Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш:
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
"Экосан" раҳбарининг жавоблари
 
Юсуф Шодиметов
Юсуф Шодиметовга кўра, келаси 10-15 йил ичида Марказий Осиё четдан сув келтиришга мажбур бўлади
Юсуф Шодиметов - Марказий Осиёдаги экологик вазиятни яхшилашга қаратилган "Экосан" халқаро жамғармаси раҳбари.

Орол денгизининг қуриши Қорақалпоғистон ва Хоразм ҳудудларида экологик вазиятни оғирлаштирган.

Бу эса атроф-минтақалардаги инсонлар саломатлигига
ҳам салбий таъсир этмоқда.

Оролнинг қуришига қарши чоралар ва ёки айни муаммога халқаро доирада кўпроқ эътибор беришга қаратилган хабару таҳлиллар ҳозир дунё матбуотида яккам-дуккам.

Кўпчилик олимлар эса Марказий Осиё давлатлари ўз ҳолича бу муаммони ҳал этишлари қарийб мумкин эмаслигини, халқаро доирада улкан эътибор ва маблағ зарурлигини урғулайдилар.

Юсуф Шодиметовнинг ўйлашича, Марказий Осиё давлатлари давом этаётган саҳролашиш ва сув заҳиралари тақчиллиги каби муаммоларни ҳам яқин келажакда ҳал этишлари керак бўлади.

Минтақада, айниқса, деҳқончиликка асосланган ва энг кўп аҳолига эга Ўзбекистон учун сув ҳамда ер заҳиралари ўта муҳим аҳамиятга эга.

Зироат, хусусан, пахтачилик кўп сув талаб этади. Қизилқум ва Қорақум саҳролари ҳамда чўл ҳудудлари эса минтақанинг салмоқли қисмини эгаллаган.

"Экосан" раҳбари Россия дарёлари сувларининг минтақага келтирилиши ғоясини ҳам қўллайди.

Жаҳон бўйлаб иқлим исиши эса уммонлардан энг узоқда жойлашган гўшалардан бири бўлмиш Марказий Осиё учун янгидан-янги муаммоларни яратади, деган хавотирларни ҳам кучайтирмоқда.

Тошкентдаги "Экосан" халқаро жамғармаси раҳбари, профессор Юсуф Шодиметов қуйида радиотингловчиларимиз ва вебсаҳифамиз ўқувчиларини қизиқтирган саволларга жавоб беради.

Би-би-си: Олмониядан мактуб йўллаган Фаҳриддин исмли тингловчимиз гидроэлектр станциялари ўрнида, шамол ва ёки қуёш энергиясидан фойдаланиш асносида Оролни қутқариш мумкин эмасмикан, деган мазмунда фикр билдирган.

Юсуф Шодиметов: Авваламбор шуни айтиш керакки, Орол денгизини қутқариб қолиш деган тушунча ҳозир кун тартибида йўқ. Чунки Оролнинг асосий қисми йўқолди ва кўп йиллардан кейин иқлимий шароитлар ва ёки улкан лойиҳалар билангина бу ҳолат ўзгариши мумкин. Аммо денгиз сатҳидаги ҳозирги мавжуд сувни сақлаш ва унинг сув ҳавзасини, экотизимидаги яшилликни сақлаб қолиш учун шамол ва қуёш энергиясидан фойдаланиш таклифи жуда яхшидир. Шамол, айниқса, қуёш энергиясидан фойдаланиш бобида айрим лойиҳаларимиз бор. Тошкент вилоятида "Қуёш" номли илмий марказ бор ва у ерда тажрибалар кечмоқда. Бу тажрибани Оролбўйида ҳам синаяпмиз. Айниқса биомассалардан электр қуввати, иссиқлик ва иссиқ сув олиш кўриб чиқилмоқда. Бу учун эса маблағ ҳамда техник ёрдам зарур. Австриядаги бир ширкат ҳозир бу ишда кўмак кўрсатмоқчи.

Би-би-си: Яъни ҳозирги мақсад Орол атрофидаги экологик вазиятни яхшилашми ва ё уни мавжуд ҳолатида ушлаб туришми?

Юсуф Шодиметов: Ушлаб туришнинг ўзи яхшилашга олиб боради. Ҳозирча ташқаридан келадиган сув йўқ. Аммо бор сувдан оқилона фойдаланиш, Орол атрофидаги 200-300 минг гектарлик ерда саксовулзорлар ташкил этиб, қумларнинг кўтарилишини тўхтатиш ва экотизимни сақлаб қолиш бош мақсаддир.

Би-би-си: Келаётган қатор саволларда эса Орол муаммосини ҳал этишда минтақавий ҳамкорлик ва қолаверса, халқаро ҳамжамиятнинг эътибор ҳамда ёрдами зарур эмасми, қабилида саволлар сўралган.

Юсуф Шодиметов: Бу муаммони ҳал этиш, тўғрироғи, юмшатиш учун жуда катта маблағ талаб этилади. Қўшма корхоналар ташкил этиш, кичик корхоналарни ривожлантириш, зироат маҳсулотларини қайта ишлаш, фермерларга ёрдам бериш ва ёки янги технологияларни келтириш каби масалалар бор. Буларнинг барчаси учун эса маблағ керак. Ривожланган мамлакатлар, Оврўпо ва Осиё банклари эътибор қаратишлари лозим. Мана яқинда Осиё банки минтақамиздаги ер заҳираларини яхшилаш, хусусан, шўрланишга қарши чора-тадбирлар учун 1 ярим миллиард доллар миқдорида сармоя киритмоқда.

Би-би-си: Халқаро матбуотда Орол муаммоси жуда камдан-кам ёритилади. Маблағ нуқтаи назардан олсак, халқаро ҳамжамиятнинг эътибор қандай ҳозир?

Юсуф Шодиметов: Тўғри, аммо ўзгаришлар ҳам бўлаяпти дейиш мумкин. Аввало, Орол масаласи чет мамлакатлар ва айрим молиявий муассасаларни қандайдир маънода чарчатганга ўхшайди. Чунки бу масалага ҳозирги эътиборни жуда зўр, деб айтолмаймиз. Биз баъзида Оврўпога бориб, Орол муаммоларини кўтарсак, муаммонинг борлигини ҳам билишмайди. "Орол" десак, улар Россиядаги Урал тоғларини тушунишади. Демак, маълумот кам ва бу ҳолат ҳам Орол муаммосини ҳал этиш ҳамда зарурий сармояларни келтиришга тўсиқ бўлади.

Би-би-си: Ўзини Банкир, деб таништирган тингловчимиз эса мабодо Россия дарёларини минтақага келтира олишмаса, у ҳолда келажакдаги сув танқислиги муаммосини ҳал этиш учун бошқа яна қандай йўллар борлигини сўрамоқда.

Юсуф Шодиметов: Авваламбор, шу банкир дўстимизга раҳмат демоқчиман. Глобал ва минтақавий иқлим ўзгариши 2020-2030 йилларга келиб ўзининг янада каттароқ салбий таъсирини кўрсатади. Хуллас, сув заҳиралари камайиб боради. Аҳоли сонининг кўпайиши, деҳқончиликнинг ривожланиши ва, айниқса, саноат омиллари сувга бўлган эҳтиёжни оширади. Биз барибир келажакда четдан сув келтиришга мажбур бўламиз. Ҳозирги мавжуд сув заҳираларимиз келаси 10-15 йил ичида етмай қолиши аниқ бўлиб қолмоқда. Айни дамда мазкур масалада тадқиқот ишлари кечмоқда. Четдан сув келтиришнинг яхши ва ёмон томонлари, ижтимоий, сиёсий ва биологик жиҳатлари Россияда ҳам, Марказий Осиёда ҳам ўрганилмоқда. Бу ерда гап Россия дарёларининг 6-7 фоиз сувини келтириш устида кетмоқда. У ерда жуда катта ҳажмдаги сув Об-Иртиш орқали оқиб кетмоқда. Сибирь ўрмонларини эса бир-бир ярим метр баландликда сув босиб турибди. Умуман, сув бир ерда ортиб, бошқа ерда камайиб кетса, уни бошқариб туриш амалиёти дунё тажрибасида бор. Бу аслида узоғи билан 10-15 йил ичида ҳал этилиши мумкин бўлган бир лойиҳадир. Натижада эса бутун минтақамизда шароит яхшиланиб, ижтимоий ва иқтисодий барқарорлик юзага келади.

Би-би-си: Жанубий Кореядан келган бир саволда эса Россия дарёлари сувларини келтириш нега амалга оширилмаётгани сўралган. Хусусан, Россияда қаршилик қилишаяптими ва ёки Марказий Осиёда бу лойиҳа учун пул йўқми, деган мазмунда савол сўралган.

Юсуф Шодиметов: Албатта, Россияда ҳар хил кучлар бор. Бу масалага илмий тарафдан қараётган шахслар, мазкур лойиҳа ҳам Россияга, ҳам Марказий Осиёга фойда келтиришини аниқ ҳисоб-китоб қилган ташкилотлару раҳбарлар ҳам бор. Лекин буни тушуниб етмаган, масалага бир тарафлама қарайдиган кучлар ҳам мавжуд. Ва бундайин кучлар ҳам кам эмас. Бироқ бизнинг маълумотларимизга кўра, Россия дарёлари сувини Марказий Осиёга келтириш масаласига ижобий қараётган одамлар кўп. Биз улар билан ҳамкорлик олиб бормоқдамиз. Келаси 10-15 йил ичида сув танқислиги туфайли келиб чиқадиган муаммоларнинг олдини олиш учун ҳам айни лойиҳани амалга оширишни тезлаштириш йўлларини қидириш фойдали бўларди.

Би-би-си: Марказий Осиёда энг кўп экиладиган зироат маҳсулотларидан бири бу пахтадир. Пахтачилик эса кўп сув талаб қилади. Шу боис балки пахтачиликда йирик ўзгаришлар керакдир.

Юсуф Шодиметов: Пахтачилик кейинги йилларда камайтирилди. Аввалги йилларга қараганда пахта ишлаб чиқариш ва унга сарфланадиган сув миқдори камайган. Бошқа экинлар билан таққослаганда пахтачиликка кетадиган сувни кўп, деб бўлмайди. Бизда бунга оид маълумотлар бор ва улар таҳлил қилинмоқда.

Би-би-си: Орол бўйидаги экологик ҳолатнинг ёмонлашуви у ердаги инсонлар саломатлиги ва ирсиятига ҳам таъсир қилмоқда, қабилида хабарлар мавжуд эди. Ҳозирги аҳвол қандай?

Юсуф Шодиметов: 90-йилларга қадар Орол бўйидаги аҳвол, сув танқислиги, денгизнинг қуриган сатҳидан кўтарилаётган қум ва унинг таркибидаги пестицидлар ва ҳар-хил кимёвий моддалар таъсирида одамларнинг саломатлиги жуда кескин ўзгарди. Айниқса, саратон ва ичак касалликларини айтиш мумкин. Лекин 90-йилларнинг ўрталаридан бошлаб минглаб гектар ерларга саксовул ва бошқа кўкаламзорлаштирувчи ўтларни экиш билан у ердаги экологик вазият анча барқарорлаштирилди. У ерда бир неча кўллар ташкил этилди. Балиқчилик қайта пайдо бўлди. Булар эса генофонддаги биологик хилма-хилликни ранг-баранглаштириш йўлидаги биринчи қадамлардир. Албатта, кўламини катта, деб бўлмайди. Лекин ҳукумат ташаббуси билан Қорақалпоғистон, Хоразм ва Бухоро атрофларида кейинги 10-15 йилда, айниқса, сув масаласига катта эътибор қаратила бошланди. Ичимлик суви ташийдаган Туямўйин-Урганч сув қувури 250 чақиримдан узун. Қорақалпоғистон шимолидаги қишлоқларни сув билан таъминлаш масаласи ҳам бор. Аммо бу ишларга халқаро ҳамжамиятнинг ҳам эътибори керак. Айниқса, сармоя ва ёрдам масаласида...

Би-би-си: Орол бўйидаги экологик аҳвол у ердаги ёшларнинг ривожланиши ва ўсишига ҳам таъсир этмоқда, деган хабарлар бор.

Юсуф Шодиметов: Кейинги 6-7 йил давомида бу жараёнда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Болалар бўйининг ўсиши, кўкрак қафаси ривожланиши ва бошқа шу каби кўрсаткичларда ижобий ўзгаришлар кечмоқда.

Би-би-си: Халқаро матбуотдаги айрим хабарларга кўра, Орол денгизининг Қозоғистон тарафида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида денгиз сатҳи кўтарилаётган экан. Қозоғистон нималар қилмоқда ва Ўзбекистонда ҳам шу каби чоралар кўрилаяптими?

Юсуф Шодиметов: Албатта, у ерда (Қозоғистонда) денгизнинг қуриган қисми ҳавзаси кичикроқ бўлгани туфайли кўрилаётган чоралар натижасида сув кўтарилиб, яхши томонга ўзгармоқда. Ўзбекистонда ҳам ҳозир бу чораларга комплекс ёндашилмоқда. Аммо Орол денгизининг Ўзбекистон тарафидаги қуриган қисми сатҳи жуда катта. Шу боис бу ерда кўкламзорлаштириш ва экотизимни қайта ташкил этиш ишлари ҳозир мажмуий тарзда олиб борилмоқда.

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Фаррух Зокиров Фаррух Зокиров
"Ялла", "Битлз" ва сарой қўшиқчилиги ҳақида
 
 
Абдулло Тожибой ўғли Абдулло Тожибой ўғли:
'...яна номзодимни қўяман'
 
 
Камолиддин Раҳимов Би-би-си меҳмони
Камолиддин Раҳимов саволларингизга жавоб берди
 
 
Содиқ қори Камолиддин Би-би-си меҳмони
Содиқ қори Камолиддин билан суҳбат
 
 
Ахбор Имомхўжаев Ахбор Имомхўжаев:
"Иншооллоҳ, жаҳон чемпионатида қатнашамиз..."
 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy