http://www.bbcuzbek.com

06 Октябр, 2008 - Published 11:36 GMT

Юлдуз Усмонова: 'Мен Ўзбекистондан ҳеч қаерга кетмаганман'

"Менинг исмимни Юлдуз деб аташларига ҳам ... акам сабаб бўлганлар. Янги туғилган чақалоққа қандай исм қўйиш ҳақида бош қотириб ўтиришганда,... акам онамга: «Аяжон, мен кеча осмонда ёруғ Юлдузни кўрдим, Юлдуз қўяйлик сингилчамнинг исмини",- деб айтган, шу-шу, мен Юлдуз бўлиб қолган эканман",-деб ёзади Юлдуз Усмонова ўзининг вебсаҳифасида.

У аввалига педагогика билим юртининг мусиқа бўлимига ўқишга киради. Ўша пайтларда Ипакчилар маданият уйида дуторчи қизлар ансамблини тузади.

Педагогика билим юртини битираётган йили у Гавҳархоним Раҳимова билан учрашади. Устоз санъаткор Юлдуз Усмоновани ўзининг "Марғилон хандаси" дастасига таклиф қилади.

Кейинчалик Юлдузхон Тошкентга чақирилади ва таниқли санъаткор Саодат Қобилова билан таништирилади.

"Гавҳархоним Раҳимова ...ўша пайтда Ўзбек Давлат Консерваториясида ишлаётган моҳир қўшиқчи ва профессор Саодатхоним Қобулова билан таништириб: "Шу қизни ҳофиз қилиб берасиз", деб айтдилар", дейди Юлдуз Усмонова.

Шундай қилиб Юлдуз Усмонова катта санъат даргоҳига кириб келади ва у нафақат Ўзбекистон, балки-да, бутун Марказий Осиё халқларининг таниқли ва севимли санъаткорига айланади. У ўзбекчадан ташқари қатор бошқа тилларда- тожик, қозоқ, турк, татар, уйғур, рус, араб тилларида юзлаб қўшиқлар яратган.

Юлдуз Усмонова бир неча йиллар давомида ҳар йили Тошкентдаги "Халқлар Дўстлиги" саройида концерт берган.

Аммо сўнгги вақтлар Ўзбекистон телевизиони ва байрам тантаналарида санъаткорнинг "кўринмай " қолгани мухлислари орасида турфа миш-мишларни авж олдирган.

Юлдуз Усмонова билан суҳбатнинг биринчи қисмини тинглаш учун мана бу ерга босинг

Суҳбатнинг иккинчи қисмини тинглаш учун мана бу ерга босинг

Би-би-си электрон почтасига Юлдуз Усмонова учун келган саволлар сони жуда кўп, бир маънода мухлислар саволларидан ўзига хос рекорд ҳам ўрнатилди десак бўлади.
Биринчи савол Ўзбекистондан, ўзини Тоҳир Юсупов деб таништирган мухлисдан тушибди, демак, Тоҳир сўраяптилар: "Ҳозир Ўзбекистондамисиз? Агар у ерда бўлмасангиз бунга нима сабаб бўлган?" Оврўподан хат йўллаган Анвар исмли тингловчимиз ҳам, "Юлдуз Усмонова Сиз нимага Ўзбекистонни тарк этдингиз, ё Сизни ҳам сиғдиришмадими?" деганлар. Нью Йоркдан хат ёзган Зафар Комилов, Лондондан хат ёзган яна бир тингловчимиз, "Юлдуз Усмонованинг қўшиқларини севиб тинглаймиз ва у кишининг мухлисимиз. Юлдузхоннинг ҳозир Туркияда истиқомат қилаётганлиги айтилади. Шу борада ойдинлик киритсалар, сабабларини келтирсалар", деб сўрашибди. Марҳамат...

Юлдуз Усмонова: Тўғри, ҳозир бир оёғим у ёқда, бир оёғим бу ерда бўлиб қолган, шунинг учун кўпчилик бутунлай чиқиб кетган деган маънога ҳам бориб қолгандир балки. Ҳақиқатдан ҳам, ўзимдан ҳам сўрашаяпти, нима учун чиқиб кетдингиз деб. Ман чиқиб кетганим йўқ, биринчидан. Одам бир ерда ижод қилмасдан тураверса, кўкармайди, санъаткор тез қариб қолади. Туркияда конкуренция ҳам катта, санъат анақаси қизиқарли, шунинг учун ўша ерларда албом ёпиб, бир кучимни синагани кетдим ва ўхшаяпти энди... Ҳали "Бисмилло" дея бир бошладик, биринчи қадамлар...Лекин, Ўзбекистондаман ҳозир, интернетдан гаплашаётган бўлсам ҳам, Ўзбекистондан ўтириб, гаплашаяпман сиз билан, ўзимнинг ватанимдаман. Лекин ижод учун чиқиб кетиб яшаш керак экан-да у ёққа бу ёққа, эсласаларингиз, бир Европага кетиб яшадим ижод қилиш учун. Инсон бир жойга фақат пул-пул-пул деб яшаса, пулга муккасидан кетиб қолади ва ижод юрмайди.

Вашингтондан Калонбек исми билан хат йўллаган мухлисимиз, "Ассалому алайкум Юлдузхоним, Сизга саволим "Сени осмонимга олиб кетаман" деган ашулангизда бошингиздан ўтган ҳақиқий воқелик акс этганми ёки у оддий бир қўшиқ эдими?" деб сўрабдилар.

Юлдуз Усмонова: Йўқ, албатта, бошимдан ўтган воқелик бўлган у. Чунки ҳақиқатдан, ўша пайтда севган одамим анча ўзимдан ёш эди. Биласиз, доим биринчилардан бўлиб келамиз бунақа проблемаларга бош суқишда, ҳалиги, уйимиздагилар ҳам, одамлар ҳам, вой, эри ўзидан ёш экан дейишганда, нима қилишим керак энди ёш бўлса, нима учун қари одам бўлиши керак, балки тўғри келгандирмиз бир-биримизга деганман. Ва айни мана шу ҳаётимдаги нарсани Муҳаммад Юсуфга телефон қилиб, йиғлаб тушунтирганман, мен шу ҳақда қўшиқ ёзмоқчиман деганман... телефонда гаплашиб ўтириб ёзганмиз шуни... Ман айтиб турганман, бошимдан ўтиб турган, ичимдан ўтиб турган ҳис-туйғуларимни, дардимни, ана шунақа қилиб ёзганмиз бу қўшиқни.

Американинг Балтимор шаҳридан хат йўллаган Зилола Алиева,Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридан савол йўллаган Гулнора бошқа қатор мухлистларингиз, оилангиз ва неча фарзандингиз борлиги ҳақида сўрашибди.

Юлдуз Усмонова: Оилам? Оилам...турмушликман, Мансуржон, у йигитни кўп гапирмайман, куёв болани кўп мақтаб юборсам ҳам...эртага эрсиз қолиб кетмай (кулади). Фарзанд? Шу Нилуфар манда, билмадим, агар мабодо, миш-мишлар билан боғлиқ бўлиб, иккита бўлиб қолганмикан, дейилаётган бўлса, йўқ, битта фарзанд- Нилуфар ва битта невара- Саидаъзамхон ва битта хўжайин- Мансурбек...

Ўзбекистондан Суҳроб исмли мухлисимиз, "баъзи тепадаги "даҳо"лардан ранжиб Ўзбек санъатини ташлаб кетганингиз мардларча эмас,халқни ўйлайдиган на санъаткорларимиз, на сиёсатчи даҳоларимиз қолди бу ўлкада. Айтингчи, сизда сиёсий партия тузиш ва Ўзбекистондаги сиёсатга аралашиш ниятингиз йўқми?" деб сўрабдилар.

Юлдуз Усмонова: Йўқ, йўқ, астағфуриллоҳ, ман нечта интервью бўлса, айтаманки, сиёсатчилардан узоқ юрамиз. Бу сиёсат шунақаки, санъат сиёсатчига ёрдам бўлиши мумкин, аммо санъаткор сиёсатчи бўла олмайди. Ман буни аниқ айта оламан. Чунки санъаткор ёрдам бериши мумкин, санъаткор халқ билан сиёсатчиларнинг ўртасида кўприк бўлиши мумкин, ўша туғилган идеологияни ривожланишига ёрдам бериши мумкин, лекин санъаткор ўзи партия тузиб, етаклаб кетишига ақлим етмайди. Санъаткорга эркинлик, ижод керак. Бугун кайфияти бунақа, эртага кайфияти сал бўлмай қолса...а, бу сиёсат давомли ишлаш керак бўлган нарса, шунинг учун сиёсат манга бегона деб биламан. Ва Ўзбекистондан чиқиб кетдингиз деб савол беришди яна, ман чиқиб кетганим йўқ. "Чиқиб кетди" деб хурсанд бўлганларни хафа қилиб қўймоқчиман, ман Ўзбекистондан чиқиб кетганим йўқ, ман ижод билан юрибман, олам кезиб юрибман. Ўшанинг учун ман ҳали Ўзбекистон учун кўп керак бўламан деган умиддаман ва хизматини... доим концертларда ҳам айтганман, шу икки-уч кун олдин қизим билан гаплашганда ҳам айтдим, қизим биласан, керак бўлса, сандан воз кечаман, санъатимдан воз кечмайман, биласан, дедим. Мани ишимга аралашманглар дедим.

Япониядан хат йўллаган Комрон эса, "Сизга депутат бўлиш қандай имтиёзлар бериши мумкин эди ва ундан тўлиқ фойдалана олдингизми?" деб сўрабдилар.

Юлдуз Усмонова: (кулади) Энди депутатликдан ким қанақа фойдаланади, ман кўп ўзим айтаманки, депутатликдан ҳеч қанақанги фойдалана олмадим. Бу агар ҳалиги "левый" фойдаланишлар бўладиган бўлса...лекин манда унақа фойдаланишлар бўлмади. Ман ўшанинг учун айтдим, сиёсат бир оғир нарса...Ўшандан кейин ўзим ҳам уфф, дедим-да, топширгандан кейин. Бир елкадан тоғ ағдарилгандек бўлди. Қийин нарса ундан фойдаланиш ҳам. Лекин, ман бошқа нарса айтаман. Ман бир нарсани жудаям-жудаям қатъий қилиб айтишим мумкин, нафақат депутатлик, Ўзбекистонда агар кимдир мана бу амалдами, бошқадами, фойдаланиб ишлаяпман деса адашади. Бу ерда нечта фойдаланган бўлса, мана неча марта ҳам тозала-тозала бўляпти тепадан. Давлатдан ҳеч ким фойдалана олмайди. Халқнинг ҳаққини ейиш қийин.

Қаердан эканларини ёзмаган Феруза исмли тингловчимиз эса, "Сиз юртбошимга деб қўшиқ айтгансиз. Кейин Туркманбоши ҳақида айтибсиз. Бу шахслар ҳақида қандай фикрдасиз?" дея савол йўллабдилар.

Юлдуз Усмонова: Биринчидан, "юртбошимга" деб айтган бўлсам, ҳалиям айтаман. Яна керак бўлса, яна "юртбошим" деб айтаман, ўзимизнинг бошимиздаги подшо! Лекин, Туркманбоши ҳақида ҳам айтибсиз дегани нотўғри. Туркманбоши шеър ёзар эканлар, ўша шеърларидан, "Эже" дер экан улар онасини, она ҳақидаги яхши анақаси бор экан, шунга музика қилиб ёзганмиз. Яъни, аниқлик киритаяпман бунга. Ман Туркманбоши ҳақида нимага қўшиқ айтишим керак... у ўзининг мамлакатида подшо. Бизнинг ўзимизнинг мамлакатимизда подшо бор, ҳар қанча қўшиқ айтсам, ўзимизнинг юртбошимиз ҳақида айтаман. Бу шахсларга қанақа қарайман, Подшо "есть", подшо, сизларнинг бошларингиздаги Подшо, ман ҳам сизларга ўхшаган фуқаро, мани ҳам бошимдаги подшо. Битта подшога керак эмаски, у давлатлар, биз ҳам ҳаммамиз курашиб, биргаликда, Ўзбекистон учун ҳар ким ўзини... энди кимдир Туркманистон учун бўлса, Туркманистон учун... Ман Ўзбекистон учун керак бўлса, ҳамиша елкама-елка туриб, шу ватан учун ҳалиям бўлса хизмат қиламан. Керак бўлса, мана шу подшо учун ҳам қачон керак бўлса, елкама-елка туриб, ёнида бўламан.

Россиядан Маҳмуджон ва бошқа қатор мухлисларингиз Сизнинг Гулнора Каримова билан муносабатингиз ҳақида сўрашибди. Демак, Маҳмуджон ёзадилар: "Сизни Гулнора Каримова билан яқин дўст дейишади, ўзи ҳақиқатдан ҳам шунақами?"

Юлдуз Усмонова: Нима, яъни яқин дўст ўзи демак, не демак? Ман, мисол дейлик, кўп, масалан дейлик, мана бу форумлар билан, мана давлат маросимларида илтимос қилиб қолишади, келиб албатта хизматимизни қиламиз. Бизни кўргиси келганда ҳамиша кўришади. Лекин, ман бир нарсани айтишим керак, ҳали айтиб ўтганимдек, ҳамма мамлакатда подшолар, ҳамма мамлакатда "принцесса"лар бор. Мани ҳар қанча дўст десин, дўст демасин, ман "субординация" деган нарсани ушлаганман. Ман ашулам билан дўст бўлсам, қўшиқларимни эшитгиси келса, ашулачи сифатида дўстман. Бошқа сифатда ман дўст бўлолмайман, чунки у одамни барибир...балки ман ўзимнинг ишимда қироличадирман..."Принцесса есть принцесса". У одамни мисол дейлик, ўзининг ҳаёти бор, у одам билан ман ўтириб бир дастурхонда ош-қатиқ бўлишга ҳақлиман деб билолмайман. Чунки, мани дунёқаришим бошқа, у одамнинг дунёқараши бошқа, у одам подшонинг қизи. Лекин, мани эшигим ҳамиша ҳаммага очиқ, маликаларга ҳам, ғуломларга ҳам, кимки мани қўшиқларимдан баҳраманд бўлишни истаса, ҳаммага очиқ.

Навбатдаги савол Ўзбекистондан. Бўстон исмли тингловчимиз, "ҳозирги ўзбек эстрадаси ўта ғарблашишини, аёлларнинг номаъқул ҳолда чиқишлари, ёшларимизнинг бузилишига олиб келади деб ўйламайсизми? Клипларда яримялонғоч бўлиб чиқиш ҳолларига қандай қарайсиз?" деб фикрингизни билишни истабдилар.

Юлдуз Усмонова: Санъаткор сифатида бир нарсалар дейишим мумкин, лекин ҳамма ҳам ўзининг орқасига қараса, ҳаммада ҳам, нима дейди, "шалтоқ" деган жой бор-да! Ўзимиз ҳам шу анақаларни кечиб ўтдик. Тўғри яримялонғоч юрмадик-ку, лекин ёшлик дейди-ю, ёшлик бебошлик, балки ўзини ушлаб олар... Гапираман десангиз камчилик кўп. Гапириб, гапириб, бугунгача биров "раҳмат" дегани йўқ. Шунинг учун, (бу ҳақда) ўзимнинг фикрим бор, ўзимда қолади. Қачонки, санъаткорлар эшитишни хоҳлаганда гапираман. Чунки бизнинг санъаткорларимиз ҳали эшитишга тайёр эмас. Ман ёшларга айтадиган бўлсам, айтадиган гапим кўп. Лекин, улар гапни тўғри қабул қилиб, ҳазм қилолса, айтардим. Лекин, ман биламанки, улар ҳали бу гапларни, бу танқидларни эшитиб, хулоса чиқаришга ҳозир эмаслар.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан хат йўллаган Одилжон Махдумий ёзадилар: "Ассалому алайкум Юлдуз опа, ҳақиқатни тан олиб айтингчи, Сиз бошқа устоз санъаткорлардан фарқли ўлароқ, ўзбек халқига танилган ҳақиқий ёш истеъдодларнинг қўшиқчилик санъатларини тан олмайсиз. Ростдан ҳам бугунги кунда ёш истеъдодлар сизнингча йўқми?"

Юлдуз Усмонова: Нечта одамга, нечта ёш истеъдодга ишониб, дастак берган бўлсам, ҳаммаси юзимни ерга қаратди, узоққа бораётгани йўқ...Ман нима дейишим керак, мани фикримга қулоқ соладиган бўлса, у бошқа гап. Одамлар ўзлари билиб, қулоқ солишяпти-ку, мани фикримни нима қилади. Йўқ, бугунги кунда йўқ, ҳақиқатда. Ман ҳам бир бандаман, мани ҳам бир кўзим кўрса, битта кўзим кўрмаётгандир, лекин қулоғим эшитаётган йўқ. Ҳали горизонтда йўқ ҳеч ким.

Швецариядан хат ёзган Ҳасанбек эса, "Туркияда сизнинг санъатингизни қандай қабул қилишяпти, агар Швецариядан никоҳ тўйи ўтказиб беришга таклиф қилишса, келасизми?", дейдилар. Мухлис исмли Нью Йоркдан хат ёзган тингловчимиз, "Айтингчи, сиз қачон АҚШга келасиз концерт билан. Охирги йиллари келмай қўйдингиз, сабаби нимада?", деб сўрайдилар. Хитойнинг Урумчи шаҳридан Гулфазилат Абулқосим қизи эса, "олдинлари сиз Урумчига келиб, концертлар берар эдингиз, яна шу ерга келиб, концерт бериш ниятингиз борми?" деб сўраганлар.

Юлдуз Усмонова: Энди санъаткорга шунақаки, олдинги интервьюларда ҳам айтганман, чақиряпти экан деб текинга бориб, ашула айтмайди. Пулимизни тўлашса, музикантлар бор, энди ман сўққабошмасманки, музикантларимиз билан хизмат ҳаққимизни беришса, нимага, биз айниқса, жон-жон деб борамиз ва таклиф қилинган жойларга боряпмиз ҳам. Оврўпо тарафларга кўп боряпмиз. Лекин ҳозир Русия кўп қамчини уряпти.

Тингловчиларимиз Туркияда Сизнинг санъатингизни қандай қабул қилишаётгани билан қизиқишган. Нодира исмли тингловчимиз, "Туркияда оддий қўшиқчи бўлиб юргандан кўра, Ўзбекистонда топ юлдуз бўлиб юрганингиз яхши эмас эдими?" деб сўраганлар.

Юлдуз Усмонова: Биринчидан ким айтдики, оддий бўлиб юрибди деб? Ўша ерда ҳам Марказий Осиёнинг Юлдуз Усмоноваси, Марказий Осиёнинг Сезен Аксуси деб беришяпти. Беш ой, олти ой бўлди кетганимизга, у ёқни ҳам ҳали уриб туширамиз. Юлдуз Усмонова бир жойга бордию, уриб туширмадими? Ҳали сабр қилиб турсин. Ўзбекистонни олдик, "дальше" кетиш керак, олға юриш керак. Яъни, инсон "ёғли" жойни топиб олса, ижод бўлмайди, унда ман пенсияга чиқаман.

Бир қатор тингловчиларимиз, "ўзингизни диндор инсон деб биласизми", деб сўрашибди. Айни мазмунда Америкадан Орифжон, Ўзбекистондан Санамжон ҳам хат йўллашган.

Юлдуз Усмонова: Ҳар битта инсоннинг Оллоҳга иймон келтирган жойи бор. Ҳамма ўзича Оллоҳга ишонган, ҳамма ўзини Оллоҳ яратган деб билади. Ман мисол фанат эмасман, ман ниҳоятда Исломга ҳушёр ёндашаман. Нимага? Чунки ман санъаткорман. Ман ўзимни нима эканимдан, қанақалигимдан уялмайман. Шу даражагача ақлим кирди, ахмоқлик пайтларим бўлди, енгил-елпи юрган пайтларим бўлди. Лекин, мана шу пайтгача озми-кўпми ақл кирди. Оллоҳга шукур деймиз, шу кунларгача етиб келдик. Умрага, ҳажга борган бўлсам, диний қўшиқлар айтган бўлсам (яъни аниқлик киритяпман), ман ўзимни фанат деб билмайман. Оллоҳ манга овоз берди, неъмат берди, ҳеч Оллоҳнинг каломини айтдимми ман, Оллоҳга бир ҳамду-сано айтдимми, саловат айтдимми, деб ўзимга-ўзим савол бериб айтдим (у қўшиқларни). Лекин югуриб, ҳижобга кириб олганим йўқ, чунки ҳамманинг ичида иймони... Шунинг учун ман ўзимни диндор деб билмайман, дин учун кўп иш қилмаганман. Лекин, Оллоҳга яқин бўлишга ҳаракатим бор.

Кейинги саволни Канададан Улуғбек Ҳайдаров йўллабдилар: "Мен Сизни яхши танийдиган журналистлардан бириман. Ўзбекистонда Сиздан бир неча марта интервьюлар олганман. "Мардикор аёллар" кўшиғингиз хақиқий революцион қўшиқ! Айтишларича, шу қўшиғингизга хозир давлат телерадиосида ва барча FM тўлқинларидаги радиоканалларда "запрет" беришганмиш. Шу тўғрими? Кейин, шу қўшиғингиз чиққанидан кейин, амалдорларидан бири томонидан яхшгина гап хам эшитган дейишади Сизни? Россиядаги концертларингизда шу қўшиқни айтаяпсизми?"

Юлдуз Усмонова: Бу нарсани ҳеч ким манга тақиқ қилгани йўқ. Мардикор аёлларни деб айтган бўлсам, тепадаги сиёсатчиларга айтиш учун эмас, бизнинг мана бу ердаги эркакларга аёлларимизни кўчага бунчалик ҳам қўйиб юбориш нотўғри деган маънода айтганман. Лекин буни кимдир нотўғри тушуниб, тақиқ қилган бўлса, бундан хабарим йўқ. Лекин, тақиқ қилса, қилмаса, халқ керакли қўшиқларни ўзи топиб эшитиб олар экан. Бунга яна бир бор амин бўляпман. Кейин Россиядаги концертларда буни айтаяпсизми, деб сўраптилар, ман четдаги концертларда иложи борича бундай қўшиқларни айтмасликка ҳаракат қиламан. Сизлар тасаввур қилинглар, инсонлар кетиб, ичида меҳнат қиляпман, деб юрганлар бу қўшиқни эшитганларидан кейин, ман мардикорманми бу ёққа келиб, деган ҳақоратга ҳам тўғри келиб қолишини хоҳламайман. Ўшанинг учун бу қўшиқлар билан нима қиламан мухлисларнинг дилини оғритиб? Бу қўшиқ кассетани сотиб олиб, уйда эшитиб ўтирадиган қўшиқ деб биламан. Ҳар ким ўзи эшитиб хулоса чиқарадиган қўшиқ.

Машҳура исмли тингловчимиз эса, "Юлдуз опа, яқинда youtube порталида сизнинг мурожаатингиз бор экан. Шу мурожаатда сиз ўзбек халқига Сизлар кутаётган бахт тезроқ келишини ва ўзингиз ҳам шу бахтни кутаётганингизни айтгансиз. Бахт бу умумий тушунча, нимани назарда тутгансиз", деб сўрабдилар.

Юлдуз Усмонова: Бу саволга жавоб беришдан олдин шу саволни сал-пал тўғрилаб қўймоқчиман. Мурожаат эмас эди бу, табрик эди. Бир пайтлар табрик бераётганимда мана шундай сўзларни айтиб ўтганим эсимда бор, табрик эди бу. Истак бўлади-ку, табрик, истак. Ўшанда ман ҳақиқатда, шу бахт ҳақида айтиб ўтганман. Бахт кенг тушунча. Сизлар кутаётган бахт, яъни ман кутган бахт ман учун келди. Ман иймонимни топдим. У гаплар ҳамма кутаётган бахтини топсин деган маънода айтилган.

Юлдуз опа, жуда кўп тингловчиларимиз Ўзбекистонга қайтиш ниятингиз борми, дея савол йўллашган. Ўзбекистондан Шаҳноз исмли тингловчимиз келажакда санъат йўлидаги режаларингиз билан ҳам қизиққан.

Юлдуз Усмонова: Энг чиройли савол манимча, шу бўлди. Санъат билан боғлиқ саволлардан. Режалар... Режаларда янги қўшиқлар қиляпмиз. Ҳозир янги албом устида жудаям-жудаям қаттиқ ишлаяпмиз. Ўзбекистондаман, мана иккинчи саволингизга ҳам...(тўхталадиган бўлсам). Ман ҳеч қаерга кетганим йўқ. Ман ўзбек ватандошиман. Ўзбек ватандоши, Иншооллоҳ, бўлиб қоламиз. Ман билмайман қаергача манинг умрим, қаергача манинг кучим, лекин ҳамиша неча ёшимда бўлишимдан қатъий назар ҳамиша, мана шу ерларда, ўзбек ерларида ҳаммани хурсанд қилиб, хизмат қиламан, ўла-ўлгунимгача. Ва режаларим, шу катта албом устида иш кетяпти, жуда ҳам жиддий албом устида иш кетяпти. Ҳам бюджети жуда ҳам катта, ҳам иши жуда катта. Туркияда қилинадиган жуда кўп ишларимиз бор, уларни қилишим керак.

Юлдуз опа, Оврўподан келган саволлардан бири нима учун айнан Туркияни танлаганингиз ҳақида бўлган.

Юлдуз Усмонова: Туркияга 1996 йилда ҳам Sony Columbia рекорд компанияси билан бориб, туркча албом ёзиб, эшигини очолмай келганмиз. У ерда нафақат "Ёлғон" ашуласи портлаган, "Нарда-нарда" деб айтилган қўшиқлар бор. "Дунё"ни айтишди, "Шоҳ ва гадо"ни айтишган. Жуда, жуда кўп қўшиқлар айтилган. Ўзим бормаганим билан, ўзимнинг исмим ва қўшиқларим ўша ерда юргани учун кетиб...ўша ерда шу санъатимиз яқинлигидан шу қўшиқларимга мурожаат қилиняпти. Ман бориб, ўзимни эмас, ўзбек санъатини ўша ерда танитай деб, шу қўшиқларни айтайлик (деб борганман). Яъни, агар ман ўзимнинг ҳақ-ҳуқуқимни талаб қилсам, Ўзбек санъатчиси деб гапиради, тушунаяпсизми? Юлдуз Усмонова демайди, Ўзбек санъатчиси Юлдуз Усмонова деб айтади. Ман ўша мамлакатни танлаганимнинг сабаби ҳам шу.

Юлдуз опа, келган саволларнинг баъзилари Сизнинг ўзбекистондаги айрим санъаткорлар билан бўлган муносабатингиз ҳақида бўлган. Ва "бу муносабатлар совуқ дейишади, бунинг сабаблари нима" деб сўрашган тингловчиларимиз.

Юлдуз Усмонова: Энди мани муносабатим ҳеч ким билан совуқ бўлиши мумкин эмас. Айрим санъаткорларимиз эмас, балки бугунги кунда кўп юрган ёш санъаткорларимиз ҳаммаси мани дуойимни олиб, эшигимни қоқиб, эшигимни тагида турган санъаткорлар. Ва совуқ бўлса, ман тарафдан бўлиши мумкин, чунки назаримдан қолган бўлиши мумкин. Ман ҳали айтиб ўтганимдек, ўша "айрим" санъаткорлар қўлига микрафон тушганидан кейин босар-тусарини билмай, қўлига уч сўм пул тушса, бойвачча деб, салом берса, алик олмаган шогирдлардан ман юз ўгираман ҳамиша. Чунки халқнинг муҳаббатини қозониш ўзи осонмас. Ўша "айрим" санъаткорларнинг адресига гапим шу. Ишонсангиз, шу санъаткорлар ҳақидаги кўчадаги иғво гапларни ҳам санъаткорларнинг ўзи чиқаради.

Юлдуз опа, Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатга рози бўлганингиз учун миннаддорчилик билдирамиз. Мухлисларимизга тилакларингиз бўлса, марҳамат.

Юлдуз Усмонова: Ман ҳам ўзимнинг миннаддорчилигимни билдирмоқчиман Би-би-сига. Ман бугун ҳайрон бўлганим, ўзи тарқаб кетиб қолган экан-да ўзбек ҳам (кулади), Америкадан фалончихон, Швецариядан на кимдир, Япониядан яна бир ким, яъни хурсанд бўлиб ўтирибман, дунёнинг ҳар бир бурчагидан, ақлли, кўп ўқиган, ўқимишли ёшларимиз шу дунёда Ўзбекнинг номни мустаҳкам қилиб бораётган одамлар, ёшларимиз деб қабул қилдим. Ватан соғинчида юради кўпчилик, инсон ватанини соғинса, қадрига кўпроқ етади. Ватаннинг қадрини, мазасини шулар яхши билади. Шунинг учун уларга тилагим шунақаки, биз Сизларни бу ерда ҳам кутиб қоламиз.Тилагим шуки, қаерда юрсангиз ҳам ўзбегим тинч бўлсин. Юртига қайтиб келишига тилакдошман ҳаммани ва катта-катта концертларда кўришишимизни. Ва ҳамма саволларга жавобим, шу мана шу юртда туғилдим, айтдим-ку, тирноғимнинг учигача, сочимнинг учигача ўзбекман деб...

-------------------------------------------------------------------------------------------------------

Би-би-си: Рукнимизнинг кейинги меҳмони ким бўлишини истар эдингиз?

Саволларингизни ушбу саҳифанинг ўнг томонидаги махсус форма орқали ёки uzbek@bbc.co.uk электрон манзилимизга йўллашингиз мумкин.

Саволларни радио дастуримиз учун ўз овозлари билан беришни истаган ўқувчи ва тингловчиларимизга телефон рақамларини ёзиб юборишни эслатиб ўтамиз.

Суҳбатни шанба кунги "Дараклар" дастурида тинглай оласиз.

Унинг тўла матни билан айни саҳифада танишишингиз мумкин.

Фикр ва мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.