Жанубий Африкада инсон аждодларининг қолдиқлари топилди

Ҳоминидлар
Image caption Жанубий Африкада топилган қолдиқлар олимлар орасида катта қизиқиш уйғотган

Жанубий Африкалик олимлар Йоханнесбург яқинидаги Малапа ғорлари мажмуасида икки одамсимон мавжудот – хоминидларнинг яхши сақланган тош қолдиқларини кашф этишди.

Қолдиқлар тахминан икки миллион йил олдин яшаган бир аёл ва бир ўсмир йигитга таалуқлидир.

Хоминидлар қолдиқлари бир-биридан тахминан бир метр узоқликда топилгани учун олимлар уларнинг афтидан она ва ўғил ёда, ҳеч бўлмаганда, бир тўда аъзолари бўлишгани ва бир-бирини яхши танишганини ҳамда бир вақтнинг ўзида ҳалок бўлишганини тахмин қилмоқдалар.

Инсоннинг узоқ аждодлари қолдиқлари ёпиқ чуқур ғор тубидан топилган.

Хоминидлар ғор оғзи ёмгир ва шамоллар таъсирида очилиб қолиши ортидан топилган.

Олимлар тахминича, аёл ва ўспирин тропик ёғингарчиликлар пайтида ғордан чиқа олмай, ғарқ бўлганлар. Уларнинг жасадини ер ости кўли ювиб кетган. Хоминид қолдиқлари минг йиллар давомида кальцийда тўйинган қаттиқ моддалар таркибида қолиб кетган.

Хоминидлар қолдиқлари ёнида қилич тишли арслон, антилопа, сичқонлар ва қуёнлар суяклари ётибди. Ўлимталар билан озиқланувчилар ўлжасига айланмагани сабабли уларнинг тўсатдан ҳалок бўлганини тахмин қилиш мумкин.

"Биз одамлар ва ҳайвонларнинг тузоққа илинганини тахмин қиламиз. Уларнинг қолдиқлари эса қандайдир табиий офат натижасида кўмилиб қолган," дейди қидирув гуруҳининг аъзоси, Австралиянинг Жеймс Кун Университети профессори Пол Диркс.

Қолдиқларнинг инсонга алоқаси

Олимларни энг кўп қизиқтираётган савол - Ғор тубида кўмилиб қолганлар замонавий инсонларнинг аждодлари бўлиши мумкинми ёки улар эволюциянинг бошқа шохаси вакиллари бўлишганми?

Тадқиқотчилар гуруҳининг раҳбари, Жанубий Африканинг Витватерсранда Университетининг профессори Ли Бергер биринчи нуқтаи назарга қўшилади, ва қолдиқларни Australopithecus sediba тоифасига таалуқли деб билади.

"Sediba" сўзи маҳаллий тилда "манба" деган маънони англатади.

Бундай мавжудотларнинг дастлабки қолдиқлари "Инсоният Бешиги" номини олган ва ЮНЕСКО томонидан "умумжаҳон мерос," дея эълон қилинган машҳур водийда 2008 йил августида топилган эди.

"Топилма 1,8-2 миллион йил олдинги даврга таалуқли. Бу давр икки оёқда юрувчи маймуннинг одамга айланиш жараёнини қамраб олади," - деди Би-би-си билан суҳбатда Ли Бергер. - "Айнан шу даврга таалуқли топилмалар жуда оз".

Бошқа олимлар эса Australopithecus sediba тоифаси замонавий инсонлар аждодлари эмас, балки бошқа эволюцион шоха вакиллари бўлишганини тахмин қилишади.

Майда тишлар, қирра бурун, ривожланган тос суяги ва узун оёқлар уларни инсонлар билан боғласа, қўлларнинг бир-бирига номутаносиб равишда узун экани ва бош косасининг кичиклиги уларнинг анча қадимий тоифага таалуқли эканини кўрсатади.

Малапа топилмаларининг турли қолдиқларга бойлиги антропологларга кўп йиллик изланишлар олиб бориш имконини беради.

Science журналининг хабар беришича, ўтган кунларда яна икки мавжудот қолдиқлари кашф этилган.

Аксар олимлар фикрларига кўра, инсоният айнан Африкадан тарқалган. Инсон ва шимпанзе аждодлари эволюция йўллари 6 миллион йилча муқаддам бир биридан ажралган, тахминан 4 миллион йил олдин инсон аждодлари икки оёқда юра бошлаган, инсонсимон мавжудотлар эса тахминан 2,5 миллион йил олдин пайдо бўлган.

Уларнинг қайси омиллар таъсирида ақл-идрокли бўлишгани ва меҳнат қуролларидан фойдалана бошлашгани, илм-фанга ҳозирча маълум эмас.