Дунёда 'баклашка-лампочка' шиддат билан кўпаймоқда

Сиз шу кеча-кундузда тезлик билан тарқалаётган энг ёрқин ва энг арзон ихтиро қайси эканини биласизми?

Ғояки, ҳам том маънода ва ҳам кўчма маънода ёрқин.

Бу оддий пластик идишнинг ичига сув тўлдириб, қоронғу хонани ёритиш ғоясидир.

Дунёнинг турли бурчакларида кўпчилик бундан фойдаланишаяпти, бироқ илк бор бразилиялик механик Алфредо Мозер ўзи яшаб турган уйини баклашка-лампочка билан ёритгани матбуотда кўп ёритилди.

Бугунги кунга келиб Алфредо Мозер бу ихтиросини патентлаштирмаганидан афсусда эмас.

У жаҳон бўйлаб кенг тарқалаётган ихтиросидан бир тийин ҳам даромад олмаётгани, ҳали ҳам қашшоқ яшаётганидан фахрланишини айтади.

Алфредо Мозер 2002 йилда оддий 2 литрлик пластик идишни олиб, ичига сув тўлдиради.

Сув кўкариб, ранги ўзгармаслиги учун баклашканинг ичига икки томчи охор солишга қарор қилган.

Бу қандай ишлайди, деган саволга, "оддий қуёш нурининг синиши туфайли", деб жавоб беради Алфредо.

Алфред уйининг томида тешик очади ва бу тешикка сув тўлдирилган баклашкани суқиб қўяди.

"Бутилканинг атрофини резин билан ўрасангиз, томдан бир томчи ҳам сув тушмайди", дейди у.

Яқин орада Алфредонинг ғояси бўйича ёритилаётган хонадонларнинг сони бир миллионга етади, деб тахмин қилинаяпти.

Сиз бу ғоядан даромад қилмаётган бўлсангиз, унинг нимаси билан фахрланасиз, деган саволга Алфредо шундай жавоб қайтарди:

"Биласизми, бир киши бор. У томига бунақа лампочкаларни ўрнатиб, кундуз кунлари электр чироғини ёқмайдиган бўлди. У жамғарган пул ҳали туғилмаган чақалоғи учун керакли нарсаларни сотиб олишга етди. Тасаввур қиласизми?", дея савол беради Алфредо.

Алфредо Мозернинг ихтироси Филиппиндаги қашшоқлар мавзесини аллақачон ёрита бошлаган.

Филиппиндаги MyShelter Foundation ташкилоти камбағал инсонларга кўмак бериб келади ва қайта ишлаш мумкин бўлган материалардан фойдаланиб келган.

Ташкилот асосан бамбук, автомобил шиналари ва қоғозни ишга солган.

"Бизга кўпчилик бўш пластик идишларни топширган. Биз бу идишларни сувга тўлдириб, одамларнинг уйлари деворига ўрнатардик ва "дераза" ясаб берар эдик. Бир куни кимдир айтиб қолди: Бразилияда Мозер деган механик баклашкаларни томига ўрнатган. Биз ҳам шундай қилишни бошладик", дейди MyShelter раҳбарларидан Иллас Ангело Диас.

Унинг айтишича, бу ихтиро электр қуввати йўқ қашшоқ мавзеларга жуда қўл келган.

Қўшнисининг томидаги баклашкаларни кўрган одамлар бундай лампочкаларни ўзларининг уйига ҳам ўрнатиб беришни сўрай бошлаганлар.

"Алфредо Мозер даҳшатли даражада кўп одамнинг ҳаётини ўзгартириб юборди", дейди Иллас Ангело Диас.