Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 18 Феврал, 2008 - Published 15:26 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Муножот Йўлчиева мухлислар саволларига жавоб берди
 
Муножот Йўлчиева
Муножот Йўлчиева ўтган йили тажриба сифатида инглиз тилида блюз ашулалар ҳам айтган
Муножот Йўлчиева - ўзбек мумтоз ашулаларининг етук ижрочиси.

Асрлар давомида сайқалланиб келган "Шашмақом" ва ёки "Қаро кўзим..." ашулалари Муножот-хоним ижросида дунёнинг турли бурчакларига етиб борган.

Бир неча йил бурун Лондондаги машҳур Queen Elizabeth Hall томошагоҳидаги Муножот Йўлчиева концертига борган бир ўзбекистонлик томошабин биргина ана шу концертни, деб ҳатто Париждан ҳам мухлислар
ташриф буюрганидан ҳайратланганди.

Дарҳақиқат, Муножот Йўлчиевнинг Ғарбдаги концертларида зал ҳеч қачон бўш қолмайди.

Хонанданинг нафақат мукаммал ижрочилик маҳорати, балки унинг саҳнадаги асил ўзбекона кийимларию табиий қирқ кокили ҳам, андижонча сирғасию ироқи дўпписи ҳам, шарқ аёлларига хос ибо ва виқор билан ўзини тутишигача тингловчини ўзига мафтун этиб қўйишини кўп айтишади.

Ғарблик таҳлилчилар Муножот Йўлчиева репертуаридаги форс ва араб мусиқасига яқин, аммо ўзига хос ўзбекона санъатни, асрлар бўйи асраб келинаётган қадимий мақом йўлидаги куйлару суфиёна шеърларни, ҳамон замонавий бастакорлар тарафидан мумтоз санъат йўлида яратилаётган мусиқий асарларни юқори баҳолашади.

Муножот Йўлчиева билан бирга ишлайдиган Шавкат Мирзаев раҳбарлигидаги гуруҳда фақат миллий мусиқий асбоблар чалинади.

Булар - дутор, ғижжак, танбур, доира, най ва қашқар рубоби. Азалдан анаъанавий ўзбек мусиқалари чалиниб келинган айни асбоблар эса ашула куйига ҳам ҳақиқий миллий оҳанг бахш эта олади.

Муножот Йўлчиева ижросидаги ашулалар Оврўпода, хусусан, Франция ва Олмонияда альбом ҳолида чоп этилган.

Ўзбекистон Халқ ҳофизаси Муножот Йўлчиева қуйида вебсаҳифамиз ўқувчилари ҳамда радиотингловчиларимиз саволларига жавоб беради.

Би-би-си: Банкокдан мактуб йўллаган Миродил исмли ўқувчимиз илк устозингиз ва биринчи ижро этган ашулангиз ҳақида билишни истаган.

Муножот Йўлчиева: Ўзбекистон Халқ артисти, марҳум бастакор Муҳаммаджон Мирзаев ҳамда уларнинг фарзандлари, созанда ва бастакор Шавкат Мирзаевни ўзимнинг илк устозларим, деб биламан. Шоир Алишер Навоий таваллуди айёми муносабати билан 1980 йили биринчи бўлиб "Муножот" ва "Ушшоқ"ни ижро этганман.

Би-би-си: Бу тингловчимиз бирон ашулангиздан кўнглингиз тўлмаса, уни ташлаб юборасизми ва ёки қайта-қайта унинг устида устида ишлайсизми, деган маънода ҳам савол сўраган.

Муножот Йўлчиева: Кўнглимиз тўлмаган ашулаларни бир неча маротаба кўриб чиқамиз, баъзида четга суриб қўйиб, бошқа ашулага ўтамиз. Лекин гоҳо ўз кўнглимга ўтирмаган ашула вақти келиб, энг яхши ва чиройли ашулаларим қаторидан ўрин олиб қолади. Айни пайтда, менинг ўзимга жуда ёққан ашула баъзи пайтлари овозимга тўғри келмайди ва ёки талаб доирасида чиқмай қолади. Шунда бу каби ашулаларни четга суриб қўямиз ва ё шогирдларга ўргатишга ҳаракат қиламиз.

Би-би-си: Андижондан Искандар исмли ўқувчимиз эса ашулачи учун адабиётни чуқур ўрганиш қанчалик ва нега муҳимлигини билишни истаган.

Муножот Йўлчиева: Биз ижро этаётган ашулалар, асосан, мумтоз шоирларимиз қаламларига мансуб. Умуман, 14-асрдан бошлаб, ҳозирга қадар классик йўлда битилган асарларни ижро этамиз.Уларнинг ҳар бир мисрасидан жуда катта маъно олиш мумкин. Бу асарларда эса форс ва урду сўзлари кўп. Уларнинг эса маъноларини тушуниб етмоқ зарур. Шу жиҳатдан олганда, форсчани билишингиз ҳам жуда муҳим. Менинг устозим Шавкат Мирзаев адабиётни, шеъриятни яхши биладилар. Баъзида эса мен тушунмаган ашулаларни таҳлил қилиб, тушунтириб берадилар.

Би-би-си: Хитой пойтахти Пекиндан мактуб йўллаганини айтган Файзулло исмли ўқувчимиз эса ҳозирги иқтисодий шароитда ўзбек мумтоз санъати бошидан ўтказаётган синовлар ҳамда ёшларнинг аксар эстрадага ўтиб кетишаётгани хусусида билишни истаган.

Муножот Йўлчиева: Биласизми, ташқаридан қараганда, мақомни биров эшитмаяпти, дегандек тушунча пайдо бўлиши мумкин. Аммо аслида консерваторияга кириб, анъанавий ижрочиликни ўрганишга интилаётган талабалар ва ёшлар кўп. Лекин, дарҳақиқат, тезроқ танилиш учун енгилроқ бўлган эстрада йўналишига ўзини ураётган хонандаларимиз ҳам йўқ эмас. Балки бошни қотирмайдиган, инсонни ўйлантирмайдиган ашулаларни ижро этиш осонроқ туюлса керак. Аммо мақом ижрочилари ҳам бор ва биз ҳам, бошқа устозлар ҳам консерваторияда уларга сабоқлар бераяпмиз.

Би-би-си: Бу тингловчимиз сиз туғилиб ўсган бўлга - Андижон билан ҳозирги ришталарингиз ва келажакда у ерга қайтиш режаларингиз ҳақида ҳам билишни истайди.

Муножот Йўлчиева: Андижонда менинг ота-онам, яқинларим, ака-сингилларим истиқомат қилишади. Имконим бўлганда Андижонга бориб тураман. Аммо келажакда у ерга бориб яшашим қийинроқ бўлса керак. Чунки Тошкентда ижод қилаяпмиз, шу ерда муқим ўрнашиб, ҳаракат қилаяпмиз. Бу ерда ишим бор, масъулиятим бор. Яна ким билади? Буни ҳаёт кўрсатади.

Би-би-си: Россиядан хат ёзган тингловчимиз эса сизнинг ўз шахсий интернет сайтинигиз бор ё йўқлигини билмоқчи.

Муножот Йўлчиева: Ҳалича ўз сайтимни оча олмадим. Аммо, Худо хоҳласа, яқинда шу ниятимни амалга оширмоқчиман.

Би-би-си: Лондондан Шуҳрат Назаров номли ўқувчимиз бир неча савол йўллаган. Хусусан, сизнинг ижрочилик имконларингизни камситмаган ҳолда, ўтган йили балет театрида рэп йўналишида қўшиқ куйлаганингизни эшитганини айтган ва шу рост бўлса, айни тажрибани қандай баҳолашингизни билмоқчи.

Муножот Йўлчиева: Ўтган йили "Дизайн ва Модалар ҳафталиги" ўтган ва ўшанда ташкилотчилар ўзбекистонлик таниқли хонандаларга инглиз тилида қўшиқ куйлашни таклиф этишганди. Мен ҳам бу лойиҳага таклиф этилгандим. Менинг йўналишим бошқача бўлса-да, розилик бердим. Қолаверса, фақат бир ҳафта мобайнида тайёргарлик кўришга мажбур бўлдим ва шунда ҳам орада шамоллаб қолдим. Шу боис ҳам ўз ижроимдан у қадар кўнглим тўлмаганди. Аммо мен учун бу тажриба қизиқ бўлди. Менга блюз йўналишида айтилган "Why didn't you call me?" номли ашулани беришганди. Мен келажакда бу каби ашулаларни ижро қилишимга ишонаман ва ҳаракат қилсам, ижро этсам керак, деган фикрдаман.

Би-би-си: Бу ўқувчимиз яна Севара Назархон, Дилнура Қодиржонова ва Зулайҳо Бойхонова каби ашулачилар ижоди хусусида ҳам сизнинг фикрингизни билиш билан қизиққан.

Муножот Йўлчиева: Севара Назархоннинг ижодига ҳурматим баланд. Севара бизнинг миллий ашулаларимизни эстрадага мослаб ижро этиб келмоқда ва Оврўпода, хусусан, Англияда ўз мухлисларига эга. Дилнурахон эса, хабарингиз борми, йўқми, оламдан ўтдилар. Оллоҳ раҳмат қилсин. Лекин Дилнура Қодиржонова маълум бир вақтда ўз устида жуда қаттиқ ишлади. У лирик хонанда эди. Дилнура бастакор Муҳаммаджон Мирзаев яратган ҳамда Маъмуржон Узоқов ижро этган ашулаларни қайтадан ўрганиб, ўзгача талқин этиб, маҳорат билан ижро этган ва халқнинг назарига тушганди. Дилнура мендан қисқа фурсат таълим олди, аммо доимо ўз интервьюларида "Муножот-опадан кам дарс олсам-да, кўп нарса ўргандим", дея таъкидларди. Халқимиз бу қизимизни унутмайди. Зулайҳо Бойхонова эса мусиқали драма театри актрисаси. У жуда кўплаб образлар яратган ва шу қаторда кўплаб ашулалари билан ҳам халқимиз эътиборига тушган. Зулайҳохон ҳам ўз устида тинмай ишлаётган санъаткорларимиздан ҳисобланади.

Би-би-си: Ўзингиз ҳозир нималар устида ишлаяпсиз?

Муножот Йўлчиева: Бизнинг мақсадимиз мақомлар ижро этиш ва устоз санъаткорлар ижро этган, аммо бугун эсдан чиқиб кетаётган ашулаларга қайтадан жон ато этиб, ўз талқинимизда халқимизга қайтадан тақдим этишдир. Бу йўлда менинг устозим Шавкат Мирзаев катта хизмат қилмоқдалар ва менинг овозимга, ижро имкониятимга мос келадиган ашулаларни топиб, ўргатаяптилар.

Би-би-си: Ҳозир Ўзбекистон ва ёки чет элларда бирон концерт режалаштираяпсизми?

Муножот Йўлчиева: Шу яқин кунларда, март ойида Испания сафарига тайёрланаяпмиз. У ерда катта бир фестиваль бўлиб ўтади ва мен ҳам унда қатнашиш учун таклифнома олдим.

Би-би-си: Оврўподан келган бир мактубда эса чет элларга чиқиб кетган ўзбеклар сизни тўйларига таклиф этишса, келасизми, деб сўралган.

Муножот Йўлчиева: Албатта! Нега бормас эканман? Бизда ўзбеклар ўз тўй-тантаналарига бирон санъаткорни таклиф этишни орзу қилишади. Мен Америка сафарида бўлганимда у ерда доимий яшовчи ўзбеклар тўйларига таклиф этишди ва мен "Ёр-ёр" айтиб, келин-куёвни кутиб олдим. Мен жон, деб шу тўйларда қатнашишни хоҳлардим.

Би-би-си: Оилангиз ва шахсий ҳаётингиз ҳақида ҳам икки оғиз гапириб берасизми?

Муножот Йўлчиева: Турмуш ўртоғим Ҳурматулло Бўриев ҳинд ва урду тиллари бўйича мутахассис. У киши ҳам андижонлик ва иккаламиз тенгдошмиз. Иккита ўғлимиз бор - Музаффарбек ва Шуҳратбек.

Би-би-си: Муножот-опа, катта раҳмат.

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Академик Бек Тошмуҳамедов Би-би-си меҳмони
Бек Тошмуҳамедов саволларга жавоб қайтарди
 
 
Ёдгор Обид Шоир Ёдгор Обид
'Унутма мени' қўшиғи ва президентлик амали ҳақида...
 
 
Фаррух Зокиров Фаррух Зокиров
"Ялла", "Битлз" ва сарой қўшиқчилиги ҳақида
 
 
Юсуф Шодиметов Юсуф Шодиметов:
"Минтақамизда 10-15 йилдан сўнг сув етишмай қолади"
 
 
Камолиддин Раҳимов Би-би-си меҳмони
Камолиддин Раҳимов саволларингизга жавоб берди
 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy