Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 23 Сентябр, 2008 - Published 17:28 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони - Гулчеҳра Нуруллаеванинг саволларга жавоблари
 
Гулчеҳра Нуруллаева(Ziyo.uz веб-сайтидан олинган сурат)
Шоира Гулчеҳра Нуруллаеванинг ўн бешга яқин китоби нашр этилган
Би-би-си меҳмони - истеъдодли шоира ва мухолифат фаоли Гулчеҳра Нуруллаева.

Гулчеҳра Нуруллаева 1938 йилда Тошкент вилоятининг Тошкентқишлоқ тумани Чоштепа қишлоғида туғилган.

Ўрта мактабни 1956 йили олтин медал билан битирган.

Унинг илк шеърлари даврий нашрларда 1957 йилда эълон қилинган.

1961 йили Тошкент Давлат университетининг филология факультети журналистика бўлимини имтиёзли дпилома билан якунлаган.

Шоиранинг илк шеърий тўплами - "Қуёш табассуми" 1965 йилда нашр этилган.

1966 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган.

1967-1969 йилларда Москвадаги Олий адабиёт курсида ўқиган.

1988 йилда Гулчеҳра Нуруллаева норасмий "Бирлик" Халқ ҳаракатига аъзо бўлиб кирган.

Шоира СССР даврида олган мукофотларидан воз кечган.

"Ўзбекистоннинг мустамлака, ўзимнинг қул бўлиб яшаганимни узоқ йиллар билмаган эканман. Биз ташқи дунёдан, ўтмишимиздан бутунлай узилгандик, империя мафкураси онгимизга ҳар томонлама сингдирилганди. Шу туфайли ҳамма қатори пионер, комсомол, комфирқа аъзоси бўлганман. Халқимиз Паркентда Комфирқа бошчилигида отилганининг эртасигаёқ партия билетини ташладим. Ёзувчиларнинг 1991 йил октябр ойида бўлган қурултойида менга берилган Ленин комсомоли мукофоти лауреати ва "Ҳурмат белгиси" орденидан воз кечиб, уни қайтариб бердим", деб ёзган Гулчеҳра Нуруллаева ўзининг таржимаи ҳолида.

2005 йилда Андижон воеқалари муносабати билан Гулчеҳра Нуруллаева Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан воз кечди.

"Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб чиққан халқни шўрванинг устидаги кўпикка ўхшатадиган ёзувчилар бўлган сафда бўлишни истамайман, деб ихтиёрий равишда уюшмадан чиқдим", дейди шоира.

Гулчеҳра Нуруллаева "Америка овози" радиосининг Ўзбекистондаги мухбири сифатида фаолият юритган.

Шоиранинг ўзбек, рус, қорақалпоқ тилларидаги ўн бешга яқин шеърий тўпламлари нашр этилган.

Гулчеҳра Нуруллаева икки фарзанднинг онаси.

Истеъдодли шоира ва жамоат арбоби Гулчеҳра Нуруллаева bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Би-би-си: Тошкентдан Жулқунбой шундай саволларни берипти: Веб-саҳифангиз борми? Шеърларингизни интернетдан топиб ўқиса бўладими?

Гулчеҳра Нуруллаева: Ҳурматли Жулқунбой. Афсуски, веб-саҳифам йўқ. Шунга мувофиқ мен шеърларимни интернетга қўя олмаганман. Лекин умид қиламанки, вақти келиб шеърлар ўз ўқувчисини топади. Шундай ният билан яшаяпман.

Би-би-си: Британиядан Санжар шундай ёзипти: Агар бирор маълумотга эга бўлсангиз, Ўзбекистон таълим тизими ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Укам мактабнинг 8-синфида ўқийди. Ва бир куни уйга ўқитувчиси чораклик баҳо қўйиш учун 5000 сўм сўраганини айтиб келди. Мактабдан порахўрлик дарсини бошлаган ёшлардан келажакда собик коммунистлардан яхшироқ тузум қура олади деб умид қилиш мумкинми?

Гулчеҳра Нуруллаева: Ҳурматли Санжарбек, худди сиз каби мен ҳам мактаблардаги порахўрлик, нафақат мактабларда, балки боғчадан бошлаб порахўрлик жуда авжига чиқаётганидан куйинаман ва сиз каби мен ҳам ҳозирги авлодни одамлар учун рисоладагидек бир жамият қуришда ҳиссаларини қўшишларига ишонмайман. Чунки порахўрлик фақат жамиятни емиради, порахўрлик одамларни нопок йўлларга бошлайди, порахўрлик ҳаромхўрликни авж олдиради.

Би-би-си: Кореядан Нодира Асадова сизнинг Андижон воқеалари ҳақидаги фикрнгизни сўрапти.

Гулчеҳра Нуруллаева: Синглим Нодирахон. Андижон фожеалари юзасидан фикримни билмоқчи бўлсангиз, мен ўша фикрларни Андижон фожеалари кунлариёқ ифодалаганман. Ўша кунларда ёзувчиларимиздан бири ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб майдонга чиққан андижонликларни шўрва устидаги ифлос кўпикка, кир кўпикка ўхшатган эди. Мен бундай ёзувчилар бор Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлишдан ор қиламан, деб Ёзувчилар уюшмасининг аъзолигидан воз кечган эдим. Чунки менинг имкониятимда бундан бошқа ўзига хос бир исён қилишнинг йўли йўқ эди. Илгари менга берилган мукофотларни 1991 йилда Ёзувчилар уюшмасининг сўнгги съездида топширгандим, ўйлаб-ўйлаб ўзимнинг норозилигимни билдириш маъносида манна шу исёнчани қилишга мажбур бўлдим. Бу менинг қалб туғёнимнинг ифодаси эди.

Би-би-си: Аҳмад Сағбоний имзоси билан бизга мактуб юборган ўқувчимиз шундай ёзипти: халқни кўпикка ўхшатган кишини меъёридан ортиқ равишда ёмон кўриб юбормаётганмикансиз? Чунки мен у кишини яқиндан билган инсон сифатида шуни айтишим мумкинки, кўпик сифатида халқни сиёсий ўйин иштирокчиларига айлантирган кишиларни назарда тутган бўлишлари эҳтимолдан холи эмас.

 Қалбимнинг бир чеккасида доимо эртанги кун албатта чиройли бўлади, албатта нурли бўлади, албатта ёруғ бўлади, албатта ҳалол бўлади, албатта иймон-эътиқодли бўлади, деган фикр билан яшайман. Мен ўша ёруғ кунларни тезроқ кўришни истайман. Ўша ёруғ кунлар менинг шеърларимга ҳам ёруғлик беришини, ўша сиз айтаётган пессимизмдан оптимизмга ўтишимни ўзим ҳам ниҳоятда истайман
 
Гулчеҳра Нуруллаева

Гулчеҳра Нуруллаева: Ҳурматли Аҳмад Сағбоний. Мен ўша Андижон фожеаларининг иштирокчиларини кир кўпикка ўхшатган одамнинг сўзларини бевосита ўз қулоғим билан эшитдим. Ва бу ерда ҳеч қандай сўз ўйини қилинганлигига менинг ишончим комил эмас ва шу маънода гарчи бир ёзувчига нисбатан ҳурматимни сақлаб қолган бўлсам-да, бир инсонга нисбатан ҳурматимни сақлаб қолган бўлсам-да, ҳуқуқсиз отилган оммани кир кўпикка ўхшатган одамга нисбатан мен ортиқча ҳурмат кўрсатолмасам керак, деб ўйлайман. Шу маънода мен у одам тарафида эмас, балки отилган, хўрланган, таҳқирланган, тўзиган халқ тарафидаман.

Би-би-си: Тошкентдан Маъсум Қора деб хат юборган ўқувчимиз шундай ёзипти: шоирлар илҳом эгалари бўлишади. Улар кўплар кўролмаган қирраларни ёки эътибор қилинмаган қадриятларни эслатишади. Нима учун сизнинг даврдошларингиз бўлган шоир ва ёзувчилар сизнинг курашингизда сизга ҳамдам бўлишмади?

Гулчеҳра Нуруллаева: Муҳтарам Маъсум Қора. Сизнинг саволингиз айни пайтда менинг ҳам қалбимни ўртайди. Ўша саволни мен ҳам ўзимга жуда кўп берганман. Нима учун ёзувчилар халқ виждони бўлиши керагу, уларнинг асосий қисми шу курашларнинг олдинги сафида туришмайди? Улар ёзувчининг вазифаси фақат қалам тебратишдан, ёзишдан иборат деб ўйлашади, деган савол доимо мени ҳам ўртайди ва сиз каби бу саволга ҳали ўзимдан жавоб тополганим йўқ. Эҳтимол, сизнинг бу саволингизни ўша курашлардан четда, халқ дардидан четда турган ёзувчиларга бирма-бир бериш керакдир?! Эҳтимол, уларнинг ўзидан сўраш керакдир?! Эҳтимол, уларнинг жавоби айни тўғри жавоб бўлса керак, деган фикрдаман.

Би-би-си: Ўзининг мактубига Мубина деб имзо чеккан ўқувчимиз сўрапти: нега бунчалик пессимистик фикрлайсиз? Ўзбекистонда ҳеч яхшилик йўқми?

Гулчеҳра Нуруллаева: Мубинахон. Сиз қандай ўйлайсиз билмадиму, лекин менинг қалбим ниҳоятда таъсирчан, ниҳоятда оғриқли. Кечагина бир сатр хаёлимда айлана бошлади – “кўзларимда ғамнинг ҳайкали”. Эҳтимол, Яратган мени шундай яратгандир. Эҳтимол, чин маънодаги куйинган қалб шундай бўлиши керакдир. Мен бунинг сабабини билмайман. Лекин мен ўзимни унчалик пессимист деб ҳам билмайман, гарчи сатрларимда нурларга нисбатан ғамларнинг соялари кўп. Буни мен ўзим жуда яхши биламан. Лекин қалбимнинг бир чеккасида доимо эртанги кун албатта чиройли бўлади, албатта нурли бўлади, албатта ёруғ бўлади, албатта ҳалол бўлади, албатта иймон-эътиқодли бўлади, деган фикр билан яшайман. Мен ўша ёруғ кунларни тезроқ кўришни истайман. Ўша ёруғ кунлар менинг шеърларимга ҳам ёруғлик беришини, ўша сиз айтаётган пессимизмдан оптимизмга ўтишимни ўзим ҳам ниҳоятда истайман.

Би-би-си: Америка Қўшма Штатларидан Баҳодир, менинг бир вақтлар “Бирлик” ҳаракатига ихлосим баланд эди, шахсан Эркин Воҳидовга. Лекин мен нима бўлганига тушунмай қолдим. Шу ҳаракатга сизнинг муносабатингиз, деб сўрапти.

Гулчеҳра Нуруллаева: Баҳодиржон. Худди сиз каби “Бирлик» халқ ҳаракатига менинг ҳам ихлосим ниҳоятда баланд эди. Сабаби, СССР даврида эзилган, ҳуқуқсиз бир миллатни овози сифатида, ҳаракати сифатида майдонга келган эди. Унинг сафларида Эркин Воҳидовга ўхшаган, Баҳодир Жалоловга ўхшаган, Ўзбекистоннинг фахри бўлган зиёлиларнинг бўлиши айниқса қувончли эди. Лекин нима сабабдан Эркин Воҳидовга ўхшаган одамларнинг “Бирлик”дан ўзларини четга олганлари мен учун қоронғи. “Бирлик”нинг кейинги ҳолатига муносабат билдирадиган бўлсам, шундай дейишим мумкинки, “Бирлик” 90-йилларга келиб иккига бўлинди. Ундан “Эрк” партияси ажралиб чиқди. Мана шу «Бирлик”ни парокандага олиб келди. Бу ўша “Бирлик” сафидаги йўл қўйилган жуда катта хато эди. Шундан кейин “Бирлик» ўзини тиклай олмади. Айни пайтда “Эрк» ҳам “бўлинганни бўри ер» маъносида ўзининг халқ орасидаги ҳақиқий мавқеини тополган эмас, деган фикрдаман.

Би-би-си: Тошкентдан Аҳад Эргашев сўраяпти: Гулчеҳра опа. Ўзбек сиёсий мухолифатида кимларни ҳақиқий мухолифат намояндалари деб айта оласиз?

Гулчеҳра Нуруллаева: Ҳурматли Аҳад Эргашев. Мен Елена Урлаевага ўхшаган, Абдураҳим Пўлатовга ўхшаган, Муҳаммад Солиҳга ўхшаган, Баҳодир Чориевга ўхшаган, Дилором Исҳоқовага ўхшаган, Отаназар Ориповга ўхшаган фидокорларни ҳақиқий мухолифат вакиллари деб биламан, уларнинг айримларини жузъий камчиликлариан қатъи назар. Бу ўринда мен Пўлатов Билан Муҳаммад Солиҳ орасида ўша 90-йилларда бошланган, ҳали-ҳануз давом этаётган даҳанаки жангларни назарда тутмаяпман. Бу жанглар ўз халқи азоб чекаётган мухолифат учун ҳеч ярашмайдиган даҳанаки жанглар, деб ҳисоблайман. Нима бўлган тақдирда ҳам, мухолифат аъзолари қаерда бўлишидан қатъи назар, улар битта осмон остига бирлашиб туриб, битта ғоя атрофига бирлашиб туриб, бир-бирларидан ҳар қандай гина-кудратларни йиғиштириб қўйиб, бир-бирларига меҳр-муҳаббат билан муносабатда бўлиб, чин маънодаги мухолифат эканликларини кўрсатишлари керак. Мен мана шуни орзу қиламан.

Би-би-си: АҚШдан Баҳодир Усмон савол берипти: Гулчеҳра опа, овозингизни ҳеч бўлмаганда “Америка овози”дан эшитиб турар эдик. Нега чиқмай қўйдингиз?

Гулчеҳра Нуруллаева: Муҳтарам Баҳодир Усмон. Бир пайтлар овозимни «Америка овози”дан эшитиб турганингизни эслатганингиз учун ката раҳмат. У пайтда мен бевосита «Америка овози” радиосида хизмат қилар эдим. Бу 2004-2005 йилларга тўғри келди. Кейин «Америка овози» радиоси бекилди. Уни Тошкентдаги офиси ҳам бекилди. Ва биз, хусусан мен “Америка овози”да қатнашиш бахтидан маҳрум бўлдим. Кейинчалик “Америка овози» яна тикланди. Лекин энди унда янги кадрлар ишлашаяпти. Янги кадрлар янгича нуқтаи назар билан ишлашаяпти, мен бундан хурсандман.

Би-би-си: Бир неча ўқувчимиз ҳозирги ижодингиз билан қизиқишган, айримлари сўнгги шеърларингиздан ўқиб беришингизни илтимос қилишипти.

Гулчеҳра Нуруллаева: Шу кунларда ҳаёт кузатувларини кичкина-кичкина насрий лавҳаларга солиш билан бандман. Бунга қадар “Йиғларман” деган бир тўпламни тайёрладим. Бу тўплам 1989 йилдан шу кунларгача ёзилган шеърларни ўз ичига олади. Рухсатингиз билан ана шу тўпламдаги «1 апрель” сарлавҳали шеърни эътиборингизга ҳавола қилсам:

Мени кўп алдади саратонда ел
Баҳорларда ногоҳ қуйилгувчи сел.
Ҳаддин билмас бўрон, хўп, девона дил,
Сен ҳам алдармисан 1 апрель?

Умрим не йўлларда қолди, адашди
Кўзим ёш, бахтлисан дея алдашди.
Ишон деб кўксимга нишон қадашди,
Сен ҳам алдармисан 1 апрель?

Ялпиз кунларим йўқ, бари бургандай
Қуёш юртимизни ёнлаб юргандай.
Алдов бизда муқим макон қургандай,
Сен ҳам алдармисан 1 апрель?

Мени чўққиман дея чоҳи алдаса,
Янгининг эскича роҳи алдаса.
Гадоси алдаса, шоҳи алдаса
Сен ҳам алдармисан 1 апрель?

Нигоҳларнинг кўм-кўк дашти йўқолди,
Кўнгилларнинг жўмард шашти йўқолди.
Косасидан сабр тошди, йўқолди
Сен ҳам алдармисан 1 апрель?

Чув туширмоқ сенга мартаба-шараф,
Қўймассан ҳолимга бир бора қараб.
Ҳатто мозоримни майсага ўраб,
Сен ҳам алдармисан 1 апрель?

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Алишер Таксанов Алишер Таксанов:
"Ўзбекистонда хусусий мулк йўқ экан, қолган ислоҳотлар фойдасиз"
 
 
Надежа Атаева Би-би-си меҳмони:
Надежда Атаева қочқинлар, ҳокимият ва отаси ҳақида
 
 
Қаҳҳор Ҳожиматов Би-би-си меҳмони:
"Ҳожиматов йиғмаси" муаллифи гиёҳлар хислати ҳақида
 
 
Сайрам Исаева Сайрам Исаева:
'Санъат учун чегараларни бузиб ташлаган бўлардим...'
 
 
Muhabbat Shamayeva Муҳаббат Шамаева
"Ўзбекистон - ватаним, соғинаман, албатта..."
 
 
Александр Пикаев Александр Пикаев:
'Cобиқ Иттифоқ парчаланиши ҳали тугади, деб бўлмайди'
 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy