Қадимги оврўполикларнинг териси қора бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Олимлар ҳозирги Оврўпо қитъасида яшаган инсонларнинг ташқи кўриниши қандай бўлганини аниқлашга муваффақ бўлганлар.

Шу пайтгача оврўполиклар кўк кўз, сариқ сочли ва бадани оқ бўлган деб ҳисоблаб келинган.

Бироқ Испания шимоли-ғарбидаги тоғдаги ғордан топилган икки инсоннинг скелети тадқиқотлари бундай қараш нотўғри бўлганини кўрсатмоқда.

Ғор ҳавоси салқин ва ичи қоронғу бўлгани учун бундан 7000 йил олдин яшаб ўтган инсонларнинг қолдиқлари яхши сақланган.

Улардан бирининг тишидан ДНК маълумотларини олиб ўрганиш имконияти туғилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Олимлар 7000 йил олдинги оврўполикни мана шундай тасаввур қилишмоқда.

Барселона шаҳридаги Эволюцион биология институти мутахассислари ўзларининг тадқиқотлари асосида Оврўпода 7000 йил олдин яшаган, овчилик ва мева-чева териб яшаган одамларнинг бадани қора ва кўзлари кўк бўлган, деган хулосага келганлар.

Ўша замонларда яшаган оврўполиклар оқ танли бўлганлар деб ҳисоблаганлар барселоналик олимларнинг хулосаларидан ҳайратга тушмоқдалар.

"Афтидан, оқ тан биз тахмин қилганимиздан анча кейин эволюция натижасида пайдо бўлган", деб айтган Эволюцион биология институти тадқиқотчилари раҳбари Карлес Лалуэса-Фокс.

ДНК текширувларига кўра, бу одамларнинг кўзлари мовий бўлса-да, сочлари қора ёки малларанг, баданлари эса қора бўлган.

Дунё олимлари одамзод ҳозирги Африка ҳудудидан бошқа қитъаларга тарқалган, деб ҳисоблайдилар.

Тахминан 45000 йилча олдин Африкадан Оврўпога кўчганларидан кейин одамларнинг бадани оқариб бошлаган, деб ҳисоблаб келинган.

"Авваллари Африкадан ултрафиолет нурлар кам шимолий кенгликларга кўчиб ўтилганидан кейин инсон терисида D витамини синтези туфайли тери тез оқара бошлаган деб ҳисобланар эди. Шу нарса аниқ бўлаяптики, бундай қараш тўғри бўлмаган. Бу одамлар Оврўпода 40 минг йил яшашган, лекин уларнинг териси қоралигича қолган", деб айтган Карлес Лалуэса-Фокс.

Испания ғоридан топилган инсонларнинг ДНКсини ўрганиш билан олимлар, бу одамлар асосан оқсилли овқатлар истеъмол қилишган, сут ва таркибида крахмал моддаси бор маҳсулотларни ейишмаган, деган хулосага келганлар.

Сут ва крахмалли егуликларни одамлар деҳқончиликни ўрганганларидан кейин истеъмол қила бошлаганлар, деб кўрилади.

Бу мавзуда батафсилроқ