Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 29 Январь, 2010 - Published 14:39 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони - 'Ёмғирларни майдалатган' хонанда Кумуш Раззоқова
 
Кумуш Раззоқова ўзи ижро этган ҳар бир қўшиқнинг Ўзбекистонда "ҳит" бўлишига эриша олган саноқли эстрада қўшиқчиларидан биридир
Кумуш Раззоқова ўзи ижро этган ҳар бир қўшиқнинг Ўзбекистонда "ҳит" бўлишига эриша олган саноқли эстрада қўшиқчиларидан биридир
Рукнимизнинг бу галги меҳмони ўз ижроси билан "майда ёққан ёмғирларни ҳам майдалатган" ўзбекистонлик хушовоз хонанда Кумуш Раззоқова.

Кумуш Раззоқова Ўзбекистон эстрадасида ҳақиқий юлдуз иккита бўлса, ўшандан албатта биттаси сифатида эътироф этилувчи санъаткордир.

Хонанда ўзига хос овози, ижроси, шеър ва мусиқа танлаш бобидаги нозик диди билан ўзбек қўшиқчилигида алоҳида ажралиб туради.

Кумуш Раззоқова "Садо"дами, "Наво"дами ёки яккахон бўлиб, ўзи ижро этган ҳар бир қўшиқнинг Ўзбекистонда "ҳит" бўлишига эриша олган саноқли эстрада қўшиқчиларидан биридир.

Хонанда санъат оламидаги қарийб 30 йиллик фаолияти давомида бири бирига ўхшамаган, аммо ҳар бири ўз мухлисларининг кўнглини бирдек забт этган юзлаб қўшиқлар ижро этишга муваффақ бўлган.



Кумуш Раззоқова муштарийларимиз саволларига жавоблари билан:

Би-би-си: Сизга илк саволимиз Ўзбекистондан, Азаматдан. Азамат, “Кумуш опа, мен сизнинг қўшиқларингизни, айниқса, “ёмғир ёғар майда, майдалаб,”ни жудаям ёқтираман. Сизга саволим – нега ҳозирги кунда қўшиқларингизни фақатгина телесериалларга ёзилган “soundtrack”ларда эшитаяпмиз? Ҳозирда ўз ижод маҳсулларингизни халқимизга кенг тақдим этмаётганингизнинг сабаби нимада? Ёки бунга бугунги шоу-бизнес оламидаги салбий рақобат сабабмикин?” деб қизиқибди. Яна Мақсуд ҳам шунга ўхшаш савол юбориб, “Бугун нима иш билан банд эканингиз”ни сўрабди.

Кумуш Раззоқова: Ўша саволнинг ичида “бугунги ўзбек шоу-бизнесидаги рақобат” деган сўзни эшитдим. Рақобат, деган сўз бизнинг бугунги шоу-бизнесимизда борми-йўқми, буни ҳали ўйлаб кўриш керак. Энди ёшларнинг, нима дейди, ўзининг “тусовкаси” бор. Бизнинг ёшимиздаги санъаткорлар камдан-кам кўринишади. Бунинг нимага боғлиқ эканини ўзим ҳам билмайман. Балким, продюсерлик мактабининг йўқлигигами....Агарда концертлар бўлганда таклиф қилишганида, мен жон деб қатнашардим, ростини айтсам. Бир хил хонандалар бор, ўзларига ўзлари қўшиқ ёзишади. Мен ўзим қўшиқ ёзмайман. Бир-икки марта тажриба қилиб кўрганман, ўзимга ёқмаган, шунинг учун ҳам бунга қайтиб қўл ураётганим йўқ. Агарда бастакорлар янги қўшиқларини таклиф этишганида, мен жон деб ижро этардим. Лекин унақанги таклиф нимагардир тушмаяпти. Бу бастакор ва шоирларимизга савол бўлиши керак: “Нимага янги қўшиқлар йўқ?..”

Би-би-си: Швециядан Саид Рўзиев эса, “Кумуш хоним, сиз қўшиқ, яъни шеър танлашда кўпроқ нимага эътибор берасиз? Чунки қўшиқларингиз бир-биридан чиройли. Агар малол келмаса, “Унутма мени” қўшиғидан озгина айтиб берсангиз,” деб илтимос қилибди.

Кумуш Раззоқова: Энди “Унутма мени” қўшиғини ҳозир айтолмайман. Бироз шамоллаганман. Шеърга келсак, маъноси йўқ шеърларни ҳеч қачон ёқтирмаганман: “Кокилларинг, кўзларинг, сочларинг,..” деган қўшиқлар ёқмайдиям, унақанги шеърлар ҳам ёқмайди. Менга кўпроқ қанақадир драматик ҳодисаларга бой шеърлар ёқади. Шунинг учун ҳам бастакор Дилором Омонуллаева шоир Усмон Азим шеърларига ёзган қўшиқлар ички дунёмга кўпроқ яқин бўлган шеърлар, қўшиқлар бўлган.

Би-би-си: Туркиядан бошқа бир муштариймиз эса, “Кумуш опа, нимага Гугушхоним сизнинг қўшиғингизни ўзиники қилиб, сўрамасдан ижро этган?” деб сўраяпти.

Кумуш Раззоқова: Энди, бу қўшиқлар,..ростини айтсам, бу менинг қўшиғим эмас. Чунки унинг муаллифи бор. Бу қўшиқни Ўзбекистон Халқ артисти Фаррух Зокиров ёзган. Бу қўшиқ 1983 йилда ишланган “Водиллик келин” бадиий фильми учун ёзилган эди. Ўша фильмдан бошлаб, “Унутма мени” қўшиғи яккахон хонанда сифатида биринчи ижро этган қўшиғим бўлган. Бу қўшиқ энди ўша пайтдан “классика” бўлиб қолган. Қўшиқларимни олиб, “классика”дек ҳурмат қилиб, ижро этишса, мен бундан жуда ҳам хурсандман. Энди, сўрабми, сўраб эмасми, албатта, кимдир агарда олдимдан ўтса, мумкинми-йўқми деса, мен албатта йўқ демайман. Лекин бу қўшиқлар ҳаётга кириб кетган қўшиқлар,..Яхши қўшиқларни ижро этиб, агарда одамлар ўзига яқин қилишса, ўша қўшиқларни ижро этиб, саҳнада ўзи учун ниманидир очса, мен бундан жуда ҳам хурсанд бўламан.

Би-би-си: Яна бир муштариймиз эса, “Садо” гуруҳига қабул қилинган кунингизни тасвирлаб беринг,” деб савол йўллабди.

Кумуш Раззоқова: Мен эстрада қўшиқчиси бўламан, деб ўйламаган эдим, чунки махсус мусиқий тарбиям йўқ эди. Ўша пайтда саҳнага чиқиш учун иккита-учта консерваторияни тугатиш керак, деб ўйлардим. Мен ўрта мактабни битириб, Химия факультетига кирмоқчи эдим. Чунки мактабда яхши ўқирдим. Университетга бориб, Химия факультетига ҳужжатларимни топшираман деганимда, шаҳарда кичкинагина бир эълонга кўзим тушиб қолган эди. Ўша пайтларда “Ўзбекконцерт” деган бирлашма бор эди, улар ёшларни танловга таклиф этишаётган экан. Ўшанда қўрқмасдан танловга борганман. Танловдан ўтганман. Ўша комиссияга раҳматли Ботир Зокиров раҳбарлик қилганди. Танловда мен билан бирга бутун республикадан келган ёшлар ҳам иштирок этишганди. Ўша пайтда раҳбарларнинг бошларига ёш хонандаларнинг орасидан мана шунақанги бир гуруҳ тузсак, деган фикр келган экан. Танловдан ўтганим учун мен жуда ҳам бахтли бўлганман ўша пайт. Бу – ҳаётимдаги жуда ҳам ҳаяжонли лаҳзалар бўлган. Чунки бир кунда профессионал саҳнага келиб қолганман.

Би-би-си: Муштариймиз ҳамиша шундай гўзал ва ардоқли хонандамиз бўлиб қолинг, деб тилак ҳам билдириб қолибди.

Би-би-си: Оврўподан Зафар Ҳамидов эса, “Садо” гуруҳининг тарқалиб кетишига нима сабаб бўлган? Гуруҳдаги бошқа дугоналарингиз бошқа давлатларга кетишганда, сиз нима учун Ўзбекистонда қолгансиз?” деб қизиқибди.

Кумуш Раззоқова: “Садо” тарқалиб кетган пайтда бутун собиқ Шўролар Иттифоқи ҳудудида “перестройка” деган нарсалар бўлиб кетган. Бизнинг гуруҳимиз ичида ҳам қанақадир, келишмовчилик деб айтолмайману, лекин ижодий режаларимизга ҳар хил қарашлар вужудга келган. Иккита қизимиз Москвага кетишимиз керак, деб туриб олишди. Бошқа қўшиқларни айтишимиз лозим, мана ҳаммага ўхшаб Россиябоп ҳитларни айтишимиз керак, деган нималар пайдо бўлди. Мен бўлган гуруҳнинг ярмиси эса, Ўзбекистонда қолиб, ўзимизнинг шарқона қўшиқларимизни ижро этишимиз керак, деган фикрга келганмиз. Фақатгина ўзимизнинг ўзбек қўшиқларимиз, шарқона наволаримиз орқали дунёга танилишимиз мумкин, деган баҳслар бўлган. Яна иккинчи тарафи – ўша 10 йил саҳнада ишлаб келганимиздан кейин ҳар биримиз яккахон хонанда бўлишга тайёр бўлганмиз. Балки бу ҳам битта сабаб бўлгандир, деб биламан.

Би-би-си: Кореядан Икром Сувонов, “Садо” гуруҳининг қолган икки аъзолари ҳозир қаерда, нималар билан машғуллар,” деб, яна бир муштариймиз эса, “Азиза Муҳаммедованинг ижоди ҳақида қандай фикрдасиз, у билан ҳозир алоқангиз борми?” деб савол йўллашибди.

Кумуш Раззоқова: Қолган иккита қизимиз Россияда туришади. Иккаласиям барибир саҳнага яқин. Мила Романиди билан кўп кўришиб турамиз, деб айтолмайману, лекин телефон орқали гаплашиб турамиз. У Тошкентга келса учрашамиз, мен Москвага борсам кўришамиз. Лекин Азиза билан унақанги алоқамиз йўқ.

Би-би-си: Хонанда сифатида Азиза Муҳаммедованинг фаолиятига қандай қарайсиз?

Кумуш Раззоқова: Мен ҳар доим унинг овози жуда ҳам яхшилигини айтиб келганман. Худодан берилган яхши овози бор. Репертуарига келсак, энди, Россиябоп. Мен ўзим лирик хонанда бўлганим учун, менга яқин эмас. Лекин ўзининг йўналиши бор, саҳнада ўзининг интилиши бор. Балким ҳар доим ҳам тўғри йўл тополмас, лекин барибир мана шу интилиши борлиги учун мен уни ҳурмат қиламан.

Би-би-си: Буюк Британиядан Санжар Мажидов, “Кумуш опа, ўзингиз жуда ҳам зўр қўшиқчисиз. Лекин ўзингиз машҳур қўшиқчи сифатида қайси хонандани энг кўп ёқтирасиз?” деб қизиққан. Ўзбекистондан Азамат эса, “Ўзбек шоу-бизнесидаги ўзингизга ёққан санъаткорлар кимлар?” деб сўраган.

Кумуш Раззоқова: Мен ўзи Дайана Росснинг қўшиқларида ўсганман. Шу биринчи саҳнага келганимда, раҳбарим Владимир Барамиков қўлимдан тутиб, магнитофоннинг олдига олиб бориб, Дайана Росснинг қўшиқларини қўйиб, “Мана, сенинг овозингга мос келадиган услуб, мана сенинг овозингга мос келадиган оҳанг, мана шуни эшитгин, балким ўзингнинг овозингни топарсан,” деган. Шу-шу Дайана Росснинг қўшиқларини жуда кўп эшитганман, чунки менинг ҳам овозим баланд бўлганлиги учун....Энди, бугунги ўзимизнинг эстрадага келсак, ёш хонандалар орасида ўзбек эстрадасининг концепциясини ўйлаган, ўша бошидан ўйлайдиган хонандалар жуда ҳам ёқади. Менинг сафдошим бўлган Равшан Намозов деган шунақанги хонандамиз бор. Гулсанам Мамазоитова менга жуда ҳам ёқади. Энди, албатта, Севара Назархон ёқади. Унинг эстрадага ўз қараши бор. Яна Жаҳонгир Отажонов. Унинг менга вокал маҳорати ёқади.

Би-би-си: Туркиядан ўзини сизнинг ашаддий мухлисингиз деб таништирган Муҳиддин эса, “Ҳурматли Кумуш опа, адашмасам, бундан 5-6 йил аввал Тошкентда сизга қарашли Setar FM радиоси иш бошлаган эди. Кейинчалик бу радио негадир фаолиятини тўхтатди. Бу радио ва унинг тақдири ҳақида маълумот бера оласизми?” деб сўраб, сизга чексиз ҳурматларини изҳор этиб қолибди.

Кумуш Раззоқова: Раҳмат, шуни ҳам билишаркан, мен жуда ҳам хурсандман. Ростдан ҳам бундан бир неча йил олдин Setar FM 90 деган радиога мени муҳаррир этиб чақиришганди. Мен бир йилча улар билан бирга ишладим. Ростини айтсам, мен бу соҳада ўзимни тополмадим. Бу ҳам бир қанақадир бир касб. Бунга ҳам қандайдир ўзининг одамлари бўлиши керак, деб ўйлайман. Барибир, мен энди саҳнанинг одамиман. Мен кабинетда ўтиргани ўрганмаган эканман. Ўша бир йил мобайнида радио билан ҳамкорлик қилган бўлсам, мен бир кун ҳам кабинетда ўтирганим йўқ. Кетганимдан кейин радио яна бир йилларчами ўзининг фаолиятини давом эттирди, кейин нимагадир йўқ бўлиб қолди. Ростини айтсам, нимагалигини билмайман.

Би-би-си: Ўзбекистонлик бошқа бир мухлисингиз эса, “Ҳозир муҳожиротда бўлган хонанда Юлдуз Усмонованинг ютуқ ва камчиликларига нисбатан эркин танқидий фикрингиз менга жуда ҳам қизиқ,” деб сўраяпти.

Кумуш Раззоқова: Нимагалигини, сабабларини унча билмайман. Энди, ҳамма инсонларга ўхшаб қаердадир уни эшитдим, буни эшитдим, билмайман, лекин мен Юлдуз Усмоновага ўзимнинг ҳурматларимни айтишим мумкин. Фақат ижодкор сифатида мен уни жуда ҳам ҳурмат қиламан. Чунки бизлар “Садо” гуруҳига ундан олдин келганмиз. Саҳнада мен унинг фаолиятини биринчи қадамлариданоқ кўриб турганман. Ўзбек халқ қўшиқларига жуда ҳам авайлаб эътибор бериши ёқади менга. Умуман, ўзбек эстрадасига бўлган фидойилиги жуда ёқади. Қўшиқлари менга жуда ҳам яқин. Умуман бизнинг ёшимиздаги санъаткорларнинг қўшиқлари бугунги эстрадамизда етишмаётганлиги жуда ҳам билиниб турибди.

Би-би-си: Туркиядан бошқа бир муштариймиз эса, “запрет” қилинган ижодкорлар ҳақидаги фикрингиз билан қизиққан.

Кумуш Раззоқова: Вой, ростини айтсам, мен билмайман, ким бу “запрет”ларни қилади, нима учун қилади, борми бунақанги “запрет”лар... Мен бу тўғрисида эшитаман. Сабаби нима учун тушунмайману, лекин, менимча, бу нотўғри нарса. Ижодкор ижод қилиши учун нима керак – эркинлик бўлиши керак, чунки агарда ижодкорда эркинлик бўлмаса, у ижод қилолмайди. Унга, менимча, ёрдам бериш керак. Агар қаердадир қоқилиб кетган бўлса, у ҳам оддий инсон, унинг ҳам ҳаётий қанақадир нималари бор, у ҳам ўз хатоларини қилади, унга бир шанс бериш керак, хатоларини тузатади, ёрдам бериш керак бу ижодкорга деб ўйлайман. А унақанги “запрет” қилиб, бугун бор, эртага йўқ,...Бунақада эстрадамизни фақат кам қиламиз.

Би-би-си: Аргентинадан Қувондиқ Умаров эса, “Ҳурматли Кумуш Раззоқова. Мен сизни сирли сандиққа ўхшатаман. Нима учун ўзингиз, оилангиз, турмуш ўртоғингиз ва фарзандларингиз ҳақида умуман маълумот бермайсиз?” деб, Олмониядан Саида эса, “Кумуш опа, аввало санъатингизга офарин деб, бошқа мавзуда савол берса: “Оилангиз ҳақида кам ўқиганмиз, кам эшитганмиз, фарзандингиз борми?” деб сўраяпти.

Кумуш Раззоқова: Мен, энди, оддий инсонман. Ўзимнинг оилам тўғрисида кўп гапирганман. Онам, опа-сингилларим тўғрисида. Лекин ўзимнинг ҳаётим, яъни шахсий ҳаётим тўғрисида гапиришни унча ёқтирмайман. Энди, турмуш ўртоғимни ҳамма биларди Ўзбекистонда – Владимир Барамиков. У билан 20 йил бирга яшадик. Кейин ажрашиб кетганмиз. Ўшандан бери ўзимнинг шахсий ҳаётим ҳақида гапиришни ёқтирмайман.

Би-би-си: Энг сўнгги саволимиз Лондондан. Аброр, “Кумуш опа, менга исмингиз жудаям ёқади. Агар сир бўлмаса, сизга бу исмни ким қўйган?” деб қизиқибди.

Кумуш Раззоқова: Бу исмни менга адам қўйганлар. Адам раҳматли мен 9 ойлик гўдак бўлган пайтимда оламдан ўтганлар. Энди опамларнинг гапириб берганларига қараганда, адам ҳайдовчи бўлганлар, лекин дам олиш пайтларида болохонага чиқиб, дўстлари билан дутор чалиб, қўшиқ айтишни ёқтирган эканлар. Ҳамда адабиётни жуда яхши кўрган эканлар. Ўша китобларни ўқиганларида қаҳрамонлари шунақанги ёққан бўлса керак, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”романини ўқиб, менинг исмимни Кумуш деб қўйган эканлар. Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романини ўқиганларида, Гулнора деган исм ёқиб олиб, уни опамга қўйган эканлар. Энди, ким билади, агарда улар ҳаёт бўлганларида, яна бизнинг оиламизда бошқа романлар қаҳрамонларининг исмлари бўлармиди, деб ўйлайман.

Би-би-си: Сизга савол йўллаган муштарийларимизга тилакларингиз бўлса, марҳамат, микрофонимиз очиқ:

Кумуш Раззоқова: Мен уларга албатта сиҳат-саломатлик тиламоқчиман. Мен билан ҳамдард бўлишгани учун ҳам, менинг ҳам қанақадир ҳаётий келишмовчиликларим бор, ижодимда ҳам қанақадир баландликлар, пастликлар бор, энди бу ижод, ижод йўли ҳар доим ҳам силлиқ бўлавермайди, шунинг учун ҳам уларнинг борликлари учун раҳмат демоқчиман. Келгусида, энди, албатта одам умид билан яшайди, агарда яна янги-янги қўшиқларим пайдо бўлса, бу қўшиқларни ўзимнинг шинавандаларим учун, мухлисларим учун ижро этаман. Улар биринчи бўлиб ўша қўшиқларимни эшитишади деб ўйлайман.

Би-би-си: Вақтингизни аямай, биз билан суҳбатга рози бўлганингиз ва ажойиб суҳбатингиз учун Сизга каттадан-катта раҳмат!

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Умида Аҳмедова Би-би-си меҳмони
Умида Аҳмедова бокиралик, санъат ва савия ҳақида
 
 
Насиба Абдуллаева Насиба Абдуллаева:
'Аҳён-аҳён бўлса-да, уйингизда қўшиқларим янграб турсин...'
 
 
Рашид Холиқов Рашид Холиқов
ўз ижоди, рэпперлар, мусулмончилик ва вазни ҳақида
 
 
Моҳира Асадова Би-би-си меҳмони
Моҳира Асадова: 'Ортингдан яхши ном қолиши керак'
 
 
Афзал Рафиқов "Жаннат қайдадир" фильмида Домла ролида Би-би-си меҳмони
Таниқли актёр ва бетакрор овоз соҳиби Афзал Рафиқов
 
 
Гулчеҳра Жамилова Би-би-си меҳмони
Гулчеҳра Жамилова Кумуш ва бугунги ўзбек киноси ҳақида
 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy