Хитойда рўй берган издиҳомдан сўнг iPhone лар савдоси тўхтатилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Хитойдаги Apple дўконларида iPhone лар савдоси тўхтатиб турилади.

Apple ширкатининг маълум қилишича, Хитойда iPhone 4S русумидаги янги телефонларни савдога чиқариш вақтида ола-тасир рўй берди.

Пекиннинг Сантулин мавзесидаги Apple ихтисослашган дўкони ташқарисида ҳаддан ташқари кўп одам йиғилганидан сўнг эшикларни очиш-очмаслик борасида ўйланиб қолишган.

Оломон тоқатсизланиб, тухум ота бошлаганлар. Ўртада полиция билан тўқнашув юз берган.

Хабар берилишича, янги телефонга мунтазир бўлган мижозлар тун бўйи дўкон ташқарисида навбатда турганлар.

Аввал эълон қилинганидек, эрта соат 7 да дўкон очилмаслиги айтилганидан сўнг олмон "эшикни оч", "ёлғончилар", дея ҳайқира бошлаган.

Хитой жаҳонда мобил телефонларнинг энг йирик бозори ҳисобланади. Apple учун эса Хитой иккинчи йирик бозор.

Овоз орқали бошқариш мумкин бўлган iPhone 4S телефонларини ширкат ўз дўконлари орқали савдога чиқариш умидида эди.

Apple томонидан чиқарилган баёнотда айтилишича, бугунги ҳодиса ортидан Пекин ва Шанхайдаги дўконларида ҳамма русумдаги iPhone телефонларининг савдосини тўхтатиб туради.

Ушбу қарор Пекин ва Шанхайдаги бошқа дўконлар ҳеч қандай муаммоларсиз савдога киришганларига қарамай қабул қилинди.

Appleнинг маълум қилишича, бу дўконлардаги iPhone 4S телефонлари сотиб тугатилди.

Хитойдаги мижозлар ҳозирда бу телефонларни Интернет, China Unicom ширкати ва яна қатор махсус рухсатга эга дўконлар орқали сотиб олишлари мумкиндир.