Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 19 Феврал, 2010 - Published 13:08 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Улкан сув омборлари фойдаси ва зарари нимада?
 

 
 

Чордара
Сирдарё ўрта оқимидаги Чордара сув омбори асосан деҳқончилик учун қурилган. Бироқ юқори оқимдаги тоғли сейсмик ҳудудларда электр олиш учун янада улканроқ сув омборлари барпо этишга киришилмоқда.


Орол денгизи қуриши ва Марказий Осиёда улкан экологик фожеа рўй бергани бир сабаби - Аму ва Сир сувлари бўғилиб, улкан сув омборларига йиғилгани, деб ҳам айтилади.

Аксар сув омборлари асосан деҳқончилик учун тикланган. Лекин ортиқча сувлар Оролга етказилмай, балки бошқа тарафларга оқизилди.

Қозоғистондаги Сирдарё суви ўзанидан буриб юборилиши боис Ўзбекистонда улкан Ҳайдаркўлни юзага келтирди.

Туркман-Ўзбек чегарасида эса Амударёнинг чиқинди сувлари ҳисобидан кераксиз Сариқамиш кўли кенгайиб кетди.

Бугун Орол деярли қуриб битган, минг йиллардан бири зироат ривожланган серҳосил минтақалар - Жанубий Қозоғистон, Тошкент, Жиззах, Фарғона водийси ва Зарафшон воҳасидаги унумдор ерларда шўрланиш кучаймоқда.

Аммо яқин тарихнинг айни воқеликлари Марказий Осиёда янгидан янги сув омборлари тиклашни тўхтата олмаётир.

Сув омборлари нақадар эҳтиёж?

Тожикистон ва Қирғизистон Сирдарё ва Амударё бошланиш оқимларида минтақадаги энг йирик сув омборларини барпо этиб, электр қуввати олишмоқчи.

Бу давлатлар айни улкан лойиҳалар зарарсиз ва энергия мустақиллигимиз учун муҳим, дейдилар.

Бироқ айрим мутахассисларга кўра, на Бишкек ва ё на Душанбе аслида улкан ГЭСларга эҳтиёжманд эмаслар. Улар икки-учта кичикроқ ГЭС барпо этиб ҳам ўз электр эҳтиёжларини қондиришлари мумкин.

Қозоғистондаги оила
Шундоққина Чордара яқинидаги қишлоқларда тоза сув йўқ, қурби етганлар ичимлик сувини сотиб олишади.

Мазкур қадамлар қуйи оқимларда - Ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳам шошилинч тарзда янги сув омборлари қуришни тақозо этаётганга ўхшайди.

Сабаби, мабодо Қирғизистон ва Тожикистон янги улкан ГЭСларни қуришса, у ҳолда қиш пайти кераксиз сув пастга - Ўзбекистон ва Қозоғистонга оқиб келади.

Ўзбек ва Қозоқ далалари сувга ташна ёз пайтлари эса тепадаги қўшнилар қишки электр ишлаб чиқариш учун муҳим сувни янги улкан сув омборларига йиғишлари зарур. Яъни пастдаги чанқоқ далаларга ёзда табиий дарё оқимларидан сув келмай қолиши эҳтимоли кучаяди.

Демакки, қуйи оқимдаги мамлакатлар қишда келадиган кераксиз сувларни йиғиб оладиган янги сув омборларига эҳтиёжмандлар.

Ҳозир Қозоғистон зудлик билан бу ишга киришди. Чимкентдан Ўзбекистон чегарасига қараб юрадиган бир-икки соатлик автоулов йўлида Кўксарой сув омбори деярли қуриб битказилмоқда.

"Кўксарой аксиламал иншооти" - дейди яқиндаги Чордара сув омбори раҳбари муовини Орифхон Бойбўриев -"Ортиқча сувни йиғади ва Сирдарёда сув тортиладиган ёз пайти сувни Оролга жўнатади. Чунки ҳозирги Чордара қиш пайтлари келадиган ортиқча сувларни сиғдира олмай, кўп ерларни сув босди".

Кўксарой қурилиши
Қозоғистон қураётган Кўксарой сув омбори тепадаги қўшнилар қишда чиқариб юборадиган кераксиз сувни йиғиб, ёзда уни Оролга етказишни кўзда тутади.

Дарҳақиқат, Қирғизистон Сирдарё юқори оқимидаги Тўхтағул сув омборида қишда электр ишлаб чиқаришни кўпайтирганда ортиқча сув ўзбек-қозоқ чегарасидаги унумдор далаларни босиб кетди. Аммо қишда сув йиғилмагани боис бу ерлар келаси ёзда сувга зориқиб қолишди.
Кўксарой сув омбори - бундай хунук воқеаларга қарши чора.

"Кўксарой зарур, лекин барибир табиат ишига аралишиш яхши эмас"- дейди Чимкентдаги эколог журналист Алексей Гончаров -"Қозоғистон энди ортқича сувни Ўзбекистонга ҳайдамасдан, Кўксаройда йиғади. Бунинг ортидан Ўзбекистондаги янги Ҳайдаркўл қуриши мумкин".
Ҳайдаркўл атрофида эса аллақачон муайян экологик муҳит ва иқтисодий тизим шаклланиб улгурган. Агар Қозоғистоннинг Чордара сув омборидаги ортиқча сувлар энди Кўксаройга йўналтирилса, Ўзбекистондаги Ҳайдаркўл атрофлари сувсиз қолиши эҳтимоли кучаяди.

Ҳайдаркўл 20-аср охирларида асосан Жанубий Қозоғистоннинг Чордара сув омборидаги ортиқча сувлар ҳисобидан юзага келган.

Чордара - ҳозирча Сирдарё қуйи оқимидаги энг улкан сув омбори.

"Чордара бўлмаса бу ерларда деҳқончилик битмай, яшаб бўлмай қолади" - дейди Орифхон Бойбўриев -"Энг муҳим экинлар - гуруч, пахта, полиз маҳсулотлари, беда... Буларнинг барчаси Чордарадан сув ичади".

Сувсизлик, шўрланиш ва зилзила ҳадиклари

Бироқ сунъий суғориш тизимлари ер сифатини бузмоқда, деган хавотирлар ҳам мавжуд.

Қозоғистон
Сунъий сув иншоотлари ва тинимсиз зироат боис ерлар шўрланиб, ичимлик суви ифлосланган. Сув сотиб ололмайдиган оилалар тортма қудуқлардагн шўр сув ичишга мажбурлар.

"Қизилқум сунъий канали бўйлаб ерлар шўрланган" -дейди мен гаплашган тупроқшунос Каримқул Олдиёров" - Дренаж тизимлари ишдан чиққан, ёзда туз учади".

Айни далалардан кун кўраётган жанубий Қозоғистон қишлоқларидан бирида бунга амин бўлдим.

"Тоза сувни сотиб оламиз. Тортиб оладиган қудуқ суви эса шўр" - дейди болалари даврасида ширин сувда хамир қораётган аёл -"Бизнинг оила кичик. Сотиб олишга қурбимиз етади".

Аммо ҳамманинг ҳам бунга қурби етавермайди. Қишлоқдаги икки-учта тортма қудуқдан ўнлаб хўжаликлар сув ичишади.

Биз келган шом қоронғусида ҳам бир тортма қудуқ бошида сув учун навбатда турганларнинг кети узилмасди.

"Авваллари сув ширин эди. Йил сайин шўрланмоқда" - дейди тортма қудуқ эгаси - "Юз тангага тоза сув оласанми ёки иккита нонми? Биз бу пулга нон сотиб олиб еганимиз дуруст".

Бу ерлардаги деҳқончиоик сув омборлари ортидан тирик. Лекин тинимсиз деҳқончилик боис тупроқ тузланиб, ер ости сувлари шўрланмоқда.

Айни дамда минтақа эҳтиёжлари на сув омборлари, на экин далаларини камайтиришни кўтара олмайди.

Сирдарё
Минтақадаги йирик дарёларнинг юқори оқимидаги давлатлар янги сув омборлари барпо этишса, пастдаги давлатларга таъсир этиш қуролига эга бўлишади.

Электр ишлаб чиқариш учун барпо этилаётган янгидан-янги улкан сув омборлари ер сифатини янада бузади деган хавотирлар ҳам айрим мутахассислар тарафидан айтила бошланган.

Бунинг устига, тоғли мамлакатлар - Қирғизистон ва Тожикистонда тез-тез зилзилалар юз бериб туради. Улкан тўғонларнинг талофат кўриш эҳтимоли эса пастдаги водий ва воҳаларда яшовчи миллионлаб инсонлар ҳаётини доимий хавф остига қўйиши мумкинлиги билдирилмоқда.

Лекин мунтазам энергия тақчиллигидан қийналаётган Душанбе ва Бишкекнинг бугунги ҳаракатлари улкан сув омборларида ишлайдиган ГЭСларни барпо этиш ва ҳам ички эҳтиёжларни қоплайдиган ва ҳам ташқарига сотиладиган миқдорда электр олишдир.

Пастдаги мамлакатларнинг зилзила, янги экологик фожеа ва эҳтимолий сувсизлик хавотирлари ҳалича юқоридаги қўшниларга етиб бормаган кўринади.

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Қозоғистондаги пахтазор Дарё бўйлаб саёҳат
Сувга талаб ошаётган минтақада Сирдарё тортилса не бўлади?
 
 
Сирдарё Қизилўрда бўйида Дарё бўйлаб саёҳат
Қозоғистон Сирдарё суви ўзгаришларидан чуқур хавотирда
 
 
Орол денгизи тубида юрган туялар Дарё бўйлаб саёҳат
Қозоғистон Оролига денгиз ва келажакка умид қайтмоқда
 
 
Орол денгизидаги ташландиқ кемак Дарё бўйлаб саёҳат
Орол ёхуд дарёсини йўқотган денгиз манзаралари
 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy