Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 04 Феврал, 2008 - Published 14:18 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони - Ўзбекистонда биофизика мактабини яратган олим Бек Тошмуҳамедов
 
Бек Тошмуҳамедов Ўзбекистонда биофизика мактабига асос солган
Бек Тошмуҳамедов Ўзбекистонда биофизика мактабига асос солган
Академик, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси, биофизик олим Бек Ойбекович Тошмуҳамедов 1935 йилда таниқли ёзувчи Ойбек оиласида таваллуд топган.

Москва Давлат университети аспиранти, Москва академиясининг биофизика институти докторанти бўлган
Бек Ойбекович Ўзбекистонда
биофизика мактабини яратган олимдир.

Бек Ойбекович ўнлаб фан номзодлари ва докторларини тайёрлаб, етиштирган. Улар бугун Америка қадар дунёнинг турли давлатларида фаолият олиб боришади.

Хорижда ишлаш таклифини рад этган олимнинг айтишича, Ўзбекистонда ҳам биофизика соҳаси бўлиши керак.

Биофизика бўйича 300 дан ортиқ мақола муаллифи бўлган Бек Ойбекович Орол денгизини сақлаш қолиш йўлида ҳам жонбозлик кўрсатаётган инсонлардан биридир. Олим, жумладан, Орол жанубини тиклаш саъй-ҳаракатларида фаол иштирок этмоқда.

Бек Ойбекович Фанда эришган ютуқлари учун 1985 йилда СССР Давлат мукофоти, 1987 йилда эса Ўзбекистон Давлат мукофоти билан тақдирланган.

Илмий иш билан бирга сиёсат билан ҳам шуғулланганини айтган олим 90-йилларда "Бирлик" халқ ҳаракатининг раисдоши ҳам бўлган.


Саволларингизни bbcuzbek.com га йўлланг.

Бизнинг электрон манзилимиз : uzbek@bbc.co.uk га мактуб жўнатишингиз ёда саҳифанинг ўнг томонидаги махсус форма орқали ҳам саволларингизни йўллашингиз мумкин.

Муштарийларимиз саволларига асосланган суҳбатимизни ҳафтанинг шанба куни "Дараклар" дастуримизда тинглай оласиз.

Биз сизнинг саволларингизни кутиб қоламиз.

Рукнимизнинг кейинги меҳмонлари кимлар бўлишини истайсиз?

Бу ҳақдаги фикрларингизни ҳам бизга йўллашни унутманг.


Odiljon Maxdumiy, O'sh: Muhtaram Bek Oybekovich. 1. Mabodo,Alloh ko'rsatmasinu, Orol dengizi butkul qurib ketsa mintaqamizda qanday vaziyat vujudga kelishi mumkin? 2. Otangiz, ya'ni, buyuk yozuvchi Oybek avlodida, uning sohasini davom ettirayotgan vorislari bormi?

Бек Тошмуҳамедов: 1. Орол денгизининг муаммоси жуда жиддий муаммо. Чунки бир томондан сўнгги 40-50 йил давомида деҳқончилик миқёси жуда кенгайди. Бу кўп сувни талаб қилади. Аммо бизнинг минтақамиз сув тақчил ҳудуд ҳисобланади. Ҳозир бизда ер кўп, сув оз. Сувнинг ҳаммасини биз қишлоқ хўжалигига сарфлаяпмиз, ортиқча сув қолмаяпти, ҳисоб. Илгари Оролга 60-70 кубокилометр сув бориб тушган. Минтақамиздаги мамлакатлар Орол денгизига ҳеч бўлмаганда йилига 10 кубокилометр сув ажратишга келишишлари, бу сувдан рационал фойдаланиш керак, деб ҳисоблайман. Албатта, Оролни олдинги ҳолига келтиришнинг иложи йўқ. Биз агар денгизга бир пайтлар бориб етган сувнинг еттидан бир қисмини унинг ўзигача етиб боришига эриша олсак, Орол денгизининг еттидан бир қисмини асраб қолардик. Бу ҳам жуда катта ютуқ бўлар эди. Орол Марказий Осиёнинг об-ҳавосини, қишки ва ёзги ҳаво ҳароратини мўтадиллаштириб турадиган денгиздир. Бизнинг минтақамизга буғлантириб турувчи албатта керак. Ҳозир Орол денгизининг Қозоғистонга тегишли қисмида шимолий Оролни тўсиб олиб, сувни чучуклаштиришга, эски экотизимни қайта тиклашга муваффақ бўлишди, биз ҳам Оролнинг жанубий, жануби-ғарбий қисмида ҳам шуни амалга оширишимиз керак. Бунинг яна бир аҳамияти шундан иборатки, Орол денгизининг жанубий қисмида, Устюрт минтақасида газ ва нефтнинг катта заҳиралари мавжудлиги аниқланди.

2. Ёзувчи Ойбек ворислари келажакда бўлади, деб ўйлайман. Чунки менинг фарзандларим бор, менинг синглим, укаларимнинг болалари, набиралари бор. Албатта, уларда адабиётга, санъатга муҳаббат пайдо бўлади. Менинг ўзимга келадиган бўлсак, мен фақат шеърият, санъатнинг мухлисиман, холос. Фақат мухлис. Чунки мен биолог, биофизикман ва ўзимнинг соҳамга ҳаддан зиёд берилиб кетганман. Биофизика фаннинг анча мураккаб йўналиши ҳисобланади ва у менга бошқа нарса билан шуғулланишимга имкон бермайди.

Би-би-си: Орол денгизи билан боғлиқ муаммо тўғрисида келган саволлардан яна бири ўзининг мактубига "Банкир” деб имзо чеккан ўқувчимиздан. У Орол денгизини сақлаб қолиш масаласига биофизика йўналишини татбиқ қилиш тўғрисида сўраган.

Бек Тошмуҳамедов: Бизнинг минтақамизда чучук сув жуда тақчил ҳисобланади. Лекин молекуляр биология, молекуляр генетиканинг замонавий ютуқлари нафақат чучук сув, балки шўр сувдан ҳам қишлоқ хўжалигида фойдаланишга имкон беради. Яъни, биз фойдаланилган сувни яна ишлатишимиз мумкин. Одатда, биз қишлоқ хўжалигида 1 литрида 4 грамм туз бўлган сувдан фойдаланамиз, агар сувнинг таркибида туз миқдори 5 грамм, 7 грамм бўлса, биз уни яроқсиз сувга чиқарамиз. Ҳозирги замонавий фан ютуқларидан фойдаланилса, 1 литрида 15 грамм туз бўлган сувда ҳам экинларни ўстириш мумкин. Яъни, ўсимликларнинг тузга чидамли ёки тузга тоқатли турларини ишлаб чиқариш мумкин. Айтмоқчиманки, биз келажакда дренаж сувлари, шўр сувлардан ҳам фойдаланиб, экинларни суғоришимиз мумкин бўлади.

Би-би-си: Электрон почтамизга келган бир неча мактубда глобал исишнинг таъсири тўғрисида саволлар келган.

Бек Тошмуҳамедов: Бугунга келиб ҳаммага аниқ бўлиб қолди - глобал исиш бу - инсониятнинг атроф-муҳитга антропоген таъсирининг оқибати эканлиги исботланди. Ҳаво ҳарорати мунтазам ошиб бораяпти. Мен халқаро битимлар, шартномалар билан атмосферага углерод чиқарилиши ҳажмини камайтириб бўладими, деган саволга аниқ жавоб беролмайман. Дунёдаги тажрибадан шу нарса маълумки, турли давлатлар ўртасида бу масалада бир ечимга келиш мушкул бўлади. Ҳозирги пайтда биз ҳеч бўлмаганда ўзимиз учун аниқлаб олишимиз керак - атроф-муҳитга нима бўлади? Бундан кейин Ер сайёрасининг умумий ҳарорати ошиб бораверса, биз бунга тайёр бўлиб туришимиз керак.

Хусусан, Ўрта ёки Марказий Осиёда ҳам нима бўлиши мумкин, биз нималарга тайёргарлик кўришимиз керак, деган саволни қўйиб, турли тахминлар, башоратларни ишлаб чиқишимиз керак. Марказий Осиё ёпиқ ҳудуд, сув тақчил минтақа ҳисобланади. Сувни асосан Тянь-Шан ва Помир тоғ тизмаларидаги кўп асрлик музликлардан оламиз. Бу музликлар тобора эриб кетаяпти. Агар бу музликлар эриб битса-чи? Балки биз сунъий ёғингарчилик бўйича мутахассислар ёрдамидан фойдаланармиз?

Мен "Ўзгидрометцентр"да сунъий ёғингарчилик бўйича жуда кучли мутахассислар борлигини биламан. Мамлакатнинг ҳамма ҳудудида бўлмаса ҳам тоғларга яқин ҳудудлар, ёнбағирларда сунъий ёмғирларни ёғдириш керакдир. Табиатга зарар етказмасдан, рентабелли тарзда бизнинг осмонимиздан ўтадиган булутларни ёғдириш мумкин. Минтақа устидан ўтадиган намликларнинг тахминан 80 фоизи бекордан-бекорга учиб кетади. Менимча, бу йўл глобал исишнинг Марказий Осиёга салбий оқибатларидан қутқариш мумкин. Бу иш билан албатта, шуғулланиш керак, деган қарашдаман мен.

Би-би-си: Сизга кўплаб саволлар – хусусан, Анвар Бўронов, Пекиндан Файзулла, Мурод исми билан келган ва бошқа яна бир қанча ўқувчиларимизнинг хатлари асосан Ўзбекистондаги илм-фаннинг бугунги аҳволи, ўзининг ҳаётини илм-фанга бағишлаганлар ва фан келажаги борасидаги сизнинг фикрларингиз билан қизиқишган.

Бек Тошмуҳамедов: Ҳозирги анча чекланган иқтисодий шароитда бизнинг асосий вазифамиз – ўзимизда борини асраб қолиш. Биз ўзимизда бор илмий мактабларни асраб қолишимиз керак. Чунки ҳозир яхши кадрлар бор. Физика соҳасида, кимё, биология, техника соҳаларини чуқур биладиган кадрлар ҳали бор. Улар ўзларининг билимларини, ўзларининг тажрибаларини ёш авлодга қолдиришлари мумкин. Ҳозир биз кекса авлод вакиллари қўлимиздан келганча билганимизни ёшларга ўргатишга ҳаракат қилаяпмиз. Энг муҳими – бизлар эришган илм даражасини, илмий мактаблар даражасини йўқотмаслик муҳимдир.

Ergash, Ozbekiston: Siz fanda juda xam katta natijalarga erishgan ekansiz. Kuchli olim bo'lish uchun insonda nima xislatlar bo'lishi kerak?

Бек Тошмуҳамедов: Эргаш менинг хизматларимни ошириб юборибдилар, назаримда. Мен ўйлайманки, инсон ўзининг севган касбига ҳар қандай шароитда ҳам содиқ бўлиши керак. Мисол учун, мени биология фанига ўргатишган, мен биология соҳасини жуда яхши кўраман. Шунинг учун ҳам нима бўлишидан қатъи назар, мен мана шу соҳада ишлашга ҳаракат қилаяпман, ҳаётимда биология фанини тарғиб қилаяпман. Менинг ишончим комил - Фаннинг келажаги айнан биологияга боғлиқ. Мен ҳатто инсониятнинг келажаги, эволюциянинг келажаги биологияга боғлиқ, деб айтган бўлардим.

Би-би-си: Ўзининг мактубига Жим Кэрри деб имзо чеккан ўқувчимизнинг саволларидан бири мана бундай: Ҳурматли профессор Бек Ойбекович. "Умид" дастури орқали чет элларда ўқиб келган талабаларнинг такрор Ўзбекистондан чет элларга чиқиб кетиши сизнингча Ўзбекистонга қандай таъсир қилади?

Бек Тошмуҳамедов: Албатта, бизнинг талабаларимиз Европа, Америка университетларида таълим олишлари керак, қайтиб келиб Ватанга ўз қарзларини қайтаришлари керак. Мен яхши тушунаман – биз олган билимимизни мамлакатимизнинг ўзида татбиқ қилишга доим ҳам имконият тополмаймиз. Афсуски, охирги йилларда илмий ташкилотлар, институтларнинг имкониятлари чекланиб қолди. Бунга Шўролар Иттифоқи пайтдаги илмий ходимлар билан ҳозирги пайтдаги илмий ходимлар сонини солиштириб ҳам ишонч ҳосил қилиш мумкин. Илмий ходимлар сони анча қисқариб қолди. Аммо ходимлар сони қисқаргани билан биз илмий институтлар сонини сақлаб қолишга интилмоқдамиз. Иқтисодий аҳвол яхшиланиши билан биз ўзимизнинг институтларимизда бўлган илмий салоҳиятимизни сақлаб қололамиз, деб ўйлайман. Лекин бир нарсани эътиборга олиш керакки, Шўролар Иттифоқида фаннинг салоҳияти бир сабаб билан жуда юқори бўлган. Чунки СССР жуда қаттиқ милитаризациялашган мамлакат эди. Шунинг учун ҳам физикага жуда катта маблағ ажратиларди, чунки ядро қуроли керак эди, мамлакатга кимёвий қурол зарур бўлгани учун кимё фанига, биологик қурол керак бўлгани учун биологияга кўп пул ажратиларди. Энди бунга эҳтиёж қолмади, аммо биз ўзимизда бўлган салоҳиятни сақлаб қолишимиз керак. Замонавий илм-фаннинг ютуқларини иқтисодиётнинг жуда долзарб масалаларини ҳал қилишга қаратишимиз керак.

Feruz: Siz ilmiy izlanishlaariz davomida Allohni biru borligiga amin bo'lganmisiz?

Бек Тошмуҳамедов: Жуда мушкул савол. Буткул шахсиятга тааллуқли савол. Биласизми, мен биологман, мен эволюционистман. Мен урим давомида яхши биология мактабини ўтаганман, мен Ердаги эволюция қандай давом этганлигини жуда яхши биламан. Ерда микроорганизмлар ривожланиши, ўсимликлар, одамзоднинг ривожланиши тамойилларини яхши ўрганганман. Сайёрада ҳам микроорганизмлар, ҳам ўсимлик ва одамзоднинг ривожланиши тамойиллари бир хил. Биз одамзод ўзимизни атроф-муҳитдан, табиатдан ажратмаслигимиз керак. Биз ҳаммамизнинг эволюция жараёнларимиз Ерда биргаликда амалга ошган. Мен ўзимнинг барча аждодларим сингари Аллоҳдан қўрқадиган мусулмонман.

Би-би-си: Мана ҳозир автомобиллар ёнилғиси сифатида биоёнилғини ишлатиш, бу бугунги кунда дунёда нефть ёки газ заҳиралари камайиб бораётган пайтда бир кун келиб уларнинг ўрнини эгаллайдиган муқобил ёнилғи – биоёнилғи тўғрисида фикрлар ўртага ташланаяпти. Биоёнилғи, уни Марказий Осиёда, дунёда татбиқ қилиш истиқболларига Сиз қандай қарайсиз?

Бек Тошмуҳамедов: Биоёнилғи келажаги тўғрисида гапирадиган бўлсак, бизнинг минтақамиз – Марказий Осиё доирасида биоёнилғини қўллаш истиқболи ҳақида бир нарса деёлмайман. Мен илгари ҳам айтганимдек, бизнинг минтақамизда сув етишмайди. Шунинг учун ҳам бизнинг тупроқларимиздан олинадиган ҳосил энг минимал - биопродуктивлик даражаси энг кам даражада. Бу ҳосилдорликни озиқ-овқат ишлаб чиқаришга йўналтирган афзал. Биоёнилғининг бошқа минтақалар, бошқа мамлакатларда истиқболи бор, деб ўйлайман. Бу ёғингарчилик миқдори кўп ва ҳаво ҳарорати мақбул бўлган мамлакатлардир. Мисол учун, Ер шарининг шимолидаги мамлакатлар, мисол учун Жанубий Сибирда, балки биоматериалларни ишлаб чиқариш учун шароит яхши ҳисобланадиган Оврўпо давлатларида биоёнилғини қўллаш ўзини оқлаши мумкин. Бундай мамлакатларда буғдойни ҳам биоёнилғига айлантириш мумкин, ёғ чиқадиган ўсимликлар, бошқа дуккакли ўсимликлар ҳосилини ёнилғига айлантириш, бу ёнилғидан фойдаланиш имконияти мавжуд. Мен, бизнинг минтақамизда биоёнилғидан фойдаланиш истиқболи бор, деб ўйламайман.

Ixtiyor Baxtiyorov, AQSH: Oshkoralik va demokratiya deb aytilgan davrlarda Siz bir qancha maqolalaringiz bilan tanilgan edingiz.Bazilar Sizni hatto Ozbekistonni "Saxarovi" deb atashgan edi.Nima boldi? Nega siyosatdan uzoqlashib ketdingiz?

Бек Тошмуҳамедов: Гап шундаки, Шўролар Иттифоқи қулаши олдидан 1990-йилларда демократик ҳаракатларни ташкил қилиш имкони, шароити туғилган давр бўлди. Ўшанда мен ҳам демократик ҳаракатни шакллантиришда иштирок этдим. Мен "Бирлик" ҳаракатини ташкил қилишда қатнашдим. Бу унча кўп вақт давом этгани йўқ. Биласизми, бизда вазият анча мураккаб. Бизнинг расмий ҳукуматимиз жамиятни демократлаштиришни хоҳлашини доим айтиб келади. Мен ўйлайманки, иқтисодий аҳволни бироз ўнглаганимздан кейин албатта, ҳаётимизни демократлаштиришни талаб қиламиз.

Shahnoza, USA: Assalomu alaykum! sizning Irmoq jurnalidagi Transgen ozuqalar haqidagi maqolangizni oqib nihoyatda ajablandim. Rossiya fanlar akademiyasi vakillari Dr.Irina Yermakova, akademik Vladimir Kutnetsov, akademik Alaksey Yablokov "bioterrorizm deb atashgan" transgen ozuqalarni yoqlagansiz. Britaniyalik 6 yil birgina GM kartoshka ustida ish olib borgan pro-GM olim Arpad Puzstaini ham savodsiz demoqchimisiz, Harvard University dagi shu sohada ish olib borayotgan olimlar ham savodsizmi sizningcha?! Aslida transgen ozuqlar insoniyatga va tabiyatga katta havf solmoqda-ku. Siz nimaga asoslanib bunaqa maqola yozdingiz? Ertaga ozbek halqi ham amerikaliklarga ohshab shifosiz dardlarga chalinishi uchunmi?

Бек Тошмуҳамедов: Демак, Шаҳноза трансген организмлар тўғрисидаги матбуотдаги мақолаларни диққат билан кузатиб борар экан. Келинг, масалага бошқа бир томондан ёндашайлик. Ўтган асрнинг 50-йилларидан пестицидларни фаол қўллай бошлашди, яъни, қишлоқ хўжалигига кимёвий воситаларни татбиқ қила бошладилар. Бунга қарши дунё миқёсида қандай қаршилик қилинганини сиз тасавввур ҳам қилолмайсиз. “Пестицидлар, гербицидлар, фунгицидлар! Буларнинг ҳаммаси бутун тирик жонзодни, инсониятни ўлдиради”, деб роса қарши чиқишди. Минерал ўғитларга нисбатан ҳам шундай муносабат бўлган эди. Буларнинг ҳаммасидан воз кечиш керак, деган чақириқлар бўлди.

Қишлоқ хўжалигидаги “яшил инқилоб” айнан деҳқончиликнинг кимёлаштирилиши эвазига амалга ошди.

Ҳамма гап ана шу кимёвий воситаларни қандай қўллашда. Агар улар фақат керакли миқдорда ишлатилса, уларнинг фойдаланилиши устидан яхши назорат йўлга қўйилса, ҳеч қандай салбий оқибат бўлиши мумкин эмас. Чунки ўсимликлар табиатан органик ўғитлардан озуқа ололмайди, ўсимликлар ўзларига озуқани фақат минерал ўғит шаклидан оладилар. Агар минерал ўғитлардан етарли даражада фойдаланилса, улар ҳеч ҳам хавфли бўлмайди. Худди шу гапни трансформация қилинган, генетик ўзгартирилган ўсимликлар тўғрисида ҳам айтиш мумкин. Мисол учун мен картошка ёки буғдойга заҳарли ўсимликнинг генини ўрнатишим мумкин. Лекин бу соғлом ақлдан бўладими? Бундай қилишдан нима маъни бор? Албатта, мен бу ишни қилмайман.

Шунинг учун биологлар, генетиклар ҳақида бундай ёмон ўйлаш керак эмас. Олимлар генни бир жойдан иккинчи жойга шундай олиб ўтишга ҳаракат қиладиларки, токи бунда ўша ўсимликнинг сифати, озуқавий хусусиятлари йўқолмасин. Мисол учун, шўрга чидамли гуруч, шўрга чидамли буғдой ва шўрга чидамли маккажўхори навлари яратилган. Бунда денгиз ўсимликларининг генидан фойдаланилган. Шунинг учун олдиндан егулик учун ишлатилган бир ўсимликнинг генини бошқа бир егулик ўсимликка жойлаштирилишидан ҳеч қачон зарарли ё заҳарли ўсимлик пайдо бўлмайди. Шу боис, бу масалани ҳал қилишни биологларга қўйиб беринг. Яна шуни ҳам айтиш керакки, бу ерда ўзаро рақобатда бўлган ширкатлар ўртасидаги кураш ҳам кетаяпти, бу ширкатларнинг айримлари матбуотдаги мана шундай чиқишлар билан фаннинг ушбу соҳасини обрўсизлантириш мақсадини кўзлаяптилар. Бир пайтлар генетик ўзгартирилган маҳсулотлар борасида баҳс роса қизиб кетди. Бу ҳам Оврўпо билан Америка ўртасидаги рақобат эди, деб ўйлайман. Мен ҳам ҳайвонот дунёсида, ҳам набототда генетик организмларни татбиқ қилиш тарафдориман. Бу менинг нуқтаи назарим.

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Аҳмед Закаев Аҳмед Закаев
Чечен бўлгинчилари ўтмиши, бугуни ва келажаги ҳақида
 
 
Абдулло Тожибой ўғли Абдулло Тожибой ўғли:
'...яна номзодимни қўяман'
 
 
Фаррух Зокиров Фаррух Зокиров
"Ялла", "Битлз" ва сарой қўшиқчилиги ҳақида
 
 
Содиқ қори Камолиддин Би-би-си меҳмони
Содиқ қори Камолиддин билан суҳбат
 
 
Ахбор Имомхўжаев Ахбор Имомхўжаев:
"Иншооллоҳ, жаҳон чемпионатида қатнашамиз..."
 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy