XXI-асрда бедаво касалликларга даво топиладими?

Дори Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Янги дорини кашф этиш учун жуда узоқ вақт ва кўп маблағ талаб қилади

Ярим аср муқаддам, фармацевтика саноати "олтин аср"ни бошдан кечирди.

Инсоният қон босимини туширувчи, қондаги қандларни назорат қилувчи ва инфекцияларни бартараф этувчи янги дори-дармонларни кашф этди.

Аммо бугунги кунда янги дорини кашф этиш учун 15 йил вақт ва уни бозорга олиб чиқиш учун 1млрд долларга яқин маблағ лозим бўлмоқда.

Сармоянинг қисқариши ва қийин илмий жумбоқларнинг пайдо бўлаётгани фармацевтика саноатини қатор инқирозларга рўбарў қилмоқда.

Соҳа олимлари келажакда пайдо бўладиган хасталикларни даволовчи дори-дармонларни топа олмаймиз, деган хавотирдалар.

Ўтган йил Жаҳон Соғликни Сақлаш Ташкилотининг бош директори, Маргарет Чан, дунё "антибиотиклардан кейинги" давр томон бораётгани ҳақида огоҳлантирди.

У кўплаб инфекцияларга даво топилмаслиги ва улар кўплаб инсонлар ҳаётига зомин бўлиши ҳақидаги хавотирлар асосли эканини айтди.

Доктор Чанга кўра, дориларга дош бера оладиган касалликларнинг ортиб бораётгани асосий муаммолар жумласидандир.

Инсоннинг ўртача умри ортиши баробарида Паркинсон ва Алзеймер сингари неврологик хасталикларга чалинувчилар сони ҳам ортмоқда.

Эскича усул

Дори-дармонларни кашф этишнинг эскича усули эндиликда иш бермаётир.

Фармацевтика саноати бир дардга якуний даво топиш учун йирик маблағларни сарфлашга ҳозирда қодир эмас.

Кашфиётнинг эскича усули энди иш бермаётир. Кашф этилган дориларнинг 10 тадан 9 таси синов даврида муваффақиятсизликка учрамоқда.

Фармацевтика ширкатлари ҳам уларнинг энг сердаромад дориларига берилган патентлар муддати тугаши баробарида босим остида қолишмоқда.

"Биз инсон хасталиклари ҳақида ё бўлмасам мавжуд дориларнинг таъсир қудрати ҳақида етарли тасаввурга эга эмасмиз. Мисол учун, парацетамолни олайлик. Биз ҳаммамиз ундан фойдаланамиз, аммо унинг қандай ишлашини билмаймиз," - дейди Оксфорд Университети Тиб фанлари доктори Час Боунтра. - "Парацетамолнинг қандай ишлашини билмасак, қандай қилиб ундан яхшироқ, ундан кучлироқ молекулаларни ишлаб чиқишимиз мумкин?"

Унга кўра, бир касалликни даволовчи янги дорини топиш "лотереяга ўхшайди".

"Инсон танасида 20 мингдан зиёд протеин бор ва янги дори кашф этилганда уларнинг ҳар қайси бири нишонга олиниши мумкин. 2012 йилда яшаяпмизу, лекин ҳалиям "мана бу дори мана бу беморга бундай таъсир қилади", деб аниқ айта олмаймиз," - дея қўшимча қилади профессор Час Боунтра.

Бу мавзуда батафсилроқ