Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 08 Март, 2010 - Published 09:27 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони - '...энг ўзига хос' эстрада юлдузи Тоҳир Содиқов
 
"Болалар" гуруҳининг яккахон хонандаси бугун ҳам "Энг машҳур, энг чиройли, энг қойилмақом, энг қобилиятли, энг жозибали, энг қувноқ ва энг ўзига хос" қўшиқчидир
"Болалар" гуруҳининг яккахон хонандаси бугун ҳам "Энг машҳур, энг чиройли, энг қойилмақом, энг қобилиятли, энг жозибали, энг қувноқ ва энг ўзига хос" қўшиқчидир
Рукнимизнинг бу галги меҳмони мухлислари баҳо беришда бисотларидаги энг қойилмақом сўзларини аямайдиган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, ҳей-ййй ўша "Болалар" гуруҳининг яккахон хонандаси Тоҳир Содиқов.

Кўплаб шинавандаларининг наздида "Болалар" гуруҳининг яккахон хонандаси бугун ҳам "Энг машҳур, энг чиройли, энг қойилмақом, энг қобилиятли, энг жозибали, энг қувноқ ва энг ўзига хос" қўшиқчидир.

Кимидир унга "Кўзимизнинг нури, қалбимизнинг қўри, қўшиқчилар зўри бўлмиш Тоҳир Содиқов! Қўшиқларингиз бамисоли бир эртак. Уларни кунига 5-6 марта тингласам ҳам зерикмайман. Сизга атаб алоҳида дафтар ҳам тутганман," деб дил изҳорилик қилса, бошқаси, Тоҳир Содиқовни "Ўнлаб йиллар давомида порлаб турган юлдуз"га қиёс қилади.

Қай бир давлат мисолида бўлмасин, эстрада оламида илк ижроси билан миллионлаб мухлислари қалбини забт этолган, дастлабки қўшиғиёқ "ҳит"га айланган, яъни бирданига халқнинг оғзига тушган гуруҳлар саноқли бўлади.

“Болалар” гуруҳи ва яккахон хонандаси Тоҳир Содиқов ҳақли равишда ана шундайлардан биридир.



Тоҳир Содиқов муштарийларимиз саволларига жавоблари билан:

Би-би-си: Тоҳир, энг аввало яна бир альбомингизнинг дунё юзини кўргани билан табриклайман. Агар малол келмаса, янги альбомингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз, нима учун уни айнан 8 март куни тингловчиларингиз ихтиёрига ҳавола этдингиз:

Тоҳир Содиқов: Биласизми, янги альбомимиз “ўлмас мавзу” деб айтилувчи севги ҳақида. Мени ўзимнинг бутун ижодимда асосан фақат севги ҳақида куйлайман. Бизларга энг тўғри келадиган мавзу ҳам шу. Шунинг учун ҳам аёлларимизга атаб, уни 8 март куни чиқардик. Ўйлашимча, жуда ҳам яхши резонанс бўлди. Чунки ўша куни альбомимизни Ўзбекистоннинг барча радиоларида хотин-қизларимизга ҳадя қилдик.

Би-би-си: Энди ўқувчиларимиздан келган саволларга ўтсак. Ўзбекистондан Азамат "Ассалому алайкум, Тоҳир ака. Мен "Болалар" гуруҳининг ашаддий мухлисларидан бириман. Саволим: "Болалар" гуруҳининг 80-йиллар охири ва 90-йиллар бошларида яшиндек тезлик билан ўзбек ёшлари қалбидан жой олганининг, гуруҳ муваффақиятининг сири нимада деб ўйлайсиз? Ҳалигача "Болалар" даражасига етишолган гуруҳ йўқ. Зеро, ёшларбоп қўшиқлар жуда кўп,.." деб сўраяпти

Тоҳир Содиқов: Менимча, бунинг сири бўлмаса керак. Чунки ўша пайтда, яъни Шўролар Иттифоқи парчаланаётган даврда Россияда ўзининг ёшларбоп қўшиқлари билан “Ласковий май” деган гуруҳ чиқиб келган. Яъни бизларнинг пайтимизда. Уларнинг машҳурлиги бутун иттифоқни тутганди. Ўша вақтда Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш гуруҳларга ниҳоятда ташналик сезилди. Биз ҳам нима учун Россияда бору бизда йўқ, деб ўйладик. Чунки республикамизда доимо қўшиқчилик гуллаб-яшнаган бўлган. Мана, ўзингизга яхши аён, Қозоғистон, Тожикистон ёки бошқа, бошқа қўшни давлатлардан ҳам бизларга келиб гастрол беришмайди, лекин Ўзбекистондаги хонандалар у ерларга бориб гастроллар беришади. Шунинг учун ҳам ўша пайтда лозим вақтда керакли жойда бўлганмиз, деб ўйлайман.

Би-би-си: Қирғизистондан Одилжон эса, "Муҳтарам Тоҳир ака! Сизнинг санъатингизни асосан 30 ёшгача бўлган аудитория тинглайди. Бунинг боиси нимада?" деб савол юборибди

Тоҳир Содиқов: Энди, биласизми, Ўрта Осиёда умуман статистика бўйича бутун аҳолининг ёши бор-ку, жуда ҳам ёш ҳисобланади. Айнан республикамизга келадиган бўлсак, аҳолининг аксариятини 30-40 ёшгача бўлганлар ташкил этишади. Шунинг учун ҳам бўлса керак, менимча.

Би-би-си: Туркиядан Темуржон, "Салом, Тоҳир ака. Сизнинг қўшиқларингизни яхши кўраман. Барибир тароналарингиз оригиналдир. Дейлик, сизга бир компаниядан дуэт таклифи тушди ва рўйхатда фақат уч қўшиқчи бор: Шаҳзода, Райхон ва Манзура. Уларнинг қайси бири билан дуэт ижро этардингиз," деб қизиқибди

Тоҳир Содиқов: Йўқ, мен улар билан дуэт айтмасдим. Чунки бу нарсага жудаям бошқача қарайман, яъни бу каби “рекламний трюк”лар мен учун эмас. Мен ҳақиқий санъатни ҳурмат қиламан. Шунинг учун ҳам мен Севара ёки Саяташ билан дуэт айтган бўлардим.

Би-би-си: Оврўпо давлатларининг биридан Алижон эса, "Салом Тоҳир, мен сизнинг тенгдошингиз бўламан, шу сабабли сизнинг қўшиқларингиз менга ўша қувноқ вақтларимни эслатади. Сизга бир саволим бор: Даврон Ғойипов билан ҳали ҳам ҳамкорлик қиляпсизми? Эшитишимча, "Болалар" гуруҳини "Оригинал" деб ўзгартирмоқчи экансиз, шу ростми?" деб савол юборибди

Тоҳир Содиқов: Албатта, Даврон акам рок санъатининг Ўзбекистондаги асосчиси десам, муболаға бўлмайди. Мен у киши билан нафақат санъат соҳасида, балки шундай кўча-куйда ҳам ака-укалардек юрамиз. Ҳалигача муносабатларимиз жуда ҳам яхши, ҳар куни кўришиб турамиз. Мен у кишидан жуда кўп маслаҳат сўрайман. У одамни устоз деб биламан. Лекин шунақа деган гап ҳам бўлган. “Стинг бас гитара чалганидек, сен ҳам қанақадир бир шунақа мусиқачиларни йиғиб, “Оригинал” деб ном қўйиб, рок йўналишига ўтинглар,” деган эдилар. Бу гап бир таклиф сифатида қолиб кетди. Шунинг учун “Болалар” деган бренд деймизми, агар таъбир жоиз бўлса, шу нарсани ҳалича йўқотгим келмаяпти. Чунки бу бизнинг бизнес билан ҳам жудаям боғлиқ нарса. Гастролларга ҳам, масалан, Тоҳир Содиқов деб ёзса, одамларнинг кўпи билмаслиги мумкин, балки.

Би-би-си: Тошкентдан ўзини Жон деб таништирган мухлисингиз, "Ҳурматли Тоҳир. Халқ орасида сиз ва 90-йилларда машҳур бўлган "Оқшом" гуруҳи орасида жиддий можаро юз берган, деган гаплар юради. Буни қандай изоҳлайсиз? Шунингдек, "Саҳар" гуруҳи йигитлари Анвар ва Бобур билан ҳам ўрталарингиздан бирор гап ўтганми? Тан олиш керак, бу гуруҳ ўз вақтида сизга жиддий рақобатчи сифатида тилга олинди. Анвар ҳам охирги берган интервьюсида, "Ўша пайтда Тоҳирда бизга бир қанча саволлари пайдо бўлган" деб айтди. Буни қандай тушуниш мумкин?" деб сўраб, фақат ва фақат ҳақиқатни айтишингизни илтимос қилиб қолибди

Тоҳир Содиқов: Энди, биласизми, бу нарсаларга кўп йиллар бўлган. Бизга рақобатчи бўлмоқчи бўлган гуруҳлар жуда кўп тузилган. Мана, мисол учун, “Эски шаҳар”, “Шофайз”, “Дўмбиробод”,..яна кўп гуруҳлар очилган, лекин мен “Оқшом” ёки саволда тилга олинган бошқа гуруҳларни, тўғрисини айтсам, эслолмаяпман. “Оқшом” гуруҳини, гапнинг рости, яхши танимайман, менимча, янглишишяпти.

Би-би-си: Ўзини фақат Муҳожир деб таништириш билан кифояланган ўқувчимиз эса, "Салом, Тоҳир ака. Ҳозирда турк, ҳинд, араб қўшиқларини таржима қилиб, куйлаётган, қўштирноқ ичидаги "истеъдодли" қўшиқчиларимиз ҳақида фикрингиз қандай?" деб қизиққан

Тоҳир Содиқов: Менга бу савол жудаям ёқди. Уларга муносабатим қанақа бўлиши мумкин. Энди, ўзингиз ўйланг, битта одам ўзи қўшиқ ёзсаю, буни қаергадир олиб чиқмоқчи бўлиб, ўлиб тарғиботи билан шуғулланса, лекин аллақачон халққа танилган, юз фоизлик “шлягер”ни олиб, уни ўзига мослаштириб, балким бузиб айтган одам қаерда?! Мен шунинг учун бунақа хонандалар билан кўп гаплашмасликка ҳаракат қиламан. Уларга муносабатим жуда ҳам, жуда ҳам салбий.

Би-би-си: Буюк Британиядан бошқа бир мухлисимиз, "Мени бир нарса доимо ҳайратга солган. Сиз концертларингизда фақат Тошкент, Тошкент деб қичқирасиз. Сиз учун, нима, тошкентлик бўлиш ўзбекистонлик бўлишдан юқори турадими?" деб сўраяпти

Тоҳир Содиқов: Йўқ, биласизми, чунки катта-катта концертларимиз ва илк бор бизнинг саҳнага чиқишимиз Тошкентда бўлгани сабабли, балким, қайсидир “запис”ларда “Салом, Тошкент” деган ибора қанақадир олқишлашга айланиб қолган бўлиши мумкин. Мисол учун, менга тошкентлик бўлиш ёки бўлмаслик, яъни кимни қаерда туғилганлигининг умуман фарқи йўқ. Мен учун энг муҳими у инсоннинг ҳозир қандай одам эканлиги ва қандай фикрлашидир. Менга шуниси қизиқ, тўғрисини айтсам.

Би-би-си: Тошкентдан Аброр эса, "Обид Асомов билан янги ишлаган "Ада эмас, дада ёхуд Тоҳир-Зуҳра" кино фильмида нима учун soundtrackка Шаҳзодани қўшмадинглар, ахир у биринчи фильмларида чиққан эди-ку?" деб сўраяпти

Тоҳир Содиқов: Мен бу нарсани билмайман. Менга роль таклиф қилишди, юристларим билан ҳамма шартномаларга имзо чекканимдан кейин, мендан фақат ана шу ролни ўйнаб беришни сўрашди. Мен рози бўлдим. Бошқа нарсасини мен билмайман. Бу савол менга эмас, Обид Асомовга берилиши керак.

Би-би-си: Тайланддан Муроджон эса, "Ҳурматли Тоҳиржон. Аввало оилангиз ва фарзандларингиз ҳақида ва яқин орада чет элда, масалан, Тайланд, Малайзия ёки Лаос каби мамлакатларда концерт бериш режаларингиз борми?" деб қизиққан

Тоҳир Содиқов: Оилам масаласига келадиган бўлсак, мен оиламни кўз-кўз қилишни жуда ҳам ёмон кўраман. Оиламизда ҳаммаси яхши, уч фарзандим, аёлим бор. Битта ўғлим, иккита қизим бор. Лекин Малайзия ёки Лаосга,..агар қанақадир қизиқиш бўлиб қоладиган бўлса, мен ҳар доим ҳар қандай аудитория, ҳар қандай томошабин учун ишлашга тайёрман.

Би-би-си: Америкадан Зафар эса, "Шахсан мен сизнинг бугунги кундаги қўшиқларингиз аввалгидек барча мухлисларингизнинг қалбидан жой тополмаяпти, деб ўйлайман. Бунинг сабаби сиздаям тўйларнинг кўплигими ёки ўзингизга бўлган ишончнинг ортиб кетганими?" деб сўраяпти

Тоҳир Содиқов: Жудаям чиройли савол бўлди. Энди, биласизми, мусиқа шунақа нарсаки, оддийроқ услублардан бошқа услубга ўтиш жараёнида мусиқачининг мусиқавий дунёқараши, ҳаммаси ўзгаришни бошлайди. Одам ижодкор бўлса, доимо янгилик яратишга ҳаракат қилади. Яна бир марта айтиб ўтаман, 90-йиллардаги қўшиқларим билан ҳозирги ижодимни солиштириб бўлмайди. Орасида осмон билан ерча фарқ бор. Ҳозир қўшиқларимни оддий қилгим келмайди. Шунинг учун ҳам балким, бу нарсалар халққа тез етиб бормас. Одамзод ўсади, дунёқараши ўзгаради, мусиқада ҳам худди шунақа нарса. Ижодкор инсонмиз, изланишдамиз ҳамиша. Шунинг учун балким, нима дейди, кимгадир ёқмай қолиши мумкин.

Би-би-си: Тошкентдан Муртоз "Худога ишонасизми? Агар ишонсангиз, намоз ўқийсизми," деб савол юборган

Тоҳир Содиқов: Албатта ишонаман. Ҳайитларда, жума намозларига чиқиб турамиз.

Би-би-си: Сўнгги саволимиз эса, Япониядан, Комрондан. Комрон, "Ҳурматли Тоҳир ака, ватандош сифатида, шунингдек, айнан ўсмирлик чоғи "Болалар" қўшиқларига тўғри келган одам сифатида саволим шуки, тирикчилик касб танламайди, тўғрими, лекин шундай касблар борки, унинг эгаси бўлишдан олдин одам қасамёд қилади. Яъни врачлар, юристлар, судьялар ва ҳоказо...Сиз қўшиқчи сифатида ўз касбингизга қандай қасамёдни ва кимнинг олдида қасамёдни таклиф қилардингиз?" деб сўраган

Тоҳир Содиқов: Мен, албатта, ўзимнинг мухлисларимнинг қаршисида қасамёд қилишим керак. Бизга меҳр қўйган тингловчиларимизни мусиқамиз орқали жуда ҳам баланд-баланд даражаларга кўтариш,..балки, шу қилаётган меҳнатимиз уларга чет элларда яшашга ёрдам берар, ўзини эслатар, шунинг учун ҳам қасамёдим қанақа бўлиши мумкин – “Тирик эканмиз, ижод қилишдан, қўшиқ ёзишдан тўхтамаймиз”.

Би-би-си: Вақтингизни аямай биз билан суҳбатга рози бўлганингиз ва ажойиб суҳбатингиз учун сизга ҳам катта раҳмат! Шахсий ва ижодий ҳаётингизда омад ёр бўлсин.

Тоҳир Содиқов: Авваламбор мана шундай қизиқарли суҳбат учун сизга ҳам катта раҳмат. Менга савол берган бутун дунёдаги барча бизларни эшитган, танийдиган, билган инсонларга ҳам катта раҳмат. Доимо соғ бўлишсин, омон бўлишсин, Ўзбекистонимизни унутишмасин, ҳали биз жудаям кўп-кўп қўшиқлар ёзамиз, балким чет элларда ҳам учрашиб қолармиз...

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Кристофер Аслан Александр Аслан Александр:
'Ўзбек қариндошлар мени уйлантириб қўймоқчи бўлишган'
 
 
Кумуш Раззоқова Кумуш Раззоқова:
'Бизнинг ёшимиздаги санъаткорларнинг қўшиқлари етмаяпти'
 
 
Насиба Абдуллаева Насиба Абдуллаева:
'Аҳён-аҳён бўлса-да, уйингизда қўшиқларим янграб турсин...'
 
 
Зайнаб Хонларова Зайнаб Хонларова:
'50 йилдирки мен ҳамиша жонли овозда куйлайман'
 
 
Мурод Муҳаммад Дўст М. Муҳаммад Дўст:
'Раҳбар номи беҳуда тилга олинишига қарши бўлганман'
 
 
Афзал Рафиқов "Жаннат қайдадир" фильмида Домла ролида Би-би-си меҳмони
Таниқли актёр ва бетакрор овоз соҳиби Афзал Рафиқов
 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy