http://www.bbcuzbek.com

21 Октябр, 2009 - Published 16:25 GMT

Тоҳир Малик: 'ўзбек фуқароси-камбағал, бечора дегани'

Тоҳир Малик: Бу қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг мустақиллиги сари қўйилган дадил қадамлардан бири эди. Биз, албатта эслаймиз, бу қонуннинг қабул қилинишида Ислом Каримовнинг хизматлари катта бўлган. Чунки ўша пайтда ўзбек тилига давлат тили мақомини беришга қарши бўлган зиёлилар гуруҳлари ҳам бор эди. Қонун қабул қилингандан кейин табриклашга арзийдиган бир қатор ишлар амалга оширила бошланди. Жумладан, қонунни ҳаётга тадбиқ этиш учун масъул ҳукумат комиссияси тузилди. Бундан ташқари махсус атамалар қўмитаси ташкил қилинди. Тилшунослик институти мустақил институтга айлантирилди, Ўзбек тили жамияти тузилди. Буларнинг ҳаммаси яхши эди, аммо йил ўтган сайин бу нарсаларнинг ҳаммаси секин-секин яна ўз аслиги қайта бошлади. Аввало қонунга таҳрир киритилди. Бу таҳрирга кўра, "раҳбарлар давлат тилини билиши шарт" деган модда ўзгартирилди ва раҳбар бўлиш учун давлат тилини билиши шарт бўлмай қолди. Мана шу нарса қонуннинг аҳамиятини анча тушириб қўйди ва ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш анча сусайиб қолди.

Би-би-си: Нима учун қонунга ўзгартиришлар киритилган, деб ўйлайсиз? Бунга нима туртки берган бўлиши мумкин?

Тоҳир Малик: Энди ўша пайтда балки ўзгартиришлар керак бўлгандир. Чунки ўзбек тилини билмайдиган яхши мутахассислар бор эди. Улар турли соҳаларда ишлашарди ва бизнинг ёшларимиз хали уларнинг ўрнини эгаллаш учун етарли илм ва тажрибага эга эмасдилар.

Бу мутахассисларнинг мамлакатдан кетиб қолишларининг олдини олиш учун, эҳтимол шундай қилингандир. Бу ҳамма учун эмас эди. Лекин афсуски, ҳамма учунга айланиб қолди. Илк пайтларда давлат ишлари, идора ишларини аста-секинлик билан ўзбек тилида олиб борила бошланди, идораларда рус тилидан ўзбек тилига таржима қилувчи мутахассис ўринлари ташкил қилинди. Ҳозир эса бунинг акси. Ҳозир ўзбекчадан русчага таржима қилиб беришаяпти ва идора ишлари аста-секин рус тилига айлантирилаяпти. Ўзбек тили жамияти ҳам тузилди-ю, фаолият олиб бормай, тугатиб қўя қолинди. Атамақўм ҳам тугатилди. Тилшунослик институти ҳам тугатилиб, адабиёт институтига қўшиб юборилди. Оқибатда ҳозир тил билан шуғулланадиган бирон идора ёки муассаса қолмади. Хусусан, Атамақўмнинг тугатилиши оқибатида жуда кўп атамалар бугунги кунда кулгили ҳолга келиб қолди. Мана масалан, кўп ишлатаяпмиз, ҳужжатларга ҳам "Ўзбекистон фуқароси" деб ёзилаяпти. Билмадим, ким тавсия этган бу сўзни, лекин маъносини билмасдан қабул қилишган. Чунки "фуқаро" дегани ўзбекчада "фақир" сўзининг кўплигини англатади. "Фақир"- камбағал, бечора дегани. Демак, "Ўзбекистон фуқароси" деганда камбағал, бечоралар назарда тутилади. Бу жуда ҳам кишини уялтирадиган ҳолат. Бунга ўхшаган мисоллар кўп. Масалан, бугун Тошкентга келган одам ҳайрон бўлиб қолади. "Ўзбекистон пойтахтида юрибманми ёки Россиядами?" деб ўйлаши табиий. Чунки тамоми рекламалар, дўконлар пештоқларидаги ёзувлар, идораларнинг номлари ҳам рус тилида. Билмадим, Тошкентда ҳокимият борми-йўқми? Бу ҳокимият қаерга қарайди? Президентнинг фармонига кўра, ҳокимлар "маънавият марказлари"нинг раҳбари саналади. Маънавият билан шуғулланадиган ҳоким қаёққа қараяпти? Биз энди қандай қилиб ўзбек тилига давлат мақоми берилди, деб юра оламиз ва бу кунни байрам деб қандай бир-биримизни табриклай оламиз?..

Азиз ўқувчи! Cиз атоқли адиб Тоҳир Маликнинг давлат тили борасида қўйган саволлари ҳақида нима деб ўйлайсиз? Ўзбек тилининг мақоми ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларингизни бизга йўлланг. Электрон почтамиз манзили: uzbek@bbc.co.uk