Тимсоҳни ямламай ютган улкан илон қолдиқлари топилди

Улкан илонлар Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Колубияда топилган илонларнинг узунлиги 14 метр, вазни эса 1 тоннадан оғирроқ бўлган

Америкалик олимлар миллионлаб йиллар аввал ер юзида ўта ҳайбатли илонлар яшаб ўтганини аниқладилар.

Ушбу кашфиёт нафақат ўтмишни ўрганишга, балки келажакка теранроқ назар ташлашга ҳам имкон беради.

Тахминан 58 млн йилларча аввал Жанубий Американинг ботқоқли жангалзорларидан улкан илон судралиб чиққан.

Бу махлуқ барчани даҳшатга солган.

Судралиб юрувчининг вазни бир тоннадан оғирроқ, узунлиги эса 14 метр бўлган.

У бус-бутун тимсоҳни ямламай ютган.

Ҳатто бир неча йил олдин ҳам олимлар бунчалар улкан ҳайвонни ковлаб топишни хаёлларига ҳам келтирмас эдилар.

"14 метрли илонни топиш бизни етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаганди. Ҳозирда мавжуд илонларнинг энг улкани ҳам ундан икки баравар кичкина", - дейди кашфиёт муаллифларидан бири, тропик тадқиқотлар бўйича Смитсон институтидан Карлос Ҳарамилло.

Лотинча Titanoboa cerrejonensis номини олган илонни замонавий анаконданинг узоқ аждоди деб ҳисоблашмоқда.

У заҳарли бўлмаса-да, ўз ўлжаларини бўғиш кучи билан ўлдирган: 6,4 кв сантиметрга 180 килограмдан кўпроқ.

Бу босим бир одам устига бир яримта Бруклин кўприги тушиб кетишига баравар.

Улкан илон қолдиқлари Колумбиянинг Керрехон шаҳридаги очиқ кўмир конида олиб борилган қазилма ишлари пайтида топилган.

2002-йилда олимлар айни жойда палеоцен даврига оид тропик ўрмонлар қолдиқларини топган эдилар.

Тошга айланиб қолган ўсимликлардан ташқари, катталиги тасаввурга ҳам сиғмайдиган кўплаб судралиб юрувчи ҳайвонлар қолдиқлари топилган.

"Биз улкан судралиб юрувчиларнинг йўқолган дунёсини топдик: ошхона столичалик келадиган тошбақалардан тортиб энг йирик тимсоҳларга қадар", - дея ҳикоя қилади Флорида Университетидан умуртқали ҳайвонлар эволюцияси бўйича мутахассис Жонатан Блох.

Топилмалар орасида улкан илон ҳам бўлган.

"Динозаврлар қирилиб кетгач, бу илон 10 миллион йил давомида ер юзидаги энг улкан ҳайвон бўлган, - дея тушунтиради Блох. – Қаердан қарманг, бу ҳайвон ўта баҳайбат бўлган".

Америкалик олимларга кўра, илонлар танаси ҳаво ҳароратининг ўзгаришига мослаша олмагани учун ўз-ўзидан қирилиб кетганлар.