Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 25 Август, 2008 - Published 11:10 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони таниқли актриса Сайрам Исаева
 
Сайрам Исаева
Сайрам Исаева ўзбек адабиёти ва тарихида муҳим ўрин тутган Нодирабегим, Майсара ҳамда Ўзбек-ойим образларини кинода гавдалантирган
Сайрам Исаева - Ўзбекистон ва Тожикистонда машҳур киноактриса.

Санъаткор 1942 йили Душанбеда туғилган, кейинчалик Тошкент театр ва рассомчилик институтида таҳсил олган.

Кинодаги илк ролини ҳам Ўзбекистонда, талабалик даврида ижро этган.

Аммо режиссёр Комил Ёрматовнинг "Нодирабегим" фильмида атоқли ўзбек сўфий шоираси Нодирабегим ролини ижро этиши ортидан Сайрам Исаева ўзбек кино мухлисларига жуда яхши танилади.

Санъаткорнинг бир суҳбатида эслатишича, "Нодирабегим образидан сўнг ўзбек кинорежиссёрлари уни тез-тез бош ролларга таклиф эта бошлашади".

Шу асно актриса ўзбек адабиёти ва тарихида из қолдирган атоқли аёллар образларини ярата бошлаган.

Хусусан, "Майсаранинг иши" фильмида Майсара образини, "Ўтган кунлар" фильмининг янги нусхасида Ўзбек-ойим ролларини ижро этди.

Актриса яна турли образларни яратган ўзбек фильмлари орасида "Оппоқ лайлаклар", "Тақдиринг қўлингда" ва "Ўзгалар бахти"ни тилга олиш мумкин.

"Тожикфильм"да эса "Оила сирлари" ҳамда "Рустам ҳақида афсона" фильмларидаги роллари билан кўпчилик эътиборига тушган.



Сайрам Исаеванинг муштарийлар саволларига жавоблари:

Би-би-си: Сайрам опа, муштарийларимиз сизга дунёнинг турли бурчакларидан мактуб йўллашган. Саволларнинг аксарияти кино ва театр саҳнасидаги ижодий фаолиятингиз билан боғлиқ. Сизга илк саволимиз Ҳиндистондан, Ҳакимжон Каримовдан. Ўқувчимиз энг аввало, "Сайрам опа, кино саноати ривожланиши ва миллий руҳни фильмларга жо қилиб, муваффақиятга эришишда Марказий Осиё мамлакатларининг қай бири етакчилик қилмоқда?" деб сўраяпти. Марҳамат:

Сайрам Исаева: Ҳакимжон, менимча, ҳар бир давлат санъат соҳасидаги имкониятига қараб етакчилик қилмоқда. Мен улардан бирини алоҳида ажратиб кўрсатмаган бўлардим. Марказий Осиё мамлакатлари ҳар бирининг ўз ривожланиш даражаси, президентларининг кўрсатаётган дастаги, кино санъатига бўлган муҳаббатига қараб санъат соҳасининг ушбу муҳим кўриниши ривожланиб бормоқда. Агар Тожикистонни оладиган бўлсак, мустақиллик ортидан биз ҳали тожик киносини яратишни бошлаганимизча йўқ. Шўро даврида даҳо режиссёр Борис Кимёгаров тожик киносини жаҳон даражасига кўтарган бўлса, ҳозир бирорта ҳам мукаммал яратилган бадиий фильм йўқ, деб айтган бўлардим. Ўзбекистон эса, МДҲнинг бошқа давлатлари билан солиштирганда яхши мавқеда. Улар ўз киностудияларида рисоладагидек бадиий фильмлар яратишмоқда, тужжорий кино саноати, телевидениеси ҳам яхши ривожланган. Балки Марказий Осиё давлатлари орасида энг яхши кино, менинг назаримда, ўзбекларники бўлса керак.

Би-би-си: Сайрам опа, Ҳакимжон яна "Марказий Осиё давлатларида яратилган фильмлар жаҳон экранларига чиқмоқдами, бу борада ўзбек киноси қандай ютуқ ёки камчиликларга юз тутмоқда?" деб сўраганлар. Бунга нима дейсиз?:

Сайрам Исаева: Агар умуман олиб айтадиган бўлсак, чиқаётган бўлиши мумкин. Бироқ бу каби фильмларнинг сони шу даражада озки, биз уларни деярли кўрмаймиз, бу ҳақда эшитмаймиз ёки бирор ерда ўқимаймиз. Қанақадир фестивалларда иштирок этаётган бўлиши мумкин. Лекин бу каби фестивалларни машҳурлари деб бўлмайди. Жаҳон экранларига чиқиш учун эса, ҳар бир Марказий Осиё давлати кино санъати ва ушбу соҳада меҳнат қилаётган кадрларга алоҳида эътибор қаратиши, жаҳон меъёрларига мос ҳақиқий кино яратиши лозим.

Би-би-си: Ўзининг талаба эканини айтган бошқа бир муштариймиз эса, "Сайрам опа, сиз мен ҳурмат қилган таниқли санъаткорлардан бирисиз, сиз жуда кўп актрисалар ўйнашни истайдиган ролларда ўйнагансиз, барча ролларингиз ичида сизга энг ёққани қайси бўлган ва нима учун?" деб қизиққанлар, марҳамат:

Сайрам Исаева: Ҳақиқатда ҳам мен бахтли актрисаман, чунки мен “Тожикфильм” да бўлгани каби, “Ўзбекфильм”да ҳам кўплаб тарихий образларни яратганман. “Тожикфильм”да ҳар бир актриса ўйнашни орзу қилган ва тожикларнинг Жанна д’Арки бўлган Гурдофарид ролини ижро этганман. “Ўзбекфильм”да эса, машҳур шоира Нодирабегим, Майсара ва ажойиб Ўзбек-ойимларнинг образларини яратганман. Мана шу образлардан бирортасини энг зўри, деб алоҳида ажратиб, кўрсата олмайман. Уларнинг барчаси бир-бирига буткул қарама-қарши бўлган характерлардир. Аёл сўзидан бошқа уларни бир-бирига боғлаб турувчи бирор бир умумий жиҳатлари йўқ. Шунинг учун ҳам шу тўрт образ менинг кино фаолиятимдаги энг қадрли образлардир.

Би-би-си: Бошқа бир ўқувчимиз эса, "Ҳурматли Сайрам Исаева, сиз Ўзбекистонда жуда кўп забардаст ролларни ижро этгансиз, ўзингиз тожикистонлик актриса бўла туриб, Ўзбекистонда қандай қилиб бу каби катта ютуққа эришгансиз?" деб савол йўллаганлар:

Сайрам Исаева: Мен 4 йил севимли Ўзбекистонда, Тошкент Театр ва рассомчилик институтида таҳсил олганман. Ҳали талабалик пайтимдаёқ мени ўйнаш учун ролларга таклиф этишган. Мен, мени ёқтириб, дастаклаб, мендек тожик актрисасига катта саҳнага чиқиш имконини берган ўзбеклар, ўзбек санъати, ўзбекистонлик режиссёр ва актёрлардан чексиз миннатдорман. Албатта рақобат бўлган. Бироқ санъатда рақобатсиз ҳеч нарса қилиб бўлмайди ва бу дўстона рақобат эди.

Би-би-си: Сайрам опа, мана сиз кинода мумтоз ўзбек шоираси Нодирабегим, сўнгроқ зукко Майсара, яқинда эса, "Ўтган кунлар"да Ўзбек ойим ролларини ижро этдингиз. Улардан бири муҳим тарихий шахс бўлса, бошқаси мумтоз ўзбек аёлининг қиёфасини акс эттиради. Кинода тарихий ва мумтоз ўзбек аёлларининг образларини акс эттирганда ўзингизни қандай ҳис этасиз?

Сайрам Исаева: Мумтоз ёки тарихий бўлишидан қатъи назар, ҳар бир актриса ўйнаётган ҳар бир роли учун ич-ичдан қайғуради. Масалан, ўзим ҳам шу образни ярата оламанми, йўқми деб роса ташвиш чекаман. Ҳатто машқ жараёнида ҳам шундай бўлган. Бироқ либосни кийиб, ўша образнинг қиёфасига киргач, бутунлай ўзгариб, айтаётган сўзларим, қилаётган ҳаракатларим, кечинмаларим, шерикларим ва атрофимдаги шарт-шароитнинг ичига кириб кетаман. Сўзсиз, у ёки бу ҳолатни яратиш қийин кечган саҳналар ҳам бўлган. Масалан, Нодирабегим образини ўйнаганимда бу қаҳрамонимнинг ёши билан боғлиқ эди. Чунки аввалида 25 ёшли Нодирабегим сўнггида 60-65 ёшли зукко аёлга айланади. Мана шу ўтиш ҳолатини акс эттириш қийин бўлган. Бироқ узоқ муддатлик тайёргарлик, қайғуришлар ва қаҳрамонимнинг руҳига кира билиш орқали ана шу образларни яратишга муваффақ бўлганман.

Би-би-си: Сайрам опа, мана собиқ Шўролар Иттифоқи қулаши ортидан бизнинг кино санъатимиз ҳам кўп томонлама ўзгаришларга юз тутди. Йўналиши деймизми ёки сюжети деймизми...Бугунги кинонинг сизга нимаси ёқадию нимаси ёқмайди?

Сайрам Исаева: Менга ёққан томони шундаки, инсонларнинг тақдирлари ҳақида кўпроқ фильмлар яратила бошланди. Бироқ бу каби фильмларда ҳаёт шафқатсиз қилиб кўрсатилгани боис уларни қизиқарли деб бўлмайди. Фильмларни томоша қила туриб, уларнинг қанчалик ибтидоий экани ва бунга ўхшаш ҳолатлар сизга таниш экани, уларга аллақачон гувоҳ бўлганингизга иймон келтирасиз. Шундай экан, бу каби фильмларни фақат номига яратилган фильмлар, деб аташ тўғрироқ бўлади. Нимагадир ҳақиқий ҳаёт сценарийларда акс этмайди. Қизиқарли сценарийлар йўқ. Шундай бўлгач, фильмлар ҳам ўртамиёна бўлади. Шунинг учун ҳам бундай фильмлар, дейлик, МДҲ доирасидан ташқарига чиқа олмайди.

Би-би-си: Англиядан Жасурбек эса, "Сайрам опа, сизни расмингиздан танидим. "Майсаранинг саргузашти"да ўйнагансиз. Нима сабабки, сиз Тошкентда эмас, Хўжандда яшаяпсиз? Яъники, пойтахтда санъаткор учун имкониятлар катта эмасми?” деб сўраган:

Сайрам Исаева:Нима учун Тошкентда яшамаслигим саволига келсак, мени Тожикистон Маданият вазирлиги таҳсил олишга юборган. Ўқишни тугатгач, биз опам Майрам Исаева билан Лоҳутий номидаги академик театрда ишлашимиз керак эди. Ўша пайтда мавжуд бўлган тартиб-қоидаларга кўра эса, Маданият вазирлиги таҳсилини битирган талабаларни ўзи лозим деб кўрган театрга ишлаш учун юборарди. Шундай қилиб, бизни Хўжанддаги А.С. Пушкин номидаги мусиқали драма ва комедия театрига ишга жўнатишди. Икки йил ишлаб бергандан сўнг биз турмуш ўртоғим билан Лоҳутий театрига ишга ўтишимиз керак эди, лекин қўйиб юборишмади. Сўнгра отам ҳам, “Агар сизларга театр, жамоа, шаҳар ёқса, маслаҳатим –дарахт фақат бир жойда яхши ўсади, олтин лойда ҳам ярақлайди, вилоят театрида ишлаяпман деб ўйламанглар! “ деб айтдилар. Нодирабегим образини яратаётган пайтимда зукко режиссёр Комил Ёрматов ҳам худди шундай маслаҳат бергандилар. Шундай қилиб мен, жуда қобилиятли актриса Хўжанд шаҳрида ишлаш учун қолдим. Бироқ Тошкентда ишлаш учун кўплаб таклифлар ҳам бўлганди.

Би-би-си: Муштариймиз яна, “Марказий осиёлик санъат усталари орасида ҳамкорлик негадир узилиб кетаяпти. Буни қандай мустаҳкамлаш керак? Балки сиёсатчилар ҳаракат қилишлари керакдир?..” деб сўраган. Бунга нима дейсиз?

Сайрам Исаева: Бу энг ажойиб, бироқ шу билан бирга жавоб бериш қийин бўлган саволдир. Биласизми, мен чегаралар, тўсиқлар, виза, чегаранинг нариги тарафида туриб, сизни қарши олиши учун қандайдир вакилни кутиб туриш деган нарсалар нималигини билмасдим. Буларнинг барчаси эса, бизга ўхшаган ижод одамларида фожеавий акс этмоқда. Фестиваллар бўларди, ўзаро гастролларга, меҳмонларга борардик. Тез-тез учрашиб турардик. Ҳозир эса, деярли учрашмаймиз. Тошкентни, дўстларимни қанчалик соғинганимни билсангиз эди...Алоқаларимиз узилиб бораяпти. Буларнинг барчаси қачон ниҳоя топишини билмайман. Санъат ва спорт учун бирор бир чегара бўлмаслиги керак. Бу борада қандайдир чоралар кўрилаётгандек. Бироқ уларнинг самараси кўринмайди. Бирор бир спектакль билан Ўзбекистонга бориш, уларни ҳам Тожикистонга таклиф қилиш, бизни ажратиб турган занжирларни пароканда қилиш, ҳеч бўлмаганда санъат учун чегараларни бузиб ташлашни қанчалар исташимни билсангиз эди...

Би-би-си: Англиядан бошқа бир мухлисингиз эса, “Сиз мана тожикистонликсиз, Ўзбекистонни ҳам ўз Ватанингиз деб ҳис этасизми? Чунки Ўзбек киносида кўп ролларни ўйнагансиз. Агар сизда шундай имкон бўлса, ўзбек ва тожик президентларидан нималарни сўраган бўлардингиз?” деб қизиққан:

Сайрам Исаева: Албатта, Ўзбекистонни Ватаним деб ҳисоблайман. Чунки у ерда тўрт йил таҳсил олдим. Қанчадан-қанча ўртоқларим бор. Мен ўқиган институтнинг ўзини бемалол дўстлик институти деб атаса бўларди. У ерда қозоқ, қирғиз, туркман, уйғур, тожик,..талабалари сабоқ олишарди. Мен тўрт йил ўзбек нонини едим, ҳали ҳам хат ёзишиб турган қанча устозларим бор. Институтни тугатганимизнинг 5, 10 йилликларини бирга нишонлаганмиз. Табиийки, Ўзбекистон ҳам менинг Ватаним, Тошкент ҳам севимли шаҳримдир. Мен Ўзбекистон ва Тожикистон президентларидан музокаралар столига ўтириб, ҳеч бўлмаганда санъат ва спорт учун йўлларни очиб қўйишларини сўрардим.

Би-би-си: Сайрам опа, энг сўнггида ўзингиз энг ёқтирган режиссёр, фильм ва образга ҳам тўхталиб ўтсангиз...

Сайрам Исаева: Ушбу саволга жавоб беришдан аввал шу нарсани айтиб ўтмоқчиманки, Ўзбекистонда бўлмаганимга ҳам 7 йил бўлди. Сўнгги бор “Зумрад ва Қиммат” фильмида суратга тушганман. Шу билан ўзбек киносидаги тақдирим якун топган. Чунки Тожикистондан ортиқ актёрларни таклиф этмай қўйишди. Агар “Тожикфильм” ўзбек актёр ва актрисаларини таклиф этса, бундан “Тожикфильм” ҳам, тожик киноси ҳам, режиссёрлар ва ҳамкорликда иш олиб борган актёрлар ҳам фойда кўрган бўлишарди ва аксинча....Бу жуда афсусланарли ҳолат. Мен ёқтирган режиссёрлар жуда ҳам кўп. “Ўзбекфильмда”да яратган ролларим бир-бирига ўхшамагани каби, режиссёрлар ҳам худди шундай. Мен Комил Ёрматов, Элёр Эшмуҳаммедов, Али Ҳамроев, Мелис Абзалов,.. каби кўплаб даҳо режиссёрлар билан бирга ишлаганман. Лекин энг севимли режиссёрим Комил Ёрматовдир. “Тожикфильм”да эса, Борис Кимёгаровдир. Борис Кимёгаровнинг “Рустам ва Сухроб” фильмида Гурдофарид, Комил Ёрматовнинг фильмида эса, Нодирабегим менга энг ёққан образлардир.

Би-би-си: Сайрам опа, мазмунли суҳбатингиз учун сизга жуда ҳам катта раҳмат. Агар муштарийларимизга бирор бир тилакларингиз бўлса, марҳамат, микрофонимиз очиқ:

Сайрам Исаева: Мен ўз вақтини аямай, менга савол йўллаганлари учун барча мухлисларимга ташаккурларимни айтмоқчиман. Улар менга берган саволларга қанчалик кўнгилдагидек жавоб бера олган-олмаганимни билмайман. Лекин мен уларнинг доимо бахтли бўлишлари, ҳамиша тинчлик бўлишини, фақат овозимизни эшитмай, бир-биримиз билан дийдорлашиб юришимизни тилаб қолардим. Тақдир ҳаммамизни ҳар тарафга сочиб юборди. Бироқ бунга қарамай, бир-биримизни доимо ёдда тутишимиз, севишимиз, қадрлашимиз, меҳр-оқибатли бўлишимиз, қаерда бўлишимиздан қатъиназар, бахтли бўлишимизнинг тилакдошиман.

Би-би-си: Катта раҳмат, Сизга ҳам шахсий ва ижодий ҳаётингизда улкан муваффақиятлар ёр бўлсин.

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Muhabbat Shamayeva Муҳаббат Шамаева
"Ўзбекистон - ватаним, соғинаман, албатта..."
 
 
Александр Пикаев Александр Пикаев:
'Cобиқ Иттифоқ парчаланиши ҳали тугади, деб бўлмайди'
 
 
Тошпўлат Йўлдошев Би-би-си меҳмони
Т.Йўлдошев: 'Каримов Ўзбекистонни ҳалокат ёқасига келтирди'
 
 
Мўътабар Тожибоева Мўътабар Тожибоева
'Қийноқларни кўзим билан кўриб, жисмим билан ҳис қилдим'
 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy