Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 25 Август, 2009 - Published 18:05 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Шерали Жўраев ўғилларининг ўз йўлини истайди
 

 
 

Таниқли ҳофиз Шерали Жўраев Душанбеда икки кун концерт берди.

Унинг концертини томоша қилиш учун мамлакатнинг турли ҳудудларидан мухлислар атайлаб Душанбега келишди.

БУ КУНЛАРГА ЕТГАНЛАР БОР...

Шерали Жўраев концерти учун Душанбедаги энг улкан - 1800 ўринли санъат саройи танлангани бежиз эмас эди. Концерт бошлангач, ҳамма ўз ўрнини эгаллаб бўлгандан кейин ҳам "Борбад" номидаги санъат саройи атрофи гавжум эди. Сўнг чиптасизлар ҳам киритилди чоғи, концертни тик туриб томоша қилаётганлар кўзга ташланиб қолди. Ҳофиз саҳнада пайдо бўлганида эса ўтирганлар ҳам "гурр" ўрнидан турди. Олқишлар тинмасди. Бу тадбир Шерали Жўраевнинг мухлислари учун бир айём эди... Ҳофизнинг ўзи учун ҳам бу дийдорлашув бир байрам бўлса ажаб эмас...

Ҳофиз ўша, йигирма-ўттиз йил аввалгидек ширали овозда, тиниқ, босиқ оҳангда куйларди. "Эй сорбон", "Гулбадан", "Ўзбегим" каби ҳаммага ёд бўлиб кетган қўшиқлар янграр экан, эҳтиросларини кимдир олқишлари, қай биров жўровозлиги, бошқаси эса қийқириқлари билан изҳор этар эди. Дадилроқлар эса шўхроқ қўшиқларда йўлакда бўлсин, ўтирган ерларидан туриб бўлсин рақсга тушардилар...


Мен концертдан сўнг саҳнанаинг олдида(саҳнага чиқишга қўриқчилар қўйишмади) берилиб рақсга тушган жувонни суҳбатга тортдим. Исми Зулфия экан.

- Мен 150 сомонига (33 АҚШ доллари) чипта олганимга ҳеч ҳам пушаймон эмасман, деди у. - Битта кўйлакни кам киярман, бирор тўй-ҳашамдан қоларман, лекин бундай байрамлар ҳар куни ҳам бўлмайди.

Концертга Тожикистоннинг турли минтақаларидан мухлислар атайлаб Душанбега келишганлигини айтишди. Лекин Душанбе шаҳрининг ўзида яшаб концертга келолмаганлар, лекин келишни орзу қилган кишилар ҳам кам эмас эди. "Чиптаси қиммат, диски чиқса олиб курамиз", деганлар бўлди.

БИЗ ҲАЛИ БОРМИЗ...

Қўшиқлар ора-орасида Шерали ака томошабинларга энг яқин дўстига кўнглини ёргандек гапириб борар, бу ўзига хос мулоқот эди.


"Мен Душанбеда биринчи марта 1970 йиллар бошларида концерт берганман. Ҳозир залда тўпланганланинг бир қисми ўшанда туғилмаган ҳам эди", дея ҳофиз муштараклик илдизлари узоқ-узоқларга қадалишини эслатади.

Ҳофизга тожик санъаткорлари эҳтиром рамзи сифатида дўппи ва тўн кийгизишди. У Навоий ва Жомийнинг дўстлиги ҳақида гапирди. Шеърозийни тилга олди, Румий ва Рўдакийни ёд этди. Сўнг "Ўзбегим" деб куйлади.

Шерали ака саҳнада бўлсин, саҳна ортида журналистлар билан мулоқотда бўлсин, сиёсат борасида бирор нарса демади. Аксинча, мухбирларнинг саволларини "текислаб" ўтарди.

- Таъбир жоиз бўлса, санъат осмонида ҳамма юлдузлар ҳам узоқ порлай олмайди. Шерали Жўраев ижодининг давомийлиги сабаби нимада?, -сўрадим ҳофиздан.

- Буни мен билмадим, буни билмадим, Оллоҳ билади. Халқнинг бизни қилган дуолари... Юртимизни бизга бўлган муҳаббати, элнинг бизга бўлган муҳаббати, имконият яратиб бераётганлиги. Ватанимизни, улуғларимизни, катталаримизни, давлат раҳбарларимизни бизга имконият яратиб бераётганлиги ижод қилишга ва гўзал қўшиқлар яратишга имкон яратиб бераяпти. Уни суистеъмол қилмаяпмиз, суистеъмол қилмаяпмиз, - дея урғулайди сўнгги сўзларини Шерали Жўраев.


Ҳофиз ўзига Ўзбекистонда чекловлар борасида ҳеч нарса айтмади. Лекин унинг Тожикистондаги шогирдлари сўзларига кўра, "ҳожи ака ҳозир ҳам қийин кунларни бошидан кечирмоқда". Улар концертда куйлаганган мана бу қўшиқни эслатишади:

Бу дунёда топдик толеъ саодат,
Садоқат топмадик ҳар бевафодан.
Элга тинчлик тилаб ҳар тонг Худодан,
Садоқат йўлида собитқарормиз,
Биз тўхтаб қолмадик, биз ҳали бормиз...

Шерали Жўраевга энг муҳим саволлармизни беришга улгурмадик - концерт ташкилотчиларининг имоси билан қўриқчилар уни икки қўлтиғидан олдилар-да, журналистлар даврасидан суғуриб олиб чиқиб кетдилар. Лекин ҳофизнинг тожикистонлик шогирдларидан билишимизча, у Самарқанддаги "Шарқ тароналари" фестивалида бу гал ҳам қатнашмас экан. Зийрак тингловчи ҳофиз қўшиғидан нималарнидир илғаши тайин...

Зоғлару зағчалар боғларга кириб,
Сайрар меваларни тўзитиб тўкиб,
Булбул гулзорига сайраса қўниб,
Оллоҳга зорланар тунларда туриб.

Сабр қилдик биз бундан ибрат олиб,
Сабр қилдик булбулдан ибрат олиб,
Биз тўхтаб қолмадик, биз ҳали бормиз,
Булбуллар ичинда тинмас забонмиз...

ШЕРАЛИ ВА ЎҒИЛЛАРИ


Шерали Жўраевнинг Тожикистондаги бу галги концертининг ўзига хослиги - концертда унинг ўғли Зоҳиршоҳ ҳам иштирок этди.

Бир неча қўшиқни ота-бола биргаликда, бирда жўровоз, бирда галма-гал куйлашди.

Шерали Жўраев ўғилларининг ижоди ҳақида уларнинг ўз йўналиши бўлиши шарт деб ҳисоблайди.

- Лекин бизнинг мактабимизда кетаяпти улар. Мен уларга айтганман: "ўзингни йўналишингни топасан, ҳаракатингни қиласан!" Мен бирорта ҳам ашула қилиб бермаганман. Менинг эски ашулаларимни айтган, лекин янги қилган ашулаларини манга кўрсатмай телевизорга чиқариб туриб, кейин кўрсатишади.

- Ман дод деб қоламан индан кейин, дейди ҳофиз кулиб.

- Лекин менга ёқмаса ҳам одамларга ёқади. Чунки мен ўзимдагини хоҳлайман-да, а улар қанақадир ўзининг нарсасини қўшади.

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Шерали Жўраев Санъат
Шерали Жўраев: 'Биз тўхтаб қолмадик. Биз ҳали бормиз'
 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy