Афюн изидан

Кўкнори деҳқонлари, контрабандачилар ва хазон бўлган умрлар

Бу йил Европа кўчаларини рекорд даражада кўп юқори тозаликдаги героин босиб кетиши мумкин...
...боиси Афғонистондаги 2017 йилги мўл афюн ҳосилининг Европага етиб борадиган фурсати келди.
Охирги 15 йилда Афғон
кўкнориси экиладиган
далаларнинг майдони
кескин кўпайди.
2004

1 кичик гул = 4000 гектар
1 катта гул = 8000 гектар
2013
2017
Афғон афюн маҳсулотлари Европага 1,5 йилда етиб боради.
Наркотикларнинг аксари "Болқон йўли" орқали контрабанда қилинади.
Фақат бешдан бир қисми бошқа мамлакатлар орқали тарқалади.

Манба: UNODC

Бу афюн йўли ҳақидаги ҳикоя. Уни гувоҳларнинг ўзлари ҳикоя қиладилар.

Афғонистон - Ҳосил

Глобал опиум маҳсулотларининг қарийб 90% Афғонистон ҳиссасига тўғри келади. Кўкнори етиштириш қонунга зид, шунга қарамасдан сўнгги 15 йилда бундай далалар майдони кескин ошди, кўкнори етиштириш миллий иқтисодиётнинг етакчи қисмига айланди. Бундан Толибон ҳам манфаат топди. Оддий одамлар учун кўкнори молиявий ҳаёт тарзига айланиб улгурган. Би-би-си мухбири Авлия Атрофий Афғонистон жанубида кўкнори ҳосили қандай йиғиштирилиши ҳақида ҳикоя қилади.

Афғонистонда роса кўп пул қилинадиган бир мавсум бор: Апрелнинг уч ҳафтасида деҳқонлар ва уларнинг оила аъзолари бир неча ойлаб парваришлаган кўкнориларидан афюн йиғиб оладилар.

Юзлаб ёш йигитлар бутун мамлакат бўйлаб тарқаладилар. Уларни "теримчи" ёки "чақиб олувчи"лар деб атайдилар. Ҳар қандай касбдаги одам бу пайт таътил олади. Фермер тракторининг орқасида сиз ўқитувчи ва унинг талабаларини, дўкондор ва давлат хизматчисини кўришингиз мумкин - ҳамма йилда бир келадиган пул ишлаб қолиш мавсумига сафарбар этилади.

Теримчиларни ҳосил йиғиш мавсумининг юрак уришини кўрсатувчилар деб аташ мумкин. Уларни ўзи билан фақат бир юк халтани елкасига илиб сафарга чиққанидан илғаб олса бўлади. Полициянинг эътиборига тушмаслик учун бир кийими устидан иккинчисини ҳам кийиб оладилар. Балки уларни замонавий дунёдаги энг енгил ишчи кучи деб аташ мумкиндир.

Кўкнори далаларига етиб олганларидан кейин улар гуруҳ-гуруҳ бўлиб бир фермернинг еридан иккинчисиникига ўтадилар, ҳосили бўлиқ етилган кўкноризор ва кўпроқ пул тўлайдиган деҳқонни излашга тушадилар.

Кунлик иш роса оғир: Улар беш устара тиғи боғланган "пичоқ" билан кўкнори кўсагини тилиб чиқадилар. Биринчи кун фақат даладаги кўсакларни тилиб чиқиш билан ўтади.

"Кўкнори даласида ишлаш роса мадорни қуритадиган ва ҳиди одамнинг бошини гангитадиган иш. Кўкнори эккан фермер оиласидаги аёллар ўттизтача теримчи учун бақувват овқатлар пиширадилар. Теримчилар қўй гўшти, тандирда ёпилган нон ва қатиқ тановул қиладилар.
Кечки овқатдан кейин бир даврага йиғилиб қўшиқлар куйланади, рақсга тушилади, эртагу ривоятлар ҳикоя қилинади.

Тонг саҳарги соат учда уйқудан уйғонадилар. Ҳали тонг отмаган, атроф зимистон. Пешоналарига ўрнатилган фонарлар ёруғида кечаги кун бажарган ишларининг натижаси билан танишадилар: кўсакнинг тилинган жойидан афюн суюқлиги сизиб чиққан, суюқликнинг айримлари катта кўз ёшига ўхшаб кетади. Энди теримчилар қўлига "Тарякай" деб аталадиган бошқа мосламани оладилар ва кўсакдан сизиб чиққан ширани йиғишга киришадилар.
Шира йиғиш бошланар экан, даланинг у ер бу ерида бошқа теримчилар бошидаги фонарларнинг нурлари кўзга ташланади. Ён-атрофдаги қўшни фермерларнинг далаларида ҳам ишга киришилган, бу манзарани томоша қилиб турган одамнинг бошидан "юлдуз тўла осмонни чаппа қилиб қўйишдимикан?" деган хаёл ўтади.

Совуқ тун бағрида шамол теримчилар куйлаётган қўшиқни қулоққа келтиради: 'Эй, набий, секинроқ юр, бошлари очиқ, юраклари аламзада ҳаворийларинг сенга етиб олсинлар'.

Қўшиқда армон ва умидворлик, художўйлик ва тақдирга ишониш қоришиб кетган. Кўп ўтмай қўшиққа қўшни даладаги хизматчилар жўр бўладилар. Тун қоронғусида ғамгин қўшиқ олис-олисларга ҳам таралади.

Худди олтин конидагидек бир томчи афюн суюқлигининг ҳам исроф бўлишига йўл қўйилмайди. Кичик ёшдаги ўғил болалар теримчилар изидан ўтадилар, кўздан қочирилган кўсаклардаги суюқликни тўплайдилар. Афюн шираси теримчиларнинг бош-оёқ кийимига ёпишиб қолади. Шира қолдиғини охирги томчисигача олиш учун кийимлар совуқ сувда ювилади.

Теримчининг даромади жамоаси қанчалар яхши ишлагани ва кўкнор ҳосилининг нақадар бўлиқ бўлганига боғлиқ. Бир кишининг 20 килограмм афюн тўплагани яхши ҳосил, 2 килограмм эса бўлмағур даромад деб кўрилади.

Ҳосил мавсуми ниҳоясига етиши билан кўкнори етиштириладиган ҳудудларда одамларнинг "қўли пул кўргани" дарҳол сезилади: ёш йигитлар мотоцикл, янги кийим-бош, смартфон сотиб оладилар. Кимдир қарзидан қутулган, яна кимдир бўлажак келиннинг қалин пулини тўлаган.

Бозорларда бир муддат савдо-сотиқ жонлангани сезилади. Пуллар тугаб, яна қашшоқлик ўз домига тортиши билан бу жонланиш сўнади. Аммо афюн етиштиришдан даромад топаётганлар умидларини узмайдилар: кейинги ҳосилни узоқ кутиш шарт эмас, қиш ўтиши билан қўлга яна пул киради.

Афғонистон билан Эрон чегарасининг узунлиги 900 километрдан зиёдни ташкил этади.
Чегара одам ўтиши мушкул ва хавфли жойларда иккига бўлинади.

Эрон - 'Беҳишт шираси'га ружу қўйган

Ўзининг "Болқон йўли" деб аталган йўлида Афғонистонда йиғиб олинган опий биринчи бўлиб Эронга киради. Чунки икки мамлакат ўртасидаги чегара узун, назорат қилиш қийин ва хавфли нуқталари кўп. Афюн боис Эронда кўп сондаги гиёҳвандлик муаммоси юзага келган. Мамлакатда 2 миллион атрофида одам мунтазам афюн истеъмол қилади. Машҳадлик 33 яшар Гули - бу унинг асл исми эмас - ана шундай бангилардан бири.

Афғон-Эрон сарҳадидаги Милак чегара пости

Афғон-Эрон сарҳадидаги Милак чегара пости

Мен билан афюн ўртасидаги муносабат ғалати: муҳаббат ва нафрат муносабати. Мени шу кўйларга солгани учун афюнни ёмон кўраман, аммо уни истеъмол қилмасдан туролмайман.

Гули

Бувим оламдан ўтганида мен 14 ёшда эдим. Қайғуни унутиш учун онам афюн чека бошлади. Оиламизда афюн чекадиганлар кўп эди ва бу нарса унга андуҳни унутишнинг осон йўли бўлиб кўринди.

Йигирма уч ёшимда турмушга чиқдим. Бир йилдан сўнг қорнимда чидаб бўлмас оғриқ бошланди. Бормаган шифокоримиз қолмади. Бирортаси ҳам мендаги оғриқнинг асл сабабини тушунтириб беролмади. Бир марта онамникига борганимда онам афюн чилимидан бир-икки "тортиб" кўришни маслаҳат берди. Қорнимдаги оғриқ қолди, бошим айланиб маст бўлдим. Шу-шу афюн истеъмол қиладиган бўлдим.

Оилавий турмушим ҳам кўнгилдагидек бўлмади, ўзимни ёлғиз ва севилмас ҳис қилардим. Шунинг учун онамнинг уйидан афюн ўғирлаб келиб, уйимда чекадиган бўлдим. Буни билиб қолган эрим мени шифохонага олиб борди. Мен чекадиган афюн дозаси кўп эмас эди. Шифокорлар менга Метадон тайинлашмади. Улар мени депрессиядан даволайдиган бўлимга жўнатдилар. Аммо бу даволашнинг нафини сезмадим мен. Яширинча афюн чекиб юравердим.

Орадан бир йил ўтиб эрим менинг ҳамон гиёҳванд истеъмол қилаётганимни билиб қолди. У мени ташлаб кетди.

Гули

Бир муддат ёлғиз яшадим. Афюнга тобелигим кучайиб бораверди. Онамнинг уйига қайтишдан ўзга чора тополмадим. Биз жуда камдан-кам онам билан бирга афюн чекамиз. Мен бошқалардан жуда ҳам уяламан, шунинг учун чекаётганимни бошқа биров кўрмаслигини хоҳлайман.

Онам ҳам ёлғиз яшайдилар. Афюн чека бошлаганидан кейин отам ташлаб кетган. Отам биз билан бирга яшамайди. Лекин у опий сотиб олиб келиб бизга беради. Шунинг учун мен билан онам кўчага чиқиб афюн излаб юрмаймиз. Мен чекишни ташлашга бир неча марта ҳаракат қилдим. Шифохоналарда бир неча марта даволандим. Лекин онамнинг уйига қайтганимдан кейин яна ҳаммаси қайтадан бошланди.

Мен афюн чекишдан чарчадим. Ҳатто унинг ҳиди кўнглимни беҳузур қилади. Бундай пайтларда мен бориб Метадон сотиб оламан. Бир неча ҳафта ўзимни яхши ҳис қилиб юраман. Бироқ онам чекишни бошлаб, уйимизни афюн ҳиди тутиб кетганида, ўзимни тиёлмай қоламан.

Гули

Менинг туғишган биродарларим бор. Улар ўз оилаларига эга ва мустақиллар. Оиламизда фақат мен гиёҳвандман. Бундан жуда ҳам уяламан. Мен синглимнинг кўзига ҳам қаролмайман. Мен биров берадиган пулга қарамман. Ўзимни ўзим бу қамоқнинг ичига тиққанман, бу қамоқдан чиқишнинг йўлини тополмай сарсонман.

Туркия Европага йўл олган афюн йўлидаги муҳим транзит мамлакат.
Ва чегарадаги Ван шаҳри Эрондан келадиган афюн дарвозаси ҳисобланади.

Туркия - Оқимни тўхтатишга ҳаракат

Европага йўл олган Афғон героинининг 80 фоизи Туркиядан ўтади. Уларнинг деярли ҳаммаси Эрондан кириб келади. Бу оқимни тўхтатишга Туркия ўнлаб миллионлаб АҚШ долларини сарфлайди. Туркия-Эрон чегарасидаги Ван шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлар энг кўп ёмон от чиқарган ҳудуд ҳисобланади. Наркотикларга қарши кураш зобитлари Мустафо Кўчал ва Куршад Башир деярли ҳар куни жисмоний жанг, руҳий ва эмоционал босим билан рўпара келадилар.

Наркотрафик бизнеси билан шуғулланадиган одамлар бу атрофдаги қишлоқлардан фойдаланишни истайдилар. Улар ўзининг уйида гиёҳванд моддани яширишга рози бўладиган маҳаллий кишиларни қидирадилар. Уй, молхона ва омборхоналарнинг ҳаммасидан героинни яширишда фойдаланилади.

Мустафо Кўчал

Мустафо Кўчал:
Атрофдаги дала-дашт шу қадар кенгки, биз жосуслик хизматларининг ёрдамига таянишга мажбурмиз. Контрабанда йўли билан чегаранинг бу томонига олиб ўтилган героинни тезлик билан топиш мушкул бўлган уйларга яширишга ҳаракат қиладилар.

Куршад Башир:
Контрабанда героинини қўлга туширишнинг битта операциясини амалга оширишга бир неча ой кетади. Тайёргарлик ишлари техник ўрганиш, жисмоний кузатувларни йўлга қўйишни талаб этади. Бу каби амалиёт муваффақиятли якунига етса, ўзингда худди Марвел супер қаҳрамонидек фахр туйғусини ҳис қиласан. Бу иш асабларингни жунбушга келтиради, умуртқангда чумоли чақиб олгандек оғриқни ҳис қиладиган сониялар бўлади. Гиёҳванд моддаларни қўлга киритиш - нафақат оилангни боқадиган касб, балки одам умрини бағишлашга ҳам арзийдиган иш.

Бир марта биз суюқ наркотик солинган презервативларни ошқозонига ютган гумондорни қўлга олдик. Ошқозонда презервативлардан бири ёрилиб кетган. У ҳушидан кетиб комага тушди. Бундан олдинги ҳолатлардан биз яхши билардикки, ошқозонда кичик пакетнинг ёрилиши ҳам одамни ўлдиради. Аммо бу гумондор бир ҳафталик комадан кейин ҳушига келди. Унинг тирик қолиш имконияти бошига икки марта ўқ отилган одамникига тенг эди.

У ҳушига келганидан кейин ҳам бизни ҳеч нарсадан бехабар деб ўйлади ва "самолётда овқатдан заҳарландим", деб туриб олди. "Мен авиакомпанияни судга бераман", дейди. Шунда ёш ҳамшира қиз унга савол берди: "Самолёт бортида овқат ўрнига гиёҳванд беришар эканми?"

Бизда тартиб шундай: ҳатто қуролли контрабандачилар билан отишма пайти ҳам ҳазил-мутойиба йўлини топиш. Шу тариқа ярадор сафдош дўстингни кулишга мажбур қилиш.

Куршад Башир

Баъзан жуда синчков текшириш ортидан ҳам ҳақиқий криминалларнинг изини тополмай қоламиз. Бу - пичан орасидан игна қидиришга ўхшайди. Кутилмаганда, калаванинг учи кўриниб қолади ва бу нарса биз учун ҳам, жиноятчиларнинг ўзи учун ҳам тасодиф бўлади. Кейин бутун жиноят фош бўлади. Ўшанда одам "Куч эзгулик тарафда бўлади ва яхшиликнинг ғалаба қилишига ёрдамлашади" деган гапга ишонади. Шундай пайтларда бор чарчоғинг чиқиб кетганини ҳис қиласан.

Туркия антинаркотик полицияси тутолмай қолган героиннинг охирги манзили Европа кўчалари бўлади.
Гиёҳвандликка мубталоликдан даволанишнинг қиймати юзлаб миллион долларга тушади.
Британияда героин туфайли ўлим ҳоллари сони кўп йиллардан буён фақат ўсиб келмоқда. Энди эса фентанил деган синтетик опиоид янги таҳдид деб кўрилмоқда.

Буюк Британия - соғайишнинг узоқ йўли

Афғонистондаги 2017 йилги рекорд даражадаги кўп кўкнори ҳосили ортидан БМТ янада кўп миқдорда сифати юқори, нархи эса паст героиннинг бозорларга, хусусан, Буюк Британияга ҳам етиб келишини башорат қилди. Бошқа шаҳарлар сингари Англия жануби-ғарбидаги Уэстон-супер-Мэр шаҳрида ҳам бир неча гиёҳвандлик реабилитация маркази бор. Лесли Чэндлер мана шу ерда наркоқарамлигидан даволанган ва янги ҳаёт бошлаган.

Мен икки марта ўлимдан қолганман. Кўп марта ортиқ доза қабул қилганман ва мўъжиза туфайлигина тирик қолганман.

Менинг ҳаётимда жоним узилишига оз қолган ҳодисалар кўп бўлган. Бир марта балкондан йиқилиб тушганман. Ўзим қолишни хоҳламаган кўп жойларда ўз ихтиёримга қарши ушлаб туришган: қамоқхонада, руҳий шифохонада. Бир неча марта ўзимни ўлдиришга ҳаракат қилганман.

Гиёҳванд моддалар истеъмол қилишни 13 ёшимдан бошлаганман. Биринчи марта героинни 15 ёшимда синаб кўрдим. Ўшанда доим ёши мендан катталарнинг даврасида эдим. Улар героин истеъмол қилишар, мени ҳам наркотикка ўшалар ўргатган. Мен ўзимни кимгадир, нимагадир тегишли деб кўрмасдим. Ўзимни бирор бир нарсага боғлиқ ҳис қилмасдим.

Мен героин билан чекланиб қолганим йўқ. Бошқа тез таъсир қиладиган рекреацион наркотиклар, ЛСД "таъмини татиб кўрдим", наша ҳам чекдим. Буларнинг устига спиртли ичимликлар ҳам қўшилди. Воқеа-ҳодисалар тез ривожланиб кетди. Эрта оила қурдим ва кўп ўтмай ажрашдим. Ҳаётимдаги кўнгилсизликларнинг спирали тезлашди ва борган сари ёмонлашиб кетаверди.

Бир неча марта танамдаги токсинларни чиқариб ташлаш йўли билан гиёҳванд қарамликдан қутулишга ҳаракат қилдим. Ташлаш ҳаракатларим бир, узоғи билан икки ҳафта давом этар, яна хумор устун келарди. Ташлаш йўлида бир-икки ҳафталик кураш ва яна бангиликка қайтиш ҳаётимнинг одатий режимига айланиб қолди.

Ниҳоят, тўрт ярим йилча олдин Уэстонга келиб қолдим. 57 ёшда эдим. Ўз организмимга қанчалар жароҳат етказганимни кўриб турар эдим - юрагим электрокардиостимуляторга улаб қўйилган эди.

Уэстонда менга нисбатан муносабат бошқача бўлди. Мени наркоманлигим учун қоралашмас, ўғрилигимни юзимга солишмас эди. Ҳаётимда хуморимни босиш учун кўплаб марта жиноятга қўл урганман. Ҳозир етган ёшимдан болалигимга назар ташлайман ва нега ўз умримни хазон қилганим сабабини англашга уринаман. Бугунга келиб мен ўзимнинг кимлигимни ва нега бу аҳволга тушганимни яхши тушунаман.

Ёшинг ўтиб борган сари детоксикация(организмдан заҳарларни чиқариб юбориш) ҳам қийинлашиб борар экан. Ҳафталаб уйқу йўқ, қалтироқ ва терга ботиш. Бадандан токсинларни чиқариш вақти, бу жараён ниҳоясига етмаса керак, деб ўйлайсан. Йўқ, бир кун келиб тугар экан.

Болаликда бирга ўсиб катта бўлган ва мен биладиган инсонлар билан қилган ишларимиз учун юзим шувут. Ўзимда уят ҳиссини сезаман. Даволанганим сайин бу ҳисдан қутулмоқдаман, аммо у ҳамон мен билан бирга. Ўйлайманки, бангилик ва алкоголизмдан буткул қутулишимга яна озгина бор. Булар ҳаммаси руҳий хасталикнинг ҳам бир қисмидир.

Кўчада инсонлар ичкилик ё гиёҳвандликка ружу қўйган кишига дуч келсалар, ундан ижирғанадилар, ўзларини четга олишга интиладилар. Ўша пайт бу киши роса ғазабнок ёхуд жиноят содир этаётган бўлиши мумкин. Кўпинча у ёрдамга муҳтож, заиф, бемор инсон эканини, у ўз қўрқуви ва оғриқлари ичида қийналаётганини атрофдагилар билмайдилар. Агар бу одамларнинг ҳам ичида ўзининг дарди борлигини англасак, уларга нисбатан ёмон қарашимизни ўзгартиришимиз мумкин.

Менга ёрдам бергани умид бўлди. Умидки, бу мубталоликдан тоза қутулиб кетган инсонлар бор. Биз бангиликдан фориғ бўлганлар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлсак, бошқаларнинг ҳам жамиятга қайтишига кўмак беришимиз мумкин.

Мен мактабларда бўлиб наркоманлик ҳақида суҳбатлашганман. Қайси ёшда гиёҳвандликка берилиш мумкинлигини англагандай бўлдим. Менинг ҳамма кўргуликларим 13 ёшимда бошланган ва ана шу ёшдаги болаларга эҳтиёт бўлиш керак.

Мактабларга бориб, ана шу ёшдаги ўқувчилар билан гаплашиш керак ва гиёҳвандлик хатарини тушунтириш муҳим, деган фикрдаман. Ҳозир мактаб ёшидагилар ўртасида ўз-ўзига шикаст етказиш ҳоллари кўпайган. Шунинг учун ҳам мактабларда болаларга наркомания, ўз танасига жароҳат етказиш, ўзини ўлдириш мавзуларида кўпроқ билим бериш ўта-ўта муҳим, деб ҳисоблайман.
Лесли ҳозир университетда таҳсил олмоқда. У маслаҳатчи ёки тарбиячи бўлиб ишлаш истагида.

2017 йилги афюн ҳосили жами қанчани ташкил этгани сал кейинроқ аниқ бўлади. Аммо унинг молиявий зарарлари ва инсонларга етказадиган жисмоний ва руҳий шикасти анча қимматга тушиши ҳозирданоқ аён.