Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 30 Ноябр, 2009 - Published 14:19 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Журналист Жаҳонгир Муҳаммад билан суҳбат
 
Жаҳонгир Муҳаммад
Жаҳонгир Муҳаммад 1993 йилдан буён муҳожирликда яшаб келмоқда
Би-би-си меҳмони - таниқли журналист Жаҳонгир Муҳаммад bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчилари саволларига жавоб берди.

Жаҳонгир Муҳаммад 1955 йилда Самарқанд вилоятида туғилган.

1980 йилда оила қурган. Тўрт фарзанди бор. Умр йўлдоши тилшунос.

1973-1979 йилларда Тошкент Давлат Университети Журналистика куллиётида ўқиган ва 1981 йилгача тилшунослик ва журналистикада этика бўйича илмий изланишлар олиб борган.

Жаҳонгир Муҳаммад журналистик фаолиятини 1973 йилда “Тошкент ҳақиқати” газетасида корректорликдан бошлаган.

Қайта қуриш йилларида ошкоралик муаммолари ҳақида ёзилган “Қуръон ва Қурол”, “Ёнаётган аёл”, “Ёпиқ эшикнинг очилиши” каби туркум таҳлилий очерклари Ўзбекистонда журналистга шуҳрат келтирган.

1990 йилда Жаҳонгир Муҳаммад Ўзбекистон Халқ депутати этиб сайланган.

1990-1993 йилларда у Ўзбекистон Олий кенгашида Ошкоралик қўмитаси раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Жаҳонгир Муҳаммад унга нисбатан сиёсий босимларнинг кучайиши ортидан 1993 йилда Ўзбекистонни тарк этди.

Бугунга қадар Жаҳонгир Муҳаммад асарлари АҚШ, Туркия, ва Озарбайжонда чоп этилган.

Лекин журналист унинг асарлари Ўзбекистонда таъқиқланганини айтади.

Айни пайтда Жаҳонгир Муҳаммад Қўшма Штатларда Халқаро тилшунослик марказида катта илмий ходим вазифасида ишлаб келмоқда.

У тилшунослик борасида АҚШда нашр этилган тўртта китобнинг ҳам муаллифидир.

Суҳбатнинг радио версиясини шанба кунги "Дараклар" дастурида тинглай оласиз.


Темуржон, Буюк Британия: Жаҳонгир ака, Андижон 2005 йил воқеаси ҳақида Сизнинг холис фикрингизни билмоқчи эдим.

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Аввало савол йўллаган барча-барчага чин дилдан самимий миннатдорчилигимни билдираман. Савол йўллаганларни ҳаётга, жамиятга, дунёнинг оқимига бефарқ бўлмаган, лоқайд бўлмаган инсонлар деб биламан.

Демак, Темуржоннинг Андижон масаласидаги саволига жавобан шуни айтишим керакки, бу борада ҳали энг муҳим нуқталар яширин, энг муҳим гаплар айтилган эмас. Мен ҳозир “Андижон” номли тарихий бир роман ёзаяпман. Шу китобда Андижон дунёда демократия ва диктатура, манфаат ва манзилат, дин ва дунёвийлик, инқилоб ва инқироз, Ғарб ва Шарқ анъаналари тўқнашувининг эпицентри бўлганини кўрсатишга уринганман. Яқин орада бу китобни эълон қилиш ниятим бор.

Жаҳонгир Аҳмедов, Ўзбекистон: Нима деб ўйлайсиз, Ислом Каримовнинг иккала қизини норасмий сиёсатга аралашиб юришлари Ўзбекистон учун фойдаси борми?

Жаҳонгир Муҳаммад: Бу масалада жуда кўп ёзганман. Биз истаймизми, истамаймизми, ҳокимиятни босиб олган диктаторларнинг болалари мамлакатни ўзларининг томорқалари деб билганлар, билмоқдалар. Лекин ҳар қандай ҳолда бу уларнинг разолати, шармандали якуни билан битган. Уларнинг сиёсатга бурун суқишлари ҳеч қачон халққа фойда келтирмаган ва бу уларнинг ўз нафсларини қондириш йўлидаги эрмакларидир.

Наргиза Мирсаидова, Туркия: Жаҳонгир ака, фараз қилиб кўринг: агар имконият туғилганида келажакда Ўзбекистон президентлигига ўз номзодингизни қўйиб, мабодо сайловда ютиб чиққанингизда ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ўрнида қандай ислоҳотлар олиб борган бўлур эдингиз? Ўзбекистон Республикасининг кейинги президентлигига қайси шахс номзодини қўллаб-қувватлаган бўлардингиз?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Мен ҳеч қачон бундай орзу қилмаганман ва бугун ҳам бундай орзуим йўқ. Лекин мамлакатда ислоҳотлар қилиш ёки мамлакатни қандай қутқариш ҳақида доим ўйлаб юраман. Биласиз, диктаторлар нафақат рақибларини, балки уларнинг фикрларини ҳам йўққа чиқаришга уринадилар. Мана биз 20 йилдан бери демократия деб курашдик. Бугун шундай нуқтага келдикки, эртага диктатор ўлиб-нетиб қолса, бирданига тўла демократия ўрнатилса, Ўзбекистон деган давлат дунё харитасидан учиб кетиши мумкин. Атайлабдан шундай ҳолга келтирилди.

Шунинг учун энди бундай шароит туғилганда демократияни, ислоҳотларни қадам-бақадам амалага ошириш керак бўлади. Биринчи галда матбуотга эркинлик берилиши ва иккинчи навбатда эркин сайловлар ўтказилиши, кейин қадам-бақадам қолган соҳаларни ҳам ислоҳот қилиб бориш керак.

Айниқса, иқтисод масаласида ҳушёр бўлиб иш қилинмаса, мамлакат ва халқ бундан ҳам баттароқ хонавайрон бўлади. Чунки иқтисодий ислоҳотлар аввалига халқни қийин аҳволга туширади ва ундан кейингина секин-аста ўнглайди. Халқ эса ана шу ўнгланиш даврига бардош бера олмаслиги мумкин.

Ислоҳотларга киришишдан олдин халқ билан ҳукумат орасидаги ишончни тиклаш лозим. Яъни халқ ҳукумат учун эмас, ҳукумат халқ учун ишлашини исботлаш керак. Халққа очиқ, юзма-юз мурожаат қилиб, унинг барча ҳуқуқлари таъминланиши, милиция ва судлар ҳукуматни эмас, халқни ҳимоя қилиши, бу борада шахс диктатураси эмас, балки қонунлар диктатураси ҳукмрон бўлишини нафақат сўзда, балки амалий ҳаракат билан ҳам кўрсатиш лозим.

Президентдан тортиб, оддий тракторчигача қонун олдида баравар бўлиши шарт. Ҳукумат раҳбарлиги, ҳокимлик, сенаторлик, депутатлик…- буларнинг ҳаммаси халққа хизматкорлик деб номланиши ва хизматкор бўлишни чин дилдан истаганларгина бу соҳаларга киришлари лозим. Бу соҳалар имтиёзлар манбаига айландими, демак, коррупция зарпечаги қоплайди ҳамма ёқни, ислоҳот бугунги каби исловотга айланиб кетади.

Аслида Ўзбекистонда ислоҳот қилиш қийин кечмайди. Бошқа давлатлардаги диктатуралардан кейин ислоҳотлар оғир кечгани уларда қонуний замини ҳозирлаш узоқ вақт олгани билан ҳам боғлиқдир. Ўзбекистонда эса жаҳон талабларига мос тушадиган қонунлар яратилган. Аммо уларнинг ижроси нолга тенг. Ҳукумат чиқарадиган қонун ости қарорларни бекор қилиб, мавжуд Конституция ва қонунлар ижросини йўлга қўйсангиз, Ўзбекистон жуда тез ва яхши томонга ўзгаради.

"Ўзбекистон Республикасининг кейинги президентлигига қайси шахс номзодини қўллаб-қувватлаган бўлардингиз?" деган саволингизга жавобим: Тили билан дили, сўзи билан амали бир бўлган, шахсий манфаатини халқ манфаатидан устун кўрмаган, ҳақиқатдан ҳам халққа хизмат қилишни истаган, демократияни фақат гапда эмас, ҳар кунги одимлари билан кўрсата олган, мансабга тиш-тирноғи билан ёпишмайдиган, керак пайтида мансабдан кеча оладиган, танқидни иғво ва шантаж деб тушунмайдиган, бошқаларга ҳам қулоқ соладиган, меҳрибон ва виждонли шахснинг номзодини қўллаган бўлардим. Шундай одамлар борми? Бор. Лекин номларини айтсангиз, бугунги шароитда уларни тезда йўқотишлари ёки ёмонотлиқ қилишга уринишлари мумкин.

Нигора Озоджонова, Барселона, Испания: Жаҳонгир ака, фақат танқидимни тўғри қабул қиласиз деган умиддаман, илтимос сиздан. Жаҳонгир ака, шахсан мен сизни эркин демократ сифатида жуда ҳурмат қиламан! Лекин шахсий веб-саҳифангизни ва мақолаларингизни ўқиб англадимки, сиз ҳалиям мозийга қараб иш кўраётганга ўхшайсиз. Доимо Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилавериб чарчамадингизми? Нуқул танқид қилавермасдан ўз шахсий ғоя ва таклифларингиз билан чиқиб, Ўзбекистон ҳукуматига ёрдам бериш вақти келмадимикан?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Раҳмат танқидингиз учун. Лекин мозийга қараб келажакни кўриш мумкин. Мозийга юз ўгирсангиз бу келажакка ҳам юз ўгириш бўлади. Бугунга қадар мавжуд ҳукуматни фақат танқид қилмадик. Балки ғоя ва таклифларни ҳам айтдик. Буларни Қатағон(2005.Савол-Жавоб) , 2006 йил (Савол-Жавоб) , Ҳайқириқ (2007. Савол-Жавоблар) китобларида кўришингиз мумкин. Аммо диктатор бундай фикрларга қулоқ солмайди. Чунки бундай ғоя ва таклифларни у охир оқибатда ўзининг йиқилишига замин яратади деб тушунади. Яъни катта шубҳа билан қарайди.
Бундан ташқари диктатура ва демократия икки қутбдир. Бири бирига зид. Шунинг учун бизнинг оддийгина таклифларимиз ҳам катта танқид бўлиб кўринади. Каримовдан кейин келадиган раҳбар, агар истаса, унга чин дилдан ёрдам беришга ҳозирмиз. Демократик дунёда яшаб ортирган тажрибаларимиз унга қўл келиши мумкин. Агар у׃

-Президентлик мангу эмаслигини тушунган инсон бўлса,
-Шахсий манфаатдан халқ ва мамлакат манфаатини устун қўя олса,
-Халққа эркин сўзлаш, эркин сайлаш, эркин ишлаш, эркин яшаш ҳақларини чин дилдан кафолатлаш нияти бўлса биз унинг ёнидамиз.

Ўшлик нонвойчи: Жаҳонгир ака, сизни мухолифатдаги мавқеингиз учун ҳурмат қиламан. Аммо, баъзида, четдаги ўзбек мухолифати вакиллари ўзаро баҳамжиҳат бўлмасдан, бир-бирларининг шахсига тегиш даражасида ҳақорат қилишларини тушуна олмайман. Сизнинг ҳам шу каби фикрларингизни ўқиганман. Ўзаро бирлаша олмаган ўзбек мухолифати 27 миллионлик халқни бирлаштира оладими?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Албатта, биз бир-биримизни ҳурмат қилишни ўрганмасак, халқ бизни ҳурмат қилмайди. Бугунга келиб, кўпчилик буни англаб қолди. Баъзилар эса англай олмаяптилар. Яъни улар ўзларини ислоҳ қила олмаятилар. Ўзини ислоҳ қила олмаган киши бошқаларга таъсир қила олмайдиган мавқега тушиб қолади. Буни кўриб турибмиз. Ўзимга келсак, ҳеч кимнинг шахсини ҳақорат қилганим эмас. Доим журналистик талаблар доирасида, далиллар билан ёзганман ва бошқалардан ҳам шундай жавобни кутганман. Лекин афсус..

Бирлашиш ҳақида… Бу борада кўп уриндик. Мен ўзим 1991, 1992, 1994, 2005 йилларда бу хусусда бевосита, амалий таклифлар билан чиқдим. Лекин баъзан бошида, баъзан бир бирлашишга бир қадам қолганда ҳаракатларимиз пучга чиқарилди. Хуллас, бунга қарийб 20 йил вақтимиз кетди. Бўлмади. Аммо бўлмайдиган нарсанинг ўзи бўлмайди. Балки келажак бунинг уддасидан чиқар. Гапингиз мутлоқ тўғри, ўзаро бирлаша олмаган куч халқни бирлаштиришга қодир бўлолмайди.

Жамшид Содиқ ўғли, Лондон: Мухолифатни бирлашиши учун қандай ишлар олиб бормоқдасиз? Умуман мухолифатнинг бирлашишига қандай қарайсиз?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Бу саволга юқорида қисман жавоб бердим. Шуни қўшимча қилмоқчиманки, манфаатлар муштараклиги пайдо бўлса бирлашишнинг турли кўринишлари ҳам туғилади. Демак, бугунгача манфаатлар муштарак бўлмади. Оғизда ҳамма диктатурага қарши бўлгани билан қандайдир шахсий манфаатлар бундан устун келдики, бирлашиш бўлмади. Лекин бир кун сиёсий манфаатлари уйғун бўлганлар бошқа-бошқа кимликлари ва ташкилотларини сақлаб қолган ҳолда битта сиёсий платформада албатта бирлашадилар.

Акбар Раҳмонов, Қўшма Штатлар: Жаҳонгир ака, кўпгина порахўр амалдорларнинг чет элга қочиб бориб, демократ бўлиб олганларига гувоҳ бўлдик. Умуман ҳақиқий демократлар ва амалидан эрта айрилган амалдорларни ажратиш вақти келмадими?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Кимнинг кимлигини кўрсатадиган кўзгу бу вақтдир. Биз порахўр деган одам балки соф одам бўлиши ёки биз соф деган одам аслида ашаддий порахўр чиқиши мумкин. Буни кўп кўрдик. Биз гувоҳи бўлмаган ва қўлимиз билан ушламаган бўлсак, гумон билан бировни айблай олмаймиз. Гумон иймондан айиради. Агар ўша собиқ амалдор четга қочиб чиқиб золим режимнинг кирдикорларини далиллар билан фош этса, отасига раҳмат. Лекин битта уйга бекиниб ўтирса ва орада бир "мен қочиб чиққанман" хиргойисини қилса, ундайлар ўз ўзларидан унут бўладилар.

Васила Мирсаидова, Буюк Британия: Жаҳонгир ака, Ўзбекистонда эркин ва озод демократик, фуқаровий жамияти қуриш учун биринчи галда қандай ишларни олиб бориш шарт ва зурур деб ҳисоблайсиз?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Юқорида айтганим каби, жумладан:

-Сиёсий партиялар тузиш ва фаолият эркинлиги,
-Эркин сайловлар,
-Эркин матбуот,
-Эркин сўзлаш,
-Эркин меҳнат,
-Қонунлар ҳукмронлиги,
-Ноҳукумат ташкилотларнинг кучли пойдевори,
-Замонавий технология, хусусан интернет эркинлиги таъминлансагина демократик, фуқаровий жамият қуриш мумкин.

Асадбек Асадов, Лондон: Жаҳонгир ака, Ўзбекистонда Исломий давлатми ёки эркин ва озод демократик давлат қурмоқ керак деб ўйлайсиз? Сиз қайси жамиятни қўллаб қувватлайсиз?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Албатта мен демократик, озод давлат тарафдориман. Мафкура масаласида эса, 1997 йилда "Мафкура ва мафкурасизлик ёки тўрт тарзли сиёсат" деб маоқла ёзганман. Бу бир неча тилларда, жумладан инглиз тилида ҳам чоп этилган. Ўша мақоламга бир назар ташлашингизни тавсия қилган бўлардим. (http://turonzamin.org/2007/11/05/1-164/)

Омон Файзулла ўғли, Туркия: Нега ҳозирги кунда Юсуф Жумадек буюк миллат шоирлари етишиб чиқмаяпти Ўзбекистондан?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Юсуф Жумадек миллатимизнинг буюк шоири олдинги замонларда эмас, бугунги замонимизда етишиб чиқди. Лекин биз уни қадрлай олмаяпмиз. Уни ардоқлай олмаяпмиз. Миллатнинг минг йилда бир туғиладиган бундай шоири золимнинг зиндонида. Уни озод қилиш учун бош кўтариб, сўзимизни ҳар кун, ҳар соатда айтмаяпмиз. ЮСУФ ЖУМАГА ОЗОДЛИК! Бу ҳайқириқни ҳамма жойда, ҳар кун, ҳат соат, ҳар дақиқа такрорласак, миллатимизнинг виждонини золим зиндонидан қутқарамиз.

Володя Зуфаров, Россия: Сиз Ўзбекистон презденти Ислом Каримовнинг ашаддий танқидчиси ҳисобланасиз.. Сиз президент Каримовни “кучли диктатор,” деб ҳам атадингиз. Хўш, диктатор Каримовнинг шу даражага етишишига сиздай Ўзбекистон парламентининг собиқ депутатлари айбдор эмасмикан? Унинг ўз ўрнида ҳалигача қолишига балким сиз каби инсонлар замин яратмадимикан?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Қисман ҳақсиз Бу борада китобларимда кўп ёздим. Ҳатто аниқ исмлар ҳам келтириб ёздим. Масалан “ИАК” китобида. Ҳозир уни такрорлашга ҳожат бўлмаса керак. Биргина 1991 йилдаги 7-сессияда бизни қўллаб қуваталaшганда эди Ўзбекистоннинг бошига бунча балолар келмаган бўларди.

Бўстон: Ўзбекистон учун ечим нима? Битта Каримов кетиши билан иш битмайди. Халқ ҳам, очиғи ўзгарган. Ўзбекистонга қайтиш ниятларингиз борми?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Ўзбекистон учун ечим демократик йўлдир. Демократия бу мафкура эмас. Бу халқнинг ўз-ўзини идора қилиш усулидир. Халқ ўзини ўзи бошқарса, у ўзига энг маъқул йўлни ва мафкурани танлай олади.

Каримов кетиши билан кўп нарса ўзгармайди. Аммо баъзи нарсалар ўзгаради. Ўша кунларда Ўзбекистонга қайтиш ниятим бор. Орзу ва умид бизни бугунга қадар ушлади, ўша кунлар ҳам насиб этсин!

Абдулла,Тошкент: “ИАК” номли асарингизда Ўзбекистонда, хусусан сиёсат ва жамиятда сиз эҳтимолий ўзгаришлар ҳақида ёзган эдингиз. Мана орадан анча пайт ўтди. Сиз кутган нарсалардан қайсилари амалга ошди ва қайси тахминларда адашган бўлиб чиқдингиз?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Ўзбекистон учун мен кутган кўп нарсалар амалга ошмади. Агар инсон боласи кутган нарсаларнинг ҳаммаси амалга ошганда эди, бу дунё мутлоқ бошқача бўларди. Мен адашган тахминлардан энг каттаси золимнинг зулмати шунчалик узоқ қолаётганидир. Мен унинг бунчалик туришини тахмин қилган эмасман.

Рухшона: Журналистларнинг танқиддан ўз манфаатлари йўлида шантаж мақсадида фойдаланишига қандай қарайсиз?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Биласизми, биз ҳали танқидга ўргана олмадик ва ҳазм қила олмаймиз. Шунинг учун ҳам танқидни иғво, шантаж деймиз, танқид қилувчини эса ёмонотлиққа чиқарамиз. Агар бировнинг шахсига тегмай, туҳмат қилмай, далиллар билан танқид қилса, бу жамиятнинг фойдаси. Танқид қилинган одам биринчи галда нуқсни ўзидан излаши ва топа олмаса маданият билан жавоб бериш керак. Журналист ҳам одам. У ҳам хатолардан мустасно эмас. Аммо у хато қилмасликка уринган одам бўлиши керак.

Ўзбек Турон, Тошкент, Ўзбекистон: Ҳурматли Жаҳонгир Муҳаммад. Мустақил бўлганимизга 19 йил тўлган бўлса-да, ўзбеклар ҳанузгача исмлардаги руслардан қолган қўшимчалардан ( – ов, – вич, – на) фойдаланиб келадилар. Ўзбеклар ўзлигига қайтса, ота-боболари қандай аталган бўлса, шундай аталса бўлмайдими?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Гап исмда эмас, гап жисмда, инсоннинг жисмида. Ўзбекчилик дегани исмнинг қандай ёзилиши билан белгиланмайди. Ким боласига қандай исм беради ва ким исм-шарифини қандай ёзади бу унинг хусусий иши. Бунга бизнинг аралашишга ҳаққимиз йўқ. Ҳар бир инсоннинг ўз шароитидан келиб чиқиб қиладиган ишлари бор. Кимдир ҳужжатларини қайтадан ўзгартириб чиқишга имкон тополмайди. Яна кимнингдир бошқа сабаби бор. Бугун русча деб ( – ов, – вич, – на) ларни тақиқласак, эртага навбат форсача исмларга келмайдими? Кейин араблардан келган бошқа исмларни ҳам ўзгартирамизми?

Бир пайтлар Туркияда ҳаммага туркча исм олишни мажбур қилишган. Бугунга келиб у ерда бу катта муаммодир. Кимнинг кимлигини билишолмайди. Одамлар ўз тарихлари, ўз шажараларини аниқлай олмай қийналмоқдалар.

Бугун жамиятда бунданда муҳим бўлган масалалар бор ва олдин ана ўшалар билан шуғулланиш керак. Агар жамият эркин бўлса, одамларга қулайлик берса табиийки улар ўз истаклари билан истаган номларни оладилар ва истаганлари қадар ёзадилар. Авлодлар алмашавергач, номлар ҳам замонга мослашиб бораверади.

Бугун сабабларини билмасдан исм-шарифларида қўшимча бўлганларга зулм қилмаслик керак деб ўйлайман. Яъни бир пайтлар исм-шарифларга қўшимчалар золимлар томонидан мажбурий тарзда қўшилган ва биз ҳам ўша золимларнинг даражасига тушиб буни мажбурий тарзда қилмайлик…

Озод, Тошкент: Ўзбекистон шароитида Ўзбекистон ичида нима қилиш керак?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Бу савол жуда умумий. Ким нима қилиши керак? Журналистми? Мухолифатчими? Ҳукумат мулозимими? Шунинг учун саволингизни демократия учун нима қилиш керак, деб қабул қилдим.

Бу ерда тарихдан машҳур ташкилот ҳужжатида бундан қарийб икки юз йил олдин илгари сурилган бир талабни эслаш ўринлидир. Ўшанда улар ўз ташкилотларига аъзо бўладиган одамларга “Агар сен туфли тозалайдиган бўлсанг, душманнинг туфлисини ялтиратиб қўймасанг, шунинг ўзи ҳам катта хизмат” дейишган.

Бизда туфли тозалайдиганлар оз, аммо диктатуранинг туфлисини ялтиратиб қўядиганлар жуда кўп. Депуталикка рўйхатга олишмаса, “Буни пошшомиз билмайдилар” деб жар солишади. Ҳокимликдан бўшатишса, “Буни президентимиз билмайдиларда” деб оҳ уришади. Дуо ўқишса “Пошшо Аллоҳнинг ердаги сояси” деб қўлларини юзларига тортишади ва ҳоказо.

Бугунги Ўзбекистон шароитида Ўзбекистон ичида ҳеч бўлмаса диктатурага малайлик қилмаслик, унинг туфлисини ялтиратиб қўймаслик ҳам демократия учун, озод келажак жуда катта хизмат.

Аброр Ниёзов, Ўзбекистон: Жаҳонгир ака, “буюк келажак” ўзи нима ва у қачон келади?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ 1992 йилнинг бошида Тошкент шаҳар фаоллари йиғилишида Ислом Каримов жаноблари Талабалар шаҳарчасида юз берган воқеалар ҳақида гапирар эканлар, олти ой муддат сўрагандилар, бизни буюк келажак кутаётганини айтиб, олти ойда жаннатни қуриб беришни маълум қилгандилар.

Ўшанда у киши жаҳаннам сўзини адашиб жаннат деб юборган, шекилли, мана орадан 18 йил ўтди, лекин буюк келажак деган тушунча анқонинг уруғи ҳақидаги афсонага ўхшаб қолди. Афсоналар чиройли, диққат тортар бўлади. Эшитиб, ишониб, оғзингиз очилиб қолади. Аммо афсонани эшитиш бор, кўриш йўқ. Биз энди афсоналарнинг маҳлиёси бўлиб қолишдан чекинишимиз керак. Тарки одат амри маҳол бўлмасин-да!

Хуллас, кимдир биз учун эмас, бизнинг ўзимиз биз учун истасак, ўзимизга яхши келажакни яратишимиз мумкин.

Муҳаммад Фазлиддин ўғли, Покистон: Мен асли афғонистонлик ўзбекман. Би-би-сини доим тинглаб бораман. Жаҳонгир ака, сиз президент Каримовни кўп танқид қилиб келасиз. Хўш, мана шахсан Афғонистондаги воқеа ва ҳодисалардан хабарингиз жуда яхши бўлса керак. Мен шахсан тинч ва барқарор Ўзбекистон мамлакатига жуда ҳавасим келади. Тинчлик бўлган жойда яшаш мен учун армон бўлиб қолмоқда. Жаҳонгир ака, жаноб Каримов олиб бораётган сиёсат (у ўз давлатини тинч, уриш-жанжалсиз бошқариб келмоқда) наҳотки шунинг ўзи буюк иш бўлмаса?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Дўстим, Швецияда ҳам тинчлик. Америка ва Норвегияда ҳам тинчлик. Украина ва Қирғизистон ҳам Афғонистонга айланган эмас. Финляндияда ёки Болтиқ бўйи давлатларида қон тўкилаётгани йўқ. Олис Канадада ҳам одамлар тинч ва эркин яшамоқдалар.

Сиз айтган гап худди ёш болани “ухла, ана қўшнимизнинг боласини алабўжи ўғирлаб кетибди, агар ухламасанг сени ҳам олиб кетади” деб қўрқитиш учун айтиладиган гапга ўхшаб қолмоқда. Лекин сизни тушунаман. Урушлар ва қон тўкилишлар даҳшатини яшаганлар учун тинч диктатура шароити ҳам жаннат бўлиб кўринади.

Биз ҳам тинч ва барқарор келажак истаймиз. Бугунги сиёсат эса бугунги муваққат тинчликни таъминламоқда. Сувнинг усти тинч, аммо таги нотинч бир вазият вужудга келтирилган. Биз кабиларнинг ҳам мақсади Ўзбекистон келажаги Афғонистонникидек бўлиб қолмасин деган мақсаддир. Яъни шу нуқтада сиз билан фикримиз жуда яқин. Шунинг учун ҳам курашнинг қуролли йўлини танлашни эмас, бали курашнинг демократик йўлини танлашни тарғиб қилиб юрибмиз. Бу узоқ йўл, аммо Афғонистон йўлидан яқинроқ йўлдир.

Акмал Сидиқов, АҚШ: Ҳаммага маълумки, ҳозир Ўзбекистонда авторитар тузум мавжуд. агар Каримов ҳукумат тепасидан кетса, бу тузум давомийлиги сақланиб қоладими ёки тугатилиши мумкинми?

Жаҳонгир Муҳаммад׃ Шу кеча кундузги шароитдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бу тузум аввалига сақланиб қолади. Бир муддат. Лекин режим қадам-бақадам бузилади. Тарих миллион марта исботлаган нарса бу׃ золимдан кейин тахт қулайди. Чунки золим ўзини асраш учун тахтини емирган бўлади. Ўзбекистоннинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий потенциали бу режимни узоқ кўтара олмайди. Буни Каримовнинг ўрнига келадиган одам қанча тез тушунса, бу мамлакат учун ҳам, миллат учун ҳам, унинг ўзи учун ҳам шунча яхши бўлади…

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Шоҳида Тўлаганова Би-би-си меҳмони
Шоҳида Тўлаганова саволларга жавоб берди
 
 
Оксана Чусовитина Би-би-си меҳмони
Оксана Чусовитина-'бутун қалбим билан Ўзбекистондаман'
 
 
Ижод Олим Отахон:
'ҳайқирсак, чумоли ҳам эшитмайди ҳайқириғимизни'
 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy