Дунёда нега кўпчилик 13 рақамини бехосият деб билади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption 13 рақамига уй-жой , автомобил бозори, авиация ва киносаноатида айниқса эътибор берилар экан

Бахтли ва омадсиз рақамларга ишонадиган инсонлар учун 13 рақами айнан жума кунга тўғри келиши алоҳида эътибор қилинадиган ҳодиса.

Кузатувчиларга кўра, рақамларнинг хосиятлилигига уй-жой , автомобил бозори, авиация ва киносаноатида айниқса катта амал қилинар экан.

Қўрқинчли филмлар тарихида энг муваффақиятлилардан деб саналган "Жума, 13нчи"сценарийининг муаллифи Миллер учун 13 рақами омадли ҳисобланади.

Унга кўра, "қўрқинчли" кинолар саноати 13 рақами билан ўйнашишни яхши кўради.

Макао университетининг профессори Десмонд Лэмга кўра, ирим қилиш одамларга тасаввурини назорат қилишни ўргатади, айни вақтда умид ҳам беради.

Бошқа шароитда бу шунчаки авлоддан авлодга ўтиб келаётган одат ҳам дейиш мумкин.

"Одамлар кўп ҳолларда ҳаётларини ва атрофдаги ҳодисани назорат қилишни хоҳлашади.

Албатта бу кўпинча амалга ошмаганда, хаёлларидаги назоратга эришиш учун иримларга берилишади",-дейди профессор Лэм.

13 рақамидан қочиш

Авиаюкларни ташишда иложи борича 13 рақамидан қочишга ҳаракат қилинар экан.

Ҳамма учоқларда бўлмаса ҳам, аксариятида 13-қатор ўриндиқлари бўлмаслиги кузатилган.

United, AirTran ва Comair учоқларида 13- қатор олиб ташланган,-деб айтган учоқ назоратчиси Бобби Лоури.

Маълум бўлишича, парвоз давомида назоратни қўлига ололмаслиги йўловчиларда қўрқувни пайдо қилар экан.

Кўп йўловчилар 13-қаторда ўтиришни ортиқча ҳаяжонланишга олиб келишини айтишган.

Шу боисдан "норозилар" билан тортишувга бормаслик учун кўпчилик авиайўналишларда 13-қатор бўлмаслиги маъқулланган.

US Airways ва American Airlines учоқларида 13 қаторни сақлаб қолишган. Бу компаниялар ишида 13-қаторга ўтиришни хоҳламаган йўловчилар учрамаган.

Лондоннинг Independent рўзномасининг саёҳат бўлими муҳаррири Саймон Калденнинг айтишича, "13 рақамидан қўрқиш асоссиз.

Агар одамлар ўша куни йўлга чиқишдан қўрқишганида чипта нархлари тушиб кетган бўларди".

Ирландия автомобил саноати бирлашмаси эса харидорларни чўчитиб қўймаслик учун, 2013 йилда чиқарилган машиналар рақамидан 13 сонини олиб ташлашни маъқул кўрган.

Findaproperty.com сайти Британияда 1999-2011 йиллардаги уй-жойлар савдоси билан қизиқиб, қизиқ фактга дуч келган.

13-куни бошқа кунлардан кўра 32 фоиз кам уй сотилган.

Шунингдек, 13 рақамидаги уйлар арзонроққа сотилган экан.

Компаниялар ва уларнинг мижозлари ҳақиқатдан ҳам 13 рақамининг хосиятсизлигига ишонишадими, йўқми, ёки бу шунчаки одатми, аниқ айтиш қийин.

Бироқ, профессор Лэмга кўра, "Хосиятсиз рақамларга ишонувчилар ҳам, ишонмайдиганлар ҳам бор. Баъзиларга бунинг фарқи бўлмаса ҳам, бошқалар қилгани учун бу иримни давом эттираверишади".