиб қолар экан деб ташлаб юборсангиз, бу чўғ ўчади. Худди ана шундай бир оғир шароитда, мусулмонлар учун қарама-қаршиликлар жуда ҳам кучайган бир пайтда, зиддиятлар даврида ишлашга тўғри келди. Аллоҳ Таоло ўзи Билгувчи. Ўша вақтларда, шу шароитларда қанчалик қўлимиздан келганча шу хизматни қилдик. Диний ақидаларимиз, имонимизни давом эттириб, ўша мафкуралардан, қарама-қаршиликлардан, динга қарши давлатнинг бутун бир машинаси, идеологияси ишлаб турган, ҳамма нарса динга қарши қаратилган вақтда қўлимиздан келганича шу омонат вазифани бажо келтириб, ўша ёруғ кунларга, мустақиллик даврига олиб чиқишимизга, етиб келишимизга сабабчи бўлган бўлсак, бунинг ажрини биз фақат Аллоҳдан кутамиз.

Би-би-си: Айни мухлисимизнинг ёзишича, Ўшнинг марказий мажсидларидан бирида сайлов ташвиқотини қилиш ҳоллари кузатилган. У баъзи имом ва домлаларнинг дунёвий масалаларда чиқиш қилишига муносабатингизни сўрабди.

Содиқ қори Камолиддин: Аслида сайлов Исломда бор нарса. Мусулмонларнинг ишлари ўртада маслаҳат қилиш билан бўлади. Масалан, давлат раҳбарларини сайлаш ёки намояндаларни юқори жойларга сайлаш... Агар Саудия Арабистонини бир Исломий давлат деб қабул қиладиган бўлсак, уларда ҳам “Мажлиси Шўро” дейишади. Яъни бу “маслаҳат кенгаши” дегани. Шу маслаҳат кенгашида сиёсий, диний хуллас ҳар хил лавозимларни босиб ўтган ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган одамлар тўпланган. Подшоҳлик тузумига ўзларининг шўро, яъни парламент тариқасида ўша маслаҳатларни олиб, кўрсатилган йўлланмалар орқали бироз жамиятни эркинлаштириш, Шариати Исломия буюргандек ҳолатда халқни бошқаришга Мажлиси Шўронинг бир оз бўлса-да таъсири бор. Лекин бизларда “дин – давлатдан ажратилган” деган нарсани баҳона қилишиб, шуни рўкач қилиб, масжидларда сайлов ишларига ташвиқот юргизилмасин, яъни диндорлар, диний лавозимдагилар шу ишларга аралашмасин, деган нарсалар бўлиб келди. Лекин, мен ўйлайманки, бу – нотўғри. Нима учун мусулмонлар, нима учун масжидларимиз имом-хатиблари, қозилар, муфтийлар ўзлари хоҳлаган давлат раҳбарини сайлашга ўзининг фикрини очиқ айта олмайди ва шунга ҳаракат қилолмайди? Нима учун Оврўпа давлатлари, Оврўпа Иттифоқида мана “Христиан Демократлари” партияси ва бошқа-бошқа партиялар бор, ўзларини хоҳлаган намояндаларига ҳама жойда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борадилар, лекин бизда диний руҳонийлар бу ишлардан маҳрум бўлади? Баъзи бир масжидларда халққа фойдаси тегадиган одамларни сайлашга бир даъват қилинадиган кунлар келади. Мабодо, шундай қилинадиган бўлса, буни шаръий томондан, диний томондан ҳеч қандай бир зарари йўқ, лекин сиёсий томондан буни айблаш мумкин, холос.

Би-би-си: Қўшма Штатлардан Санжар исмли мухлисимизнинг ёзишича, бир шаръий масала устида уламоларнинг фикри, гарчанд уларнинг мазҳаби ва мартабалари бир эса-да, турлича бўлаётган экан. Шундай ҳолатда қайси уламонинг фатвосини олиш керак: қилиниши осон бўлганиними ёки кўнгил мойил бўлганиними?

Содиқ қори Камолиддин: Албатта, бу ижтиҳод масаласида, ҳукм ва фатво масаласида ижтиҳод қилишга қуввати етарлик бўлган олимларнинг фатвоси олинади. Қуръон ҳукмлари ва Ҳадис ҳукмларидан уламоларнинг ижтиҳодларидан ва қиёслардан келиб чиқиб, фатво бериладиган йўллар ва йўналишлар бор. Мана шундай илмлардан хабардор бўлган уламолар ўша замон келтириб чиқарган муаммолар, янги пайдо бўлган масалалар, яъни илгариги фиқҳий китобларда топилмайдиган янгидан-янги фатволар келиб чиқаяпти. Замонанинг етук уламолари берган фатволарни қабул қилса бўлади. Лекин, олимлик иддаосини қилиб, саёзгина билимга эга бўлиб, сиёсатга қараб ё-да жойида яшаб турган катта-кичик амалдорлар ва подшоҳларга хушомадгўйлик қилиб, енгил назар билан фатво чиқарадиган бўлса, Пайғамбар Алайҳиссалом: “Бундай ундай одамларнинг жойлари, Аллоҳ сақласин, дўзахда,” – деганлар. “Кимки етарли илми бўлмасдан, ақли билан, фикри билан ўзига тўғирлаб бир фатвони чиқарадиган бўлса, шу дунёда турган бўлса ҳам, дўзахдан ўзининг жойини таёрлаб қўйибди,” - деганлар.

Би-би-си: Тошкентдан Ворис Усмонли йўллаган мактубдан: “... Мен сиздан 1990 йилларда Ўзбекистонда авжига чиққан фитналар ҳақида муносабатингизни билмоқчи эдим. Ўша пайтда хусусан бир қатор масалаларда катта низолар келиб чиққан эди. Намозда "Фотиҳа" сурасидан кейин "Омийн"ни овоз чиқариб айтиш, соқолни узун қўйиш... ва ҳоказо... Оқибати нима бўлгани маълум. Саволим: Ўзбекистондаги айни шароитда масалани бошқа йўллар билан ҳал қилиш имкони бормиди? Диний идора ходимлари ўз биродарларининг ҳуқуқлари учун курашишлари, уларни ҳимоя қилишлари лозим эмасмиди?”

Содиқ қори Камолиддин: Албатта, ҳар бир нарсанинг ўз шароити, масалалари (хоҳ дунёвий бўлсин хоҳ ухровий) муҳитга қараб ҳал қилинади. “Ўз замонасини таниган, унинг йўналишига қараб мусулмонларни ҳар хил фитналардан, ўлимлардан, ҳалокатлардан сақлаб иш олиб борганларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин,” – деганлар Ҳазрати Умар. Агар мусулмонлар ўртасидаги иттифоқ, бирликни сақлаб қолиш учун “Омийн”ни махфий айтиш зарур бўлса, махфий айтиш афзал. Пайғамбар Алайҳиссалом даврларида, ул зотдан кейинги даврларда ва мана ҳозир Ҳарамайнда Ҳажга борган одамлар “Омийн”ни жаҳран айтганда инсоннинг қалби қанчалик лаззатланишини ва мусулмонлардаги якдилликнинг қанчалик намоён бўлишини яхши биладилар. Лекин, шунга қарамасдан, яшаб турган жойингизда, яшаб турган мамлакатингизда агар “Омийн”ни жаҳрий айтишлик бир фитна келтириб чиқарадиган бўлса, мусулмонлар ўртасида бўлиниш келтириб чиқарадиган бўлса, ундай ҳолатларда “Омийн”ни махфий айтилгани афзал. Шунинг учун Ҳазрати Имом Аъзам мазҳабларида ҳам “Омийн”ни махфий айтишга буюрилган. Мана шунга амал қилган бўламиз. Лекин, бу бошқа мазҳабларда “Омийн”ни жаҳрий айтишга бўлган ташвиқотлар, даъватларни йўлини тўсмаймиз, деганидир. Чунки, Пайғамбар Алайҳиссаломнинг “Омийн”ни махфий айтиш тўғрисида айтган ҳадисларига қараганда жаҳрий айтиш ҳақидаги ҳадислари кўпроқ ворид бўлган. Хулоса қилиб айтмоқчиманки, аслида “Омий”ни овоз чиқариб айтиш афзал, лекин, нима қилайликки, бизни минтақа ва мамлакатларимизда махфий, овоз чиқармасдан айтишга одамлар кўниккан экан, ўша фитна чиқмаслик, мусулмонлар ўртасида бирлик ва иттифоқни сақлаб қолиш учун “Омийн”ни овоз чиқармасдан айтганимиз дуруст ва бошқа масалаларда ҳам шундек.

Би-би-си: “Ваҳобийликдан жуда қаттиқ таъсирланганман,” – деб ёзибди Канададан Муҳаммадали. – “Арабчани билмасам ҳам инглизчада Шайх Абдулваҳҳоб ҳазратларининг “Тавҳид” китобини такрор-такрор ўқиганман. Лекин “ваҳобийлар” билан бўлганим сабабли кўп дўстларим мендан узоқлаша бошлашди. Бирисининг айтишича, “ваҳобийлик” бир фитнадир. Ҳақиқатдан ҳам мен гумроҳлик йўлига кирдимми?”

Содиқ қори Камолиддин:Биласизми, "ваҳобийлик" тўғрисида ҳар хил фикрлар мавжуд. Мисол учун, Туркияга борсангиз, бир хил гапиришади. Ёинки, Муҳаммад бин Абдулваҳҳоб катта олим бўлишига қарамасдан, у кишининг фаолиятлари тўғрисида ҳатто Саудия Арабистонида ҳам ҳар хил фикрлар, ҳар хил сўзлар бор. Бу киши ақида бобида китоб ёзган, ширкка қарши жуда бир кескин фикрларни айтган олим киши, у кишини биз албатта ҳурмат қиламиз, киитобларини ҳурмат билан ўқиймиз. Кўпгина Ислом мамлакатларида ақида бобида шу кишининг китоблари ўқитилади. Энди Ўрта Осиё заминида 1990 йиллардан бошлаб, "Ваҳобийлик" деган сўз тарқалди, бу кўпроқ таъна, ёмон сифатга айланиб қолди. Иккита олим бир-бири билан аразлашиб, уришадиган бўлса, униси бунисини, буниси унисини "ваҳобий", дейди. Баъзи бир одамларни, аҳли илм одамларини "ваҳобий" деб сўкадиган бўлса, "тўхтанг-чи, бу "ваҳобийлик" нима дегани ўзи", десангиз ўзи билмайди, шу саволга жавоб беролмайди. Янги мустақил бўлган даврларда Ўрта Осиёда янги ўқиган, "баъзи бир урфий одатларни диний одатлардан ажратайлик", "масалан, ўлимлардаги ўша уч, етти, йигирма, қирқ деган нарсалар бизнинг шариатимизда йўқ, суннат тўй деган нарса шариатимизда йўқ. Бунинг ўрнига масалан ақиқа қилайлик. Суннат тўй, хатна тўй қилиб, юзлаб, минглаб одамларни чақириш - динимизда йўқ нарса", деб мана шунга ўхшаган фикрларни бемалол ўртага ташлаган ёш аҳли илмларни ҳам "ваҳобий" деб айтиш ҳам одат тусига кирди. Қишлоқ-шаҳарларда ҳар хил вазифаларда ишлаб юриб, ўзининг саёзгина билими билан маҳалла оқсоқоли бўлиб ёки масжид имоми бўлиб ўтган одамлар ўшандай ёш, таъсирлик инсонларни "булар "ваҳобийлар", буларга эргашманглар", деб ўзларининг нуфузини сақлаб қолишга интилдилар. Ва шундай одамлар ҳуқуқ-тартибот органлари, куч ишлатар тизимларига ҳам буларнинг устиларидан маломатларни юргиза бошладилар-да, "ваҳобий" деган нарса кўпчилик назарида худди бир жуда ҳам жирканч, жуда ҳам ёмон нарсага айланиб қолди. Аслида "Ваҳобийлик" деган бир ҳаракат ҳам йўқ дунёда, "Ваҳобийлик" деган партия ҳам йўқ. Ёинки "Ваҳобийлик" деган мазҳаб ҳам йўқ.

Би-би-си: Ўш шаҳридан Мурувватхон Дадахўжаева сўрапти: Сиз Ўшдаги ҳар хил диний оқимлар тўғрисида нима дейсиз? Уларнинг бўлиши яхшими?

Содиқ қори Камолиддин: Йўқ. Ҳар хил диний оқимлар бўлишига бизлар қаршимиз. Масалан, "Ҳизбут-таҳрир"га - Сизнинг берган саволингиз кўпроқ шунга қаратилганга ўхшайди. "Биз "Ҳизбут-таҳрир" тўғрисида ҳам доим ўзимизнинг фикримизни айтиб келамиз. Уларнинг фикрларида, сўзларида тўғри сўзлар, тўғри фикрлар бўлса ҳам, "халифалик давлати қурилиши керак, ҳозирги замон тузумларининг ҳаммасини ағдариб, ўша халифат тузилиши керак" деган нарса динимизни бутун Оврўпо, бутун Осиёда, қайсики заминда бўлса, ҳаммасида динимизга қарши ҳаракатлар кучайиб кетди. Кўпроқ "Ҳизбут-таҳрир" ёшларининг, йигитларининг ҳаракатлари ва сўзларининг орқасида динимизга бўлаётган маломатлар, бўҳтон, туҳматлар кўпайди, динимизга тавқи лаънатлар ёпиштирилаяпти.

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Ахбор Имомхўжаев Ахбор Имомхўжаев:
"Иншооллоҳ, жаҳон чемпионатида қатнашамиз..."
 
 
Камолиддин Раҳимов Би-би-си меҳмони
Камолиддин Раҳимов саволларингизга жавоб берди
 
 
Хуршид Дўстмуҳаммад Х. Дўстмуҳаммад:
Сайловлар ва "шўрванинг кўпиги" ибораси ҳақида
 
 
Ширин Акинер Ширин Акинер:
"Андижондаги воқеаларни қирғин демаган бўлурдим.."
 
 
 Исмоил Дадажонов Би-би-си меҳмони
Исмоил Дадажонов саволларингизга жавоб берди
 
 
Профессор Ингеборг Балдауф Ингеборг Балдауф:
"Ашулалари ортидан, ўзбекларга бутунлай қизиқиб қолдим.."
 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy