Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 11 Феврал, 2008 - Published 15:29 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони - ўзбекистонлик таниқли ижодкор, шоир, сиёсатчи Ёдгор Обид
 
Ёдгор Обид ўнга яқин шеърий асарлар муаллифидир
Ёдгор Обид ўнга яқин шеърий асарлар муаллифидир
Таниқли шоир 1940 йилда Тошкент туманининг Кўктерак мавзейида туғилган. Максим Горький номли Москва адабиёт институтида таҳсил олган.

"Оққуш эртаги" номли биринчи тўплами 1973 йилда чоп этилган. 10 га яқин шеърий ва қатор таржима асарлар муаллифи.

Наманган, Ўш-Ўзган фожеаларидан қаттиқ таъсирланган ижодкор уларни минг бир изтироб билан ўз асарларида акс эттирган.

Ёдгор Обид Тожикистоннинг Шоҳидон майдонида кечган намойишларда ҳам Ўзбекистон зиёлий демократлари номидан бориб, нутқ сўзлаган.

Ижодкор 1991 йилдаги талабаларнинг оммавий норозилик намойишлари пайтида ҳам беҳуда қон тўкилишининг олдини олиш йўлида заҳмат чеккан инсонлардан биридир.

Ёдгор Обид Қорабоғ фожеаси даврида озарбайжонликларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тузилган Қорабоғ қўмитасига ҳам раислик қилган.

Шоирнинг айтишича, шеърлари, айниқса, Наманган фожеалари сабаб, фикр эркинлиги учун халқлар орасида можаро уйғотишга интилган, деган маънода айбланиб, 12 марта қисқа муддатли қамоқ жазоларини ўташга мажбур бўлган.

1992 йилда эса, ижодкор Ўзбекистонни тарк этган илк ўзбек сиёсий муҳожирларидан бўлган ва ўшандан буён муҳожиротда истиқомат қилади.

Сўнгги йилларда шоир муҳожиротда яшаётган Австрияда бешта шеърий тўплами ўзбек ва олмон тилларида чоп этилган. Бундан ташқари, австриялик бастакор томонидан ўнга яқин шеърига куй басталанган ва улар CD га ёзилиб, истеъмолга ҳам чиқарилмоқда.

Ижодкор Сўз эркинлиги йўлида олиб бораётган фаолияти учун Helsinki Watch мукофоти билан ҳам тақдирланган.



Таниқли шоир Ёдгор Обиднинг муштарийларимиз саволларига жавоблари:

Би-би-си: Ёдгор ака, ўз мактубига Ётдибой Турдиев деб имзо чеккан муштариймиз, "Ёдгор ака, Кумуш Раззоқова "Водиллик келин" фильмида ижро этган "Унутма мени" қўшиғини сиз ёзганмисиз? Уни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова ижро этаётганига қандай қарайсиз?"-деб савол йуллаганлар, марҳамат Ёдгор ака:

Ёдгор Обид: Мен бу шеърни махсус бир шеър сифатида ёзмаган эдим. Режиссёр Али Ҳамроев “Водиллик келин” фильми устида ишлаётганида менга илтимос қилиб, “Бир-иккита қўшиқ қилинадиган жойлари бор, русчасини Илья Резник деган москвалик шоир ёзган, лекин ўзбекча вариантларини сиз қилиб берсангиз,” деди. Кейин мен Илья Резникнинг мантларини кўриб, улар ўзбекчага унча ёпишмаслиги ва ўзим мустақил қўшиқ қилиб беришимни айтувдим, у рози бўлди. Шундан сўнг 7 та қўшиқ “Водиллик келин” фильмига кирди. Умуман, муаллифи эслатилмаса ҳам, ҳар қалай машҳур қўшиқлардан бирига айланиб кетди. Энди, буни Гулнора Каримова ижро эта бошлагани ҳақида мен биринчи марта “Новое русское слово” газетасидаги хабардан билиб қолдим. Энди, қўшиқ, шеър деган нарса шунақа...Ёзилгандан ва халқ орасида тарқалгандан кейин ким айтса айтаверади, у умумкўпчиликнинг мулкига айланиб қолади ва муаллифдан ажралиб чиқади. Гулнора Каримова айтаётганига мен қандай қарайман, деган масала мени ҳеч қачон ўйлантирмаган ва мен у билан баҳслашиб ёки кўпчилик таклиф қилганидек, ҳаққимни талаб қилиш мақсадим йўқ. Айтса айтаверсин, Ўзбекистонда менинг шеърларимни ҳозир кўплар ашула қилиб айтиб юришибди...

Би-би-си: Навбатдаги саволни Ҳолландиядан Низом сўраяптилар: "Ассалому алайкум Ёдгор ака! Мен сизнинг шеърларингизни севиб ўқийман. Мен ва мен каби мухлисларингиз сизнинг шеърларингизни кўпроқ қайси веб саҳифадан топиб ўқишлари мумкин? Ёки ўзингизнинг веб саҳифангиз борми?"-деб, марҳамат Ёдгор ака:

Ёдгор Обид: Раҳмат, жуда яхши савол. Мен бироз ҳаётдан орқада қолган одам сифатида шу пайтгача компьютердан фойдалана олмасдим. Яқинда дўстларимиз “Бирдамлик” ҳаракатининг веб саҳифасида менга алоҳида саҳифа очишибди, менинг ҳамма шеърларимни йиғиб ва бошқа маълумотларни ҳам ўша ерда чоп этиб боришмоқчи. Манзили: http://www.yodgor.ucoz.ru/. Оврўпода ҳам бир гуруҳ дўстларимиз йиғилиб, менинг номимга бир веб саҳифа очишибди. Фақат номини “Туркистон қўяйлик,” дедим, рози бўлишди, яқинда очилади. Ва у ерда ҳам менинг шеърларим ва бошқа чиқишларим билан танишиш мумкин бўлади. Бундан ташқари, “Янги дунё”, “Замондош” ва бошқа веб саҳифаларда ҳам шеърларимни чоп этишяпти. Мен бундан хурсандман.

Би-би-си: Ёдгор ака, Низомжон сиз каби шоирларнинг ижодидан баҳраманд бўлиш биз каби ёшлар учун жуда муҳим деб, жавобингиз учун сизга аввалдан ўз раҳматларини айтиб қолибдилар. Бизга Қозоғистондан мактуб йўллаган муштариймиз Тоҳир Саидов эса, “Бу улуғ инсон билан мулоқотда бўлиш менга насиб этган. Уларнинг кўзларидан нур ёғилиб туради. Адашмасам, 90-йилларда Ёзувчилар уйи биносида Советлар сиёсатига қарши очлик эълон қилиб, мардона туриб берган инсонлардан. Агар мумкин бўлса, сизга битта саволим бор эди деб, сизнинг "ЭРК" демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳга муносабатингизни сўраганлар:

Ёдгор Обид: Раҳмат, яхши савол экан. Шоир Муҳаммад Солиҳга менинг жуда катта ҳурматим бор. Мен ўзим унинг шеърларини севиб ўқийман. Китоб жавонимнинг юқори токчасида доим унинг шеърлар тўплами туради. Топағон, ўзига хос, номи ўчмас шоирлардан бири ва шундай бўлиб қолади, менинг бунга ишончим комил. Сиёсатчи сифатида оладиган бўлсак, сиёсий масала, энди, нозикроқ масала. Беайб парвардигор. Ҳамманинг сиёсий майдонда ўзига яраша ютуқлари ҳам, хатолари ҳам бор. Муҳими шундаки, Муҳаммад Солиҳ нимаики қилган бўлса, хато қилган бўлса ҳам, тўғри қилган бўлса ҳам, ҳаммасини яхши ният билан қилди деб биламан.

Би-би-си: Тоҳир ака ўз мактубларининг сўнггида, "Мана бу тўртлигингиз менинг дилимдан ҳам, тилимдан ҳам ҳеч кетмайди:

Кетаман, кетаман, кетаман
Бу ўгай дунёда нетаман,
Кетаман бутунлай бош олиб,
Бош олиб, кўзимга ёш олиб...

дея сизга ўз ҳурматларини изҳор этиб қолганлар.

Агар малол келамаса, Ёдгор ака, шу шеърнинг тарихига ҳам тўхталиб ўтсак. Мана, бир неча йилдан буён муҳожиротда яшашингизга тўғри келмоқда. "Кетаман, кетаман, кетаман," деган мисраларингиз билан ўшанда айнан нимани назарда тутгандингиз?

Ёдгор Обид: Мен ота-онамдан вақтли ёлғиз қолганим сабабли, муҳит мен учун жуда оғир кечган ва бу юртдан чиқиб кетаман, деган гап эмас. Муҳитдан чиқиб кетиш масаласи....Шу аҳволдан қутилиб, чиқиб кетиш масаласи,...шу руҳимда доим бўлган, ўша атрофимизни ўраб турган дунёдан чиқиб кетиш масаласи...Шу шеъримдан бир-икки бандини ўқиб берсам:

Кетаман, кетаман, кетаман,
Бу ўгай дунёда нетаман,
Кетаман, бутунлай бош олиб,
Бош олиб, кўзимга ёш олиб.

* * *

Мен энди аламман, ғазабман,
Кетаман, қўйнимга тош солиб.
Нафратдан ўкириб ўкрагим,
Ўт эмиб, ўт сочсин кўкрагим,
Тош ютиб, тош қотсин юрагим,
Кетаман, руҳимда қасд олиб,...

деган маънодаги шеър эди. Раҳмат, шу шеърни эслатганлари ва умуман, ижодимга эътибор берганлари учун.

Би-би-си: Ёдгор ака, адашмасам, "Қирғизмисан, ўзбекмисан ё қозоқ, йиғла, ота маконингга мотам тут", деган мисраларингиз Ўш-Ўзганд фожеаси ортидан битилган. Қирғизистонлик муштариймиз Одилжон Махдумийнинг сизга йўллаган саволлари ҳам худди ана шу ҳодисалар билан боғлиқ. “Муҳтарам Ёдгор Обид жаноблари, саломатмисиз? 1990 йил Ўзганд ва Ўшда содир бўлган қирғиз-ўзбек халқлари орасидаги мудҳиш қонли низога собиқ СССР Давлат хавфсизлик қўмитасининг (КГБ) махсус ишлаб чиққан навбатдаги сценарийси эканлиги сабаб қилиб кўрсатилади. Бу сабаб қанчалар тўғри? Ёки бизда 18 йил аввал содир бўлган низонинг асл сабаби нима?”-деб сўраганлар муштариймиз, мархамат Ёдгор ака:

Ёдгор Обид: Жуда яхши, чуқур савол экан. Биласизми, бу фақат Ўш-Ўзганд воқеаларинигина эмас, умуман тарихимизга назар солишга ва анча кўп фикрлашга мажбур қиладиган савол. Ва бу ҳақда китоблар ёзса арзийдиган савол. Мен қисқа қилиб, жавоб беришга ҳаракат қиламан. Икки халқни бир-бирига қарши қилиб, бир-бирига қирдириб қўйиш – ҳар бир империя сиёсатининг асосий қоидаларидан бири. Масалан, КГБ нинг бир ички қоидаси бор, мени сўроқ қилишган пайтда шу қулоғимга илиниб қолган: “Чем проще, тем лучше,” яъни қанчалик содда бўлса, шунча яхши натижа беради, деган. Биз ўзимиз ўзимизни заифлаштиришимиз керак эди, бу эса империя сиёсати учун жуда муҳим нуқталардан биридир.

Би-би-си: Ўзининг мактубига Жим Кэрри деб имзо чеккан муштариймиз эса, "Агар президент бўлсангиз, илк президентлик кунингиздан эътиборан фаолиятингизни нималардан бошлаган бўлардингиз? Ва ўз фаолиятингиз давомида қандай усулларни қўллаган бўлардингиз?”-деб сўраганлар, марҳамат, Ёдгор ака:

Ёдгор Обид: Жуда қизиқ савол. Мен Австрия газеталаридан бирига интервью берганимда, мендан, “Ҳозир имкон бўлса, президент бўлармидингиз?” деб сўрашган. Мен уларга, “Мен шоирман, мен сиёсатчи эмасман, президентликка ҳеч қачон интилган эмасман ва интилмайман ҳам. Ва умуман, мен бирор мансабни эплай олмасам керак,” деб жавоб берганман. Мен яна шуни такрор айтишим мумкин, лекин мабодо шундай қилиш керак бўлиб қолса, президентлик вазифасини, албатта, хизмат қилиш имкони, хизматкор сифатида қабул қилган бўлардим. Ва бунда зудлик билан қилиш керак бўлган ишлар бор, тезлик билан қилиш керак бўлган ишлар бор ва уч-тўрт йил давомида бажариш керак бўлган вазифалар бор. Биринчи бўлиб бегуноҳ қамалганларни, сиёсий ва диний эътиқоди учун қамалганларни зудлик билан озод қилишларини ҳамда уларга моддий ва тиббий ёрдам уюштиришни талаб қилган бўлардим. Атрофдаги қўшни, Умумтуркистонни парча-парча қилиб ташлаган чегараларни очиб ташлашдан бошлаган бўлардим. Ва умуман, мен биринчи кундан бошлаб, халққа мурожаат қилиб, бу тезлик билан ҳаммаёқни тозалаб ташлаш сиёсати эмаслиги, биз аста-секин, систематик йўналиш билан олиб бориш керак бўлган ишларимизни йўлга қўйиб оламиз,”-деган бўлардим.

Би-би-си: Муштариймиз жавобингиз учун аввалдан ўз раҳматларини айтиб қолибдилар. Феруз исмли бошқа бир ўқувчимиз эса, "Ҳозир ҳукумат томонидан дин ва диндорларнинг таҳқирланаётганига қандай қарайсиз?"-деб сўраяптилар:

Ёдгор Обид: Тақиқлаш, таҳқирлаш, камситиш, халқни умумий қашшоқлик ҳолига келтириб қўйиш, одамларни қўрқувда сақлаб туриш бу- диктатура сиёсати, албатта. Мен буни ҳозир жуда хатарли ва хавфли йўллардан бири деган бўлардим. Ҳар қандай дин ҳам эркин бўлиши керак, ҳар ким ўз эътиқоди билан яшаши керак ва ўқиши, илм олиши керак. Айниқса, ёшлар.

Би-би-си: Америкадан Аҳмад Армонли эса, "Ўзбекистонда таълимнинг аҳволини қандай баҳолайсиз? Алифбонинг ўзгартирилиши (яъни кириллчадан лотин алифбосига ўтилиши) тўғри бўлганми?”-деб сўраганлар:

Ёдгор Обид: Раҳмат, бу савол учун. Ўзбекистонда таълим-тарбия масаласи бугунги кунда айниқса жуда аянчли аҳволда деб биламан. Болаларнинг пахта даласига олиб чиқилиши, мажбурий меҳнат қилиши ва ундан ташқари, катталар оилани моддий жиҳатдан таъминлай олмаётганликлари учун фарзандларини ҳам тирикчилик ишларига жалб этишлари авжига чиқиб кетди. Бу албатта, жуда катта фожеага олиб келади ва Ўзбекистон келажаги ҳақида ташвишланишга мажбур қиладиган нарсалар. Дастлаб, Ёзувчилар “союзи”нинг съездида кўтарилган пайт мен лотин алифбосига ўтилишига қарши бўлганман. Ҳарф ўзгартириш масаласи менинг қўлимда бўлганда, лотин ҳарфларидан кўра, кирилл ҳарфларини сақлаган ҳолда, ўзимизнинг эски алифбони, бир ярим минг йиллик тарихимиз, адабиётимиз ва бошқа маданиятимиз акс эттирилган алифбони тиклаган ва мактабларда болаларни шу ҳарфлар асосида тарбиялашни йўлга қўйган бўлардим. Бу бизни ўтмишимиз ва келажагимиз билан боғлашга имкон берган бўларди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур айтганидек, хатти туркий...Бу ҳарфни ўқиган, ўқий олган одам, албатта, араб китобларини ҳам ўқий олади ва айниқса, форс адабиёти билан ҳам яхши таниша олади.

Би-би-си: Ёдгор ака, сўнгги саволимиз эса бизга Саудия Арабистонидан Тилла бола номи остида мактуб йўллаган муштариймиздан. У киши, "Ассалому алайкум, Ёдгор ака, агар Ўзбекистонда Ислом Каримов режими тугаб, бошқа президент келса, Ўзбекистонга қайтасизми? Ва у ерда биринчи қиладиган ишингиз нима бўлади?"-деб сўраяптилар. Марҳамат, Ёдгор ака:

Ёдгор Обид: Айнан режим ўзгарса, албатта, ҳаммамиз ҳам Ватанга қайтамиз. Бизнинг бир гўзал Ватанимиз бор, суюкли Ватанимиз бор, дунёда бемалол кўкрак кериб, мана шу ер менинг Ватаним, дея оладиган Ватанимиз бор. Умуман олганда, мен ўша Туркистон ҳаракати тарафдориман. Албатта, бу келажакда бўладиган ишлар. Ҳозир олдимиздаги асосий вазифа – Ватанимизни диктатура исканжасидан озод қилиб олиш...

Би-би-си: Ёдгор ака, суҳбатимиз сўнггида сизга барча муштарийларимиз номидан ўз миннатдорчилигимни изҳор этиб қоламан. Агар муштарийларимизга бирор бир тилакларингиз бўлса, марҳамат:

Ёдгор Обид: Масалан, Боймирза Ҳайит жаноблари, у кишини Худо раҳмат қилган бўлсин, айтгандек, “Ҳеч кимни умид тарк этмасин!” Умид билан яшаймиз, умид билан курашамиз, ва Худо хоҳласа, ниятимизга етамиз, ҳаммамиз баравар, биргаликда!...

Би-би-си: Катта раҳмат, рукнимиз меҳмони ўзбекистонлик таниқли шоир, ижодкор ва сиёсатчи Ёдгор Обид эди.

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Академик Бек Тошмуҳамедов Би-би-си меҳмони
Бек Тошмуҳамедов саволларга жавоб қайтарди
 
 
Аҳмед Закаев Аҳмед Закаев
Чечен бўлгинчилари ўтмиши, бугуни ва келажаги ҳақида
 
 
Абдулло Тожибой ўғли Абдулло Тожибой ўғли:
'...яна номзодимни қўяман'
 
 
Фаррух Зокиров Фаррух Зокиров
"Ялла", "Битлз" ва сарой қўшиқчилиги ҳақида
 
 
Содиқ қори Камолиддин Би-би-си меҳмони
Содиқ қори Камолиддин билан суҳбат
 
 
Ахбор Имомхўжаев Ахбор Имомхўжаев:
"Иншооллоҳ, жаҳон чемпионатида қатнашамиз..."
 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy