Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 15 Октябр, 2008 - Published 17:40 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Муғанний: 'бир шамчалик дарди йўқ юлдузларни кўп кўрдик'
 

 
 
Муғанний
Муғанний: болалигимда эрмак бўлган шеърият кейинчалик ҳаётимнинг, қисматимнинг асосий мазмунига айланди
Орзуларим оғулаб сен кетдинг аста-аста...

Халқ ҳофизи Шерали Жўраев ижросидаги ушбу қўшиқни суймаган ўзбек бўлмаса керак. Қўшиқ Муғанний тахаллуси билан танилган ўшлик шоир Ғанижон Холматов шеърига басталанган. Мен суҳбатимиз аввалида Муғаннийдан ушбу асарнинг яратилиши тарихи ҳақида ҳикоя қилиб беришни илтимос қилдим.

Муғанний: Бу асар шеър сифатида 1983 йилда ёзилган. Шерали Жўраевнинг бир ишлаш системаси борки, ҳар бир шеърни олиб-ла, дарров қўшиқ қилмайди. Унинг руҳи то ўша қўшиққа сингмагунча, қўшиқ унинг руҳини қитиқламагунча, қўшиқ қилмайди. Орадан уч йил ўтгандан кейингина - 1986 йилда мен бу қўшиқни эшитиб қолдим. Мана ҳозиргача Шералига раҳмат айтаман.

Мўмин Бекзод: Ўзи шу сатрлар Сизга қандай келди?

Муғанний: Қўшиқнинг сатрлари кўпинча шоирнинг ўзининг қисматидан ҳам ўтади. "Ҳижрон қўшиқлари" деган 50-60 та қўшиғимизнинг ичидаги энг дурдоналаридан бири шу. Севикли дилбарнинг кетиши, сўнгги марта учрашувдан кейинги кетиши оҳанглари, кетиш азоблари, дамлари бу асарда акс этган. Ўзимнинг қисматимдан ҳам, балки бошқаларнинг қисматидан ҳам таъсирланиб шу қўшиқни ёзганмиз.

Мўмин Бекзод: Ҳижрон мавзуси Сизнинг ижодингизда анча катта, сезиларли ўрин олган. Бу нима билан изоҳланади?

 Не бахтким, ўзбек халқининг буюк ҳофизи бўлган ва бугун ҳам буюк Шерали Ҳофиз Жўраев билан бир вақтда институтга кириб қолдик
 
Муғанний

Муғанний: Қадимдан, биз ўқиган достонларимизда ҳам ошиқ-маъшуқларнинг қисмати мана шундай аянчли тугаган. Шунинг учун ҳам муҳаббат асл муҳаббат бўлиб қоладики, қачонки у ҳижронга, айрилиққа асосланган бўлса. У муҳаббатнинг армони ҳам, унинг шеърий шакли ҳам сизни ҳеч қачон тарк этолмайди. Ўз-ўзидан шу қўшиқларимиз "Ҳижрон қўшиқлари" деган туркумга кириб қолди.

Ғанижон Холматов 1949 йилда ўшлик зиёлилар хонадонида таваллуд топган.

Муғанний: Ўша вақтнинг иккита машҳур отинчасининг бири бўлган Турғун отинча хонадонида таваллуд топган эканман. Дастлабки шеърий оҳанглар ўша холамизнинг ўқиб берган ғазаллари билан руҳимизга сингган экан. У вақтда кичкина боламиз. Менга хурмо, қанд-қурс бериб, "Ўтириб эшит! Эшонимдан ўқиб бераман", деб холам ғазаллар ўқиб берарди. Кейинчалик шеъриятга ҳақиқий ошно бўлаётган вақтларим билсам, у Ҳувайдо Эшон шеърларидан ўқиб берган экан. Ўшанда оддий бир эрмак бўлган шеърият кейинчалик ҳаётимнинг, қисматимнинг асосий мазмунига айланди.

1970 йилда Тошкент Театр ва рассомчилик институтини тамомлаган Ғанижон ака Ўш Ўзбек мусиқали драма театрига ишга келган. Кўп йиллар бош режиссёр сифатида фаолият юритган.

 Юздан ортиқ янги қўшиқларни бир китоб қилиб жамлаб, яқин орада нашрдан чиқаришга тайёргарлик кўраяпмиз
 
Муғанний

Муғанний: Не бахтким, ўзбек халқининг буюк ҳофизи бўлган ва бугун ҳам буюк Шерали Ҳофиз Жўраев билан бир вақтда институтга кириб қолдик. Ва институтда учинчи курсда ўқиб юрган вақтларимизда биринчи қўшиғимни Шералижон элнинг орасига, катта саҳнага олиб чиқди. У "Онани ҳурмат қилинг" қўшиғи эди. Шерали Жўраев ўз концертларини 20 йиллар давомида шу қўшиқ билан бошлаб юрди. Кейинги даврларда Шералижон билан еттита қўшиқ яратдик. Айниқса, "Сен кетдинг аста-аста" қўшиғи Шералининг классикасига айланди.

Муғаннийнинг таниқли ҳофизлар ижро этган юздан ортиқ қўшиғи халққа манзур бўлган. Тўрт юз саксон ғазали китоб шаклида шеърият шайдолари жавонлари ва қалбларидан ўрин олган.

Муғанний: Яна юздан ортиқ янги қўшиқларни бир китоб қилиб жамлаб, яқин орада нашрдан чиқаришга тайёргарлик кўраяпмиз. Ва менинг энг асосий ҳисоботим сўнгги икки йил ичида ёзилган икки юздан ортиқ рубоийлар бўлди. Булар бевосита илоҳий мавзуда, Аллоҳга бағишланган бир ҳисобот бўлди. Балки тез орада бу тўртликлар ҳам мухлисларга етиб қолса ажаб эмас. Бу қанчалик илоҳий мавзу бўлмасин, бир ўйланиб ичини қараб чиқсам, унда ҳам ижтимоий мавзу ўрин олган экан.

Фариштанг жонимни ушатсин,
Сорқушга жисмимни ошатсин.
Мустабид тахтига тупурдим,
Машрабинг доримни бўшатсин.

 Ўз ихтиёрингиз билан бир чеккага қўя олмайсиз лирикани. Балки сиз ўша замона зайлидан, азобларидан лирикага яқинлаша олмай қоласиз
 
Муғанний

Муғанний: Бу тўртликлар бевосита Тангрим, Раббим деган ундалма билан бошланади. Аллоҳга мурожаат ва арзлар тарзида намоён бўлади.

Қиёмат тонгида,
Майсалар бағрида,
Муғанний най чалар.
Кўксидан
Гул бўлиб очилган
Ортидан санчилган найзалар.

Муғанний: Замонамизнинг яхши фарзандлари замона зайли билан қамоқларда азоб чекиб турган ҳолатларини кўраяпмиз. Уларнинг ҳолатларидан зиндон мавзуси ҳам менда пайдо бўлган.

Кун пора, ой пора, йил пора,
Жаранглар тобора, тобора.
Азонлар адашсам кечиргин,
Зиндонлар ер ютган минора.

Мўмин Бекзод: Ғанижон ака, мана Сиз раҳматли Алишер Соипов билан бирга ишлаган эдингиз. Биргалашиб газета чиқарган эдингиз. Ва маълумки, Сиз ёш йигитларни "ёш жўраларим", деб қўяр эдингиз. Мана Алишер раҳматлининг ўтганига ҳам бир йил бўлаяпти. Ўшанда Сиз интервьюларингиздан бирида айтгандингиз: "Энди менинг ижодим ҳайқиради". Мен энди лирикани бир чеккага қўяман, деган мазмунда гапирган эдингиз...

 Жуда кўп инсонларда мустақилликдан кўра ўша собиқ даврларни қўмсаш ҳолатлари ҳам бўлаяпти
 
Муғанний

Муғанний: Ўз ихтиёрингиз билан бир чеккага қўя олмайсиз лирикани. Балки сиз ўша замона зайлидан, азобларидан лирикага яқинлаша олмай қоласиз. У сизнинг руҳингизни тарк этган бўлади. Жиддийлик, оғир бир ҳолатлар пайдо бўлади. Мана бу тўртлик шаҳид журналист Алишер Соипов ўлган вақтларида ёзилиб қолган эди:

Яхшилар ёмонга басма-бас,
Булбулинг зоғларга ҳамнафас.
Биргина шаҳидинг қонидан
Ўш пирим асфалтинг муқаддас.

Мўмин Бекзод: Сизнинг ижодингизда лирика, ижтимоий мавзулар, мана энди сиёсий мавзулар ҳам жаранглайди...

Муғанний: Биз шундай замонга тўғри келдик, шекилли. Аниқ бир сокинлик эмас, балки туғёнли бир нарса. Дунё антар-тўнтар бўлиб ётгандек туюлаяпти ҳозирги вақтларда. Айниқса, қайта қуриш, ундан кейин мустақиллик даврлари бўлди. Жуда кўп инсонларда мустақилликдан кўра ўша собиқ даврларни қўмсаш ҳолатлари ҳам бўлаяпти. Шу даврга мослашиш учун анчагина вақтлар керак экан. Биз энди Қирғизистонда туриб ўзбек шеъриятини яратишда анча қийинчиликларга дучор бўлдик. Бевосита Ўзбекистонга мурожаат қилиш, у ердаги устозлар билан ҳамнафас бўлиш бизга насиб қилмади. Шунинг учун ҳам шеъриятнинг турли жанрларида ўзимизни синаб кўришга ҳаракат қилдик. Менинг ижодимдаги қирралар кўпайиб кетганлиги ҳам шунга сабаб бўлса керак. Янги қўшиқларимдан битта мисол:

Баланд тоғлар йиғласа сойларга айланодур,
Қиз йўлидан ўтган сой мойларга айланодур.
Муҳаббатнинг мойлари насиб этган зотлар кам,
Қалтираган отлар ҳам тойларга айланодур.

Қалдирғочдан фарқи йўқ қундузларни кўп кўрдик,
Ойдин тундан фарқи йўқ кундузларни кўп кўрдик.
Бир шамчалик дарди йўқ юлдузларни кўп кўрдик,
Пастлаб учган юлдузлар ойларга айланодур.

Шам топмаган парвона тариқатдан бегона,
Бош ўпмаган остона муҳаббатдан бегона,
Ит қопмаган девона ҳақиқатдан бегона,
Гул тиланган гадолар бойларга айланодур.

Бу дунёни қаритган хиёнатнинг армони,
Армонларни аритган садоқатнинг сарбони,
Дашту-саҳродан ўтса муҳаббатнинг карвони,
Вайроналар муқаддас жойларга айланодур.

Ўш пиримда зоринг бор, Андижондан ўтиб кел,
Божхонадан қўймаса, мужгонингдан отиб кел,
Кўксингдаги оловлар совимасдан етиб кел,
Муғаннийнинг ёшлари чойларга айланодур.

 Ўз-ўзидан дунёнинг қандай бир ташвишларига боғланиб қолганингизни, уни кўриб туриб кўрмасликка олишнинг иложи йўқ, уни шеъриятга кўчирмасликнинг иложи йўқ бўлиб қолар экан
 
Муғанний

Мўмин Бекзод: Ғанижон ака, раҳмат. Мана бир шеърнинг ўзида муҳаббатни шу қадар чуқур таҳлил қилдингиз. Айни пайтда сиёсатни ҳам таҳлил қилиб ўтиб кетдингиз...

Муғанний: Оддий қўшиқларнинг ўзи ҳам шу дунёнинг дардлари, ўша муҳаббатнинг йўлида тўсиқ турган божхоналар деймизми, руҳиятингизга кириб қолар экан-да. Мана бу тўртликни эшитинг:

Хотинлар йўлсираб эрга айланар,
Эрлари пул сўраб ерга айланар.
Чегара ҳудудлар сеҳрли диёр,
Божхона итлари шерга айланар.

Муғанний: Қаранг, ўз-ўзидан дунёнинг қандай бир ташвишларига боғланиб қолганингизни, уни кўриб туриб кўрмасликка олишнинг иложи йўқ, уни шеъриятга кўчирмасликнинг иложи йўқ бўлиб қолар экан-да.

Киллерим умрида хато қилмаган,
Қўйнида зерикиб зўриққан наган.
Ўқлари мен учун аталган, фақат
Отишга арзирли шеър ёзилмаган

Муғанний: Мана шундай қиёслайман дунёнинг яхшиларга қараб турган тиғларини.

 Мени кўп қиррали бир ижодкор сифатида шакллантирган Аллоҳга шукур қиламан
 
Муғанний

Мўмин Бекзод: Сиз нафақат шоир, нафақат режиссёр, актёр, айни пайтда хонанда ва мусиқачи ҳамсиз. Кўпчиликни танг қолдирган жойи - Сиз вақтингиз зиқлигига қарамасдан, яқин одамларингизни илтимосларини рад қилмасдан тўйларини ўтказиб беришга ҳам бел боғлайсиз мумтоз қўшиқлар билан...

Муғанний: Болалагимдан қўлимга чилдирма олиб, йигирма йиллар давомида доиракашлик қилдик. Институтда шу нарса бизга қўл келди. Шерали Ҳофиз билан бирга туриб, ўша студентлик даврида ёнида-ёнида доира чалиб берган вақтларим менга ҳозиргача фахрли ҳолатлар. Аккордеон чалишни ўргандим, кейинчалик қўлимга тор олиб, кейин эса охирида қўлимга рубоб олиб баҳоли қудрат ёру-дўстларимиз, биродарларимиз тўйларини, саҳарлик-нонушталарида хизмат қилиб бердик. Театрни ўзида оддий актёр бўлиб кўплаб роллар ўйнадик. Эсласа бўладиган дамларимиз анча кўп. Ва кўп қиррали эканлигидан баъзида хурсанд бўламан, баъзида ўксинаман. Гўёки, биратўла буюк бир ҳофиз, ёки буюк бир режиссёр ёки буюк бир шоир, бир томонни ушлаган бир қиррали шахс бўлганимизда балки яна ҳам яхши бўлармиди, деб ўйлаб қоламан-у, лекин шу ҳаётимнинг ўзига Худога шукур қиламанки, мени кўп қиррали бир ижодкор сифатида шакллантирган Аллоҳга шукур қиламан. Баъзида айтган ҳолатларимиз ёқмасдан, баъзи вақтларда масжидларда ҳам эълон қилишиб, анчагина жиддий бир оғир вақтларни бошдан кечирдик. Энди маломат бўлмагунча ҳаловат бўлмас экан. Ҳамма маломатларнинг ҳаловатини ҳам кўриб ётибмиз. Давр ҳар нарсани ўзининг ўрнига қўйиб қўяр экан, Худога шукур, кўпинча ҳақ бўлиб чиқдик.

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Қодир Мирашуров Қодир Мирашуров:
"Хонанда халқ дардини куйлаши керак."
 
 
Далер Назаров Санъат
Далер Назаровнинг чегара билмас оҳанглари...
 
 
Муножот Санъат
Британияни қўшиқ билан забт этган ўзбек санъаткори
 
 
Абдурауф Олимов Абдурауф Олимов:
'Гул бир ён, чаман бир ён'дек қўшиқлар гулдастаси яратилади
 
 
Шерали Жўраев Санъат
Шерали Жўраев: 'Биз тўхтаб қолмадик. Биз ҳали бормиз'
 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy