http://www.bbcuzbek.com

07 Январь, 2008 - Published 16:27 GMT

Фаррух Зокиров - Би-би-си меҳмони

"Ялла"нинг қўшиқлари кириб бормаган хонадон собиқ Совет Иттифоқида бўлмаса керак.

"Ялла" ижросидаги "Учқудуқ", "Шаҳрисабз", "Чойхона" сингари ўнлаб қўшиқлар аллақачон совет
эстрадасининг мумтоз намуналарига
айланган.

Ижодининг энг гуллаган палласи ўтган асрнинг 70-80-йилларига тўғри келган "Ялла" нафақат ўзбек поп мусиқасига асос солган, балки Осиё қитъасида айни мусиқанинг ривожланишига улкан ҳисса қўшган гуруҳлардан бири сифатида кўрилади.

Фаррух Зокировнинг ўзи "Ялла"нинг пайдо бўлишини "Beatles" нинг таъсири билан изоҳлаган, аммо "Beatles" таъсирида дунё, жумладан собиқ Совет Иттифоқида пайдо бўлган кўпгина гуруҳлардан фарқли ўлароқ, "Ялла"нинг электрон чолғу асбоблари ёнида рубоб ва доира каби ўзбек миллий чолғу асбобларини ҳам ижро этиши унинг қўшиқларига бетакрор оҳанг бағишлаганди.

Мусиқашунослар ўз вақтида "Ялла"нинг машҳурлигини "АББА" сингари гуруҳлар билан қиёслашган.

Поп мусиқасида "Ялла"чалик узоқ умр кечирган гуруҳлар жуда ноёб.

Гуруҳ таркиби 1979-йилдан буён ўзгармаган.

Унинг доимий раҳбари Фаррух Зокиров эса турли йилларда Ўзбекистон маданият вазирининг ўринбосари, вазир, парламент депутати сингари лавозимларни ҳам эгаллаган.

Би-би-си: "Фаррух ака, билишимча, "Ялла" нинг ташкил этилишига Британиядаги машҳур "Beatles" гуруҳи ғоявий дастак бўлган экан, шу тўғрими?" деб сўраяпти Прагадан Суҳроб Ражабий исмли мухлисингиз.

Фаррух Зокиров: Ҳақиқатан ҳам 1960-йилларнинг охирида шу йўналишдаги гуруҳлардан энг таниқлиси "Beatles" эди. Айниқса, "Beatles"нинг миллий йўналишдаги файзи бизга жуда ҳам маъқул бўлган. "Beatles" ҳақиқатан ҳам "Ялла"нинг илдизларида катта таъсир кўрсатган гуруҳ, деб айтган бўлардим.

Би-би-си: Тошкентдан Жавоҳирбек Комилбеков: "Фаррух ака, сиз ижро этган "Ўғлим" қўшиғи қай тариқа яратилган ва сиздан яна хит қўшиқларни қачон кутамиз?".

Фаррух Зокиров: Ота-ўғил ҳақида ёзилган битта қўшиқ бор, охиргиси. Лекин ундан олдин "Омон бўл" деган қўшиғим бор эди. Унинг шеърини раҳматли Муҳаммад Юсуф ёзган. У 1994-йили шу шеърни менга берган эди. Муҳаммад Юсуф вафот этишидан бир ҳафта-ўн кунча аввал у билан анча суҳбатлашган эдик. Мен ундан "сиз қандай тушунасиз, эркак алласи борми-йўқми", деб сўрадим. Бу савол унга қаттиқ таъсир қилди ва у ҳаяжонланиб, кўзларига ёш тўлиб, "биласизми, Фаррух ака, бу нарса менинг ҳам бошимдан ўтган, мен ҳам ўғлимни аллалаганман" деди. У вафот этган кун мен уйга келиб, қоғозлар орасидан шеърни топдим. У ерда шундай сатрлар бор эди: "Ўксимагин жон ўғлим, полвон ўғлим, сени ташлаб кетганим ёлғон ўғлим"... ва мен буни қўшиқ қилиб айтдим. Бу бадиий бир услуб, мен ўғлимни ташлаб кетмаганман. Худо асрасин!

Би-би-си: Бир қатор мухлисларингиз Наргиза Бойхонова ҳақида сўрашган...

Фаррух Зокиров: Наргиза Бойхонова ҳақиқатан "Ялла" ансамблининг репертуарини, умуман, "Ялла"ни жуда ҳам бойитган, безатган аёллардан бири. Қолаверса, менинг ўғлимнинг онаси Наргиза Бойхонова бўладилар...

Би-би-си: Олмониядан исмини ёзмаган мухлисингиз "нима учун "Ялла"нинг шогирдлари йўқ?" деб сўрабди, Швейцариядан Абдулла исмли тингловчимиз эса нимага "Ялла"нинг расмий веб саҳифаси йўқлиги билан қизиққан...

Фаррух Зокиров: Биринчи саволга жавоб-шогирдлар кўп. Ёш хонанда, санъаткорлар кўпинча бизга "устоз" деб мурожаат қилишади. Бизнинг йўлимизни танлаган, ундан илҳомланган ёшларимиз кўп. Лекин махсусан шогирд тайёрлаганимиз йўқ. Чунки аввал-бошдан "Ялла" ни қайтариш ниятимиз бўлмаган, қолаверса, шогирд тайёрлаш жуда узоқ ва машаққатли жараён. Бунинг учун домлалик вазифасига ўтишимиз керак эди. Веб сайтга келсак, тўғри, бу бизнинг камчилигимиз. Мен хали вақт топиб, бу нарса билан астойдил шуғуллана олганим йўқ. Мен шу ёшга кириб, компьютер, интернет билан унча дўстлаша олганим йўқ. Мен анъанавий техника билан ишлаб ўрганганман. Албатта, бу катта камчилик, мен буни бўйнимга оламан. Аммо шу йил, ниҳоят, бу камчиликни тузатиш, расмий веб саҳифамизни йўлга қўйишни ният қилганман.

Би-би-си: Бир қатор мухлисларингиз қўшиқларингиз ҳақида сўрашибди. Масалан, Тилла бола деб исм қўйган мухлисингиз "чиннури" деган қўшиғингиз бўларди, шу нимани англатади, бу сўз қаердан олинган?" деб сўрабди, шаҳрисабзлик Бекмурод Ҳушвақтов эса "Шаҳрисабз" деган қўшиғингизнинг тарихи ҳақида сўраган.

Фаррух Зокиров: Авваламбор "чиннури" эмас, "жиннуни". Бу арабча "мажнун", "жинни" деган сўздан олинган. Яъни севги оҳ-воҳларидан жинни, девона бўлган ошиқ маъносида. Бу қўшиқни биз 1990-йилларнинг бошларида Марокашга борган пайтимиз, ўша ердан олиб келганмиз. "Шаҳрисабз" қўшиғига келсак, унинг тарихий жуда оддий. Ўзбекистон шаҳарлари туркумидан "Учқудуқ", "Тошкент" ва Самарқанд" сингари қўшиқларни ёзган пайтимиз, Шаҳрисабзда, шаҳарнинг ўша пайтдаги раҳбарларидан бири, "Шаҳрисабз катта, қадимий шаҳар, қолаверса, Амир Темурнинг ватани, мен унга бағишлаб бир шеър ёздим, қўшиқ қилмайсизми" деб қолди. Мен ўша куннинг ўзида куй басталаб, "Шаҳрисабз" қўшиғини ижро этганман. Кейин Москвага сафарларимиздан бирида мен дўстларимига, "мен учун бу қўшиқ жуда қадрли, айниқса, Шаҳрисабз Амир Темурнинг ватани бўлгани учун" деб айтганимда, менга "йўқ-йўқ, шу тўғрисида гапирмай қўя қолайлик" дейишганди. Қарангки, ўша даврлар ўтди, ҳозир буни бемалол гапирсам бўлади.

Би-би-си: Ўшдан Одилжон Маҳдумий: "ўзбек мусиқий асарларининг ичида дурдонаси бўлмиш "Андижон полкаси"нинг муаллифи бўлмиш Муҳаммад гармоннинг оталари ўшлик қўшнайчи, марҳум Зиёмиддин Шокиров ҳисобланар экан, шу ҳақда бирон нарса биласизми" деб сўрабдилар.

Фаррух Зокиров: Ориф гармон деган машҳур бастакор, созанда бўлган. Муҳаммад гармонми, билмадим. Халқ орасида Ориф гармон дейишарди, менинг қулоғимда қолгани шу. Лекин у кишининг дадалари ким бўлган, айбга буюрмайсиз, бундан хабарим йўқ.

Би-би-си: Англиядан Диёрбек "сизни совет давридан буён халқ тинглайди, аммо бугунги Ўзбекистонда сизчалик машҳур бўлиш учун лаганбардорлик қилиш керак, шекилли, қабилида савол берибдилар.

Фаррух Зокиров: Йўқ, бундай эмас. Тўғри, халиги, бир сўз бор "коньюктурщик" дейилади. Бундай санъаткорлар ҳам бор. Энди, қайси давлатда яшаманг, ўша давлатнинг ўзининг анъаналари бор, катталарга, раҳбарларга бўлган ҳурмат, деймизми... Қандай давр бўлмасин, раҳбарлар санъаткорларнинг идеология йўналишидаги қўшиқларни айтишини исташади. Бу нарса бор.

Би-би-си: "Конюктурачи" деяпсиз, ўзбек тилида сарой қўшиқчилари деган ибора ҳам бор...

Фаррух Зокиров: Балким, тасодифан, вақтинча санъат оламига келиб қолган одам бунга катта аҳамият берар. Аммо санъат, ижод самимий бўлмаса, қанчалик, ўша сарой санъатчисими, сарой қўшиқчиси бўлмасин, барибир ундан ҳеч нарса қолмайди. Барибир замон, вақт ҳамма нарсани ўз ўрнига қўйиб қўяди, деб ўйлайман.

Би-би-си: Сарой мавзусига яқин яна бир савол бор экан. Тошкентлик бир мухлисингиз "сизнинг Иосиф Кобзон билан дўстлигингиз маданият вазирлигидан кетишингизга сабаб бўлган экан, ҳар ҳолда Кобзоннинг ўзи шундай деб айтди, шу ростми?" деб сўраяпти...

Фаррух Зокиров: Йўқ. Мен маданият вазирлигидан ўз ихтиёрим билан кетдим. Чунки саҳна касали ёмон бўлар экан. мен буни албатта, ижобий маънода айтаяпман. Мен ижодга қайтсам., қўшиқ айтсам халққа фойдам кўпроқ тегар экан, деган мазмунда ариза ёзиб, кетдим, яъни охиригача администратор бўла олмадим. Иосиф Кобзон менинг акам, раҳматли Ботир акамнинг яқин дўсти эди. Лекин Кобзоннинг бизнинг раҳбарият билан муносабатларида нима бор, мен билмайман. Ўша совет даври қўшиқларини кўпроқ айтгани учунми, билмасам...

Би-би-си: Унинг ўзи айнан шунинг учун, деб изоҳлади. Лекин шўро ўтмиши билан боғлиқ қўшиқлар "Ялла"нинг репертуарида ҳам бор, шундай эмасми?

Фаррух Зокиров: Энди ҳаммамиз ўша даврда яшаганмиз. Нима бўлса ҳам ўша бизнинг ҳаётимиз. Бизнинг ижодимизда бўлган идеология, энди, бу ҳаёт... Лекин бизнинг репертураимизда тўғридан-тўғри "Яшасин комсомол", "Яшасин коммунизм" деган қўшиқлар, умуман бўлмаган. Бундай қўшиқлар раҳматли Ботир акамда ҳам йўқ эди. Унга Москвадан кўп айтишган, "нимага комсомол ҳақида айтмайсиз, нимага коммунистлар ҳақида куйламайсиз", деган гапларни ҳам эшитганлар раҳматли Ботир акам.

Би-би-си: Андижондан ёзганини айтган тингловчимиз ҳофиз Дадахон Ҳасановнинг санъатига муносабатингизни сўрабди.

Фаррух Зокиров: Ўз пайтларида мен жуда ҳам ҳурмат қилардим бу санъаткорни, бу қўшиқчини. Дадахон Ҳасановнинг ўзига яраша бир йўли бор эди, ўзига хос услуби. Қолаверса, ўзига хос бир жанрдаги жуда ҳам ёрқин санъаткорлардан, деб биламан.