Ислом дини ўзгармоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Исломнинг тамал амаллари ўзгармасдан келмоқда

Яҳудийлар ва ё Насронийлар ўзгаргани ҳақида айтувчи мусулмонлар уларнинг илоҳий китоблари бузилганига ишора қилишади. Айни фикр тарафдорларига кўра, Қуръони Карим бузилмаган ва шу боис Ислом дини ҳам асло ўзгармайди.

Аммо дунё динлари тарихан кўплаб ўзгаришларни бошдан кечиришган. Бунга миллий анъаналар, сиёсий таъқиблар ва ё ҳаёт тарзи ҳамда диндорлар яшаган шароитлар ундаган.

Бир асрда черков давлатни бошқарган, бошқа асрга келиб дин давлатдан ажратилган. Бу каби дин таъсири кучайган ва заифлашган даврлар нафақат Иброҳимдан келадиган уч дин - Яҳудийлик, Масиҳийлик ва Исломда кўринади, балки бошқа дину инончларда ҳам мавжуд.

Ҳиндистон шимолини ишғол қилган мусулмонларга қарши сиёсий ва миллий норозилик кучи сифатида юзага келган, ўзида ҳам Ислом, ҳам Ҳиндуизмга хос жиҳатларни мужассамлаштирган Сикх дини Панжобда катта ижтимоий ва сиёсий таъсирга эга.

Аммо динлар шароитга мослашганида янги оқимлар ё мазҳаблар ҳам юзага келади.

Оврўподаги технологик тараққиёт жараёнида католик дини тўсиқ сифатида кўрилди ва натижада протестантлик нуфузи ҳамда таъсири ошди. Протестант дини етакчилик қиладиган шимолий Оврўпо католик дини ҳукмрон жанубий Оврўподан ва ё православ шарқий Оврўподан тараққиётда ўзиб кетди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty
Image caption "Подшоҳ - Оллоҳнинг сояси" деган фикр Исломдан келиши айтилса-да, бугун мусулмон оламидаги зулмкор ҳукмдорларга қарши чиқишлар кўпаймоқда.

Ислом дини, масалан, инсон қиёфасини тасвирлашни маъқулламаган. Бироқ бугунги кунда мусулмонлар фото- ва видеокамералардан бемалол фойдаланишади ва бу учун ҳеч ким уларни динга зид иш тутишда айблаётгани йўқ.

Бир неча аср олдин католик дини барча яҳудийларни насронийликка киритишни мақсад қилганди. Бугун католиклар учун бу аҳамиятли вазифа эмас.

Ўзгараётган Ислом

"Мен тақводорман. Аммо бир нарсани айтишим мумкин, яъни дин ўзгармайди ва унинг ўзгариши хатодир, дегувчи инсонлар янглишадилар. Тўғри, дин ўз асосларидан воз кечмайди. Лекин даврга ва жамият талабига мос келадиган ўзгаришларни бошидан кечиради" - дейди насроний Кейтлин Флейк - "Тарихга қарасангиз, ўзгармаган динлар ер юзидан йўқолиб кетган".

Аммо мана қарийб бир ярим эра ёкиб 14 аср ўтибдики, Қуръони Каримдаги бирон нуқта ҳам ўзгармасдан келмоқда. Шунга қарамай, Ислом дини жадал ёйилмоқда ва мусулмонлар сони ошаяпти.

"Қуръони Каримнинг ўзгармай келаётгани асло Ислом дини урф-одатлари ҳам ўзгармасдан сақланмоқда деган гапни англатмайди" - дейди профессор Муқтадо Хон - "Агар илк саҳобалардан эътиқодингиз манбаси қаерда, деб сўрасангиз, шаксиз, Муҳаммад Пайғамбар (С.А.В) оғзидан эшитган гапларимиз-да, деб айтишган бўлурди".

"Бироқ Муҳаммад Пайғамбар (С.А.В)дан бир неча аср кейин яшаган мусулмонлар эса ўз эътиқодлари манбаи сифатида фақат Қуръон ва Ҳадисларни кўрсатишарди".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Футбол оламида мусулмон ўйинчилар нуфузи ва табиийки, Исломий амаллар ижроси ҳам кучайган.

"Кейинчалик эса бир мусулмон ўзини Ҳанафий деб атаса, бошқаси ўзини Шофий ё Ҳанбалий деб атади" - давом этади профессор Хон - "Бу шуни англатадики, Ислом асослари ўзгармайди. Бироқ инсонлар уни қандай тушунишлари ва ё изоҳлашлари боис динда муайян ўзгаришлар юзага келади".

Эронда Исломий инқилоб ортидан Шиа муллалари фатво чиқариб, туғилишни назорат қилишни ҳаром, деб аташганди.

Бугун эса кўплаб мусулмон давлатларида туғилишни назорат қилиш, яъни оилани режалашни умуман диний эътиқод пойдеворига зарба берадиган амал, деб кўришмайди.

"Бир аср олдин уламолар овозкучайтиргичларни ишлатиш ҳаром, дейишган. Ҳатто радио тинглаш ҳам ҳаром қилинганди" - дейди тарихга назар ташлаб Муқтадо Хон - "Бугун эса мусулмонлар интернетда ўз вебсаҳифалари ҳамда телерадиоканалларига эгалар".

Сурат ва сийрат фарқи

Ҳозир дунёдаги бир ярим миллиарддан кўпроқ мусулмон VII асрдаги Арабистондан буткул ўзгача шароитларда яшайдилар. Бундай шароитда эса эътиқод асосларига содиқ қолиш осон иш эмас. Яъни ўзгарувчан сурат билан ўзгармас сийрат ўртасидаги фарқни англаш баъзида осон кечмайди.

"Ўзгармас тамойиллар ва тарихий шакл-шамойиллар орасидаги фарқларни илғаш жуда муҳимдир. Чунки Исломдаги тарихий шакл-шамойиллар мавжуд жамиятлардаги сиёсий, тарихий ва ё ижтимоий шароитларга қараб ўзгариб боради" - дейди исломшунос Тариқ Рамазон.

Оврўподаги энг бообрў мусулмонлардан бўлмиш доктор Тариқ Рамазон Британиядаги Оксфорд университетида замонавий Ислом бўйича тадқиқотлар олиб боради. Унинг бобоси Мисрда "Мусулмон Биродарлари"га асос солган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи yulduz.uz
Image caption Тарихда аёл киши омма олдида куйламаган, бугун кўплаб юртларда муслима хонандалар обрў эътиборга моликлар.

"Ислом бир иморатга менгзайди" - дейди америкалик ёш мусулмонлардан бири - "Сиз иморатнинг пойдеворини алмаштира олмайсиз. Лекин эшик-деразалари рангларини ўзгартириш, гулқоғозларини янгилаш ва эскириб қолган жойларини сал бошқачароқ кўриниш ё шаклда таъмирлашингиз мумкин. Бинонинг асил тарҳи ва пойдевори эса ўзгармай қолаверади".

Кўплаб мусулмонларга кўра, қаерда ва қачон яшашингизга қараб, сиз амал қиладиган Ислом ҳам муайян жиҳатдан фарқланиши мумкин.

Лекин қатор мусулмонлар бу каби тарихий ва ё маданий жиҳатларни бутунлай рад этишади.

"Биз Ваҳҳобий деб нотўғри атайдиган Салафийлар, масалан, тарихий жиҳатларни тан олишмайди" - дейди олим Тариқ Рамазон - "Уларнинг ишонишича, Қуръонда нимани топсанг, ўшанга қатъий амал қилишинг керак".

"Бошқа мусулмон тоифаларида эса бунақа тушунчалар йўқ. Шундай ҳолатда атрофдаги турфа хил мусулмонларга қараб, Исломда асил тақво ўзи нима, деган савол қаршисида қоласан киши".

Тариқ Рамазоннинг бу каби фикрлари Салафийларни ғазаблантирган ва Саудия Арабистонида унинг китоблари тақиқланган.

Шариатда шакл борми?

"Шариатни ҳар жойда ҳар хил тушунишади" - дейди профессор Муқтадо Хон - "Масалан, Саудия Арабистонида аёл кишининг машина ҳайдаши ҳаром саналади".

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Урфга кираётган Исломий кийимлар томошаси ҳижоб қоидаларига амал қилади, аммо қатор мусулмонлар наздида бу Исломга зиддир.

Қуръондаги қонуний анъаналарда қулдорлик, шоҳидлик ва мерос бобида аёллар эркакларга берилган ҳуқуқнинг ярмига ҳақли экани ҳақида ишоралар бор. Бироқ аксарият мусулмон жамиятларида мазкур ишоралар инобатга олинмайди.

"Аввало, мусулмонлар Қуръонга эътибор беришлари лозим" - давом этади Муқтадо Хон - "Қуръони Каримда қулдорлик тўхтатилиши кераклиги уқдирилган. Аёл кишини уриш борасида фақат бир жумлада айтилган. Аксинча, қиз бола туғилганида уни ўлдирганлар қораланади".

"Муҳаммад Пайғамбар (С.А.В) ўзлари уйда аёлларга қўл кўтармаганлар. Уйда аёлни уришни Ислом қабул қилмайди ва бунга шак-шубҳа йўқ".

Айни дамда, "Исломда аёл кишининг ҳақ-ҳуқуқи камситилади" каби фикрлар кенг тарқалган. Ушбу фикр тарафдорлари бугунги мусулмон жамиятларидаги ҳолатларни мисол қилиб келтиришади.

Лекин Ислом дини ўзига тўлиқ эркинлик бераётгани ҳақида айтаётган муслима хотин-қизлар ҳам оз эмас.

"Менинг Исломий эътиқодим, оилавий ҳаётим ва иш ҳамда ўқишда муваффақиятга эришишим ўртасида ҳеч қандай ихтилоф ё зиддият йўқ" - дейди Ғарбда яшаётган ёш муслима - "Агар кимки бу ўринда зиддият ё тўсиқларга юз тутса, сабабларини Исломдан эмас, балки ўзи мансуб маданиятдан ёхуд оиладаги ҳолатдан излаши керак".

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Карен Армстронгга кўра, одамлар динни жуда жўн қабул қилишмоқда.

Бугун муслима аёлларнинг ишбилармонлик билан шуғулланиши, машина ҳайдаши ва ё олий таълим олиши одатий ҳолга айланган. Қатор мусулмон ўлкаларида аёллар ҳам эркаклар қаторида масжидга кира оладилар. Шу жиҳатдан олганда, урф-одат ва қарашлар ўзгармоқда.

Аммо Оллоҳ ва унинг Расулига имон келтириш, намоз ва ё рўза тутиш каби жиҳатлар ўзгармайди.

"Дин эмас, биз жўнмиз"

"Худо ҳақида ҳозир қандай гапиришимизни Ибн Сино ёки бошқа мусулмон алломалари эшитишса, бизнинг фикрлашимизни жуда жўн ва тўпори деб топишарди" - дейди "Худонинг тарихи" номли китоб муаллифи, диншунос олима Карен Армстронг.

"Биз китобларни ўқиганда, улардаги сўзларни дин тарихига қиёсан тушунмаймиз, балки нима ёзилган бўлса, шундайлигича қабул қиламиз. Чунки бизга диний манбаларга холисона ёндашишни ўргатишмаган".

Қатор олимларга кўра, ўз даврида ўзгаришга қаттиқ қаршилик қилган Яҳудийлик ва Насронийлик замонга қараб мослашишга мажбур бўлишмоқда.

Бироқ Ислом ўзгармайди, деган тоифа ёнида бугун тамомила бошқача қарашдаги мусулмонлар ҳам бор. Бу мўъминларга кўра, Исломда ҳам ўзгаришлар тўхтагани йўқ.