'Шимолий Корея доҳийси Ким Чен Ир ўлимига табиат ҳам аза тутди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Давлат телевидениеси мотамсаро одамлар устига ёғаётган қорни намойиш этди

Шимолий Корея оммавий ахборот воситалари бу мамлакат доҳийси вафот этганидан кейин ғалати табиат ҳодисалари кузатилгани ҳақида хабар тарқатдилар, мотам тутаётган ватандошлари устига ёғаётган лайлак қорлар телевидение орқали намойиш этилди.

"Мамлакатдаги машҳур кўлнинг музи шунчалик баланд овоз билан ёрилдики, еру-осмон ларзага келди деб ёзган Шимолий Корея давлат ахборот агентлиги.

Шимолий Кореяда мамлакат асосчиси Ким Ир Сен ва унинг ўғли Ким Чен Ир шахсига мутлақ сиғиниш ҳукмрон. Ота-бола бу мамлакатда деярли худога тенглаштирилади, деб ёзади Би-би-си мухбири.

Шимолий Корея телевидениеси Ким Чен Ир ўлими ортидан мамлакатда эълон қилинган 11 кунлик мотам ҳақида туркум хабарлар беришда давом этган.

Жанубий Корея разведка хизмати эса Ким Чен Ир ўлими тафсилотини ўргана олмай ҳалак.

Америка сунъий йўлдошларидан олинган суратларга таяниб, Жанубий Корея разведкасининг бошлиғи Вон Сей Хун Шимолий Корея раҳбарининг зирҳли поездда қазо қилгани ҳақидаги хабар тасдиқланмаётганини айтди.

Ким Чен Ир 1994 йилда отаси ўлими ортидан Шимолий Корея раҳбарига айланди ва мамлакатда шаклланган шахсга сиғиниш сиёсатини давом эттирди.

Ташвиқот машинаси Ким Чен Ир атрофидаги мўъжиза ва ғаройиб воқеалардан бор кучи билан фойдалана бошлади.

"Табиат ҳам аза тутаяпти", - дея хабар берди Шимолий Корея давлат хабар агентлиги.

"Ўртоқ Ким ўлими ортидан қор тинимсиз ёға бошлади, у дунёга келган жойга яқин Пэктусан тоғидаги музлик эса ёрилиб кетди", - дея хабар берди агентлик.

Сешанба тонгида эса ёғингарчилик бирданига тўхтаб, тошда ёзув пайдо бўлди: "Пэктусан - инқилобнинг муқаддас тоғи. Ким Чен Ир".

Ушбу ёзув қуёш ботгунга қадар чарақлаб ёниб турди.

Ўша куни, дея давом эттиради давлат хабар агентлиги, Хамхунг шаҳридаги Ким Ир Сен ҳайкали устида Манжурия лайлаги бош эгиб турди.

21 декбар куни Шимолий Кореядаги оммавий ахборот воситалари ўз раҳбари билан видолашгани беш миллион одам келгани ҳақида хабар тарқатишди.

Шимолий Корея оммавий ахборот воситалари халқни Ким Чен Ирнинг "буюк вориси", унинг кенжа ўғли Ким Чен Ин атрофида жипс бўлишга чақирганлар.

Баъзи кузатувчилар Ким Чен Ир ўлимига қадар ҳокимиятни ўз ўғлига топширмагани сабабли мамлакатда беқарорлик даври бошланиши мумкин, деб ҳисоблашади.

Бу мавзуда батафсилроқ