Россияда 30 минг йиллик уруғдан жонли ўсимлик яратилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи YASHINA PNAS
Image caption Шу пайтга қадар бунчалик қадимий уруғдан жонли ўсимлик яратилмагани айтилади

Россиялик олимлар абадий музликлар қатидан топилган қадимий уруғни жонлантириб, уни ўстиришга муваффақ бўлишган.

Россия Фанлар академияси қошидаги Тупроқшунослик институти биологлари ўз тажрибалари натижасини Proceedings of the National Academy of Sciences журналида чоп этишган.

Олимларнинг тахминларича, уруғ 30 минг йиллик тарихга эга.

Аммо улар уруғдан ундирган эчкимия ўсимлиги ҳозир ҳам Ёқутистон ҳудудида кенг учрайди.

Россияда олиб борилган ушбу тадқиқот ишларига криобиология лабораторияси раҳбари, геолого-минералогия фанлари доктори Давид Гиличинский бошчилик қилган.

Аммо мақола журнал юзини кўришига икки кун қолганда олимнинг ўзи қазо қилган.

Бундан аввал ўстиришга муваффақ бўлинган қадимий уруғнинг ёши қарийб 2.000 йилга бориб тақалади.

Исроилдаги Мосад қалъаси ҳимоячилари томонидан асраб келинган қадимий уруғ анжирники бўлгани айтилади.

Топилдиқ

Россиялик биологлар Магадан вилоятидаги 38 метр чуқурликдаги абадий музликлар қатидан топилган ўсимлик қолдиқлари устида иш олиб боришган.

Колыма дарёси соҳилларида кеч плейстоцен даврига хос ўсимликлар қолдиқлари сақланиб қолган муз қатламлари тез-тез учрайди.

Эчкимия унча баланд бўлмаган кўп йиллик ва қаттиқ музлашга чидамли ўсимлик ҳисобланади.

Унинг қадимий уруғи эса, ўша пайтда яшаган олмахонларнинг музлаб қолган инидан топилган.

Аён бўлишича, олмахонлар ўз инларини эчкимия пояларидан ясаган бўлишган.

Бир гуруҳ криобиологлар топилган эчкимия қолдиқларидан бир нечта пишиб етилмаган уруғни олиб, уларни ўстиришга муваффақ бўлишган ва олиб, тупроққа ўтқазишган.

Бунинг ортидан, россиялик олимлар илк бор абадий музликлар қатларида бир неча ўн минг йил қолиб кетган уруғни жонлантиришга муваффақ бўлишган.

Бу мавзуда батафсилроқ