Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 24 Март, 2010 - Published 18:44 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
'Исроил Қуддуси Шарифда қурилишни давом эттиради'
 
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху, Шарқий Қуддус яҳудийлар мавзеи эмас, балки Исроил пойтахти, дейди
Исроил ва АҚШ ўртасидаги сўнгги мулоқотлар Яқин Шарқ тинчлик жараёни борасида томонлар ўртасидаги мавжуд келишмовчиликни ҳал қила олмаган.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняхунинг Вашингтонга ташрифи расмий Тел-Авивнинг Қуддуси Шариф шарқида яҳудий келгиндилар учун жамлоқлар барпо этиш режаси боис совуқлашган муносабатларга ўзгартириш киритмади.

Икки мамлакат раҳбарларининг учрашувларидан кейин Оқ Уйдан билдиришларича, ўртадаги музокаралар томонлар мавқеларидаги фарқларни бартараф эта олмаган.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху АҚШ Президенти Барак Обама билан учрашувига бир неча соат қолганда Қуддуси Шариф шаҳри кенгашининг Шепард меҳмонхонаси ўрнига яҳудийлар учун янги хонадонлар барпо этиш қарорига рухсат берди.

Нетаняху жаноблари ўзини оқлаш мақсадида учрашувдан олдин бир "расмиятчиликни қолдириб" кетган эди, яъни Исроил юқори лавозимли мулозимларининг Қуддус шаҳри кенгаши қарорига вето қўйишлари эҳтимоли сақланган.

Исроилликлар яна бир бор Қуддус шарқидаги қурилиш режалари АҚШ ва Исроил ўртасидаги юқори дипломатик муносабатларга халақит бермаслигини таъкидлашди.

Қуддус мулозимлари бу режаларни кичик бир бюрократик қарор дея тақдим этишга ҳаракат қилишади.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняхунинг урғулашича, Шарқий Қуддус яҳудийлар мавзеи эмас, балки Исроилнинг пойтахтидир.

У бу ҳақда Вашингтонда исроилпараст лобби гуруҳининг (AIPAC) йиғинида гапирган.

Йиғинда иштирок этган АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон яҳудий мавзеларининг Шарқий Қуддус дохил, Фаластин ҳудудлари томон кенгайиши Қўшма Штатларнинг Яқин Шарқ тинчлик жараёнидаги мавқеига путур етказаётганини айтди.

Жаноб Нетаняху, Америка Исроилнинг фаластинликлар билан муаммоларни ечишда ёрдам бера олиши мумкин бўлгани ҳолда, тинчликни ташқаридан мажбуран ўрнатиб бўлмаслигини айтган.

"Яҳудийлар бундан уч минг йил аввал ҳам Қуддусни қуришган, бугун ҳам Қуддусни барпо этишмокда. Қуддус яҳудий мавзеси эмас, бизнинг пойтахтимиз", деб айтган Исроил бош вазири.

Тинчлик жараёнига тўсиқ

АҚШ энг бошиданоқ ишғол қилинган Шарқий Қуддус ерларида Шепард меҳмонхонасининг қурилишига қарши чиқиб келганди.

Айни дамда Шарқий Қуддуснинг араблар зич турган Рамат Шломо минтақасида яна 1600 та яҳудийлар уйлари қурилиши ҳақидаги эълон ҳам тинчлик жараёнини хавф остига қўймоқда.

Бир неча кун олдин АҚШ Президенти Барак Обама Рамат Шломо минтақасида 1600 та уй қуриш режаси тинчлик жараёнига ёрдам бермайди, деб айтди.

1967 йили Исроил Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусни ишғол қилганидан сўнг тахминан ярим миллион яҳудий келгиндилар бу ерларда ўз уйларини қурганлар.

Улар халқаро қонунларга мувофиқ ноқонуний деб саналади, аммо Исроил буни тан олмайди.

Фаластин маъмурияти Исроилнинг ишғол этилган ерларда яҳудийлар учун хонадонларни барпо этиш ҳаракатларидан ғазабда.

Фаластинликлар яҳудий келгиндиларнинг қуриш режаларини бир йилдан бери боши берк кўчага кириб қолган тинчлик жараёнига оид музокараларни қайта бошлашга катта тўсиқ сифатида кўрадилар.

 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy