Оврўпода эркакларнинг аёлларга нисбатан камроқ яшашига кашандалик сабаб бўлмоқда

cигарет ва ароқ

Tobacco Contro журнали чоп этган тадқиқот натижаларига кўра, кашандалик Оврўпода эркакларнинг аёлларга нисбатан ўрта ҳисобда камроқ умр кўришига сабаб бўлмоқда.

Жаҳон Соғқлиқни Сақлаш Ташкилоти рақамларидан маълум бўлишича, тамаки маҳсулотларига боғлиқ касалликлардан ўлим ҳоллари эркакларда аёлларга қараганда 60 % кўпроқдир.

Ташкилот ўтказган сўров Оврўподаги барча мамлакатларда аёлларнинг ўрта ҳисобда эркакларга нисбатан кўпроқ умр кўришини аниқлаган.

Аёллар ва эркаклар ҳаётидаги тафовут Украинада энг катта ва Исландияда энг кичикдир.

Ушбу тафовут кўп ҳолларда эркак ва аёлнинг биологик тузилиши ҳамда эркакларнинг ўз соғликларига камроқ эътибор қаратиши билан изоҳланади.

Аммо, ўтказилган тадқиқотга кўра, умр кўришдаги фарқ эркакларнинг кашандалиги ва спиртли ичимликларни кўпроқ истеъмол қилишига боғлиқ экан.

Олимлар барча мамлакатларда ҳаёт узунлигидаги фарқнинг 60% кашандаликка боғлиқлигини аниқлаганлар.

Малтада эса бу тафовут янада кўпроқ - 70 %.

Ўз навбатида ичкилик эркаклар ва аёллар ҳаёти узунлигидаги тафовутнинг 10% дан 30% га сабаб бўлар экан.

Сўров шунингдек шарқ ва ғарбий Оврўподаги умр узунлиги фарқини намойиш этган.

Шарқий Оврўпода эркаклар ғарбий Оврўподаги эркакларга нисбатан камроқ умр кўриши маълум бўлган.