Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 28 Август, 2009 - Published 17:20 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони - ўша Сиз билган эстрада юлдузи Насиба Абдуллаева
 
Насиба Абдуллаеванинг донғи Ўзбекистон чегараларини ортда қолдириб кетганига анча бўлган
Насиба Абдуллаеванинг донғи Ўзбекистон чегараларини ортда қолдириб кетганига анча бўлган
Рукнимизнинг бу галги меҳмонини муштарийларимизга таништириб ўтиришимизнинг ҳожати бўлмаса керак.

Нега, дейсизми, чунки Ўзбекистон Халқ артисти Насиба Абдуллаева ижросидаги қўшиқ кириб бормаган хонадон унинг она Ватанида топилмаса керак.

Шарқ эстрадаси оламида хос ўрнига эга бўлган хонанданинг форсу турк дунёсида ҳам ихлосмандлари, шинавандалари озмунча эмас, десак муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон эстрадаси юлдузи рус, турк, озар, тожик, форс, араб, урду ва иврит тилларидаги қўшиқларнинг ўз она тилидек ижроси билан яқину узоқ хориждаги мухлисларини бирдек тан олдиришга муваффақ бўлган.

Насиба Абдуллаева кўплаб халқаро танловлар иштирокчиси ва сон-саноқсиз концертлар мезбонидир. Дунёнинг қўшиқчи ўз ижодий сафарлари билан кириб бормаган бурчаклари ҳам кам бўлса керак.

Уни Оврўпо, Америка, Канада ва ҳатто, Япониянинг энг зўр концерт залларида ҳам олқишлар билан кутиб олишган.



Насиба Абдуллаева муштарийларимиз саволларига ўз жавоблари билан:

Би-би-си: Суҳбатимиз аввалида Сизга савол йўллаган кўплаб мухлисларингизнинг табрикларини етказсам. Улар сизни муқаддас Рамазон ойи билан табриклашган, мазкур айёмнинг Сизга қутлуғ бўлишини айтишган:

Насиба Абдуллаева: Раҳмат, мен ҳам фурсатдан фойдаланиб, ҳаммаларини мана шу қутлуғ айём билан табриклайман ва мана шу кунларнинг нури барчамизга баравар насиб этсин, дейман.

Би-би-си: Муштарийларимиз Сизга дунёнинг турли бурчакларидан ўнлаб мактублар йўллашган. Биз эфир вақти имкон берган даражада уларни эътиборингизга ҳавола этишга ҳаракат қиламиз. Аввалида Сизга доимий соғлиқ тилаб қолган ўзбекистонлик Мадиёрнинг ўзига хос услубда берилган саволларига ўтсак:

--"Юлдуз Усмоновани маъқул кўрасизми ёки Озодбек Назарбековни?"

--Иккаласини ҳам маъқул кўраман. Чунки иккаласи ҳам бир-бирига ўхшамаган, ўзининг йўлида ижод қилаётган санъаткорлар.

--"Самарқандни яхши кўрасизми ёки Бухорони?"

--Самарқандни бўлса керак. Гарчи Бухоро Самарқанддан қолишмайди, лекин Самарқанд менинг туғилиб, ўсган жойим бўлгани учун Самарқандни кўпроқ яхши кўраман.

--"Чойни ёқтирасизми ёки қаҳвани?"

--Чойни.

--"Сиз учун Озарбайжон яхшими ёки Туркия"

--Мен учун Ўзбекистон яхши.

--"Сизга Александр Рибак ёқадими ёки Патрисия Каас?"

--Патрисия Каас.

--"Райҳон гулини яхши кўрасизми ёки лолани?"

--Иккаласини ҳам яхши кўраман.

--"ТВ Марказни ёқтирасизми ёки МТВни?"

--МТВни.

--"Ўтган кунлар"ни яхши кўрасизми ёки "Шайтанат"ни?"

--“Ўтган кунлар”ни.

--"Сизнингча, Марказий Осиё гавҳари қайси шаҳар: Астанами ёки Тошкент?"

--Тошкент.

Би-би-си: Навбатдаги саволимиз эса Маломатхондан. У киши, “Бари гал” қўшиғингизни куйлаганингизда, мен сизни хоразмлик деб ўйлагандим. Озарбайжонча қўшиқларингизни эшитганимда, келиб чиқишингиз озарий бўлса керак деб ўйладим. Форсча айтганингизда эса, эроний бўлсалар керак деб. Келиб чиқишингиз қаерлик?” деб сўраб, лекин ўзларига барча тилда айтадиган ашулаларингиз ёқишини таъкидлаб ўтган. Олмониядан Шоҳжаҳон ва яна айрим ўқувчиларимиз ҳам худди шу мазмунда савол йўллашган:

Насиба Абдуллаева: Келиб чиқишим Самарқанддан, отам эроний, онам тожик. Лекин ҳар битта тилда қўшиқ куйлаганимда, одамларнинг мени ўша миллатга мансуб деб билиши, менимча, менинг ютуғим бўлса керак. Санъаткор сифатида...

Би-би-си: Нью Йоркдан Рустам Алимов, "Ҳурматли Насиба хоним, Сизнинг санъатингизни 1980 йилдан бери жуда яхши биламиз ва оиламиз билан севиб қўшиқларингизни тинглаймиз. Яқинда шу ерда бир ҳамюртимиз ўғлини уйлантирди. Тўйлар муборак билан ёр-ёрни ҳисобга олмаганда, фақат Сизнинг қўшиқларингиздан фойдаланилди. Даврани олиб борувчи тўй бошида, "бугун тўйимизда Ўзбекистон Халқ артисти Насиба Абдуллаева ва фақат Насиба Абдуллаева бўлади," деганда, зал 10 дақиқа қарсак чалиб турди. Сизга катта раҳмат. Саволим: Яқин ўртада Америкада концерт бериш ниятингиз борми? Бу ерда жуда кўп ашаддий мухлисларингиз бор. Машинамизда ҳам асосан сизнинг қўшиқларингизни эшитамиз. Жуда соғиндик, бир келинг," деб сўраб қолибдилар.

Насиба Абдуллаева: Менинг Америка Қўшма Штатларида яккахон концертим бўлиши керак эди. Лекин менга боғлиқ бўлмаган, яъни мени таклиф этган томонга боғлиқ бўлган айрим муаммолар сабаб у концертимиз ҳозирча бекор қилинди. Аммо ноябр ойининг ўн бешинчисида Нью Йоркда, Манҳатенда Осиё ва Қофқоз мусиқаси оқшоми ўтказилади. Ва ўша оқшомга мен ҳам таклиф этилганман. Худо хоҳласа, насиб бўлса, 15 ноябр куни кўришамиз.

Би-би-си: Яна Америкадан Бек эса, “Сизнинг қўшиқларингизда оригиналлик бор, бунда мусиқачиларингизнинг ҳиссалари бор деб ўйлайман. Менга айниқса Азиз Холмуродов билан қилган ишларингиз ёқади. Ўша мусиқачингизнинг ижодлари ҳақида ҳам озгина маълумот беринг,” деб илтимос қилиб қолибдилар.

Насиба Абдуллаева: Сиз сўраган мусиқачимиз билан ҳақиқатда ҳам кўп йиллар бирга ишлаганмиз. Мусиқачиларнинг, албатта, ижод йўлимда жуда ҳам ўринлари бошқача бўлган, муҳим бўлган. Лекин менда мусиқачилар йиллар давомида ҳар доим ўзгариб туришган. Ҳар хил сабаблар билан бир мусиқачи кетиб, бошқа мусиқачи келган. Баъзан бутун бир даста ҳам ўзгариб кетган. Аммо мен ўзимнинг йўлимни, ўзимнинг йўналишимни ўша ҳар битта келган мусиқачига тўғри тушунтира олганим учун бўлса керак, мусиқачилар алмашганига қарамасдан, йўлимни сақлаб қолишга муваффақ бўлганман. Азиз Холмуродов билан охирги беш йилдан бери бирга ишламаяпмиз. Лекин ундан олдин жуда кўп йиллар бирга ижод қилганмиз. Ва менинг жуда кўп ниҳоятда машҳур бўлган қўшиқларим айнан мана шу инсон томонидан ёзилган, шу жумладан, аранжировкалари ҳам.

Би-би-си: Бухородан Ҳусейн, "Миллий эстрада хонандаларини тақдирлашда халқнинг эътирофи қанчалик инобатга олинади? Ўз вақтида Оғабек Собиров, Озода Нурсаидовалар эришолмаган "Ниҳол" мукофотига бугун ҳатто ҳеч ким танимайдиган қўшиқчилар билан бир қаторда халқнинг ғашини келтираётган хонандалар ҳам эга бўлишмоқда...."Ниҳол" мукофотининг сўнгги 3 йилда нуфузи тушиб кетди, деган фикрга сизнинг муносабатингиз?" деб қизиққан:

Насиба Абдуллаева: Қайси принцип билан, қанақа принцип билан уларнинг “Ниҳол”га тақдим этилаётганликларини мен билмайман. Лекин ўйлайманки, улар ишлаётган жамоалар, ташкилотларнинг тавсиялари билан тақдим этилган бўлиниши керак. Лекин ўша мукофотни бериш бермаслик, албатта, нуфузли бир комиссиянинг фикрига боғлиқ бўлади. Агар ўша комиссия маъқул кўрган бўлса, мукофотни берган бўлиши мумкин. Мутахассислардан иборат комиссия билан шу қўшиқчиларни томоша қиладиган томошабинларнинг фикрлари ҳар доим ҳам бир жойдан чиқмаслиги мумкин.

Би-би-си: Ҳусейн яна, "Юлдуз Усмонованинг давлат миқёсидаги тантаналарда иштирок этмаётганига деярли кўникиб қолдик. Аммо, адашмасам, шу йил Наврўз тантаналарида сизни ҳам кўрмадик. Умуман, мазкур концертларнинг финали дейишадими, сўнггида ким чиқиши ҳаммани қизиқтиради. Аммо сиз ҳеч чиқмагансиз...Сабаби нимада? Алам қилмайдими, сиздан ёш, эндигина чиққан қўшиқчилар саҳнанинг тўрини эгаллашса?" деб қизиққан:

Насиба Абдуллаева: Алам қилмайди. Чунки менинг ўзимнинг ўрним бор, саҳнада оёқларимни мустаҳкам босганимга жуда кўп йиллар бўлган. Унақа фикрлар билан хаёлимни чалғитмасдан, ижодим билан шуғулланишни маъқул кўраман. Шунинг учун ҳам, “Алам қилмайдими,” деган савол, ростини айтсам, ҳозир менинг кулгумни келтиряпти.

Би-би-си: Масъудбек эса, "Бугун фақат Ўзбекистонда телевидение, оммавий-ахборот воситалари, шунингдек, қатор байраму тантаналардан мажбуран "запрет" қилинган Юлдуз Усмонова ижодига ҳамкасб сифатида муносабатингиз қандай?" деб сўрабди.

Насиба Абдуллаева: Мен Юлдузхоннинг ижодига ҳар доим жуда ҳам яхши қараганман, жуда ҳам ҳурмат билан қараганман. Ҳақиқатдан ҳам ҳеч кимга ўхшамайдиган овозга ва ҳеч кимникига ўхшамайдиган йўлга, йўналишга эга бўлган санъаткор. Буни ҳеч ким инкор қилолмайди. Ўйлайманки, мутахассис бўлмаган оддий томошабин ҳам худди шундай жавоб берган бўлар эди. Менинг назаримда, санъаткор учун унинг қайси тадбирда биринчи ёки охирги чиқиши эмас, бу – ҳам олдинги саволингизга бир қўшимча ўлароқ, омма ва севган томошабинларининг кўнглида қанақа ўрин эгаллаганлиги, ўз ишининг қанчалик устаси бўлганлиги ва санъат оламида қанчалик ўзига хослиги, менимча, муҳимроқ бўлади.

Би-би-си: Тошкентдан Бек эса, “Самарқандлик София Сафтарова билан деярли бир даврда саънатга кириб келгансизлар. Аммо у овози, истеъдоди бўла туриб, сизникичалик шон-шуҳратга буркана олмади ва ҳозир деярли кўринмай қолди. У билан боғланиб турасизми ва ҳозирда нималар билан банд? Унинг ижодига муносабатингиз қандай?” деб савол йўллаган.

Насиба Абдуллаева: София Сафтарова менинг шогирдларимдан биттаси бўлиб ҳисобланади. Ҳар ҳолда у ўзини ҳар доим менинг шогирдим деб ҳисоблаган. Санъатга мендан анча кейин кириб келган. Муносабатларимиз жуда яхши бўлган. Мен ҳали Тошкентга кўчмасимдан олдин, Самарқандда яшаган пайтимда тез-тез кўришиб ҳам турардик, уйимга ҳам келиб турарди. Мен мана, 15 йилдирки, Тошкентда турибман, Софияхонни охирги марта Америка Қўшма Штатларида кўрганман. 2005 йилда Наврўз тантаналарига бағишланган бир концертга борганимда, Софияхонни ўша ерда учратганман. Ундан кейин, афсуски, ҳозир Самарқанддами ёки бошқа жойдами, нима билан шуғулланаётганидан, ростини айтсам, хабарим йўқ.

Би-би-си: Лондондан Жавоҳирбек эса, “Насиба опа, мен ҳозир Лондондаман, интернет саҳифаларида сизнинг “Умр баҳори” қўшиғингизни қидириб топа олмадим, сиз ушбу қўшиқ бўлган бирорта веб саҳифани тавсия эта оласизми,” деб сўраб, ижодингиз ва шахсий ҳаётингизда Аллоҳ доимо мададкор бўлишини тилаб қолибди.

Насиба Абдуллаева: Қайси бир веб саҳифада бўлишини ҳозир аниқ айтолмайман. Лекин Youtube га менинг қўшиқларимни юклаётган инсонлардан буни илтимос қилишим мумкин. Улардан бири менинг умр йўлдошим бўлади. Мен, албатта, у кишидан “Умр баҳори” қўшиғимни Youtube га юклашини илтимос қиламан.

Би-би-си: Америкадан Темур Саидов, "Сизга иккита саволим бор: биттаси диний, бошқаси дунёвий. Биринчи саволим - Бошқа муслима опа-сингилларимиз каби Ҳаж зиёратини адо этиш ниятингиз борми ва қачон? Иккинчи саволим эса, тахминан 20 ёшга ёш кўришингизнинг сабаби нимада," деб жавобингиз учун олдиндан ташаккур изҳор этиб қолибдилар.

Насиба Абдуллаева: Биринчи бўлиб диний саволларига жавоб берсам: Ўйлайманки, ҳамманинг ўзига яраша орзуси бор, нияти бор. Бу – менинг шахсий фикрим. Ҳар битта инсоннинг яратган билан муносабати унинг шунчалик шахсий муносабати ҳисобланадики, менинг назаримда, бу нарсаларни жуда катта аудиторияга гапириб ҳам бўлмайди. Шунинг учун ҳам мен бу саволга жуда кенг қилиб жавоб бера олмайман ва хоҳламайман ҳам. Бу менинг жуда ҳам шахсий масалам ва мен учун жуда ҳам бир муқаддас савол деб ўйлайман. Дунёвий саволга келсак, энди бу ҳар куни бериладиган савол. Агар ҳақиқатдан ҳам асл ёшимдан 20 ёшга ёш кўринадиган бўлсам, раҳмат, мана шу билдирган фикрлари учун. Бунинг сабаби, менинг назаримда, ташқи кўринишим ҳақида кўп ўйламаслигим бўлса керак. Ёшим ўтган сайин кўринишим қанақа бўларкин, деб жуда ўзимни қийнамаслигим бўлса керак.

Би-би-си: Демоқчисизки, бу ерда бирор бир пластик жарроҳлик амалиётининг иштироки йўқ?

Насиба Абдуллаева: Ҳозирча йўқ, ҳозирча йўқ. Лекин менинг назаримда, бугун бу – дунёнинг ҳамма четида қилинаётган нарса. Агар мабодо керак бўлса, балки қиларман. Инсоннинг ирсияти, ўша ота-онадан олинган генлар биринчи ўринда туради, деб ўйлайман. Ва иккинчидан, инсоннинг ички дунёси, кейин унинг ўша фикрлашида қанчалик ижобий энергиянинг ўрни кенглиги ҳам, менимча, яна бир сабаб бўлса керак. Чунки инсон яхши нарса ҳақида ўйласа, ўша инсоннинг юзига қараб турсак, унинг юзидан қанақадир нур ёғилгандек бўлади. Фикрида кечаётган позитив нарсалар юзида ҳам кўрингандек бўлади.

Би-би-си: Шўх бола номида мактуб йўллаган муштариймиз эса, “Агар сир бўлмаса Насиба опа, ёшингиз нечада?” деб сўраяпти.

Насиба Абдуллаева: Мен ёшимни ҳеч қачон сир тутмаганман. Мана шу йил 15 ноябр куни 48 ёшга тўламан Худо хоҳласа, насиб бўлса.

Би-би-си: Сўнгги саволимиз Испаниядан, Бекмуроджондан. У киши, Сизнинг ҳозир қаерда яшашингиз билан қизиққан. Ва яна фарзандларингиз ҳақида ҳам бироз маълумот беришингизни сўрабди. “Шўх бола” эса уларнинг ичида сизга ўхшаган санъаткорлари ҳам борми, деб қизиқаяпти.

Насиба Абдуллаева: Мен охирги 15 йилда Тошкентда турибман. Унгача Самарқандда яшаб, ижод қилганман. Фарзандларим Тошкентда мактабни, олий ўқув юртини тугатишди. Охирги бир ярим йил давомида Лондонда тил ўрганишди. Ва яқинда уйга қайтишди. Энди ҳар қайсиси ўзининг ишини, ўзининг бизнесини йўлга қўйиш ниятлари бор. Албатта, мен уларнинг ёнларида бўламан. Мусиқага келсак, икки ўғлим ҳам болалигида мусиқа мактабида ўқишган. Лекин катта ўғлим мусиқани ўзига касб қилмади. Мен ҳам хоҳламаганман буни. Иккинчи ўғлим ҳам мусиқадан узоқлашиб кетади, деб ўйлагандим, аммо ди-джейлик ҳам қилаяпти, ўзининг мусиқаларини ҳам ёзаяпти ва бошқа мусиқаларни бир-бирига уйғунлаштириб, mix қилиш билан ҳам шуғулланади.

Би-би-си: Ва оилавий ҳаётингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз, яъни турмуш ўртоғингиз ҳам санъаткорми ёки санъатга муҳаббатлари қандай, ёки бошқа касбдаларми?

Насиба Абдуллаева: Биринчи турмуш ўртоғим – у киши ҳам санъатда эдилар. Саккиз йил илгари, афсуски, бу ҳам ҳаётнинг тақозоси экан, биз ажрашдик. Ва тўрт йил бундан олдин мен иккинчи марта турмушга чиқдим. Ҳозирги турмуш ўртоғим маълумоти бўйича дипломат, ҳозир Лондонда туради ва дипломатия эмас, туризм соҳасида ишлайди. Ўзбекистонлик.

Би-би-си: Агар йўқ демасангиз, энг сўнггида Буюк Британиядан Бобуржоннинг мактубларини ўқиб, эшиттирсам: "Катта санъат, ҳаёт тажрибасига эга, ёш санъаткорларга ўрнак бўла оладиган хонанда. Бирор марта шу хонанда тўғрисида миш-мишлар ёки сиёсатга аралашиб қолганини эшитган эмасман. Ўзини тутиши, кийиниши, тарбияси ҳар қандай ўзбек қизига, хонанда қизларига намунадир. 80-йиллардан бери ўзбекнинг номини, маданиятини дунёга танитиб келаётганидан фахрлансак, мақтовлар қилсак арзийди," деб ёзибди Бобуржон. Агар Сизнинг ҳам муштарийларимизга тилакларингиз бўлса, микрофонимиз очиқ, марҳамат:

Насиба Абдуллаева: Бобуржоннинг сиймосида менинг ҳақиқий муштарийим бўлган, ҳақиқий мухлисларим бўлган, муболаға бўлмаса керак, миллионлаб томошабинларга ташаккур билдирмоқчиман. Кўп йиллар давомида менга бўлган муҳаббатларини асраб келаётганликлари учун, менинг санъатимга садоқатларини асраб келаётганликлари учун...Бу камдан-кам бўладиган нарса! Шунинг учун ҳам мен яна бир бор мухлисларимга мана шу муборак кунларда соғлиқ-саломатлик тиламоқчиман. Кўнгилларидаги барча орзу-умидлари ижобат бўлишини тиламоқчиман. Сизлар билан ҳар доим яхши кунларда учрашайлик, гаплашайлик, эшитишайлик. Ва хонадонларингизда аҳён-аҳён бўлса ҳам менинг қўшиқларим янграб туришини сизлардан илтимос қилган бўлардим.

Би-би-си: Катта раҳмат. Биз ҳам ижодий ва шахсий ҳаётингизда каттадан-катта омадлар тилаб қоламиз.

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Зоя Сатторова Зоя Сатторова
Шўро даври ва ҳозирги раҳбарлар ҳалоллиги ҳақида
 
 
Ник Рован Очиқ Марказий Осиё
журнали муҳаррири Ник Рован саволларга жавоб берди
 
 
Владимир Жонибеков Би-би-си меҳмони
Владимир Жонибеков Ер, фазо ва Ойдаги азон товуши ҳақида
 
 
Зулфия Назар Би-би-си меҳмони
Зулфия Назар машҳур асари, миллати ва бугунги ижоди ҳақида
 
 
Моҳира Асадова Би-би-си меҳмони
Моҳира Асадова: 'Ортингдан яхши ном қолиши керак'
 
 
Эдуард Шеварнадзе Би-би-си меҳмони
Э. Шеварднадзе ўз истеъфоси, дўстлари ва яна сиёсат ҳақида
 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy