ВИЧ вирусидан қутилишнинг йўли борми?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Image caption Сўнгги топилдиқларидан мамнун эканликларини айтаётган америкалик шифокорларнинг ўзлари қатъий хулоса чиқаришга ҳозирча эрта экани билан ҳам огоҳлантиришмоқда

Америкалик шифокорларга кўра, қарийб 30 йилдан буён ВИЧга чалинган икки беморга соғлом одамнинг орқа мия суюқлиги кўчириб ўтказилгач, афтидан, уларнинг танаси вирусдан тозаланган.

Уларнинг айтишларича, беморлардан бирининг қонида икки, бошқасиникида тўрт йилдан буён вирус аниқланмаётир.

Беморлар шу йил бошидан бошлаб, антиретровирал дориларни истеъмол қилмай кўришгани, лекин шунда ҳам вируснинг қайтмагани айтилмоқда.

Бироқ яна ўша шифокорларнинг ўзлари ОИТСнинг давоси топилди, деб қатъий хулосага келишга эрта эканини айтишмоқда.

Уларга кўра, вирус исталган пайтда бу икки беморнинг танасига қайтиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Бостонлик шифокорларнинг топилдиқлари эса, Халқаро ОИТС Жамияти Анжуманида тақдим этилган.

Шифокорлар аввалига ВИЧ вирусини юқтирган бу икки беморни саратон ва лимфома хасталикларидан даволаш учун уларга соғлом одамнинг орқа мия суюқлигини кўчириб ўтказишган.

Орқа мия суюқлигида янги қон ҳужайралари пайдо бўлгани боис, у хаста инсон баданида ВИЧ вирусининг улкан захираси бўлиб ҳам хизмат қилади.

Шифокорлардан бири Тимоти Хенрич Би-би-си билан суҳбатида янги топилдиқларидан еттинчи осмонда эканликларини айтган.

Аммо, унга кўра, "тажрибалари ВИЧнинг давоси топилганини англатмайди. Бунинг учун яна узоқроқ кузатув лозим бўлади".

"Фақат шу нарсани айта оламизки, муолажамиз ортидан, ВИЧ вируси бир-икки йилгача қорасини кўрсатмай кетди. Шунинг учун ҳам, вируснинг қайта тикланиши эҳтимоли ўта паст".

Шифокорларнинг тахминларига кўра, кўчириб ўтказилган орқа мия суюқлиги аввалига антиретровирал дорилар ёрдамида инфекциядан ҳимоя этилган.

Устига устак, трансплант бемор инсон танасидаги ВИЧ вируслари паноҳ топган орқа мия суюқлиги қолдиқларини ҳужумга тутган.

Бироқ, бостонлик шифокор Тимоти Хенричнинг огоҳлантиришича, вирус ҳануз мия ҳужайраси ёки ошқозон-ичак йўлларида яшириниб ётган бўлиши мумкин.

"Агар, ВИЧ вируси қайтмаса, бу - инсон баданида ВИЧ вирусининг манбаси бўлган бошқа аъзолар борлиги ва уларни ўрганиш учун янгича ёндашувлар лозим. Чунки бу - ВИЧ вирусининг давосини топишга қаратилган янги стратегияларни ишлаб чиқишда муҳим", дейди шифокор.

Иш бергану бермаган тажрибалар ёки...

Image caption Шу пайтга қадар ихтиро қилинган дорилар ҳам фақат вирусларни ўз назоратлари остида тутиб туришади, холос

Берлинлик бемор Тимоти Браун эса, дунёда ОИТС хасталигидан даво топган биринчи инсон, деб кўрилади.

Бироқ, унга америкалик икки бемордан фарқли тарзда оддий эмас, ВИЧ вирусига бардошли бўлган ўта ноёб донорнинг орқа мия суюқлиги кўчириб ўтказилганди.

Яқинда АҚШнинг Миссисипи штатида танасида ҳали захиралари пайдо бўлмай туриб, антиретровирал дорилар ёрдамида янги туғилган гўдакнинг ВИЧ вирусидан фориғ этилгани ҳам хабар берилганди.

Инсоннинг ДНКси ичкарисида яшириниб олиб, дахлсиз "захиралари"ни пайдо қилиши боис, ВИЧ вирусини осонлик билан йўқотиб бўлмайди.

Антиретровирал дорилар эса, беморнинг қонида вирусларни ўз назорати остида тутиб туради, аммо уларни истеъмол этишни тўхтатишингиз биланоқ, вируслар яна танага қайтади.

Ўзбекистонлик узоқ йиллик мутахассис Собир Усмонов соғлом инсоннинг орқа мия суюқлигини кўчириб ўтказиш билан бемор бутунлай соғайиб кетиши мумкин эмас, деган фикрда.

"ВИЧ вирусининг бундай йўл билан даволанишига умид йўқ. Нега деганда, унда қайтар транскриптаза ҳолати бор. Қайтар дегани шундаки, барча воқеъликлар, тирикликларнинг ҳаммасида ДНК, ундан кейин РНК кетади. Аммо ВИЧ инфекциясида олдин РНК, кейин ДНК кетади...Яна бир ҳолат бор, вируснинг стандарти яратилмоғи лозим. Аммо вирус буқаламун, бундай бўлгандан кейин, стандарт яратилмоғи мумкин эмас".

"Катта маблағ ҳисобига илмий ишлар қилаётган олимлар пробирка шароитида нимадир қилишаяпти. Аммо уни инсон танасига ўтказилганда, ўз ишини бермаяпти. Инсонда у ўзини бошқача тутаяпти", дейди ўзбекистонлик мутахассис.

У замонавий тиббиёт бу яқин 20 йил ичида ВИЧ вирусидан буткул халос бўлишнинг йўлини топа олишига ҳам кўзи етмаслигини айтади.

"Ҳозир дори воситасида ВИЧ вирусига чалинган инсоннинг умрини узайтириш йўли ҳал бўлди. Вируснинг организмга кириши, тўқиманинг ичида кўпайиши, тўқимадан чиқиб кетиши - барчасининг олдини оладиган, таъсир қиладиган дори воситалари мавжуд. Аммо бутунлай тузатиб олиш масаласи ҳал бўлгани йўқ ва бўлолмаса керак. Бу - вируснинг келиб чиқишидан", дейди Собир Усмонов.

"Бу - ВИЧ вирусининг ўзини тутишига боғлиқ. Дунёда қайтар транскриптаза ҳолатида бўлган бундан бошқа вирус йўқ. Бу вирус инсонни ўзининг "қули"га айлантиради. Бу вирус инсон организмига кириб, унинг эгасига айланади, уни ўзиники қилиб олади. Мана шунинг ўзи қийинчиликка олиб келади".

Бу мавзуда батафсилроқ