Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 29 Сентябр, 2008 - Published 15:53 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони - Хайрулло Ҳамидов
 
Таниқли футбол шарҳловчиси бўлган Хайрулло Ҳамидов сўнгги пайтларда диний-маърифий мавзудаги чиқишлари билан ҳам танилган
BBCUzbek.com ўқувчиларининг саволларига футбол шарҳловчиси ва диний-маърифий дастурлар муаллифи Хайрулло Ҳамидов жавоб беради.

Хайрулло Ҳамидов 1975 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган.

Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факультетида таҳсил олган.

Ижодий фаолиятини "Туркистон" рўзномасида бошлаган, кейинроқ Ўзбекистон телевидениесида спорт шаҳловчиси сифатида фаолият кўрсатган.

"Футбол плюс", "Футбол ичида, футбол атрофида" (ФИФА), "Интерфутбол", "Еврофутбол", "Кучли бешлик" ҳамда "Футбол мундиал" номли муаллифлик ва бошқа кўрсатувлари спорт, хусусан, футбол ишқибозлари орасида шуҳрат қозонган.

Сўнгги пайтларда диний-маърифий мавзудаги чиқишлари билан танилган Хайрулло Ҳамидов Ўзбекистон телевидениесидан кетишига бир маънода "дин ва дунёвийлик" ўртасидаги бўлиниш сабаб бўлганини айтади.

"Мен тушунмаган нозик бир масала борки, шу бугунгача дунёвий оламни диний тушунчалардан айри тушунадиган фикри қотиб қолган инсонлар ҳам бор. Улар футбол шарҳловчиси маърифий масалаларни билишга қодир эмас, деб биладилар ёки маърифий масалаларни таҳлил қила оладиган шахс "қандайдир" спортга аралашмаслиги лозим, деб тушунадилар", - деб ёзади Хайрулло ўзининг шахсий веб саҳифасида.

Би-би-си: Тингловчиларимиз ҳамда веб саҳифамиз ўқувчиларидан келган саволларни икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчиси, сизнинг футбол шарҳловчиси ва журналист сифатидаги фаолиятингиз, иккинчиси эса, диний-маърифий чиқишларингиз ҳақида. Ўзтурк деб исм қўйган тингловчимиз сўрабди - "ўзбек футболида кўп ижобий ўзгаришлар бўлаяпти, сизнинг-ча, бу ўзгаришлар ўн йил аввал бошланиши керак эмасмиди?", деб. Марҳамат.

Хайрулло Ҳамидов: Албатта, ўзгаришлар ҳозирда ўзига яраша салобат ҳосил қилган. Энди "агар" деган сўз билан ўтмишга қайтадиган бўлсак, бу ўзи аслида нотўғри бўлади. Лекин мухлисимиз сўрабдилар. Албатта, яхши бўларди. Чунки легионерларнинг ташриф буюриши, айниқса, юлдузларнинг ташрифи ҳар қандай мамлакатда футболнинг ривожига сабаб бўлади. Хусусан, Туркия чемпионатига кўпгина руминиялик футболчиларнинг ташрифидан сўнг, турк футболида ҳам ўсиш пайдо бўлган ва кейинчалик Туркия миллий жамоаси футболчилари легионерларсиз ҳам кучли ўйинлар кўрсатиш мумкинлигини исботлашган. Охирги жаҳон чемпионати ва Оврўпо биринчилиги сўзимизга мисол бўла олади...

Би-би-си:
Дарвоқеъ, легионерлар ҳақида. АҚШдан Ботир Темиров савол йўллабди: "Бунёдкор" клубининг хорижлик ўйинчиларга бунча кўп пул сарфлаши ҳақида нима деб ўйлайсиз?". Буюк Британиядан Абдуллоҳ Алиев ҳам "юлдузларга сарфланаётган пулни Ўзбекистон терма жамоасига сарфланса, яхшироқ бўлмайдими", деб сўрашган...

Хайрулло Ҳамидов: Менда, "Бунёдкор" клуби раҳбарияти Ўзбекистон терма жамоасига ҳам маблағ ажратаётгани ҳақида маълумотлар бор. Ўзи аслида "Бунёдкор-Пахтакор-Ўзбекистон терма жамоаси" учлиги ташкил этилган. Айнан мана шу учликдан ҳосил бўлган натижалар Япония терма жамоаси билан бўладиган учрашувда акс этиши мумкин. Энди легионерларга сарфланаётган пулни болалар жамоаси ёки бошқа жамоаларга сарфласа бўлмайдими, деган ҳақли савол туғилиши мумкин. Албатта, бўлади. Лекин мева кейинроқ пишади. Анча кейин пишиши мумкин, лекин чиройли пишади. Ҳозирда "Бунёдкор" клуби болалар футболига ҳам алоҳида маблағ ажаратаяпти, стадионлар қурилаяпти, шу маънода қайғу чекмасак бўлади. Барибир, легионерларнинг ташрифи юртимиз футболининг ривожланишига сабаб бўлади. Бу масалада ҳеч қандай ихтилоф йўқ.

Би-би-си:
Америкадан Элчинбек Ҳамроҳ, афтидан, Ўзбекистон Футбол Федерациясининг таркибидан рози эмасга ўхшайди. "Футбол федерациясида футбол ўйнамаган одамлар кўпчиликни ташкил этади, шу соҳани билган одамлар ўтириши керак эмасми?" деб сўрабди.

Хайрулло Ҳамидов: Кимни назарда тутганларини билмадим-у, лекин Ўзбекистон Футбол Федерациясида футболга алоқаси бор одамлар ўтиришибди. Бу томондан қайғурмаса бўлади. Лекин Мираброр Усмоновга келадиган бўлсак, албатта, футболдан чиқамаган одам Федерация раиси бўлиши, эҳтимол, мухлисимизни ажаблантираётган бўлиши мумкин. Аммо ҳозирда "Челси" жамоасини оламизми, "Арсенал"ни оламизми, катта -катта жамоаларни футболдан чиқмаган одамлар бошқаришаяпти, ўша жамоаларга пул ташлашаяпти ва иккинчи-учинчи даражали одамлар ишни юритишаяпти. Бу дунёда қўлланилаётган услуб. Шу маънода бу масалада ҳам, шахсан менда ҳеч қандай қаршилик йўқ. Мен буни чўчиб ёки бошқа бир сабаб билан айтаётганим йўқ. Ўзим шундай қилиниши керак, деб ўйлардим олдиндан ва ҳозир шундай бўлаётганидан розиман. Энди баъзи мутасаддиларнинг қилаётган ишлари бошқа масала...

Би-би-си: Муҳиддин Алимбоев исмли веб саҳифамиз ўқувчиси "Одамлар орасида" рўзномасининг тақдири билан қизиқибди, "рўзномани яна қачон ўқиш имконига эга бўламиз", деб сўраган.

Хайрулло Ҳамидов: Албатта, бу масалада савол бўлиши кутилган эди, турган гап эди. Демак, ойдинлатиб кетадиган бўлсак, биз "Одамлар орасида" рўзномасининг веб саҳифасида ҳам бу ҳақда маълумот берганмиз. Яъни таҳририят ичкарисидаги кўчага олиб чиқмайдиган гаплар ва яна баъзи жиҳатлар "Одамлар орасида" газетасининг фаолияти тўхташига сабаб бўлди. Лекин иккинчи томони ҳам бор. "Одамлар орасида" газетасининг ҳаддан ташқари тез машҳур бўлиб кетганлиги, одамлар орасига ҳаддан ташқари тез кириб кетганлиги ва бу борада, бу шахсий фикрим, ҳеч кимга бу сўзларни юкламоқчи ёки тўнкамоқчи эмасман, баъзи газета, нашрларнинг бизга бўлган ҳасадини ҳам сезиб юргандик, лекин уларнинг бу масалада қўли борми, йўқми, шахсан билмайман, лекин рўзноманинг ёпилишига кўпроқ таҳририят ичидаги воқеалар сабаб бўлди. Буни яна икки марта сўралса ҳам, жавоб бермасликка қарор қилганман, чунки кейинчалик бирлашиб кетилди. Ҳозир орадаги ихтилофлар барҳам топган, лекин газетанинг чиқиш-чиқмаслиги масаласи ҳозиргача ҳал бўлгани йўқ. Ҳозир Икром акаларимиз ҳам бошқа бир журнал устида фаолият бошлашган. Биз эса, "Чемпион" деган газетани бошлаб юбордик. Шу томондан олиб қарайдиган бўлсак, шахсан ўзимда ҳам "Одамлар орасида" рўзномасини қайта очишга қизиқиш қолгани йўқ.

Би-би-си: Яъни бу ерда цензура ва матбуот эркинлигини чеклашга уриниш бўлгани йўқ, демоқчимисиз?

Хайрулло Ҳамидов:Йўқ. Агар уриниш бўлганида, газетанинг биринчи сони билан йигирма олтинчи сони орасида фарқ кўрган бўлар эдик. Фарқ деярли йўқ. Услуб деярли ўзгармаган. Агар сиз айтаётган цензура туфайли ёпилганида, иккинчи сондаёқ ёпиларди. Йигирма олти ҳафта бу газета чиқди, одамлар орасида талаш бўлиб ўқилди. Лекин битта томони борки, миллатимизнинг менталитети, хусусан, ҳамкасбларимизнинг битта иллати, менга шахсан ёқмайди - бир одам чиқса, бир одам гапиришни истаса, бир одам баралла овоз билан гапиришни бошлаган пайтда, ҳамдард бўлиб туриш йўқ. Бошқа миллатларда кўзга ташланади бу нарса. Яъни бошқа нашрлар ҳам худди шу услубда чиқишни бошлашганда, кўпчилик гапирганда... Яъни кўпчилик ўйлайдики, Ўзбекистонда кимдир ушлаб туради, кимдир тўсиб туради, дейилади-ю, лекин одамларнинг ўзидаги ҳолат, ўзидаги ички цензураси ҳаддан ташқари кучлилиги ҳам мана шунақа жойларда панд бериб қўяди. Шахсан ўзим нечта жойда, нечта ҳамкасбимизни кўрганда, "ҳэй, ўйлаб гапиринглар" деган гапни эшитганман. Бошқалардан, катталардан эшитмайман, журналистлардан. Ўша газетада, журналда ишлаётганлар шу гапларни гапиргандан кейин... ўзи туришимиз, нархимиз шу экан, деган фикрга келиб қолдим...

Би-би-си: Саволларнинг аскарияти сиз муаллифи бўлган диний-маърифий дастурлар ҳақида. Қирғизистондан Одилжон Маҳдумий "диний-маърифий дастурларингиз мавзусини қайси уламодан ёрдам олиб, тайёрлайсиз?" деб сўрабдилар.

Хайрулло Ҳамидов: Албатта, диний уламолар ҳақида гап кетадиган бўлса, ҳозирда юртимизда энг кучли уламо, деб эътироф этилаётган, мен учун бу - Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидир. У киши билан жуда кўп маслаҳатлашамиз. Ўзим бораман, фикрларимни айтаман. У одамнинг насиҳатларига қулоқ соламиз. Қайси йўл билан гапириш керак, қанақа масалада кўпроқ гапириш керак, қайси масалада кўпроқ жим туриш керак, ҳозирги кунда мусулмонларга қайси масалани гапирган фойдалироғу, қайси масалани умуман гапирмаган маъқулроқ... Барибир, олим одам, бу масалаларни бизга қараганда жуда ҳам яхши биладилар. Шу томондан кўп насиҳатларини оламан. Иккинчи томондан, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорлигимиз бор. Буни ҳам баъзилар нотўғри тушунишади, бу ерда ҳам цензура борми, деган маънода. Йўқ. Фақат улардан маслаҳат оламиз. Уламо сифатида Шайх маслаҳат берадилар, бу ерда эса, уммат орасида ихтилоф чиқариб юборадиган ёки диний нотўғри маълумот кетиб қолишининг олдини олишади. Чунки эксперт гуруҳида йиллар давомида фаолият олиб борган акаларимиз, укаларимиз ишлашади. Бу томондан розимиз. Баъзи ўринларда тортишувларга дуч келамиз, яъни "мана бу нарса қолиши керак" деган маънода чиройли ҳал этамиз. Ҳозиргача мана шу нарса давом этиб келаяпти. Мана, Рамазон ойида ҳам жуда чиройли суратда дастурлар тайёрланди...

Би-би-си: Уламолар ҳақида гапирдингиз, бир тингловчимиз "сизни диний эшиттиришингиздан кейин қамаб қўйишганда, диний уламоларимиздан бири чиқариб олгани ростми?" деб сўраган экан. Шунга ҳам аниқлик киритиб кетсангиз...

Хайрулло Ҳамидов: Бу мутлақо ёлғон. Агар 100 фоизлик кўрсаткичда гапирадиган бўлсак, 150 фоиз ёлғон. Чунки мантиғи ҳам йўқ-да. Менинг ўзим ҳам кўча-кўйда ҳар хил гапларни эшитиб қоламан. Боя айтдим-ку, мен журналистлардан хафа бўламан ва гоҳида халқдан ҳам хафа бўлиб кетаман. Албатта, халқда миш-миш тарқалиши, ҳаддан ташқари ёлғонлар, баъзи инсонларга нисбатан бўҳтонларнинг тарқалиши, бу - журналистларимизнинг яхши фаолият олиб бормаётганидан далолат қилади. Агар хабарлар тўла, тезлик билан етказилса, ўшанда халқ орасида миш-мишлар ҳам камаяди.

Би-би-си: Бир қатор тингловчиларимиз сизга диний эшиттиришларингиздан кейин ҳукумат ёки махсус хизматлар томонидан тазйиқлар бўлганми, ҳозир ҳам борми, деб сўрашган...

Хайрулло Ҳамидов: Йўқ. Умуман йўқ.

Би-би-си: Лондондан Бунёд "нима учун маърифий эшиттиришларингизда мумтоз адабиётимиз намояндаларининг шеър ва ғазалларидан фойдаланмайсиз ёки сиз ҳам тасаввуфни тан олмайсизми?" деб сўрабди. Шунингдек, Фаластиндан ёзганини айтган Абдуллоҳ ва яна бир қатор тингловчиларимиз ҳам тасаввуф ҳақидаги фикрингиз билан қизиқишган...

Хайрулло Ҳамидов: Яхши. Бу савол Англиядан берилди, дедингиз. Англиядаги мухлисларимиз олдинги дастурларимизни тинглашган. Охирги чиққан дастурларимизни ҳали тинглашмаган бўлса керак. Чунки ҳали сотувга ҳам чиқмади. Шу Рамазонда биз ўзимиз ва бошқа ҳозирги шоирларнинг шеърларини бир четга суриб қўйиб, Сўфи Оллоҳёр ҳазратларининг, Маҳтумқули ва бошқа алломаларнинг шеърларини мутолаа қилдик, шарҳладик. Менга Сўфи Оллоҳёр ҳазратларининг тасаввуф ҳақида берган фикрлари ёқди. Ўзим ўқиб, мамнун бўлдим. Унда ҳақиқий тасаввуф билан ҳозирги кунда тасаввуф номи билан фаолият олиб бораётган оқим ўртасини белгилаб оладиган жиҳат пайдо бўлди. Шу шеър ўқилгандан кейин, жуда кўп мухлисларимиз телефон қилиб, "тасаввуф ҳақидаги маълумотни Худога шукур, олдик" деб Сўфи Оллоҳёрнинг шеърини мисол қилишди. Шеърда айтилишича, "Сўфий" деган ном халқ томонидан берилади, ўзингча қўйиб оласан, деган гап нотўғри, деган мисралар бор. Жуда кўп дўстларимиз тасаввуф номидан иш олиб боришади, ўзларини сўфий деб аташади, ўзларини тариқат намояндлалари қилиб кўрсатишади, лекин "сўфий" деган ном ҳаддан ташқари тақводор, деган маънони билдирган, шу маънода келган. Одам ўзини тақдводор дейиши, "мен муттақийман" дейиши бироз мантиқсизроқ ва кулгилироқ ҳолат. Қайтага, агар у тақводор бўлса, худди Сўфи Оллоҳёр ҳазратларига ўхшаб, "мусулмон ўғли қилмас ишларим бор" деб ўзининг қилган ишларидан нолиши керак. Мана шу одам кўпроқ тақводор бўлади. Кўпроқ Худога ёлворадиган, Худога йиғлайдиган одамни биз тақводор деймиз. Ва унинг қилаётган ишларини, амалларини оддий халқ кўриб, унга "муттақий" ёки "сўфий" деб ном беради. Бир пайтлар шунақа бўлган. Ҳозирги "сўфийман" деган, "эшонман" деган одамларнинг қилаётган ишлари қолипдан чиқиб кетадиган даражада. Шариатдан чиқиб кетадиган даражада қилаётган ишларини кўриб туриб, жуда кўп танишларимиз, Исломни ўрганаётган одамларимиз "тасаввуф нотўғри" деган фикрга келиб қолишаяпти. Биз тасаввуф нотўғри демоқчи эмасмиз, балки "тасаввуфчиман" деган одамларнинг сал у ёқ-бу ёқларига қараб олиб, эпақага келиб олишлари ва "мутасаввуф" деган ном халқ томонидан берилишини айтмоқчи эдик, холос.

Би-би-си: Оврўподан ёзганини айтган Умаржон "сиз дастурларингизда мусиқадан фойдаланасиз, сизнинг-ча, мусиқа жоизми?" деб сўраган.

Хайрулло Ҳамидов: Ҳамма нарсанинг ўзига яраша бир ҳолати, қолипи бўлади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида ҳам ўша замоннинг ҳолатидан, ўза замоннинг шароитидан, халқнинг ҳолатидан келиб чиқилган. Қуръонда Оллоҳ Таоло "Роббингизнинг йўлига даъват қилинг, ҳикмат билан ва чиройли мавъиза билан" деб қўйган. Чиройли мавъиза ҳам ҳикматга бўйсуниши керак. Яъни ҳикмат дегани ҳамма нарсани ўзининг ўрнида гапириш, яъни гапирганда ўша жамоатга қараб туриб, ўша аудиториянинг ҳолатидан келиб чиқиб гапириши ҳикмат дейилади. Мен ўзим журналистика факултетида ўқиганимда, сиз ҳам биласиз, радионинг структураси ўргатилаётганда, тез гапирадиган одамнинг овози тагига музика қўймаса бўлади, лекин жуда ҳам секин, пауза билан гапирадиган одамнинг овози тагида ўша фон сифатида музика кетиши керак, деган умумий қоида бор. Радиода ишлаганимиздан кейин, унинг ўзига яраша қоидаларига бўйсунишимиз керак. Ва музика орқали қайсидир маънода таъсир ўтказиш имконияти ҳам бор. Жуда кўпчилик ўзи сезмаган ҳолда, музикадан таъсирланганлиги, ўша Жорж ҳақидаги ҳикояда, бирданига черковга кирганида, черковнинг музикаси янграб кетиши, инсонни беихтиёр ўша оламга олиб кириб кетади. Шахсан ўзим мусиқадан уламоларимиздан сўраб туриб, фойдаланганлигим учун, жоиз, деб ўйлайман.

Би-би-си: Шохруҳ Хон деб исм қўйган тингловчимиз, "сиз қайси домлада ўқигансиз, диний саводингиз борми, арабча биласизми?", деб сўрабди.

Хайрулло Ҳамидов: Жуда яхши билмайман, рус тилида айтганда "самоучка". Университетда араб ва форс тилларидан дарс олганмиз. Кейин ўзим журналист бўлганлигим учун ҳар хил манбаълардан ўқиб- ўргандим. Олдиндан қизиқиб юрардим. Ўша футбол шарҳловчиси бўлганимда ҳам арабча сўзларни ишлатиб юборишим баъзида менга панд берарди. Кейинчалик, 2002 йили Шайҳ ҳазратлари билан кўришгандан кейин, уларнинг маслаҳатларини олишни бошладим. Бирон-бир мадрасада, диний муассасада ўқимаганман.

Би-би-си: Сизнинг мухлисингиз эканини ёзган Адолат Мансурова "ҳозирги Ўзбекистондаги адолатсиз ва ўта жаҳолатли кўринишга нима сабаб ва уни бартараф этиш учун нима қилиниши керак" деб сўрабдилар. Афтидан, гап диний саводхонлик ҳақида бораяпти шекилли...

Хайрулло Ҳамидов: Албатта, мен ҳам шунақа деб ўйладим. Диний саводхонлик ҳақида бўлаётган бўлса, тўғри бўлади. Совет Иттифоқидан чиққандан кейин диний саводхонлик билан боғлиқ Ўзбекистондаги вазият бошқа жумҳуриятлардаги каби ҳаминқадар эди. Аммо ота-боболаримиз, Соғуний каби уламоларимиз қилган меҳнатлари туфайли озгина бўлса ҳам диний билим сақланиб қолган эди. Шунинг учун бўлса керак, ҳозирги кунда кўпчиликда динга мойиллик, динга қазиқиш бор. Бу яхши. Лекин диний жаҳолатнинг энг асосий сабаби, бугунги кунда Ўзбекистонда катта-катта диний уламоларнинг етишмаслиги, деб ўйлайман. Худога шукур, Шайҳ ҳазратлари диёримизга қайтганларидан сўнг, бу саводсизлик аста-секинлик билан саводхонликка айланаяпти. Хабарингиз борми-йўқми, тақсирнинг ўзлари ўттизга яқин китоб чиқардилар. Ўша китобларни ўқиётган кўпгина мусулмонларда яхши холат кўзга ташланаяпти. Худди футболимиздаги тараққиёт диний саводхонликда ҳам бўлаяпти ва бу ўзи аста-секинлик билан бўладиган иш. Ҳатто саҳобаларнинг давридаки, Пайғамбар алайҳиссалом ўн уч йил иймонга даъват қилган бўлсалар, ҳозирги одамларга ундан ҳам кўпроқ муддат талаб қилинади. Фақат Оллоҳдан сўраймиз ва сабр қиламиз. Бошқа иложимиз ҳам йўқ...

Би-би-си: Дўстназар Худойназаров "Эрк" демократик партияси, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги диний-сиёсий маҳбуслар ва Ўзбекистондаги дин эркинлигининг аҳволи ҳақида сўраган. Бошқа бир қатор тингловчиларимиз ҳам ўзбек мухолифати ва Ўзбекистонда диний эркинлик қанчалар таъминлангани ҳақидаги фикрларингизни сўрашибди. Бу ҳақда нима дея оласиз?

Хайрулло Ҳамидов: Мен бу ҳақда оддий бир журналист сифатида, ҳеч қандай маълумотим йўқлиги учун ҳеч нарса деёлмайман...

Би-би-си: Бир қатор тингловчиларимиз 2005 йил 13 майдаги Андижон воқеалари ҳақидаги фикрингизни сўрашган. Хусусан, Абдурашид исмли тингловчимиз "Андижон қирғинида сизнингча, ким айбдор?" деб сўраяпти.

Хайрулло Ҳамидов: Энди сизларнинг радиода бўлса керак, ёки бошқа бир радиода эшитганманми, ёзувчи Тоҳир Малик ажойиб ривоятни келтирганлар. У ривоятнинг мазмуни ҳозир шарт эмасдир. Ўзимда бир қоида бор. Агар бир инсонда ишончли маълумот бўлмаса, у фақат шубҳага ва ёлғонга асосланган ҳолда ҳукм чиқаради. Шунинг учун бу ерда чўчиш эмас, бир инсонга нисбатан айтадиган гапимдан қўрқиш эмас, ҳақиқатан ҳам ўзим ойнаи жаҳонни кузатганимда ҳам, чет эл матбуотини кузатганимда ҳам, жуда ҳам турфа хиллиликни, бир-бирига қарама-қаршиликни эшитганим учун, кимдир ҳаддан ташқари ён босиб, кимдир ҳаддан ташқари қоралаб гапирганлиги учун, матбуотда ўзим ишлаганим учун, журналистларнинг кўпчилиги, дунёнинг манаман, деган радиолари бўладими, қандайдир тузум, қандайдир йўлга хизмат қилганлиги учун, бу масалада холис фикрни билдирган журналист бор, деб ўйламайман. Бу нарсани кейинчалик ўрганиб, ёки шунақа даражага чиқсакки, бу нарсани бемалол сўраб, ўрганиб, нималар содир бўлганини билганимиздан кейингина ҳукм чиқаришим, фикр билдиришим мумкин. Шахсан ўзим жиддий хулоса чиқаришга етарли маълумотим йўқлиги учун гапира олмайман.

Би-би-си: Ва ниҳоят Тошкентдан савол йўллаганини айтган Комрон Воҳидов "диний дунёқараш, диний илмлар орқали тараққиётга эришиш мумкинми?" деб сўрабди.

Хайрулло Ҳамидов: Бу яхши савол экан. Диний дунёқараш билан дунёвий дунёқараш ўртасида фарқ борлигини кўпчилик ҳис қилади. Бу ҳис қилиш Ислом орқага кетишни бошлагандан кейин бошланган. Ислом қачон орқага кетишни бошлаган, дейилса, уламоларимиз "илмлар иккига бўлинишни бошлагандан" дейишади. Яъни "диний ва дунёвий илмлар" терминини олганидан кейин Ислом инқирозга юз тутишни бошлаган. Аслида Ибн Синолар, Форобийлар, Бухорийлар вояга етган муҳитда илм иккига бўлинмаган. Улар ҳамма ишларини Худо учун қилишган. Яъни географияни ҳам, Қуръонни ҳам Худо учун ўрганишган. Шунинг учун улардан машҳур даҳолар етишиб чиққан. Исломда илмни ўртадан бўлиш йўқ. Илм диний бўладими, дунёвий бўладими, унинг мақсади, нияти қандай эканига қаралади. Агар Худо учун қилинадиган бўлса, ҳайдовчи ҳам ажрга кўмилиб қолиши мумкин, Худо учун ўқимайдиган бўлса, қори ҳам жаҳаннамга ўтин бўлиши мумкин. Шу маънода дунёвий тушунчаларимиз билан диний тушунчаларимизни бирлаштирсак, инсоният камолотга чиқиши мумкин. Очиқроқ айтадиган бўлсак, Ғарбда ҳозир техникада ривожланиш, илгари кетиш бор, аммо руҳониятда қашшоқ ва паришон. Шарқда эса, руҳий маънода ҳаётдан қониқиш бор, аммо тараққиётда орқада қолган. Мана шу иккаласини бирлаштириш керак. Оврўполиклар динни ўрганишлари, шарқликлар эса, ниҳоят, дунёвий билимларни эгаллашлари керак. Оллоҳ Таоло Қуръонда Нуҳ алайҳиссаломга "кема яса" деган. Яъни "кема сотиб ол, уни фалончидан олиб кел" деб буюрмаган. Оллоҳ Таолога қийин эмас эди. Шундоқ кемани тушириб қўйса бўлар эди. Аммо кемани ясаттириб, кейин нажот берганидан уламоларимиз айтишадики, мусулмонлар дунёвий тараққиётда пешқадамликни қўлга олишсагина, уларга нусрат берилади, дейишади. Диний ва дунёвий жиҳатларимизни бирлаштирсак, нажот топишимиз мумкин ва бу инсониятни қутқариб қоладиган ягона омил, деб ўйлайман.

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Гулчеҳра Нуруллаева Г. Нуруллаева:
'Ёзувчилар уюшмасидан чиқиш менинг исёним эди'
 
 
Алишер Таксанов Алишер Таксанов:
"Ўзбекистонда хусусий мулк йўқ экан, қолган ислоҳотлар фойдасиз"
 
 
Надежа Атаева Би-би-си меҳмони:
Надежда Атаева қочқинлар, ҳокимият ва отаси ҳақида
 
 
Қаҳҳор Ҳожиматов Би-би-си меҳмони:
"Ҳожиматов йиғмаси" муаллифи гиёҳлар хислати ҳақида
 
 
ТАШҚИ САЙТЛАР
Би-БИ-Си ташқи саҳифа –сайтлар учун маъсул эмас
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy